Nabijon Hoshimov asari
2 qism
Аммо Бекзод ва Барно ишга келган жой улар ўйлаганчалик қулай эмасди. Бу ерда – ертўлада, қонунийми ё ноқонунийми, асосан кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариларкан. Чиройли офис идорасида паспортларини "Бизга шартнома тузиш учун керак бўлади", деб олиб қолишиб, ертўладаги цехга бошлаб боришди. Бироқ оғир темир эшикларнинг ортларидан маҳкам ёпилиб, қулфланганидан бехабар эдилар. Ётоқхона, ошхона ҳам шу ерда экан. Бу ерда аллақандай нохуш ҳид ва зах иқлим ҳукмрон эди.
Ишлаб чиқариш цехларида ишлайдиганлар кўп экан. Улар турли миллатга мансуб бўлиб, баъзи жойларда газниқоб тақиб ишлашарди.
...Оилавий ишловчиларга ётоқда жой кўзда тутилмаган экан. Бекзод ва Барнога аёллар ётоқхонасининг энг четига жой қилиб беришди ва парда тутиб қўйишга ваъда қилишди. Уларни қадоқлаш бўлинмасига ишга қўйишди. Иш вақти ўн олти соат бўлиб, дам олиш кунларисиз кунбай ва бетўхтов эди. Аввалига икки ёш "Яхши жой топиб олдик", дея хурсанд бўлиб ишга киришдилар. Аммо бу ерда Барно ўзини ёмон ҳис қила бошлади. Ҳомиладор аёл ертўланинг бадбўй ҳавосидан безовта бўлар, тоза ҳаво етишмай нафаси қисиларди. Барно ҳар қандай оғир ишга рози эди. Фақат унга тоза ҳаво ва эрига яхши ҳақ тўлашса бўлгани.
Бекзод ҳам хотинидан хавотир ола бошлади. Яқин орада кўпайишадиган бўлишса, ертўладаги шароитда чақалоқ билан қандай яшайди? Пул топамиз деб гўдакни нобуд қилиб қўйиш мумкин. Бошқа ишчиларнинг ҳам маслаҳатлари деярли шундай эди. Шу туфайли Бекзод цех бошлиғига мурожаат қилишга мажбур бўлди. У тепадагилар билан маслаҳатлашиб, маъмурий бинодан бирор иш топилиб қолишига ваъда берди.
Кўп ўтмай цех бошлиғи Бекзодни ҳузурига чақирди. Тепадагилар рози бўлганмиш. Барно кир ювиш бўлинмасида ишлаши мумкин экан. Ўша ерда фақат ўзи учун ётоқ жой ҳам қилиб беришаркан.
– У ерда аёллар ишлайдими? – сўради йигит ўйга толиб.
– Ҳа, албатта. Гўлаххонада бир юртдошинг ҳам бор. У шарти кетиб парти қолган мўйсафид киши.
– Жойни бир кўриб келсам бўладими?
Цех бошлиғи Алексей Николаевич кулиб қўйди.
– Нима, ишонмайсанми?
– У рус тилини умуман тушунмайди, қийналади-да.
– Нега олиб келдинг бўлмаса?
– Бирга ишлаш учун.
– Кейин меҳнат шартномаси ҳам туздинглар, тўғрими?
– Ҳа.
– Бу қоғоз қонуний ҳужжат ҳисобланади, шуни биласанми? У бажарилмас экан, бу ердан бир тийин ҳам ҳақ ололмайсан, осонликча чиқиб ҳам кетолмайсан. Қочиб кетишни-ку, умуман хаёлинггаям келтирма. Атроф ботқоқли ўрмон, айиғу бўриларга ем бўласан. Ҳеч ким сенларга ёрдам бера олмайди.
Бекзод микроавтобуснинг тунда қалин ўрмонлар ва аланг-биланг йўллар билан жуда узоқ йўл босиб келганини, йўлда ухлаб қолишганини эслади. Алексей Николаевичнинг гапига кўнишдан бошқа чора йўқ эди. Наилож, сабрли бўлишга тўғри келади. Алоҳида яшасак ҳам бир жойдамиз-ку. Ҳар ҳолда бир-биримиздан хабар олиб туришнинг йўлини топармиз. Бошлиқлар тушунишар, ахир улар ҳам инсон-ку, деб қўйди йигит ўзича ва келганларидан буён уларга яхши муносабатда бўлишаётгани ҳақида ўйларкан, кўнгли хотиржам тортди. Бироқ Барнонинг юраги негадир эридан айрилишга дов бермасди. Фақат ҳомиласини омон сақлаш учун рози бўлди.
Келинчак юборилаётган жой Бекзод ўйлаганидай бехавотир ва ишончли жой эмасди. Аввало, у ер кир ювиш жойи бўлмай, ҳаммом – сауна эди. Тўғри, саунада оқ чойшабларни ювиш, дазмоллаш ишлари бўлиб, бошқа ишлар ҳам қалашиб ётарди.
Гап шундаки, саунада эркак ва аёллар учун хоналар расман ажратиб қўйилган бўлса-да, асосан маъмурият ходимлари ва уларнинг гумашталари бўлган яқин дўстлари, текширувчи, назорат қилувчи ҳуқуқ-тартибот органидан келган "нозик меҳмон"лар қип-яланғоч ҳолда эркагу аёллар аралаш-қуралаш бўлиб маишат қиладиган, ҳатто пивою ароқ ичиб, гиёҳванд модда қабул қилиб, овқатланиб, дам оладиган мўъжаз гўша ҳисобланарди.
Дастлаб эркак ва аёлнинг бемалол сигарета чекиб қип-яланғоч ўтирганларига кўзи тушган Барнонинг эси оғаёзди ва қўрққанидан қичқириб юбориб ўзини ташқарига отди. "Бекзод ака!" дея бақириб йиғлай бошлади.
– Ҳой, аҳмоқ қиз, нега бақирасан! Бор жойингга, қайт! – дея ўшқирди қуролланган қоровул киши ва Барнонинг қўлидан тутиб судраганча сауна хоналаридан бирига итариб юборди-да, эшикни қулфлаб қўйди. Қўрқиб кетган Барно бу ерда то овози бўғилгунича йиғлади. Бир оздан сўнг бир аёл кириб унга ўшқириб тинчлантирган бўлди.
– Нега йиғлайсан?! Сени биров зўрлаётгани йўқ-ку, муттаҳам! – деди у рус тилида.
Барно уни тушунмади.
– Мени бу ердан олиб кетинг, опажон! Мен қўрқаман, эримнинг ёнига олиб боринг! – дея ҳадеб қичқираверди.
Аёл унинг юзига бир тарсаки туширди. Қиз бировларнинг қўлида етим ўсган бўлса-да, умри бино бўлиб калтак емаганди, хўрлиги келиб йиғлайверди. Бир оздан сўнг аёл бир ўзбек мўйсафидни бошлаб келди. Барно хона бурчагига ёпишиб, сочларини ёйиб юзини тўсиб олганди.
– Анави қизни тинчлантириб бер, ҳаммани безовта қилаяпти. Бу ерга ишлаш учун келган бўлса, чидасин, ҳақини олади! – деди аёл.Унинг исми Мария бўлиб, саунанинг мудираси экан.
– Тинчланинг, қизим. Сизга ҳеч ким тегмайди. Бу ерга келишдан аввал ҳар хил ҳолатга тайёр бўлишингиз керак эди, – деди мўйсафид соф ўзбек тилида.
Барно жавоб қайтариш ўрнига пиқиллаб йиғлайверди.
– Тушунмадингиз шекилли, ё шумо тожикми?
– ...
– Афсуски, тожикчани билмайман. Мениям сиздек қизим бор. Лекин бу ёқларга келишни унга асло раво кўрмасдим... – деди хўрсиниб. Сўнгра Мариядан сўради: – А где её муж?
– Внизу. Там её тошнит. Она беременная, работать не может. Поэтому сюда направили. Она в сауне увидела голых мужчин. Почему-то испугалась. Здесь же такая работа, сауна есть сауна, что поделаешь. Объясните ей.
– Қизим, тинчланинг, бу ҳаммом деяпти. Бу ерда эр-хотинлар бирга чўмилишади. Мен сув иситадиган қозонга олов ёқаман. Қўрқманг, хўпми?
Барно бош ирғади.
– Мени кечиринг, тоғажон, жуда қўрқиб кетдим.
– Ҳечқиси йўқ. Бир гап бўлса, мен шу бинонинг орқасидаман. Исмим Ёраҳмад. Сизга ўхшаб мен ҳам бу ерга ишлагани келганман.
Барно оқсоқолга ялт этиб қаради ва юртдошини топиб олганидан кўнгли хотиржам тортгандек бўлди.
– Мен нима иш қиламан ўзи, тоға?
– Ичкари хоналарни супуриб тозалайсиз, чойшабларни ювасиз. Сиз араб аёлларига ўхшаб ўраниб кийиниб олинг, хўпми? Ҳеч кимга эътибор берманг, кўрмаганга, билмаганга олиб, ишингизни қилиб юраверинг.
– О чем ты болтаешь, Ярахмад? Иди к себе. Дальше сама разберусь. Если она не хочет работать, заставлю!
