Ertak.top

Adashgan avtobus 3 (kamolov)

Nabijon hoshimov asari

Нилуфар мириқиб кула бошлади. Жамшид сол рулини ушлаб олганича гўё бахшилардек завқ билан қўшиқ айтарди. Аммо у бир пайт ҳазил қилгиси келди шекилли, аста мусиқа созини ўзгартирди, бироқ "ишни бузиб" қўйди.

Бизлар билмай севишиб қўйдик,

Билмай бўса олишиб қўйдик,

Нақд бўлмаса... нанай-на-нанай

Вой мен ўламан, вой-дод, ўламан!..

– Ҳе ўлмай ўлинг, айнимай! – деди қизнинг жаҳли чиқиб.

– Қани, менга яқинлашиб кўринг-чи! Ўзимни нақ сувга ташлаб юбораман-а!

– Ҳа энди, бир ҳазиллашдим-да, асалим.

– Асалим деманг. Ҳе, суюқ!.. Одам бўлмай кетинг! Ўзи қанақа аҳволдамиз-ку.

Қиз бошқа гапиролмади. У севиклисининг қалтис ҳазилидан чиндан ҳам хафа бўлганди.

Шу маҳал қаттиқ гудок овози эшитилди. Дарё муюлишида улкан кема пайдо бўлди. У сувларни шалоплатиб шитоб билан бостириб келарди. Жамшид шошиб қолди. У солни четга олиши керак эди. Аранг улгурди.

Кема шундоқ ёнларидан ўтиб кетди. Қиз қўрққанидан қичқириб юборди. Сув қаттиқ чайқалиб, беаёв тўлқинлар солни ағдариб юбораёзди. Нилуфар ўзини ушлолмай қолди, "Жамшид ака!" дея қичқирганича сувга ағдарилди. Сўнгра солга тармаша кетди.

– Қўрқма, Нилуфар! Ҳозир сени тортиб оламан!

Қиз қўрққанидан қичқирмоқчи бўлар, аммо оғзи сувга тўлиб қолмоқда эди. Йигит уни солга аранг чиқариб олди. Нилуфарнинг уст-боши шалаббо бўлганди. У қўрққаниданми ёки сувнинг совуқлигиданми, дир-дир титрарди.

– Оббо, қаердан кела қолди-а, бу палакат?

– Кийимингни алмаштир.

– Йўқ!!! – дея жеркиб берди қиз.

– Ахир, шамоллаб қоласан-ку. Бўл тез, чодир тагига кир. Сумкада кийимларим бор.

Қиз дийдираб ўтираверди. Жамшид сумкадан сочиқ олиб берди.

– Бўл тез, деяпман. Мен қарамай тураман.

Нилуфар ўрнидан турди.

– Сиз бошқа бунақа ҳазил қилманг, хўпми? Қаранг, худогаям хуш келмади. Нақд бўлмаса, ҳозир мендан ажраб қолардингиз.

– Хўп. Бошқа қилмайман. Сўз бераман! Мени кечир...

Қиз устки кийимларини алмаштириб, бошига сочиқ танғиди. Йигит қиз сиқаётган кийимларни қўлига олиб, ўзи сиқа кетди.

– Жамшид ака, қирғоққа чиқиб, олов ёқмасак бўлмайди.

– Майли, қулай жойни мўлжаллаб ўнг қирғоққа тўхтаймиз-да, ўша ерда тунаймиз.

– Айиқ, бўрилар бор, дейишади-ку.

– Улар оловдан қўрқишади. Эрта тонгдан яна сузишни давом этдирамиз.

– Қирғоққа тезроқ ҳайданг, бўлмаса. Мен совқотиб кетдим, – деди қиз дийдираб.

– Хўп, – деди Жамшид ва солни қорайиб, сирли кўриниб турган нариги соҳилга томон бурди. Аммо қирғоқ баланд тик қоялардан иборат бўлиб, унинг тепасидаги дарахтлар ортидан тўлин ой нохуш мўраларди. Ниҳоят бир амаллаб қайинзорлар оралиғидаги кичик қуруқликка чиқишди. Оқ қайин дарахтлари дарё шаббодасида сокин тебранишар ва рақсга тушаётган оппоқ ва гўзал рус қизларини эслатарди.

Жамшид солнинг арқонини бир дарахт шохига боғлаб қўйди-да, қайинзорлар оралаб ўтин-чўп йиғишга киришди. Ҳадемай сокин Обь дарёси соҳилида қизғиш гулхан пайдо бўлди.

Жамшид ила Нилуфар оловга тикилиб ўтиришди. Овқатланишди, кийимларини қуритишди. Ўтин-чўп кўп экан. Жамшид уларни уюб қўйди. Сўнгра у ўтириб Нилуфарга атаб "Оқ қайин" қўшиғини хиргойи қилди:

Зангор ўрмон бағрида,

Мағрур ўсган оқ қайин.

Сенга келдим атайин,

Кел, қўшиғим айтайин.

Сени кўриб эсладим,

Оқ билак малагимни.

Ёшликнинг тор йўлида,

Йўқотган тилагимни.

Бағритошлар бор ҳали,

Қилмишлари атайин*...

Қиз унинг елкасига бошини қўйганича ухлаб қолди. Аммо кўп ўтмай шамол турди ва самодаги булутлар қалинлашиб қорая бошлади. Узоқларда момоқалдироқ гумбурлаб, яшин чақнарди. Ҳадемай ой ва юлдузлар ҳам кўринмай қолишди. Қайинлар шовуллади, шамол бошланди. Дарё тўлқинланиб шалоплаган овоз чиқарар, сол эса тўқиллаб қирғоқдаги тошларга уриларди.