– Нет, всё нормально. Она поняла. Я ей всё объяснил.
– Скажи ей, чтобы она не вздумала убежать. А то хуже будет!
– "Қочиб кетишни хаёлига ҳам келтирмасин, оқибати ёмон бўлади", деяпти. "Ладно" денг, хўпми, қизим?
– Ладно, – деди келинчак секин ва наилож итоат қилди.
– А ну-ка, пошли. Я тебе покажу, чем ты будешь заниматься.
– Хўп, сизга омад ёр бўлсин, қизим. Ўзингизни эҳтиёт қилинг. Асло қўрқманг. Бўйсунишдан бошқа иложимиз йўқ. Ишлагани келдингизми, чиданг, сабрли бўлинг. Ҳа, айтмоқчи, эрингизга бу ерда кўрганларингизни айтишни маслаҳат бермайман. Ҳар ҳолда, заҳарли ертўладан кўра сизга шу ер яхши! Мен ҳам уч йилдан зиёд цехда ишладим, соғлигимни йўқотдим. Уйимга хат-хабар ҳам юборолмадим. Мени яқинда қўйиб юборишмоқчи. юборишмоқчи. Соғ-омон ватанимга етиб олишга умид қилиб яшаяпман. Бу ерларни бошқа елкамнинг чуқури кўрсин.
– Ты много болтаешь, Ярахмад. Иди, ты свободен!
– Ладно. Бўпти, қизим, ўзим сиздан хабар олиб тураман, – деди мўйсафид ва чиқиб кетди.
Ташқи эшикни тақиллатган эди, қуролли соқчи очди.
* * *
Шундай қилиб, тақдирга тан берган Барно саунада ишлай бошлади. Хоналарни иложи борича ҳеч ким йўқлигида тозалаб артиб олар, мижозлар ичкаридан хизматчи аёлни чақириб, бирор нима сўраб қолгани тақдирдагина танасининг кўзидан бошқа ҳамма жойини беркитиб кириб борар, ҳеч қаёққа қарамай фақат боши эгик ерга қараб юрар, стол устини тез-тез йиғиштирар, пиводан бўшаган шишаларни йиғар, идиш синиқларини супуриб-сидирар, сўраган сочиқ ёки чойшабларнинг янгисини олиб келиб берарди.
Бу ерга келган аёллар асосан оқ чойшабда кўкракларини тўсиш учун фойдаланишса, эркаклар белларига танғиб олишарди. Барно бу кўриниш ва ҳолатларга секин-аста кўника борди. У туну кун бошқаларнинг эътиборини иложи борича ўзига қаратмаслик, мабодо бирор шилқимлик содир бўлган тақдирда қаерга қочиш ва ўзини қандай ҳимоя қилиш чораларини кўриш ҳақида ўйларди. У баъзан ўзини кўр бўрилар ичра қолган қўзичоқдай ҳис этар, аммо ҳар қандай кўзанинг бир кунмас бир кун қўлдан тушиб синиш хавфи борлиги ойдай равшан эди.
Одатдаги кунлардан бири эди. Тўладан келган бир маст ўзини тута олмай, ароқ шишасини ерга тушириб синдириб қўйди. Оқсоч Барнони чақиртиришди. У келиб тозалай бошлади. Гарангсиб ўтирган ўша маст мижознинг нигоҳи ҳозиргина қўлидан тушириб юборган шиша синиғини стол тагига кириб йиғиштираётган аёлнинг кўкрагига тушиб, чанг солди. Қўрқиб кетган Барно бошини стол тахтасининг қиррасига қаттиқ уриб, ҳушини йўқотаёзди ва қичқира олмади. Фурсатдан фойдаланиб маст орқасидан маҳкам қучиб олди. Барнонинг жаҳли жунбушга келди. Бор овози билан "Вой-дод, ёрдам беринглар!" дея ўзбекчалаб қичқирди. Аммо унинг маст шериклари ёрдам бериш ўрнига уларнинг устидан масхара қилиб кула бошлашди. Ниҳоят бирови: "Отпусти её. Она не шлюха, а служанка", деса ҳам қизга баттар ёпишиб, уни ўзи томон ағдариб ўша ернинг ўзида гўё ҳирсини қондириб олишни ихтиёр қилдими ёки ҳазиллашгиси келдими, ҳар ҳолда белига танғилган чойшабни ечиб итқитди. Барно қўрқиб кетди. Шишанинг синиқ бўлаги билан мастнинг дуч келган жойига туширди. Шиша эркакнинг аллақандай татуировка чизилган елкасини тилиб юборди. Барно стол тагидан жон ҳалпида чиқиб, қочиб қолмоқчи бўлганди, силлиқ полда сирғалиб йиқилиб тушди. Ярадор бўлган киши оғриқдан шундай бўкирдики, саунанинг ойналари зириллаб кетди. Азоб тортган қизни жазолаш мақсадида унга томон ташланди. Воқеанинг жиддий тус олганини кўрган шериклари, яхшики, уни ушлаб қолишди. Қичқириқни эшитган сауна мудираси чопиб кириб хизматкорни етаклаб олиб кетди.
Ҳамма нохушлик кейин бошланди. Жабрланган кимса шу ерни ўз назоратига олган банда бошлиғи Эльфан исмли йигит бўлиб, у ҳеч қачон бировдан бундай жабр кўрмаган экан. Алам ўтида ёниб ҳовуридан ҳеч тушгиси келмасди.
Кейинчалик корхона бошлиғига, ўша аёлни менинг ихтиёримга берасан, йўқса корхонангни остин-устин қилиб ташлайман, деб дўқ-пўписа қила бошлади. Корхона маъмури унинг оилали экани ва эри ҳам шу ерда ишлаётганини маълум қилди. Унда эрини ҳам топиб берасан, дея шарт қўйди.
Иложсиз қолган бошлиқ Бекзод ва Барнони ўз ҳузурига чақиртириб, келинчакнинг бекор қаршилик кўрсатиб, унга тан жароҳати етказганини, энди ишлари пачавалигини маълум қилди:
– Ундан ўзларинг кечирим сўраб, керак бўлса, ялиниб-ёлворасанлар, акс ҳолда, улар сенларни олиб чиқиб кетиб ўлдириб юбориши мумкин. Мен ҳимоя қилолмайман, – деди.
Ниҳоят, ўртага қўйилган одам орқали "Ўз ихтиёри билан ўша аёл менинг қўйнимга киради, эри ҳам тепамда турсин", деган шарт қўйибди. Бекзод бу гапни Барнога таржима қилиб бермади. Йигитлик ғурури жунбушга келди. "Лекин ўша аблаҳни ўлдирсам, Барнонинг тақдири не кечади?" деган машъум ўй унинг хаёлини чулғаб олди.
Икки ёшнинг ҳаётида кутилмаган оғир кунлар бошланди. Барно ўзини қўярга жой тополмас, тинмай у ёқдан бу ёққа юрар, тунларни бедорликда ўтказарди. Яшаётган, лаш-лушларга тўла кичик омборхонанинг эшигига темир ҳалқа илинган бўлса-да, гўё кимдир уни бузиб очиб устига бостириб келаётгандай туюлаверарди.
У тунлари тепадаги кичик дарчадан мўралаб турган тўлин ойга қараб илтижо қиларди:
– Эй Яратган эгам, ўзинг мадад бер! Нима гуноҳ қилдимки, мени доим жазолаб келдинг. Ота-онамдан айирдинг, етим қолдим, эндигина бахтимни топдим деганимда энди шу хўрликлар ҳам бормиди?! – дея йиғларди.
Бир пайт эшик оҳиста тақиллади. Қиз ўзини ўғри мушукдек хона бурчагига олди. Ташқаридан Ёраҳмаднинг шивирлаган овози эшитилди:
– Қизим, қўрқманг. Бу мен, тоғангизман. Эшикни очинг, гап бор.
Барнонинг юрагида илинж олови ярқ этиб ёнди. У чопиб бориб эшикни очди. Мўйсафид қўлида егулик билан кириб келди. Тўрт дона олма экан. "Шуни еб олинг, қувват бўлади", деди у. Келинчак пиқиллаб йиғлаб юборди ва бошини Ёраҳмад аканинг елкасига қўйди. У мўйсафидни ўз отасидек кўриб қолганди.
– Ҳамма гапдан хабарим бор, қизим. Фалокат-да, – дея хўрсиниб қўйди у.
– Энди нима бўлади?.. – сўради Барно йиғламсираб.
– Битта йўли бор.
– ...?
– Бу ердан бир илож қилиб қочиб кетишларинг керак.
– Қандай қилиб?
– Менинг ҳам бошим қотиб қолди. Қўрқманг, бир иложини қиламиз. Шу кунларда бошлиқ менга жавоб бермоқчи. Унинг ҳузурига кириб, иложи бўлса, сизларга ҳам рухсат сўрайман.
– Раҳмат, тоғажон. Илоҳим умрингиздан барака топинг, – деди келинчак мунгли.
– Қизимнинг ҳам бўйи етиб қолгандир. Тириклигимда уни кўриб, турмушга узатишим керак, – деди мўйсафид ўйчан ва чуқур хўрсиниб қўйди. – Умр шунақа тез ўтиб кетдики, келганимга дарров тўрт йил бўлиб қолибди. Хотинимнинг аҳволи не кечди экан, билмадим.
Улар шундай дардлашиб турган ҳам эдики, ташқаридан аллақандай шовқин эшитилди. Соқчининг тез юриб келаётган қадам товуши эшитилди. У эшикни қаттиқ тақиллатди.
– Эй, девушка! А ну-ка, выходи!
– Ким у? – сўради қиз.
– Тебя начальник зовёт. Иди в сауну!
– Вой, тоғажон, анави киши нима деяпти?!
– Қўрқма, қизим, мен бирга бораман.
Мўйсафид эшикни очди. Соқчининг кўзлари безовта эди. Уларни саунанинг орқа эшиги томон бошлаб борди. Аммо соқчи Ёраҳмадни тўхтатиб қолмоқчи бўлди.
– Эй, ну-ка постой, ты куда?!
– Она моя дочь, мы вместе пойдём, понял?
– Да?! Смотри-ка.
Уларни сауна залида қўлини орқасига тираб, оёқларини кериб, виқор билан Эльфан кутиб турар, унинг уч-тўрт чапдаст йигитлари бирга эди.
– Ты кто такой? – сўради у Ёраҳмадга еб қўйгудек нигоҳ билан.
– Я её отец. Хочу за неё попросить прощения. А она совсем не знает русский язык. Понимаешь, она беременная и захотела защитить ребёнка. Прости её. Мы люди, созданные богом, к друг другу не должны иметь зло. У нас, у мусульман, женщины не только в сауне работают, и даже не проходят между двумя мужчинами.
Эльфан анча ҳовуридан тушгандай кўринди.
– Бўлмаса, у бу ерда нима қилаяпти?! – деди у ўз тилида ўшқириб.
– Цехда ишлолмаяпти, боласи нобуд бўлиши мумкин. Эркаксан-ку ахир. Сен учун бошқа қизлар тиқилиб ётибди.
Эльфан машинасининг калит занжирини айлантириб бир оз хўмрайиб турди-да: "Бўлмаса, кўзимга бошқа кўринмасин. Болалар, кетдик!" дея ортга бурилиб чиқиб кетди. "Раҳмат сенга!" деди мўйсафид. Барно титраб-қақшаб йиғлаб чўккалаб қолди. Ёраҳмад уни ўрнидан турғазиб қўйди.
– Раҳмат, отажон. Бу яхшилигингизни ҳечам унутмайман.
Эртасига Ёраҳмад бошлиқ олдига кирди. Унинг бўлган гаплардан хабари бор экан, мўйсафидни мийиғида кулиб қарши олди.
– Нима, сен дарров қизлик ҳам бўлиб олдингми-а?
– Инсонлик бурчимни бажардим, холос. Бечора ўзи етим ўсган экан, эри ҳам етим. Қўшнилар никоҳлаб қўйишибди. Улар бу ёқларга ҳалол ишлаб, пул топгани келишган. Иложи бўлса, уларга ёрдам қил, савоб бўлади. Ёки, уларга ҳам рухсат бер, мен уларни ўзим билан бирга ола кетай.
– Йўқ. Энди улар ишлайверишсин. Сенинг ўрнингга ўша йигит гўлахчилик қилаверади. Майли, ўша омборхонада ҳозирча яшаб тураверишсин. Фарзандли бўлгач, кетишса кетаверади.
– Раҳмат сенга, Аркадий.
Аркадий улкан сейфининг пастидаги эшигини очди-да, у ердан Ёраҳмаднинг паспортини топди ва бир талай пул олиб узатди.
– Манави учун раҳмат десанг, арзийди, отахон. Лекин Эльфанни шаштидан қайтардинг, қойил! Мен буни ҳечам кутмагандим. Ўзинг ҳам ёмон ишламадинг. Раҳмат сенга. Аммо бир илтимос бор.
– Қанақа илтимос?
– Бу ерда кўрганларингни ҳеч кимга айтмайсан. Чунки ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз махфий. Бу корхона юқоридаги катта бир амалдорларга қарашли. Агар бу ернинг сирлари фош бўлиб қолгудек бўлса, сени соғ қўйишмайди. Ҳамма координатларинг бизга маълум. Тўғрисини айтсам, ҳали бу ердан ҳеч ким соғ-омон чиқиб кетмаган. Лекин мен сенга ишонаман. Бўпти, уйингга эсон-омон етиб ол. Сени Барнаулгача элтиб қўйишади.
– Ҳа-ҳа, тушунаман. Кўнглинг тўқ бўлсин. Ҳеч кимга чурқ этмайман, ишонавер.Барнонинг ой-куни тобора яқинлашиб, ишга яроқсиз бўлиб борарди. У энди асосан машинада кир ювиш ва дазмоллаш ишларини бажарарди. Сауна ичкарисида бир рус кампир фаррошлик қила бошлади. Бекзоднинг ҳам кўнгли хотиржам тортди. Чунки яхши иш топди. Қишда ҳам қозонхонада иссиққина олов олдида ишлайди, хотини ёнида, кийимлари, ўзи доимо озода, қорни тўқ, баъзан саунага ҳам кириб туради. Аммо Бекзод ила Барнони фақат бир муаммо ташвишлантирарди. Бу гўдакни эсон-омон дунёга келтириб олиш, сўнгра уни парваришлаш. Корхона маъмурлари бу ҳолга қандай қарашади, номаълум эди. Улар ҳам албатта туғруқхонада аёлнинг кимлиги, қаерданлигини суриштиришларини билишарди. Бу ҳол корхона сирлари ошкор бўлишига олиб келиши мумкин. Шу туфайли кимё корхонасининг раҳбари Аркадий Михайлович сауна мудираси Марияни ҳузурига маслаҳатга чақиртирди. Мария уни хотиржам қилиб, Барнони янги фаррош Зоя холаникига олиб кетишларини ва ўша ерда кўзи ёришини айтди. Аммо чақалоқни корхона ҳудудига олиб келмай, эру хотинга бутунлай жавоб бериб юбориш кераклигини тавсия қилди.
– Яхши, – деди бошлиқ. – Лекин улар бу ерда кўрганларини бошқаларга айтиб қўйишлари мумкин-ку...
– Улардан тилхат оламиз. Қўлларига ҳужжати, маошларини берамиз. Кўрасиз, улар сиздан жуда миннатдор бўлишади ҳали.
– Бўпти, келишдик. Ишингизни қилаверинг. Кампирга айтинг, тайёргарлигини кўраверсин.
Бекзод ва Барнонинг бу гаплардан хабари йўқ эди. Улар тунлари ширин орзуларга берилардилар:
– Бекзод ака.
– Ҳов...
– Ухлаяпсизми?
– Йўқ.
– Ёраҳмад ака уйига етиб олгандир-а?
– Ҳа, нима эди?
– Яхши одам экан. Мени ўз қизидай кўрарди. Борсак, шу кишини излаб топамиз-а?
– Хўп.
– У кишини бир йўқлаб келамиз-а?
– Ҳа.
– Қизиқ, ўғилли бўлармикинмиз, қизликми?
– Билмасам.
– Исмини нима қўямиз?
– Уф-ф, ухлайлик.
– Ўғил бўлса, Ёраҳмад деб қўяйлик.
– Хўп.
– Қиз бўлса-чи?
– Ҳе, ойингни...!
– Бўпти, ойимнинг исмини қўямиз. Ҳақиқатан ҳам Лобар – яхши исм.
Барно севиниб дўппайган қорнини аста силаб қўйди. Эрининг хуррак овози эшитилди, бироқ Барнонинг уйқуси қочганди.
* * *
Зоя хола билан унинг бир вақтлар туғруқхонада доя бўлиб ишлаган қўшниси Ирина деган кампир доялик қилишди. Барно қўчқордай ўғил кўрди. Унга Ёраҳмад деб исм қўйишди. Бир ҳафта ўтгач, Мария Бекзоднинг ёнига келиб, унинг қўлига ҳужжатлари ва бошлиқ берган маошини тутқазди.
– Манави қоғозларга имзо қўй.
– Қанақа қоғоз?
– Биттаси пул олганинг ҳақида, иккинчиси корхона сирларини ошкор этмаслик тўғрисида тилхат. Мабодо ваъдангни бузсанг, ўзингга ёмон бўлади.
Бекзод ҳужжатларга индамай қўл қўйиб берди.
– Эртага хизмат машинамиз Новосибирскка иш билан бораркан, нарсаларингни йиғиштириб Зоя холаникига бор. Новосибирскдан Тошкентга поездга ўтирасизлар.
– Нима, биз кетамизми?
– Чақалоқни корхона ҳудудига олиб кириш мумкин эмас. Истасанг, уни ватанингга ташлаб, қайтиб келишинг мумкин.
– Бўпти. Бўлмаса, шундай қиламиз. Сизларга кўп раҳмат. Мен албатта қайтиб келаман.