Жамшид уйқудаги қизни ётқизиб қўйди-да, нари-бери юриб, нима қиларини билмай боши қотди. Ёмғир томчилади. Шу етмай турувди. Нима қилсак экан? Солдаги чодир ичига кириб олсакми, ўйлади ўзича. Аммо сувнинг чайқалиб, тўлқинлар сол устига сачраётганини кўриб, фикридан қайтди. Қирғоқдан бирор бошпана топиш керак. Лекин қоронғилик қўйнида қорайиб турган пастак дов-дарахтлардан бўлак ҳеч нимани кўриб бўлмасди. Фақат биргина йўли солдаги чодир брезентини ечиб қуруқликка тиклаш мумкин. Жамшид шундай қилди. Ишини тугатган ҳам эдики, шаррос ёмғир қуя бошлади, шамол янада кучайди. Нилуфар ҳам уйғониб йигитга ёрдамлашди. Брезент чодир ёнларига тош ва тўнкаларни бостириб, пастак чодир тиклашди. Олов вишиллаб, аллақачон сўниб бўлди. Устларига бор кийимларини кийиб ётишди. Увиллаётган шамол ва тапирлаётган ёмғир шовқинида бир-бирининг пинжига кириб ухлаб қолишди.

Эрталаб бир кеманинг қаттиқ гудоги ва қушларнинг чириллашидан чўчиб уйғонишди. Шамол ҳам, ёмғир ҳам тинган, дилларни яйратадиган мусаффо ҳаво ҳукмрон эди. Аммо сол кўринмасди. Уни сув оқизиб кетибди. Шошилинчда Жамшид уни маҳкамроқ боғламаган шекилли. Энг ёмони, захирадаги озуқа, болта ва бошқа асбоблар ҳам солда эди.

– Оббо, энди нима қилдик-а, Нилу?

– Пиёда кетамиз, бошқа илож йўқ. Айтмоқчи, пароходлар тўхтамасмикан-а?

– Йўқ. Уларнинг махсус тўхташ жойлари бор, аҳоли яшайдиган манзилдагина тўхташади.

– Ўшанақа жойга борайлик. Ҳар ҳолда анавилардан қутулиб олдик-ку.

– Ҳа, тўғри айтасан. Ўзинг тузукмисан?

– Яхши. Олов бўлмаганида, шамоллаб қолардим.

– Унда қолган қотган нонимиздан еб йўлга тушайлик. Сув сероб, яхшиямки, қозоқ даштларида эмасмиз.

– Ҳа, ўрмонда ҳар хил мевалар ҳам кўп бўлади, дейишади.

Улар чодир, гитара ва бор лаш-лушларини йиғиштиришди-да, қирғоқдаги тик қояларга чиқиш учун йўлга тушишди. Эҳтиёткорлик билан жилға бўйлаб баландлик сари юраверишди.

Йигит қизнинг қўлидан маҳкам ушлаб, деярли уни судраб чиқиб бораркан, қизнинг нозик бармоқлари йигитнинг қайноқ кафтлар оғушига ғарқ бўлган, икки ёшнинг юраклари шавқ ила лиммо-лим эди.

Ниҳоят, баландликка чиқиб олишди. Қарағайзор ўрмон экан. Олмахонлар дарахтдан дарахтга сакраб қувлашиб юришарди. Одам шарпасини сезган улкан шохлари дарахт буталари мисол тарвақайлаб кетган буғулар ҳуркиб қочишар, турли-туман қушлар овози зангори ўрмонни тутганди.

Улар табиат жамолига мафтун бўлиб узоқ юришди. Йўл-йўлакай ўрмон меваларидан териб еб боришди. Бир-икки жойда ағанаган дарахтлар ходасига ўтириб дам олишиб, яна йўлда давом этишди. Аммо оқшом чўка бошласа ҳам на бирор авто ёки темир йўлига дуч келишмади. Қуёш бота боргани сари кўнгилларини яна хавотирлик чулғади.

– Тезроқ юр, Нилуфар, бирор бошпана топайлик, – деди Жамшид хавотирли оҳангда.

– Оёғим оғриб кетди. Берган этигингиз қисиб ташлади-ку.

– Пайтавасини еч.

– Таги нам-ку, сув кирибди.

– Тўхта, менда целлофан пакетчалар бор. Пайтавани ечиб, ўрнига пакетчаларни киясан.

Шундай қилишди. Қизнинг пайпоқлари ҳам нам бўлиб кетганди. Уни ҳам ечиб ташлашди. Оёқлари музлаб қолай дебди. Йигит қизнинг оёқларини қўли билан силаб, куҳ-куҳлаб ҳарорат бахшида этди.

– Тўхтамай аста юраверамиз, бўптими? Шундай қилсак, совқотмаймиз. Эртага кундузи бирор аҳоли яшайдиган жойга етиб олсак, кейин ухлайверамиз.

– Хўп, – деди қиз итоат билан.

Олган фонарлари асқотди. Қўлларидаги таёқлар асо вазифасини бажарса, ҳам ҳимоя учун хизмат қиларди.

– Эй худо, бу ўрмон қачон тугайди-а? – сўради қиз тоқати тоқ бўлиб.

– Ҳеч қачон тугамайди, улар бепоён, – деди Жамшид. – Фақат ораларида йўллар бор. Биз ўша йўлга чиқсак бўлгани, йўловчи машиналарда бирор қишлоқ ёки шаҳарга етиб оламиз.

– Бу ерларни биласизми ўзи?

– Харитадан кўрганман. Шимол томонда Томск, жанубда Барнаул, ғарбда Новосибирск шаҳарлари бор. Биз Новосибирскка етиб олишимиз керак.

– Нима учун?

– У ерда Тошкент поезди юради. Кейин хусусий автобуслар ҳам бор. Улар жудаям арзон.

Жамшид гап билан бўлиб чуқурга дуч келганини сезмай қолди. Оёғи сирғалиб тўсатдан пастликка думалаб тушиб кетди. Қўлидаги фонарча отилиб кўлмак сувга тушди. Энди ягона чироқда қолишди. Қиз "Вой, Жамшид ака, эҳтиёт бўлинг!" деганича тепаликда қолди. Йигит эса қоп-қора чуқурлик қўйнида ғойиб бўлди. Боши нимагадир урилиб ҳушидан кетди. Қиз қўрққанидан бетўхтов қичқира бошлади.

– Жамшид ака! Сизга нима бўлди?! Нега жимсиз?!.. Мени қўрқитманг!.. Ҳой, ким бор?! Ёрдам беринглар!!!

Унинг овози қоронғи ўрмонда акс-садо берар, қушлар безовталанар ва аллақандай шарпаларни ўзига жалб қилаётгандек эди. Аллақаёқдан бир итнинг вовиллаган овози ҳам эшитилди. "Жамшид ака!" дея қиз энди бақириб йиғлай бошлади. Ниҳоят йигит ўзига келди.

– Қўрқма! Ҳозир чиқиб бораман! – деди у пастликдан туриб, инқиллаб.

– Вой, соғмисиз? Мени қўрқитманг, Жамшид ака! Манави ёғочни ушланг, тортиб оламан, – деди қиз ва қўлидаги асони шапиллатиб уриб қўйди. Лекин ҳадеганда Жамшиднинг қўли асога илашавермади. Қиялик нам тупроқли бўлиб, оёқлари сирпаниб кетаверди.

Ниҳоят кийимлари дабдала, лой ҳолида йигит жарликдан аранг судралиб чиқди. У терлаб-пишиб кетганди. Қиз унинг устига ўзини ташлаб ҳўнграб йиғлаб юборди.

– Бошим... – деди йигит базўр.

– Бошингизга нима қилди? Уриб олдингизми? – деди қиз ва пайпаслаб кўрди. Қўли иссиқ қонни туйди. Бўйнидаги шарф қилиб боғлаб олган рўмолини шоша-пиша ечди-да, унинг пешонасини боғлади. Сўнгра боласини аллалаётган онадек уни бағрига олиб аста тебратиб ўтирди ва теварак-атрофга умид билан боқиб "Ҳой, ким бор?! Бизга ёрдам беринглар!" дея қичқирди.

Узоқда итнинг вовуллаган товуши тинмаган эди. Буни Жамшид ҳам эшитди ва ҳушёр тортди.

– Ит овози-ку! Қаёқдан келаяпти?

Қиз яна қичқирди.

– Эҳ-ҳе-ҳей, ким бор?!!

– "Помогите, люди!"де, Нилу. Қаттиқроқ бақиравер!

– Помогите, люди!!!

Ит яна ҳурий бошлади. Овознинг қайси томондан келаётганини чамалаб кўришди ва ўринларидан туришди.

– Юра оласизми?

– Ҳа. Машъала ёқиб олишимиз керак.

– Қандай ёқамиз? Ёғоч-чўплар ҳўл-ку.

– Унда чодиримизни ёқамиз. Уни бўлакларга бўлиб, ёғочга яхшилаб ўраб боғлаймиз-да, биттадан ёқиб кетаверамиз. Сумкада одеколон бор.

Шундай қилишди. Чодирни пичоқ билан лентасимон бўлакларга бўлишди-да, асолари ва бошқа ёғочларга боғлаб чиқиб, бирини ёқиб, бошқасини туташтириш учун захирага олишди. Машъала иш берди. Ит уни сезган чоғи, ҳуриши янада кучайди. Аммо улар дуч келган жарликни айланиб ўтишни ҳам, чуқурлик тубига тушиб, яна қандай чиқишни ўйлаб бошлари қотишди.

– Тонг отишини кутамиз.

– Яна кечагидай ёмғир бошланса-чи? Энди чодиримиз ҳам йўқ.

– Олов ёқиб ўтираверамиз-да, бугун ухлаш йўқ. Бирор овчи ёки ўрмончи келиб қолар.

– Қорним очиб кетди.

– Егулик ҳам қолмади. Ҳаммаси оқди-кетди. Сувимиз ҳам оз қолди.

– Юришда давом этиб жарликни айланиб ўтишга ҳаракат қилайлик.

Улар аста кета бошлашди. Жамшид машъалани кўтариб олди. Нилуфар эса оқсоқланаётган ёрини суяб борарди. Узоқ юришди. Тўртинчи машъала ҳам ёниб битди. Аммо чуқурликнинг охири кўринмас, аксинча, у қайрилиб "ит овози"дан ҳам узоқлашиб кетишди. Ҳолдан тойишди. Шундай чарчашдики, ағанаб ётган дарахтлар тепасидан ҳам ўтолмай қолишди. Бир жойда уч-тўрт дарахт бирданига ағанаган ва шохлари қуруқ экан. Шу ерда олов ёқиб, тонг оттиришга қарор қилишди...Жамшид бировнинг қаттиқ туртишидан чўчиб уйғонди. Тонг отган, ёққан оловлари сўниб, қолдиғи тутаб турарди.

– Ҳой, тур ўрнингдан. Сенлар кимсан?! – дея ўшқирди кимдир рус тилида.

Жамшид тепасида бир серсоқол, бўйдор мўйсафиднинг ов милтиғини ўқталиб турганини кўрди. Нилуфар ҳам чўчиб уйғонди. Унинг юзини бир ит искамоқда эди. "Барсик, нетрогай", деб қўйди чол.

– Биз, ҳалиги, адашиб қолдик. Йўлимизни йўқотдик.

– Хўш, қаердан келяпсизлар?

– Мен қурувчиман. Меҳнат таътилига чиқдим. Мана, ҳужжатларим бор.

– Бу қиз ким?

– Хотиним. У ошпаз эди.

Мўйсафид ҳужжатларни кўздан кечирган бўлди.

– Бу ёқларда нима қилиб юрибсизлар?

– Дарёда қайиқда кетаётгандик, шамол, ёмғир бошланиб қолди. Қирғоққа чиқдик. Сўнг қайиғимиз оқиб кетибди.

– Тунда қичқирган сенлармидинг?

– Ҳа. Мен чуқурга йиқилиб тушувдим. Хотиним қўрқиб кетди. Кейин қаёққа боришни билмадик.

– Тушунарли. Мен ўрмончи Егорман. Туринглар, кетдик. Сизларга бошпана бераман.

– Катта раҳмат сизга! Турақол, Нилуфар.

– Қаерликсизлар?

– Ўзбекистондан.

– Ҳе, тирикчилик қурсин-а. Нима, ўзларингда иш йўқми? – сўради Егор кесатиб.

– Иш-ку, кўп. Бир кўрмаган юртларни кўрайлик, дедик-да. Ҳам саёҳат, ҳам тижорат, дегандек...