Эртаси корхонанинг хизмат машинаси уларни Новосибирск темирйўл бекатига ташлаб қўйди. Аммо поезд учун чипта фақат уч кундан кейингагина бор экан. Танимаган, билмаган шаҳарда янги туғилган чақалоқ билан юриш улар учун жуда мушкул туюлди. Бекзод чиптахона ёнида турганида ҳамюрт бир йигит "Истасанглар, бозор ёнида бугун жўнайдиган автобус бор. Чиптасиям унчалик қимматмас", деб қолди. Бу гап Бекзодга маъқул тушди. Йигит хотинига икки кунда манзилга етишларини, бола йиғласа, Барно уни эмизиб кетавериши мумкинлигини тушунтирди.
Улар келишганида автобус деярли тўлганди. Ниёзбек исмли ҳайдовчи ўриндиқдаги икки йигитни орқага ўтқазиб, уларга жой қилиб берди.
– Чақалоғимиз футболчими ёки каштачими? – сўради у жилмайиб.
– Футболчи.
– Исми нима экан?
– Ёраҳмад.
Эндигина ўриндиққа жойлашиб олган Кибриё ва Нилуфар бир чўчиб тушишди. Ашурали исмли ҳамроҳи билан эндигина танишиб улгурган Бекзод ҳам ҳушёр тортди.
– Ўҳ-ҳў, полвон йигит Россияда туғилибди-да, а?
– Ҳа, шунақа бўлиб қолди, – деди Бекзод кулиб ва атрофдагилар билан салом-алик қилди.
Бу пайтда автобус ҳайдовчиси Козим кўзларини ола-кула қилиб чиқиб келди ва йўловчиларга бир совуқ назар ташлади-да, ўз ўриндиғига ўтириб, машина моторини юргизиб қўйди. Сўнгра ойна орқали салондаги йўловчиларни синчков кузата бошлади.
– Ҳурматли биродарлар! Шошилинглар! Автобус Тошкентга жўнавотти. Чипта олганлар, бўлинглар, тез чиқинглар, – деди у микрофонни ёқиб.
Кимлардир юкларини юкхонага жойласа, кимлардир тахтачалар олиб ўртадаги йўлакка ўтириб, уни тўлдира бошлашди. Хорижда иши юришмаган, тутқунликка тушиб қолган, деярли пулсиз ва ҳеч вақосиз қайтган йигитлар йўлакда ўтириб кетишарди. Уларнинг ичида норғул ва басавлатлари ҳам бўлиб, улар қувноқ кўринишар, ватанига қайтаётганларидан мамнун эдилар. Бир шўх йигит барчага мурожаат қилиб қичқирди:
– Йигитлар, келинглар, тахланиб терилиб ўтирамиз! Бунинг ҳеч уяти йўқ. Ҳамма ўзимизники, иссиққина кетамиз, нима дединглар?!
Бир-икки йигитлар бу гапга тушунмай ҳайрон бўлишди. Ҳайдовчига ҳам жон кирди. У ўрнидан туриб гезарган ҳолда деди:
– Ҳа-ҳа, тўғри. Тахланиб ўтирсанглар, бемалол кетасанлар. Оёқларинг ҳам увишмайди.
– Қанақа қилиб? – сўради бошқа бирови.
Ҳалиги мурожаат қилган йигит тахтачага ўтириб олди-да, олдидаги йигитни туртди ва оёқларини кенг очди.
– Сиз менга суяниб оласиз, мен орқамдагига худди креслода ўтиргандек юмшоққина, мана бунақа қилиб ўтираман.
– Унда бошида ўтирган қаерга суянади? – сўради бошқаси.
Йигитлар кулиб юборишди.
– Унинг орқасига кўрпачани тахлаб қўямиз.
Автобусдаги йўловчиларнинг кайфияти кўтарилди. Баъзи йўловчилар келишиб ўриндиқларга уч кишидан ўтиришди. Шундай қилиб, жами саксонтача йўловчи жойланди. Автобусга чиқишга пули ҳам, паспорти ҳам йўқ деб қаралган яна икки йигит ташқарида мўлтираб қараб туришар ва чиптачига тинимсиз ялинишмоқда эди.
– Бизниям олиб кетинг, жон ака, илтимос.
– Ҳақини тўланглар, марҳамат. Бўлмаса, паспортларингни беринглар. Кейин йўлкирани тўлаб, паспортларингни олиб кетасизлар.
– Паспортимиз ҳам йўқ-да. Олиб қўйишган.
– Унда билмадим нима қилишни. Йўлда текширишади-ку, ахир, – деди ҳайдовчининг шериги елкасини қисиб.
– Юкхонадаям кетаверамиз, амаки, – деди йигитлардан бири.
– Қанақа қилиб?
– Ўзимиз жойлашиб оламиз. Қолиб кетмайлик, илтимос.
– Ана, шеригимдан сўранглар, бўлмаса.
Автобуснинг олд қисмида ўтирган Ашурали исмли йигит гўё игнанинг устида ўтиргандек бетоқат, ғимирлаб-қимирлаб, қўяр, у йўловчиларни ўта қизиқиш билан кузатиб, уларга ёрдам бергиси келарди. Бу унинг феълига хос одат эди. У чиптачи киши билан ташқаридаги чорасиз йўловчилар мулоқотини эшитиб қолиб, дарров гапга аралашди ва ҳайдовчининг ўрнига жавоб қайтарди:
– Албатта кетишади. Болалар мусофир юртда қолиб кетишармиди?! Бир илож қилиб сиғишиб олармиз, йигитлар, чиқаверинглар! – деди у.
– Тўғри, иложи борича олволишимиз керак. Бечоралар қаёққаям боришарди, – дея уни тасдиқлади Низомхўжа исмли мўйсафид ҳам.
Унинг ўрнига рухсат бераётгани учун ҳайдовчи норози олайиб қараб қўйди.
Ҳайдовчи ёрдамчиси тушиб, юкхонани очиб, овозини баландлатиб сўради:
– Ростдан ҳам кетаверасиларми?
– Ҳа!
– Ундай бўлса, тезроқ чиқинглар-чи, – деди у ва юкхонанинг олд қисмидаги халта-хулталарни олиб, йигитларни чиқаргач яна қайтиб жойлаб, юкхона эшигини ёпиб қулфлади.
Унинг бу ишига ҳеч ким эътироз билдирмади.
– Яхши қилдингиз, савоб бўлади, – деб қўйди ҳалиги мўйсафид илиқ жилмайиб.
Ниҳоят, автобус юришга чоғланди.
– Қани, бир дуо қилинг-чи, отахон! – деди Ашурали.
– Омин, сафаримиз бехатар бўлсин! Ватанимизга, бола-чақамиз бағрига эсон-омон етиб олайлик. Ҳайдовчиларимиз ҳоримасин, тагларидан доимо шамол ўтиб, тўрт мучамизни саломатликда манзилимизга етказишсин, оллоҳу акбар!
Ҳамма қўлини юзига сийпади. Фақатгина кепка кийиб олган Саидвафо исмли мўйсафид кўзларини мўлтиратиб Низомхўжа ота ёнида бепарво ўтирарди.
НА ЖАМШИД, ЯНА НИЛУФАР
Жамшиднинг қурилиш бригадасидагилар туну кун ишлашарди. Чунки яқинда ёғин-сочин, қиш-қировли кунлар бошланади. Унда ташқарида ишлаш янада қийин кечади. Шунгача девору томни битиришлари керак. Кейин деразаларни целлофан билан беркитиб, печ ёқиб, ички пардоз ишларини бажарса бўлаверади.
Қурилаётган бино уч қаватли бўлиб, томи замонавий мансардали маъмурий офисга мўлжалланаётганди. Јишт терилиб, девори кўтарилгани сари қурувчиларга қўшни корхона ҳовлиси ҳам кафтдек кўриниб борарди. Қўшни ишхонада ишловчилар асосан бино ичкарисида бўлиб, ускуналар ва ҳаво тозаловчи двигателлар овози баралла эшитилиб турар, баъзи-баъзида ташқарида аравачада чиқинди юклаган ишчилар, ошхона қолдиғини олиб чиққан оқ халатли аёллар кўриниб қолар, қуролланган соқчилар ҳушёр туришар, юзига ниқоб тақиб олганлари боис уларнинг қайси миллатга мансублигини фарқлаб бўлмасди.
Жамшид бирор қўшиқни хиргойи қилиб ҳафсала билан ғишт терарди. Бироқ қай ишга қўл урмасин фикру хаёли Нилуфарда эди. "Нега у хатларимга жавоб ёзмаяпти? Тинчмикин? Ё отаси Ёраҳмад ака борган бўлса-ю, уни бошқа бировга унаштиришганми? Томни ёпгач, бирон ҳафтага жавоб сўрайман. Маошимни уйдагиларга ташлайману қайтаман. Эҳтимол, унаштириш маросимини ўтказиб келарман. Қиш совуқларига қолиб кетмасдан бинони топширсак, яхши бўларди. Бориб фотиҳа тўйини ўтказиб келардим.
Шу маҳал бир ишчи йигит қўшни корхона томонга ишора қилиб қолди.
– Қара, Жамшид. Ҳув анави челак кўтариб кетаётган аёлни кўряпсанми?