– Яхши. Менинг бир чала қолган иморатим бор, битиришга ёрдам берасанми? Бир ўзим эплай олмаяпман.

– Гап йўқ. Фақат кейин бизни Новосибирскка кетишимизга йўл кўрсатиб қўйсангиз бўлгани.

– Ўғлим Новосибирскда яшайди. Ҳар олти ойда бир келиб кетади.

– Нима, машинада келадими?

– Вездеход машинасида. Бошқа машиналар бу ёқларга келолмайди. Атроф ботқоқлик, баланд-пастлик. Бу ерлар давлат қўриқхонаси ҳисобланади. Менинг вазифам асосан ўрмонни ёнғиндан асраш. Сизлар ёққан оловни сездиму шу ёққа қараб ошиқдим. Бу ерларда ёнғин чиқса, ёмон бўлади. Ҳўлу қуруқ баробар ёнаверади. Энг ёмони, бу ерга ўт ўчириш техникалари етиб келолмайди. Йўл йўқ.

– Биз қандай кетишимиз мумкин?

– Сизларни фақат ўғлим олиб кета олади. У яна бир ойларда келиши керак. Мен унга анчагина асал ғамлаб қўйганман. Ҳақиқий табиий асал. Эшитганмисан, ҳалиги айиқлар ейди-ку.

– Ҳа-ҳа, – деди Жамшид эртакларда ўқиганларини эслаб, лекин "Ўғлим сизларни бир ойдан кейин олиб кета олади" деган гапдан юраги увишди. Ахир, бунда меҳнат таътили тугайди-ку. Кибриё холани ҳам қутқариш керак. "Таваккал, борайлик-чи", деб қўйди йигит хаёлан.

Улар кетиб боришаркан, ўрмончи тинмай жаврар, олапар ити хакиллаб гўё йўл бошлаб кетмоқда эди. Нилуфар Жамшиднинг қўлини маҳкам ушлаб олди. У энди ўз тақдирини Жамшидсиз тасаввур ҳам қилолмасди.

* * *

Егор амакининг хотини Маша хола уларни очиқ чеҳра билан қарши олди. Бошқа дунёдан узилиб қолганликлари учунми, одамлар билан мулоқотни соғинганликлари шундоқ сезиларди. Айниқса, ўзбекистонликларнинг ташрифи Маша холани қувонтириб юборди. Унинг Новосибирскдаги ўғли Дмитрий ҳарбий хизматни Самарқандда ўтаган эмиш.

Нилуфар рус тилини яхши билмаса-да, ўзига бўлаётган илиқ меҳрни туйди ва елиб-югуриб гўё келинчаклардай холанинг уй юмушларини бажара кетди. Жамшид ўша куниёқ Егор амакининг чала қурилишини битказиб бериш учун ишга тушди. Асбоб-ускуналар етарли экан, ёғоч кўп. Фақат ходаларни икки кишилашиб кўтариш ва териб чиқиш керак экан. Бу уйни улар яшаб турган уйдан андоза олиб қура бошлашди. Ёмон бўлмади. Жамшид туну кун меҳнат қилди ва бир ҳафтада икки хонали уйни ички тахтали қопламалари билан битказиб берди. Нилуфар ҳам ёрдам берди. Егор амаки от миниб чиқиб кетар ва баъзан кеч қайтарди. Атрофни тартибга келтирди. Ўтин ғамлашиб, чол-кампирнинг кўнглини олишди.

Уч ҳафта ўтгач, ҳақиқатдан ҳам ғилдираклари ҳарбий танк занжирига ўхшаш бир юк машинаси гулдираб келиб қолди. Бу ўша Дмитрий эди.

Дмитрий бажарилган ишларни ва ота-онасининг кайфиятини кўриб хурсанд бўлди ва Жамшид билан тез чиқишиб кетди. У бир-икки ўзбекча ибораларни ҳам биларкан, кулишиб ўтиришди. Қуюқ меҳмондорчиликдан сўнг Жамшид рус тилида қўшиқ хиргойи қилиб берди. Сўнгра ҳаммалари рус халқ қўшиқларидан биргалашиб ижро этишди.

Эртасига Дмитрий Жамшидга бир таклиф айтди:

– Жамшид, шу ерга доимий ишлагани келаверинглар, отамга ёрдамчи, ўрмончи бўласан. Хотининг онамга ҳамроҳ.

– Раҳмат. Лекин биз бунақа, одамлардан ажралиб яшашга ўрганмаганмиз-да.

– Ўйлаб кўр. Ойлик маошларинг яхши бўлади. Анави мен учун қурган уйингда ўзинг яшайверасан. Гапнинг тўғриси, анчадан буён бу ерга ишончли оила қидираётгандим. Новосибирскда иш излаган эмигрант, гастербайтерлар кўп. Лекин сизлар бошқача экансиз. Ота-онамга ҳам маъқул бўлибсизлар.

– Раҳмат, Дмитрий. Мен бу ҳақда ўйлаб кўраман. Чунки менинг дўстларим, ўз қурилиш бригадам бор. Кейин яна бир муаммо қийнайди.

– Қанақа муаммо?

– Нилуфарнинг онаси, яъни қайнонам ҳозир тутқунликда. Уни тезроқ қутқариш керак.

– Нима? Қанақа тутқунлик? Қаерда у?

– Бир корхонада. У ерда четдан келганларни худди қамоқдагидек ишлатишаркан.

– Ҳм-м... Демак, ноқонуний ташкилот экан-да.

– Эҳтимол. У ер қаттиқ қўриқланаркан.

Шундан сўнг Дмитрийга бўлиб ўтган воқеалар тафсилотини гапириб беришига тўғри келди.

– Эҳ-ҳе, шунақа ишлар, де. Демак, бу қиз хотининг эмасмиди?

– Ҳа, у қаллиғим.

Дмитрий жиддий ўйланиб қолди. Унинг юз-кўзидан, самимий қарашларидан жуда-жуда ёрдам бергиси келаётгани сезилиб турарди.

– Жамшид, мен сизларга қўлимдан келганича ёрдам бераман. Бу ифлос мафиозлар мени ҳам анча-мунчага чув туширишган. Ўша корхона, қурилиш объектинг қаерда жойлашганини аниқ тушунтириб бера оласанми?

– Ҳа. У дарёнинг нариги соҳилида Вороново деган посёлкадан у ерга йўл бор. Шунақа ўрмон ичида, дарё соҳили яқинида.

– Бўпти. Биз эртага жўнаймиз. Мен дўстларимни ишга соламан. Ўша заводда тахминан неча киши ва қаерликлар ишлашмоқда?

– Нилуфарнинг айтишича, олтмиштача осиёликлар. Суткасига ўн олти соат ишлашади. Шароитлари жуда оғир. Паспортларини олиб қўйишган.

– Тушунарли. Демак, XXI аср қуллари. Тағин давлатимизни демократия тараққий этган давлат дейишади. Хиҳ, виждонсизлар, – деб қўйди Дмитрий жаҳл билан.

Эртасига вездеходда йўлга тушишди. Егор амаки ва Маша холалар уларни ўз фарзандларидек кузатиб қолишди. Йўлга егуликлар, иссиқ кийимлар беришди. Дмитрий йўл бўйи қандай қилиб Кибриё хола ва бошқаларни тутқунликдан озод қилиш ҳақида режа тузди, ва ниҳоят, бир қарорга келди шекилли, машинани тўхтатиб аллакимга қўнғироқ қила бошлади. Унинг телефони ўзининг айтишича, сунъий йўлдош орқали боғланаркан. Оддий уяли телефонлар учун бу атрофда алоқа йўқ эмиш.

– Алло, Серёжа! Салом, қалайсан?! ...Ҳа, ота-онамни йўқлаб келувдим, биласан-ку... Ҳа, асалми, истаганингча, бир буғуни сўйиб олдим, шохининг қонидан ҳам бор. Борайин, мазза қилиб ванна қабул қиламиз, келишдикми?.. Сенга бир хизмат чиқиб қолди. Вороново посёлкасидан жанубда, тахминан юз километр, Обь дарёси қирғоғида бир терини қайта ишлаш корхонаси бор эмиш. Шу корхона ҳақида маълумот керак бўлиб қолди. Қачон аниқлаб берасан?.. Бир соатда? Бўпти. Бир соатдан кейин яна қўнғироқ қиламан. Омон бўл.

Йўлда давом этишди.

– Ишқилиб, бизнинг қурилиш объектимиз, кейин ҳамюртларимга гап тегмайдими?

– Асло. Уларнинг фуқаролик ҳуқуқлари қонуний ҳимояга олинади, иш ҳақлари ундириб берилади. Аввало, ишга ҳақиқатан ҳам қабул қилиниб, даромад солиқларини тўлаган-тўламаганлиги тафтиш этилади. Тўланган бўлса, яхши, аммо яширишган бўлса, раҳбарларга нисбатан жиноий иш қўзғатилади. Ўзинг ўйлаб кўр, бундай бепоён қудратли мамлакатни қўриқлашнинг ўзи бўлмайди-ку. Эҳ-ҳе, қанча маблағ керак. Маблағлар қаердан шаклланади. Ана шундай солиқлардан-да. Ҳамма ўз ҳолича даромад қилиб, давлат бюджетига солиқ тўлашдан бўйин товлайверса, унда Россиянинг қудрати қаерда қолади? Сен чўчима, ҳаммаси яхши бўлади.

Кўп ўтмай Дмитрий яна қўнғироқ қилди. Маълум бўлишича, корхона Давид Боровскийга қарашли бўлиб, унинг ҳисоботида ўн киши ишлаши кўрсатилган экан.

– Алло! Серёжа, ёнимда кимни олиб кетаётганимни биласанми? Етмишинчи ишчини. У ўша ердан тутқунликдан қочиб келаяпти. Давиднинг телефон рақамини бер. Мен ўзим гаплашаман.

Шундан сўнг у аллақандай телефон рақамини ёзиб олди ва ундан рақамларни терди.

– Алло, бу Боровскийми?

– Ҳа. Ким бу?

– Бу муҳим эмас. Мен нотаниш бир дўстингизман. Хуллас, Давид, сизга бир шартим бор.

– Қанақа шарт?

– Агар тўрт соат ичида қўл остингизда ноқонуний ишлаётган осиёликларнинг иш ҳақини, паспортларини қайтариб бериб, Новосибирск шаҳрига жўнатиб юбормасангиз, мен тегишли чора кўришга мажбур бўламан, тушунарлими?

– Ҳа, тушунарли. Сиз кимсиз ўзи?

– Бир холис юртдошингизман. Таклифим беғараз, самимий. Бундан буён давлат солиқларини ўз вақтида тўлаб боришни унутманг, кейин хурсанд бўласиз. Хуллас, тўрт соатдан сўнг қўл остингизда ноқонуний ишлаётган Ўрта Осиёлик муҳожирларни шаҳарга кираверишдаги ҳалқа йўл олдида кутаман. Тушунарлими?

– Тушунарли. Лекин улар ўзлари кетишни хоҳлашмаса-чи?

– Хоҳлаганлари билан қонуний меҳнат шартномаси тузишингиз мумкин. Вақт кетди.

Шундай дея Дмитрий телефон тугмасини босиб қўйди.

– Хуллас, тўрт соатдан сўнг қайнонангни кўрасан, Жамшид.

– Агар у шартни бажармаса-чи?

– Унда дўстим Серёжа солиқ полициясини ишга солади. У ўша ерда ишлайди. Қалай?

– Э, қойил! Раҳмат сизга.

– Раҳматни кейин айтасан. Бизникига бориб, бу ишни ювамиз. Сен ўзбекча палов қилиб берасан, келишдикми?

– Келишдик. Масаллиқни қаердан оламиз?

– Бозорда ҳамма масаллиқ бор. Қаерга қарама, сенинг юртдошларинг. Ҳозир новосибирскликлар ўзбекчаниям билиб олишган. Сенга бозоримизни кўрсатаман. Бироқ Самарқанднинг Сиёб бозорига ўхшамайди.