– Нима, хотин кўрмаганмисан, ишингни қилсанг-чи! – дея жеркиб берди хаёлини бўлганидан ранжиб.
– Биз томонга қараб-қараб қўйди-да.
– Қараса нима бўпти?
– Назаримда, ўзбек қизига ўхшайди.
– Э, қўйсанг-чи, бу ерда ўзбек қизга бало борми? Кўзингга ўрис кампирлар ҳам қиз кўриняпти, шекилли.
– Йўқ, ана қара, иккита узун қора кокили ҳам бор.
Жамшид нигоҳини узоқда ахлатхона томон кетаётган аёлга қаратди. Юраги "жиз" этди. Нилуфарнинг худди шунақа ўрилган қўш кокили бор эди. Қўли ғиштдаю, хаёли "ташда" бўлиб, ўша аёлни беихтиёр кузата бошлади.
Юзига оқ ниқоб таққан аёл челакларни бўшатди. Эгилганида кокилларидан бири ёнига тушди ва худди Нилуфарга ўхшаб кокилини ортига ташлаб олди. "Ёпирай, худди ўзи-я!" деб юборди йигит. Қўлидаги ғишт бир сония муаллақ қолди. "Тавба, мениям кўзимга алламбалолар кўрина бошлади чоғи. Севги дегани шунақа бўлса керак-да".
Челак кўтарган қиз хиргойини эшитдими-йўқми, ҳарҳолда қурувчилар томон бир қараб ўтиб кетди. Соқчилардан бири қичқирди:
– Куда смотриш?! А ну-ка, марш отсюда!
Аёл шошганча йўлида давом этди.
Эртасига, индинига ҳам Жамшид ўша аёл чиққан томон негадир беихтиёр қараб-қараб қўядиган бўлиб қолди. Аммо бир сафар жувон ўрнига юзига оқ ниқоб таққан ёши каттароқ аёл чиқиб келарди. У ҳам қурувчилар томон гўё бир илинжи бордек бир неча бор нигоҳ ташлаб ўтди.
– Асрор, қара, кечаги қиз кетаяпти, – деди Жамшид ҳазиллашиб.
– Бе, бу қиз эмас, кампиршо-ку. Худди сенинг яхши кўрадиган Нилуфарнинг онаси бор-у, исми нима эди?
– Кибриё хола.
– Ҳа, ўша холага ўхшаб юрарканми-а?
– Оббо, жа опқочасан-да, ўхшатган одамингни қараю. – эътироз билдирди Жамшид ва кетаётган аёлнинг ортидан қараб, ичида ўзича ҳақиқатдан ҳам ўхшаркан, деб қўйди.
Асрор Нилуфарларнинг узоқ қариндоши бўлиб, бўлиб ўтган гаплардан хабари бор эди. У бир-икки бор Жамшидга "почтачилик" ҳам қилганди.
Кунлар ўтаверди. Бинонинг деворлари кўтарилиб қолди. Томни ёпгани профнастил келишини пойлаб баландликда тушлик қилиб ўтиришди. Машинадан эса дарак йўқ. Жамшид гитарасини олиб чиқиб қўшиқ айта бошлади. Негадир унинг кўнгли қўшни корхона томон ўша қўшкокилли қиз чиқишини пойлар, худди сеҳргарлар ҳақидаги китоблардаги каби унинг Нилуфарга айланиб қолишини ва "Жамшид ака!" дея қўл силташини жуда-жуда истарди. "Қизиқ, рус қизларидаям бунақа қўш кокил бўларканми? Эҳтимол, биз тарафдан ишга ёлланиб келган қизлардандир. Наҳотки Россияга аёлларимиз ҳам келишиб, оғир ишларда ишлашмоқда?
Жамшид қўшиқ айтаркан, кўз олдидан Нилуфар билан ўша ғарқ пишган шафтолизор боғ кезганлари бир-бир ўта бошлади. Шу маҳал ўша қўшкокилли аёл челакларини кўтариб чиқиб келди ва у таққа тўхтаб қурувчилар томонга қараб бир оз туриб қолди. Соқчи бир нима деди шекилли, шу томон қарай-қарай ахлатхона тарафга кета бошлади.
Жамшид аёлга тикилганича ўзи куй басталаган, "Яралган" деб аталган қўшиқни куйларди:
Ҳижрон ҳоким, бу дунё,
Асли бир кам яралган.
Наҳот бир муҳаббатга,
Минг бир ҳакам яралган.
Бахт ярим, қайғу ярим,
Айт, не бекам яралган.
Наҳотки эзгуликнинг,
Кўзлари нам яралган... Жувон ярқ этиб қаради-да, ахлатини тўкди. Жамшиднинг назарида, гўё шафтолизор боғда Нилуфар жилмайиб қаради-да, челагидаги меваларини тўкди. Қўшиқ оҳанглари аёл томон элас-элас етиб борар, уни ичкаридаги дастгоҳ товушларию ҳаво тозалагичнинг шовқинлари босиб кетмоқда эди.
Кунлар ўтди. Бино томлари ҳам ёпилиб битдию, ёмғирлар ҳам бошланди.
Ёғинли кунларда, бўш пайтларда Жамшид баъзан мансарда чердагида суяниб ўтириб, ўша қўш кокилли қиз чиқишини пойлар ва унинг ўрнига гўё Нилуфар чиқиб келадигандек интиқлик билан куйларди. Айниқса, момоқалдироқ гумбирлаши, яшин чақнаши унинг кўнглига ҳамоҳангдай эди.
Аммо бир куни кутилмаган ҳол юз берди. Бу эртакмиди, сеҳрмиди, Жамшид тушунолмади.
Қўшни корхонада ва умуман, мана шу ҳудудда электр подстанциясини яшин урган чоғи, чироқлар тўсатдан ўчиб, дастгоҳ шовқинлари таққа тўхтади.
Ичкаридан ишловчиларнинг овозлари, бақир-чақирлари эшитила бошлади. "Ҳой, чироқни ёқинглар!", "Бақирма!", "Ким бор, ёрдам беринглар, қўлим қисилиб қолди!" деган ўзбекча овозлар ҳам қулоққа чалинди. Аммо Жамшид севимли қўшиғини куйлашда давом этди:
Момо Ҳаво меҳридан,
Шу буюк ғам яралган.
Јунчанинг япроғи деб,
Тонгда шабнам яралган.
Висол ҳаким дардима,
Ишқидан малҳам яралган.
Зор, бедор тунларимда,
Шеър ила шам яралган.
Ҳижрон ҳоким, бу дунё,
Асли бир кам яралган.
Наҳот бир муҳаббатга,
Минг бир ҳакам яралган*.
Шовқин овозлари бир-бир сўнди. Ортидан темир панжара қопланган баланд деразаларда одамларнинг бошлари кўриниб, улар тобора кўпаяверди. Улар ўзбекча қўшиқ куйлаётган йигитга томон талпинишмоқда эди.
Шу маҳал ошхона томондан ўша кокилли аёл ниқоб тақмаган ва қўлларида челак тутган ҳолда чиқиб келди. У аввалига бир дақиқа қўшиқни тинглаб турган бўлди-да, кутилмаганда челакларини даранглатиб ташлаб "Жамшид ака!" дея қичқириб, устига тиканли сим тортилган баланд девор сари чопиб кела бошлади. Жамшид бу маҳалда қўшиққа шундай берилиб кетган эдики, ёғаётган шиддатли жала ҳам, чақнаётган яшин ҳам унга гўё жўр бўлишаётгандек эди.
...Ана Нилуфар кўз олдида боғ ичида ёмғирда унга томон чопиб келмоқда, мевалари ерга сочилмоқда, "Жамшид ака!" дея қичқирмоқда. Ана, у йиқилиб тушди. Бир боғбон, э, йўқ, қуролли соқчи у томон чопиб келмоқда. Ана уни турғизмоқда, ўшқирмоқда... Қиз бўлса лойга беланиб йиғламоқда...
...Автоматдан осмонга ўқ отилиши Жамшидни ҳушёр торттирди. Соқчи бу ишни огоҳлантириш учун қилганди.
– Эй парень, зачем ты орёш?! – дея қичқирди у.
– Кто орёт?! Я же пою! – деди Жамшид.
– Жамшид ака!!! – дея бор овози билан чинқирди Нилуфар.
Жамшид лол қолди. Воқеа унинг тасаввурида эмас, ўнгида рўй бераётганини англади. Қўлидан гитара даранглаб тушди, бир тори чирт узилди.
– Нима?! Нилуфар!.. Бу сенми?!
– Жамшид ака, бизни қутқаринг!
– Бу ерда нима қилаяпсан?!
– Бизни алдаб олиб келишди! Отам бу ерда йўқ экан!.. Сизниям қидирдик!
– Эй девочка. А ну-ка замолчи! А то сейчас башку получешь!
Жамшиднинг эси оғиб қолаёзди. Томдан йиқилиб тушай деди. У то ўзига келгунига қадар соқчи Нилуфарнинг қўлларидан тортқилаб олиб кетаверди. Рўмоли ерга тушиб лойга буланди, қўш кокили ортига осилиб тушди. Момоқалдироқ гумбурлади. Яшин чақнади. Қизнинг сўнгги бор "Жамшид ака!" дея қичқиргани момоқалдироқ товушларига сингиб кетди. Соқчи қизни урган чоғи, овози ўчди. Чироқ ёнди. Яна дастгоҳлар шовқини борлиқни тутди.
Жамшид "Нилуфар!" дея қичқириб бино тепасидан ўқдай отилиб тушди. Қарта ўйнаб ўтирган шериклари нима гаплигини билолмай ҳайрон бўлишди. Йигит шаррос ёғаётган ёмғир остида баланд девор бўйлаб у ёқдан бу ёққа "Нилуфар!" дея ҳайқириб чопарди. Нимагадир қоқилиб, йиқилди ва анчагача ўзига келолмади.
– Ҳой тентак, сенга нима бўлди?! – деди Асрор.
– Нилуфар!
– Қанақа Нилуфар?! – сўради бошқа йигит.
– Нилуфар шу ерда экан!
– Қўйсанг-чи, бу ерда у нима қилади? Кўзингга кўринган! Соғингансан-да!
– Йўқ, Асрор! – дея важоҳат билан бақирди Жамшид. – Кокилли қиз ўша экан! Уни алдаб қул қилиб сотиб олишибди. Соқчи судраб олиб кетганини ўз кўзим билан кўрдим!..
Жамшид шундай дея яна девор томон чопди. Осилиб чиқишга уринди. Бир гал деворга осилиб олди ҳам. Аммо йигитлар тортиб қолишди. У лойга беланди.
– Қўйворларинг мени! Мен Нилуфарни қутқаришим керак!
– Ҳой, каллани ишлат. Девордан ошсанг, сени итдай отиб ташлашади. Ақл билан иш қилайлик! – деди Асрор.
– Ҳа, бошлиқ келсин, маслаҳат қиламиз. У албатта ёрдам беради. Ўзингни қўлга ол, Жамшид!
– Тавба, бу қиз қаердан келиб қолибди-а? – ҳайрон бўлиб сўради бирови.
– Жамшидни қидириб келган экан, – деди Асрор.
– Э, йўқ, отасини, – деди Жамшид бўғилиб.
– Демак, қиз асирликда, шунақами?
Жамшид бош илғади.
– Йигитлар, бир йўлини қилайлик, уни қутқаришимиз керак, – бақирди Асрор.
– Юринглар, бу ерда турмайлик. Ивиб кетдик. Ичкари кириб маслаҳатлашамиз! – деди Собир исмли андижонлик йигит.
Улар чала бино ичига тўпланишди. Йигитларнинг бошига оғир ташвиш тушганди. Агар бригадир Жамшидга ёрдам бермаса, бу ердаги ишлар ўлда-жўлда қолиши, шунча қилган меҳнатлари чиппакка чиқиши ҳам мумкин эди.
* * *
Ниҳоят, Жамшид ўзига келгандай бўлди. У бошини чангаллаганича ўйларди. Унда ахлат тўкиши учун эшик калити бор-ку... Нилуфар челак кўтариб чиққан маҳали у ҳам шериги билан ахлат олиб боради. Дўсти соқчини чалғитиб туради. Улар гаплашиб олишади.
Бу оқилона режа иш берди.
Жамшид, Асрор ва Собир қурилиш чиқиндиларини араваларга юклаб тахт қилиб қўйишди. Одатда, Нилуфар ҳар куни тушликдан сўнг челагини кўтариб чиқарди. Жамшид соқчига қараб қичқириб бошлиғи билан келишган ахлат чуқурини кўмиш учун қурилиш чиқиндиларини ташимоқчи эканликларини маълум қилди. Сўнгра ўзи бориб эшикни очиб дастлаб Собирни киритди. У ахлатни тўкиб бўлгач, ортига қайтди. Бу маҳалда Нилуфар чиқиб келди ва қўшни қурилиш майдонидан келаётган кишига кўзи тушиб шошилди. "Ҳой, тўхтанг!" деди у.
– Жамшид, бўл тез, анув қиз чиқди! – дея қичқирди Собир.
Арава судраган Жамшид ўқдай отилиб чиқди, кетидан Асрор эргашди. Жамшид ила Нилуфар сассиқ чуқур ёнида учрашишди. Бадбўй ҳид ва қуролли соқчиларга парво ҳам қилишмади. Асрор икки арава ва икки челакни шошилмай бўшатишгунича севишганлар чуқурлик ичига тушиб олишди. Сассиқ, ачиган ахлатга тиззаларигача ботган ҳолда қучоқлашиб бир-бирларини бағрига босишди.
– Жамшид ака!
– Нилуфар! Наҳотки бу сен?
– Ҳа, бу мен, – дея қиз пиқиллаб йиғлаб юборди.
– Кўзларимга ишонмайман.
– Мен ҳам.
– Бу ерга қандай қилиб келиб қолдинг?
– Ойим иккимиз отамни қидириб келдик. Бизларни алдашибди. Бу ер қамоқхона экан.
– Нима, қўйворишмас эканми?
– Йўқ. Мажбуран ишлатишаркан. Паспортларимизниям олиб қўйишган. Одамларнинг кўпи касал. Ҳаммаси ўзбек, тожик, қирғизлар... Бизни қутқаринг, Жамшид ака!
Шу пайт Собир шивирлади:
– Жамшид, тез чиқинглар, соқчи хитланаяпти.
Жамшид тепага чиқиб қизни тортиб олди.
– Сен қўрқма, Нилуфар. Биз манави қурилишдан, чиқиндиларни энди ҳар куни шу ерга тўкамиз. Сен ҳам шу маҳалда келавер. Сизларни албатта қутқарамиз. Тушундингми?
– Ҳа, – деди қиз кўзлари ёниб.
– Ўзингча ҳеч қанақа ҳаракат қилма. Анавиларнинг назарига тушма. Ўзингни дайдига солиб юр. Шунда ҳеч ким сенга яқинлашмайди.
– Хўп, – деди қиз жилмайиб.
– Ҳозирча хайр. Мен тунда, шовқинлар тинган маҳали сен учун қўшиқ айтаман. Фақат сен учун. Тушундингми?
– Ҳа, тушундим, – деди қизнинг кўзлари порлаб.
Нилуфар ҳам, Жамшид ҳам ўз гўшалари томон хотиржам қайтишди. Икки ёш шундай бахтиёр эдиларки, бу оламда бундай гўзал гўша, "хушбўй, ифорли" маскан йўқдай тўйиб-тўйиб нафас олгилари, ҳайқиргилари келарди.
Жамшид кела солиб қўлига гитарани олди-да, муҳаббат ҳақидаги шўх қўшиқларидан бирини айта бошлади.
Мен севаман, сен севасанму?
Мени йўқлаб боғ кезасанму?
Юрагимни ҳеч сезасанму?
Мен севаман, сен севасанму?...
Собир билан Асрор эса рақсга тушишди. Қолганлар қарсак чалиб туришди.
Нилуфар ҳам ошхонага чопиб кириб келди-да, ўзини онасининг бағрига отди.
– Нима?.. Отангни кўрдингми, қизим? – сўради аёл қизининг бошини силаб.
– Йўқ. Жамшид акамни. У шу ерда. Сизга айтгандим-ку у бизни қидириб топади деб!
– Онанг ўргилсин, болам. Пешонангга ўша йигит битилган экан-да..
* * *
Она-бола ўзларини алдаб олиб келиб сотиб кетганларини кейинроқ англашди. Бу ҳақда бош ошпаз тожикистонлик Саидмурод айтди.
– Оббо, ярамаслар-ей, сизларниям лақиллатишибди-да. Эркакларни лақма бўлади десам, кап-катта аёлларниям-а, тавба, – деб қўйди у.
– Вой, нега унақа дейсиз, айланай?
– Чунки бу ерда эрингиз йўқ. Энди сизлар ҳам бедараклар сафига қўшилдингиз. Чунки бу ердан ҳеч ким қочиб кетолмайди.
– Вой ўлмасам, ростданми? Фақат сиздан илтимос, бу ҳақда қизимга айта кўрманг-а, хўпми? Кейинроқ ўзи тушуниб олар. Мен қизим шўрликни отангни топиб келамиз, деб уйдан судраб чиққандим-да.
– Хўп-хўп, айтмайман. Лекин қочишни хаёлларингга ҳам келтирманглар. Соқчилар аямай отиб ташлашади. Бир-иккитасини шунақа қилишди. Жасадларини итнинг ўлигидай кўмиб ташлашди.
– Бизни қўйворишармикин-а?
– Умид қилиш керак. Яхши ишлаш керак. Инсоф берса бир кун қўйиб юборишади.
– Вой ер юткурлар-ей. Бу ўша, таможняда турадиган кишининг иши. Худо хоҳласа, бу ердан эсон-омон чиқиб олай, ўша ўлгурни топиб, боплаб таъзирини бераман. Мусулмон мусулмонни шунақа қилса-я, ҳе ўлгур!..
– Сизга ўхшаб куйганлар қанча.