– Дмитрий ака!

– Нима дейсан?

– Тўйимизга айтсак, борасизми?

– Албатта. Гап бўлиши мумкин эмас. Кунини айтсанг бўлди, Ольгани оламану учаман. Юртингда ҳеч кимдан ёмонлик кўрмаганман.

– Ольга деганингиз ким?

– Хотиним-да, овсар.

Жамшид ёнида мизғиб бораётган Нилуфарни туртди:

– Эшитдингми, Нилу, Дмитрий ака хотини билан тўйимизга бораркан.

– Вой, ростданми? Спасибо!

Шундай қилиб, уч кундан сўнг Новосибирск бозори ёнидаги "Тошкент" автобусига яна учта йўловчи қувониб чиқиб келишди. Улар Жамшид, Нилуфар ва Кибриё холалар эди. Саидвафо ва Низомхўжалар ўтирган ўриндиқ ортига жойлашишди. Жамшид Ашуралига ҳамроҳ бўлди. Шу маҳал чақалоқ кўтарган Бекзод ва Барно ҳам чиқиб келишди.

– Илоҳим, ватанимизга соғ-омон етиб олайлик, юртимиз ҳамиша тинч, обод бўлсин, бошига иш тушганларнинг мушкули осон бўлсин, ким нима ният билан йўлга чиққан бўлса, ниятига етаверсин, бизга хизмат қилаётган шофёр укаларимизниям тан-жонлари соғ бўлсин, – дея Кибриё хола ҳам дуога қўл очди.

– Ойи, анави гўдакнинг исми Ёраҳмад экан, қизиқ-а?

– Кўнглим сезиб турибди, қизим. Бу отангнинг уйга қайтишидан бир нишона бўлса керак. Илоҳим, сениям бахтинг очилсин. Шулардай фарзандлар кўриш насиб этсин.

Жамшид кулиб қаради. Кўзлар тўқнашди. Гўдагини аллалаётган Барно мамнун ҳолда бошини Бекзоднинг елкасига қўйди. Улар бағоят бахтиёр эдилар.

ЭРБЕК, ФАРИДА, НИЗОМХЎЖА, САИДВАФО ВА БОШҚАЛАР

Эрбек бир неча ҳамюртлари қатори Москва яқинидаги Чехов шаҳрида бир вақтлар собиқ Иттифоқ аҳамиятига молик бўлган улкан полиграфия комбинатида қонуний меҳнат шартномаси асосида ишларди. Ишлари ёмонмас, уни қониқтирар, бу ерда у матбаачилик саноатининг энг сўнгги технологиялари асосида китоб ва журналлар ишлаб чиқариш жараёни келувчи бетўхтов линиялар жойлашган бўлинмалардан бирида электр карада юк ташувчи эди. Ишлари сменали, комбинат барча маиший шароитлари бўлган ётоқхонадан жой ҳам берган, фақат овқатни ўзлари навбатма-навбат тайёрлашарди. Ҳарбий аскарлар фойдаланадиган чоғроқ осма қозонча ҳам топишди. Уни газга мослаб, баъзан ўзбекча палов ҳам дамлайдиган бўлишди. Палов улар учун ватанни эслатувчи таом эди. Тушликни бўлса комбинат ичидаги ишчилар ошхонасида қилишарди. У ерда ҳар доимгидек оддий европача таомлар...

Бир куни қизиқ воқеа содир бўлди. Ошхона таомномасини қарашса, "ўзбекча палов" деб ёзиб қўйишибди. Қувонганларидан чапак чалиб юборишди.

– Хайрият, – деди Эрбекнинг Баҳром исмли дўсти. – Икки ҳиссадан еймиз.

– Йўқ, уч ҳиссадан. Қаранглар, нархи ҳам унчалик қиммат эмас, – деди Эрбек.

– Ишқилиб, саримсоқ, зира солишганмикан-а? – ажабланиб сўради Эркин исмли йигит ютиниб қўяркан.

– Солишади-да, бўлмаса палов бўлармиди?

– Девзирамикин, ё "Авангард"микин?

– Фарқи нима? Муҳими, Россиянинг бир четида беш минг киши ишлайдиган корхонада ўзбекча палов тайёрлашибди. Шунинг ўзи катта гап.

– Бош ошпази ўзимиздан бўлса керак-да?

– Шунақага ўхшайди.

– Бир тўйиб ош ер эканмиз-да!

– Ҳой Эркин, сен бор, яхши жойни танлаб, чой-пой олиб тур! Аччиқ қилиб дамлат, хўпми?!

Эркин янги келганлардан эди. Йигитлар бир-бирларини қора қилиб комбинат маъмурияти билан келишиб, қишлоқдаги дўстлари, яқинларини шу ерга ишга чақириб олаётгандилар.

Йигитлар кассадан патта олишди, сўнгра уни одатдагидек ошпазларга узатишди. Эрбек не кўз билан кўрсинки, қайнатилган оппоқ гуруч устига қовуриб пиширилган тўғрам-тўғрам гўштни солиб, устига селидан қуйиб, ёнига бир бўлак бодринг, бир бўлак помидор қўйиб, жилмайганча узатаверди. Тўрт йигитга ўн икки ликобча гуручли бўтқа солиниб, стол усти тўлиб кетди. Эрбекнинг ҳафсаласи пир бўлди. Бир ликобчани аранг еди. Аламидан чой ичмоқчи бўлди. Аммо чой шунақа аччиқ эдики, афти буришиб кетди. Бу пайтда бир ишчи "Где наш чайный сироп?!" дея қичқира бошлади. Чойни стаканларга бўлиб қўя қолишди. Тўрт кишининг шунча овқат ейишаётганини ва тахминан юз кишига етадиган чой сиропини бамайлихотир ичиб ўтиришганига кўзи тушган теварак-атрофдаги ишчилар "Смотрика-а, какие обжоры, они же умрут", дея бир-бирига ажабланиб қараб қўйишарди.