– Демак, ўша ер юткур эримни ҳам аллақаёққа олиб бориб сотиб юборган. Мен бўлса уни бошқасига уйланиб олган деб хафа бўлиб юрибман, – деди аёл ва кўзларига ёш олиб.
Шу маҳал ювилган идиш-товоқларни кўтариб Нилуфар келиб қолди.
– Ҳа, ойижон, тинчликми? Нега йиғлаяпсиз?
– Отанг шўрликни қаердан топамиз энди, қизим?
– Анави қўшни қурилишда ўзбеклар ишлашаяпти. Эҳтимол, отам ўшалар биландир.
– Ким билади дейсан, қизим. Қандай сўраймиз у ёқдан?
– Мен бир уриниб кўраман. Улар ҳам ахлатини бизнинг чуқурга ташлашаяпти.
– Вой, шунақами? Унда суриштираверайлик-чи, зора оҳимиз худога етса.
Серёмғир кунларнинг бирида бу "оҳ" Жамшидга етди ва қўшиқ бўлиб акс-садо берди. Нилуфар соқчидан калтак еди ва бу ернинг қанақа жой эканини яна бир бор англаб етди.
* * *
Жамшиднинг боши қотди ва аввало теварак-атрофни, она-болани олиб қочиш йўлларини аниқлашга қарор қилди. Аммо хаёлида саволлар ғужғон ўйнарди: "Нима учун қочишлари керак ўзи? Кимдан қочади? Бу сассиқ жой ўзи қанақа ташкилот? – деган ўйга борди йигит. – Одамларни нега мажбурлаб ишлатади? Ноқонуний ишлаб чиқариш бўлса керак. Бу ерда арзон ишчи кучи – қуллар ишлатилади. Айни инсоният тараққий этаётган замонда – ХХI аср қуллари! Ҳеч ақлга сиғмайди. Ахир "инсон ҳақ-ҳуқуқлари ер юзида ҳимояга олинган" деб жар солишади-ку. Демак, бу ерга одамлар ишлагани ўз ихтиёрлари билан эмас, балки алдаб, мажбуран олиб келинган кўринади".
У аввало мана шу шубҳали ташкилот атрофини ўрганиб чиқмоқчи бўлди. Қўлига бир болтани олди-да, кўрган кўзга гўё ўзини дарахт кесгани кетаётгандай кўрсатиб, девор атрофи бўйлаб айланди. Сўнгра кичик сўқмоқ йўл, чангалзор ва ўрмонга туташиб кетган бутазор орасида ғойиб бўлди.
Машина йўли фақат ташкилот дарвозасига қадар келган бўлиб, бу ёғи дарё соҳилига туташ ботқоқликдан иборат эди. Жамшид дарёни бино томидан туриб кўп кузатганди. Унинг фикрича, агар бирор қайиқ топиб ёки сол ясаб дарёда сузиб кетишса, албатта автобус йўли ўтган кўприкка дуч келишади ва бирор транспорт воситасига ўтириб энг яқин катта шаҳарлардан бирига етиб олишади. Шу тариқа она-болани қутқариб, ўзи ҳам улар билан бирга қишлоққа қайтади. Ёраҳмад ака келган бўлса, нур устига аъло нур.
Жамшид энди меҳнат таътили олиб, бир йўла Кибриё хола ва Нилуфарни қишлоққа ташлаб келишни мўлжаллади....Ташкилот атрофини ўраган баланд симтиканли девор ортда қолди. Бир дарахтни кесиб, ҳар эҳтимолга қарши узун калтак ясади. Киноларда кўрганди. Ботқоқликдан юрилганда албатта эҳтиёт бўлиб, калтакни суқиб-суқиб одимлаш керак. Қайтишда адашмаслик учун дарахтларга белги қўйиб борди. Шу зайл дарё соҳилигача боришга аҳд қилди. Оёқ остидаги нам хазон ва хашак-чўпли юмшоқ тупроқ билқиллар, баъзи жойларда сув кўлобларига оёғи ботарди.
У шу алпозда икки чақиримча юргач, сокин оқаётган, нариги қирғоғи аранг кўриниб турган ёйилиб оқаётган мафтункор дарё соҳилига чиқди. Чакалакзор қирғоқ бўйлаб бир оз юрди. Баъзи жойларда қуриган ёки ўсиб турган бўлса-да, эгилиб сувга кўмилган дарахтлар кўп эди. Шу туфайли қирғоқ бўйлаб юриб бўлмас бирор қайиқ ёки инсон зоти қадамининг нишонаси сезилмасди. Фақат бир йўли бор: чилвир ёки мих олиб келиб сол ясаши, камида бир ҳафталик озиқ-овқат, иссиқ кийим-бош олиб, сол билан нариги қирғоққа ўтиб олишлари ёки оқим бўйлаб сузиб дуч келган кўприк тагида тўхтаб, тушиб қолишлари мумкин эди.
Аммо ҳаммаси Жамшид ўйлаганидек силлиқ кечмади. Аввало, она-болани қутқариш жараёнида кутилмаган ҳолатларга дуч келинди.
* * *
У хўжайиндан паспортини янгилаб келиши, қаллиғи билан учрашиб, уйланишга тараддуд кўриши лозимлиги, шунинг учун меҳнат таътили ҳисобидан ватанига бориб келиши зарурлигини айтиб, иш ҳақини сўради. Бошлиқ йўқ демади.
– Қачон кетмоқчисан?
– Шу ҳафта ичи. Томни тўлиқ ёпиб бўлайлик. Кейин болалар ички пардозлаш ишларини бошлайверишади. Теварак-атрофни тартибга келтиришади.
– Яхши. Ўрнингга ким қолади?
– Сардор.
– Ҳм-м, майли.
– Кечирасиз, Андрей Павлович, сиздан бир нимани сўрасам бўладими?
– Сўрайвер, – деди у сигаретини тутатиб олиб.
– Анави ташкилотни нега бунчалик қаттиқ қўриқлашади?
– Ишинг бўлмасин. Уларнинг ишига бурнингни тиқмаларинг, қонатиб қўйишлари мумкин... Бу ташкилот мана шу ҳудудни назорат қилувчи катта бир одамники. Сезган бўлсанг, бу ерда буғу ва бошқа ҳайвонлар териси қайта ишланади.
– Биз қураётган бино ҳам шуларга тегишлими?
– Ҳа. Мен қурувчиман. Ўша катта одамнинг буюртмасини бажараяпман. Айтганидек қилиб қуриб бераман. Кейин ўзлари билади. Менимча, бу ерда ҳам офис, ҳам дам олиш зонаси бўлса керак. Шунинг учун ҳам чуқурни бу ердан нарироққа олишаяпти, тушундингми? Лекин бу ерда кўрганларинг ҳақида ҳеч кимга айта кўрма. Балога қоласан.
– Хўп.
– Майли, бир ҳафтадан сўнг пулингни оласан. Кейин қолиб кетмайсанми, ишқилиб?
– Йўқ. Албатта келаман.
– Бўлмаса, қайтишингда ўзинг билан яна уч-тўрт маляр – ишчи ола кел. Сантехника ишларини ҳам тезлатишимиз керак. Электрик йигит ишлаяптими?– Ҳа, ишлаяпти.
– Камчиликларни рўйхат қилиб берсин, хўпми?
– Хўп бўлади.
Хўжайин кетгач, Жамшид ўйланиб қолди: "Демак, бир ҳафта ичида аёлларни олиб қочиш режасини пухта ишлаб чиқиши керак. Шундай қилиш лозимки, дарё орқали кетганларини ҳеч ким билмасин".
Жамшид чиқинди ташиш ва чуқурни кўмиш ишига зўр берди. Аравалар тинимсиз ғириллай бошлади. Соқчилар қўриқчилигида бир гал Нилуфар, бир гал Кибриё хола чиқиб келишди. Жамшид Нилуфарга қочишга тайёргарлик кўришлари ҳақидаги мактубни етказди. Аммо Кибриё хола ҳовлиқиб келиб нақд бўлмаса соқчиларга уларнинг таниш эканликларини сездириб қўйди. У тинимсиз "Айланиб кетай, болам. Яхшиям сиз бор экансиз. Худойимга шукур, бизларни учраштирганини қаранг", дея жаврагани-жавраган эди.
– Хола, сиз гапирманг. Бу ердагилар ёмон одамлар, – деди Жамшид шивирлаб. – Сизларни ўзим олиб кетаман, хўпми?
Кибриё хола ҳам чўчиб, шивирлаб жавоб қайтарди:
– Йўқ, болам. Икковимиз бирдан кетиб қолсак сезиб қолишади, орқамиздан тушишади. Сиз аввал Нилуфарни олиб кетинг. Менга жин ҳам урмайди, қолаверай. Кейин мени ўзлари қўйворишади. Нима бўлсам, пешонамдан кўрдим, – деди аёл кўзларига ёш олиб.
– Бўпти, хола, жойингизга тез қайтинг. Ўйлаб кўраман, – деди Жамшид бўш аравасини тортиб кетаркан.
– Хўп, болам. Илоҳим умрингиздан барака топинг. Қизимни сизга топширдим, сизларни Оллоҳга!
Жамшид қурилиш чиқиндиларини курак билан бир жойга уяр экан, демак Кибриё хола ошхонада қизи учун ҳам ишлайверади. Нилуфарнинг ғойиб бўлганини ҳеч ким сезмайди. Сезишганда кеч бўлади. Лекин унинг ўзини қандай қутқараман, қайтиб келибми? Ҳа, шундай қиламан. Объектни топширган куни Нилуфар эркакча кийинади. Бемалол машинада кетамиз. Демак, хола тўғри ўйлабди.
Жамшид Нилуфар учун қурувчиларнинг махсус кийими, кирза этиги ва ёмғирпўшли ёпқич топиб қўйди. Орқалаб юрадиган сафар халтасига йўл учун егулик, гугурт, туз ва бир жуфт қўл фонарини ҳам жойлади. Икки дона иссиқ адёл, спорт кийимлари, пичоқ, чопқи ҳам олди.
Унинг бу режаси фақат Асроргагина маълум эди. Олиб қочиш операцияси иш ҳақини олган куни ёки унинг эртаси амалга оширилиши керак. Ўша куни чиқиндиларни кўплашиб олиб киришади ва араваларни чуқур қирғоғида ағдариб тўсиб туришади. Бу пайтда Нилуфар уларга ўхшаб ёмғирпўшни кияди-да, аравалардан бирига чиқиб ётиб олади. Бу ҳақда Жамшид Нилуфарга мактуб орқали маълум қилиб қўйди. Сўнгра кечки пайт Асрор билан дарё қирғоғига бориб сол ясашга киришишди. Тақиллатиб овоз чиқариш хатарли эди. Шунинг учун кўпроқ кичик дастаррадан фойдаланишди. Солга ёмғирдан сақланиш учун брезент ёпқич ёпиладиган кичикроқ чодир ҳам тикишди. Уни сувга тушириб боғлаб, устига шох-шаббалар ташлаб қўйгунларича тонг ота бошлади. Улар ой ёруғида тонгга қадар ишлашди. Қушлар чуғурлай бошлагач, икки дўст ишни битириб, объектлари томон чопишди.
* * *
Терини қайта ишлаш заводи ва қурувчилар учун керакли қурилиш материаллари ва озиқ-овқат юкланган пикап русумли енгил машина келиб-кетарди. Унинг кабинасига ҳайдовчидан бошқа бир йўловчигина сиғарди. Машина юз километрлар наридаги Вороново деган кичик посёлкага борар, ундан нарига бошқа машина ёки автобусга ўтириб поезд станциясига ёки каттароқ шаҳарларга етиб олиш мумкин эди. Жамшид унга чиқиб, Нилуфарни юкхонага яшириб олиб кетиш ҳақида ҳам ўйлади. Аммо ҳайдовчининг нотанишлигидан ҳайиқди.
Ҳайдовчининг исми Виталий экан. У Жамшиднинг олдига келиб "Тушликдан кейин тайёр бўлиб тур. Бошлиқ айтди, сени олиб кетар экан", деди. Жамшид қийин аҳволга тушиб қолди. Чунки бу пайтда Нилуфарни олиб чиқишлари керак. Кейин уни қандай ташлаб кета олади? Йигит Асрор билан маслаҳатлашди. Қизни Асрор олиб чиқадиган ва уни объект ичига яширадиган, Жамшид бўлса, Виталийни пойлайдиган, сўнгра унга "кетмаслигини" айтиб қўядиган бўлди.
Операция яхши ўтди. Ҳеч ким шубҳа қилмади. Фақат панжарали дераза ортида йиғлаб-сиқтаб Кибриё хола қолаверди, хандақда эса илк бор бир жуфт ахлат челаги эгасиз қолди.
Виталий Жамшиднинг қарорини эшитиб ҳайрон бўлди. У "Майли, ўзинг биласан" деди-да, машинасини ғизиллатганча кетди. Тўғри, мана шу машина йўлидан ҳам бемалол кетишлари мумкин эди. Аммо Жамшид сув йўлини танлади.
* * *
Жамшид, Нилуфар ва Асрор сол ёнига кечки оқшом етиб келишди. Асрор уларнинг жойлашиб олишлари ва солни оқимга солиб юборишга ёрдам берди. Сол устидаги брезент матоли мўъжазгина кулбача икки севишган ёш учун катта ошиён эди. Нилуфар устига адёлни ташлаб, кулбача ичига ўрнашиб олди. Жамшид эса эркакча кийинган севгилисига маҳлиё бўлиб солнинг орқадаги рулини ишга солди. Бир оз юришгач, сув оқимига чиқишди ва Жамшид ҳам энди ошиён ичига кириб борди.
Улар ниҳоятда бахтиёр эдилар.
– Наҳотки бу сен, Нилуфар? Кўзларимга ишонмайман.
– Мен ҳам... – деб қўйди Нилуфар ва йигитнинг пинжига тиқилди.
– Тангри бизларни учраштирганини қара.
– Ҳа. Аммо ойимни ҳам ола кетишимиз керак эди.
– У кишини албатта олиб кетамиз. Тўйимизга ўзлари бош бўладилар.
– Худо хоҳласа.
Жамшид қувончдан титраётган Нилуфарнинг нозик жуссасини бағрига босди. Қизнинг ҳаяжондан ураётган юрак товушлари ҳам бемалол эшитилиб турарди. Улар бир-бирларидан узоқ бўса олишди. Йигит ҳатто қизнинг бўксаси ва юзларига атайин суртиб олган сассиқларни ҳам сезмади. Аммо бу ҳол тўсатдан қизнинг ёдига тушиб, ўзини тез тортиб олди.
– Ҳа, тинчликми, Нилуфар?
– Жамшид ака, менга сув беринг, юз-кўзимни ювиб олай. Атир-упам ҳам йўқ.
– Уларга не ҳожат? Ўзинг табиий гўзалсан-ку. Сенга ҳеч нарсанинг кераги йўқ, – деди ва баклашкадаги сувни олиб ташқарига чиқди.
– Чиқавер, эҳтиёт бўл. Сув кўп, истаганча ювинавер. Хоҳласанг, чўмил.
– Вой, қанақа қилиб, сузишни билмайман-ку. Кейин сув совуққа ўхшайди. Қани энди иссиқ сув бўлсайди.
– Ҳай, майли, – деди йигит. Сўнгра баклашкага оқава сувдан тўлдириб, қуйиб турди.
Қиз юз-қўллари ва бўйинларини яхшилаб ювди.
– Қани энди сочимниям юва олсайдим.
– Совуқ демасанг. Кел, сувга энгашиб тур, мен қуйиб тураман.
– Йўқ, совуқ. Олов бўлганида, қуритиб олардим.
– Афсус, бунинг ҳозир ҳечам иложи йўқ-да. Қирғоққа чиқиб олайлик, бирортасиникида тунаб қоламиз. Бу ерликларда рус ҳаммоми бўлади, дейишади. Айтишларича, иссиқ буғда тоза терлагач, ўзларини совуқ сувга ташлашаркан. Қиш бўлса музни ёриб тушишаркан.
– Ростдан-а? Бу қизиқ-ку. Сиз ҳам шунақа ҳаммом қуриб берасиз-а, Жамшид ака?
Йигитнинг юраги ҳаприқиб кетди.
– Албатта, жоним. Биз ҳали зўр уйлар қурамиз, "Нексия"лар оламиз.
Жамшид бу гапни Россияга ишга келган муҳожир-гастарбайтерлар ҳақидаги бир қўшиқдан олганди. Шунинг учун кулиб қўйди.
– Ҳа, нега куласиз? Орзуга айб йўқ, дейдилар-ку.
– Йўқ, унга эмас. Бир янги қўшиқ чиқибди. Хоҳлайсанми, хиргойи қилиб бераман.
– Ҳа-ҳа, айтиб беринг, – деди қиз ёш боладай эркаланиб.
– Хўп, сен кулбага кир, бўлмаса. Мен сол рулини бошқариб қўяй, негадир яна қирғоққа яқинлашиб бораяпмиз.
Қиз яна елкасига адёл, бошига сочиқни ташлаб ўрнашиб ўтирди. Йигит рулини бир оз ишлатгач, гитарани қўлига олиб паст овозда ўзи тўқиган қўшиқни бошлади:
Россияга бордим бой бўламан деб,
Самода порлаган ой бўламан деб.
"Нексия"га ўхшаган той оламан деб,
Мен бой бўламан деб, бой бўламан. Бу ерларда баланд уйлар қурдик биз,
Совуқларда "энамизни кўрдик" биз.
Қурилишда ахлат ташиб юрдик биз,
Вой мен ўламан, вой-дод ўламан...
Нилуфар мириқиб кула бошлади. Жамшид сол рулини ушлаб олганича гўё бахшилардек завқ билан қўшиқ айтарди. Аммо у бир пайт ҳазил қилгиси келди шекилли, аста мусиқа созини ўзгартирди, бироқ "ишни бузиб" қўйди.
Бизлар билмай севишиб қўйдик,
Билмай бўса олишиб қўйдик,
Нақд бўлмаса... нанай-на-нанай
Вой мен ўламан, вой-дод, ўламан!..
Davomi bor