Эрбек ниҳоят чидай олмайди. Пули куйган қирғиз қалампирни чайнабди дегандек жимгина ўтириб, чапиллатиб бамайлихотир гуручли бўтқани тушираётган дўстларига қараб жаҳл билан ўшқириб берди:

– Мана сенларга ўзбекча палов! Буларнинг уялмай ейишларини...

– Нимаям қилардик, – деди Баҳром.

– Ахир, булар устимиздан кулишяпти-ку.

Эрбек столларни артиб юрган аёлдан "шефповар"нинг қаердалигини сўради.

– Туринглар, кетдик!

– Қаёққа?!

– Паловнинг қанақа бўлишини тушунтириб қўямиз буларга, – деди Эрбек жиддий ва ҳали қўл тегилмаган иккита ликобдаги таомни кўтариб олди. Јурурининг "исён кўтараётгани" унинг жиддий юз-кўзларидан сезилиб турарди.

Бош ошпаз Анатолий Аркадьевич комбинат Бош директор ўринбосари Борис Андреевич билан бирга овқатланиб ўтиришарди. Қизиғи шундаки, улар ҳам янги таом – "ўзбекча палов"дан баҳам кўришмоқда эди. Ўзбек йигитларнинг мана шу таомни кўтариб тўсатдан кириб келишлари уларни бир оз довдиратиб қўйди.

– Келинглар, йигитлар, тинчликми? – сўради бош ошпаз шоша-пиша.

– Биз ҳақиқий ўзбекча палов емоқчи эдик. Бу русча гуручли бўтқа бўпти, – деди Эрбек ва стол устига қўлидагиларни қўйди.

– Нима гап? – сўради Борис Андреевич.

– Ёрдамчим таомномага бир оз ўзгартириш киритайлик. Бу ерда осиёлик эмигрант ишчилар кўпайиб қолди, хурсанд бўлишади, деб айтганди.

– Яхши-ку. Унда нима муаммо?

Бош ошпаз ҳам Эрбекка ана шу саволни бермоқчи эди.

– Ўхшамабди-ку, – деди йигит қатъий равишда.

– Унда ўзингизлар ўхшатиб, кўрсатиб беринглар, – деди Борис Андреевич кулиб.

Эрбек шерикларига маъноли қараб олди. Улар ҳам қарши эмасликларини маълум қилгандек жилмайиб қўйишди.

– Қачон? Қаерда? – сўради Баҳром.

Бош ошпаз бир оз тараддудланиб қолди ва тез жавоб берди.

– Ш-шу бугун, шу ерда, – деди у маъмурият вакили олдидаги ноқулайликдан чиқиб кетишга интилиб.

– Хўш, йигитлар, тайёрлаб кўрсатасизларми?

– Албатта, масаллиқлар бўлса, бас.

– Бўлмаса, масаллиқларнинг рўйхатини беринглар.

– Неча кишига тайёрлаймиз?

Борис Андреевич бир оз ўйланиб олди:

– Хўш, маъмуриятдан, кейин ошпазлар, ўзларингиз. Хуллас, йигирма-йигирма беш нафар киши бўлади, – деди Борис Андреевич ва ўрнидан қўзғалди. – Бўпти, Анатолий Аркадьевич, бу ёғини ўзингиз ташкиллаштиринг. Йигитлар хафа бўлган кўринади. Бундан буён таомнинг рецептини аввал яхши ўрганиб, кейин "таомнома"га киритинглар.

– Хўп бўлади... Узр, Борис Андреевич.

– Узрингизни манави йигитларга айтинг. Агар мен бўлмаганимда улар сизнинг гўштингизни ошларига босишган бўларди, – деди у жилмайиб.

– Тушликни охиригача қилмадингиз-ку.

– Бир йўла кечки пайт ҳақиқий ўзбекча палов емоқчиман. Айтиб қўяй, Бош директор ҳам, касаба уюшмаси раиси ҳам шу ерда бўлишади. Хўп, йигитлар, хафа бўлмайсизлар, бу киши бир гал кавказча кабоб қиламан деб ҳам қовун туширганди, – деди у ва самимий кулиб хайрлашди-да, чиқиб кетди.

* * *

Ўша куни Эрбек ва Баҳодир иккисининг электр қозонда тўрт кило гуручни дамлагунича она сутлари оғзига келди. Чунки тўртбурчак электр қозонида кўнгилдагидек палов пишириш қийин эди. Палов юмшоқ ва оппоқ шавлага ўхшаш бўлибди. Бу ҳол Эрбекнинг кўнглини хижил қилди. У ҳақиқий ўзбекча палов қандай бўлишини кўрсатиб қўйишни жуда-жуда истарди. Аммо меҳмонларга электр қозонда пишган таом ҳам маъқул келди. Улар жуда мақтаб ейишди. Аммо касаба уюшмаси раиси Гоуфман Ильич деган киши "Бу ҳам ҳақиқий паловга ўхшагани йўқ. Уни ўчоқда, ўтин оловида тайёрлашади. Мен ҳарбий хизматни Тошкентда ўтаганман. Баъзан якшанба кунлари ўзбек йигитлари тайёрлашарди, мазаси жуда ҳам бошқача бўларди. Бу ўшандай палов бўлмапти", – деб қолди.

– Тўғри, – деди Эрбек, – Бу ерда ош тайёрлаш технологияси бузилди. Ўтин, ўчоқ... қозон ҳам ўхшамади. Кейин масаллиқ ҳам талабга жавоб бермайди.

– Сен ҳақ бўлсанг, буни исботла. Ана, меҳнат таътили олу керакли нарсаларингни келтир, – деб қолди тўсатдан Борис Андреевич.

– Хизмат сафарига бориб кела қолсин. Фақат қовун ҳам олиб келасан, хўпми? – деди кулиб Гоуфман Ильич.

Хуллас, ҳақиқий ўзбекча палов ейишга аҳд қилган комбинат маъмурияти Эрбекка меҳнат таътили ва йўл харажатларини беришга қарор қилди. Албатта, бу бир ҳазилдек гап эди. Чунки Эрбек меҳнат таътили сўраб ариза ёзган ва унга цех бошлиғи ҳам имзо қўйиб берганди. Таътилдан асл сабаб эса паспортининг муддати тугаб, уни алмаштириш зарурияти келиб қолганида эди. Йигирма беш ёшда одатда паспорт алмаштирилади.

* * *

Бир неча кундан сўнг Эрбек Ўзбекистонга қонуний меҳнат таътилига, шунингдек, маъмурият "топшириғи" билан бир ойга бориб келадиган бўлди. Самолётда кетишга пули етарли бўлиб, ота-онаси, укаларининг ҳар бирига совға олди. Уйига бормаганига уч йилдан ошган эди. Маошини оиласига бетўхтов жўнатиб турди. Натижада отаси уйларини таъмирлатиб, пулнинг ўрни йўқолмасин деб бир "Тико" ҳам олиб қўйибди. Эндиги гал ўғлини уйлантириш масаласи эди. Аслида Эрбек меҳнат таътилига ҳам паспортини янгилаш, ҳам онаси кўз остига олиб қўйган келинбоп қизларни бир-бир кўриб келиш, маъқул бўлгани билан эса "аҳду паймон қилиш"ни режалаштираётганди.

Яқинда келиб уларнинг сафига қўшилган Эркин Новосибирсккача автобусда, бу ёғига тезюрар поезд билан келгани ва йўл ҳақи жуда ҳам арзон тушганини айтиб қолди.

– Автобусга атиги юз эллик минг сўм тўладим, холос, поезд ҳам деярли шунчага тушди. Самолёт кира бўлса камида икки миллионга тушаркан. Сен ҳам шундай қила қол, Эрбек. Деярли бир ярим миллион ютасан. Тўғри, сал қийналасан, кечроқ етиб борасан. Нима, пулни супуриб олаётибмидинг?

Эркиннинг дўстона маслаҳати Эрбекни ўйлантириб қўйди. "Эркин тўғри айтаяпти, – деди у ўзича. – Бир ярим миллион-а? Менга буни ким беради? Бундан ташқари, Новосибирскда ҳали бўлмаганман. Поездда юриб бепоён мамлакатни кезиш, кейин автобусда Қозоғистон даштликларини томоша қилиб кетишнинг нимаси ёмон? Тўғри, уч-тўрт кун вақт сарфланади, лекин укаларимга кўпроқ совға-салом оламан".

* * *

Новосибирскдаги энг катта марказий бозорнинг бир четида ҳақиқатан ҳам катта ҳарфлар билан "Тошкент" деб ёзиб қўйилган бир ўзбекистонликнинг хусусий автобуси "чақнаб" турарди. Эрбек уни кўриб негадир ўзида йўқ қувонди. Гўё автобус эмас, балки жуда-жуда соғинган ватанининг бир бўлаги уни ўзига чорларди. Йигит автобус ёнига борди-да, мизғиб ўтирган ҳайдовчисига, "Шошилинглар, жудаям арзон, тўлиши билан жўнаймиз!" дея тинмай қичқираётган кишига парво ҳам қилмади. Машинанинг чироқлари ва олд ойнасини соғинч билан беихтиёр силаб-сийпаб қўйди. Чорлаётган киши Эрбекка бир нигоҳ ташлаши биланоқ у ҳеч иккиланмай "Ака, битта жой топиладими?", деди.

– Марҳамат. Юз эллик минг сўм бўлади. Энг яхши жойлардан бири сизники, ука.– Лекин менда ўзбек пули йўқ эди-да, ака.

– Нима бор?

– Рус пули, кейин евро.

– Бизга любойи бўлаверади. Курс бўйича тўлайверасиз.

– Яхши, – деди йигит ва киссасидан бир талай пул чиқарди.

Чиптачининг кўзлари ўйнади.

– Топиш-тутишингиз дурустга ўхшайди-ку а?

– Унчалик эмас. Бўлмаса, автобусда кетармидим.

– Ҳа. Буям тўғри. Эҳтиёт бўлинг дейман-да, киссавурлар кўп, – деди у беўхшов тиржайиб, чиптани узатаркан.

– Қачон жўнаймиз?

– Эрталаб тўққизда. Кеч қолманг, хўпми?

– Ие, бугун эмасми?

– Келганимизга эндигина икки соат бўлди-ку, ука. Бизгаям жон керак, – деди у ва рулда уйқусираб ўтирган шериги томон ишора қилди.

– Унда меҳмонхонага бора қоламан.

– Ҳа, шундай қилинг, окоси. Шаҳарни томоша қилинг, бозорга киринг. Бу ерда ҳамюртларимиз жуда кўп, эҳтимол, танишларингизни учратарсиз.

– Тўғри айтасиз. Хўп, эртагача хайр, – деди Эрбек ва автобусни худди тойчоқни эркалагандай шапатилаб уриб қўйди-да, ўзи бозор томон жўнади.

Бозорда ҳақиқатдан ҳам ҳамюртлар жуда кўп экан. Бири аравачада юк ташиётган, бири мевали қутиларни жойлаётган, бири кўча супураётган, сотувчию бизнесменлар, бозорчию ҳаммоллар ўзаро ўзбекча жаврашмоқда эди. Ҳатто бир мусиқали диск сотилаётган дўкончада ҳам ўзбекча қўшиқ баралла таралар ва бу ўзбекистонлик мусофирлар, сайёҳлар, талабалар руҳиятига таскинлик бахшида этарди.

Эрбек беихтиёр мусиқа дўкони ёнига келиб қолди. У ерда диск танлаётган ва бир-бир эшитиб кўраётган турли ёш ва тоифадаги ҳамюртлар туришарди. Ўша қизиқувчан мусиқа ишқибозлари орасида диск сиртидаги суратларни завқ билан томоша қилиб, ёзувларини эринмай ўқиб чиқаётган, соябонли кепкаси ўзига жуда ярашиб турган, орқасига талаба ёшларга хос кичикроқ сафархалта илиб олган, ёноғида қора холи бор қиз ўзига жалб қилди.

– Сизда "Болалар" гуруҳининг янги дискаси борми, акажон? – сўради қиз сотувчидан.

– "Болалар" йўқ, "Божалар" бор, – деди у кулиб.

Бу ҳазилмиди ё чинмиди, англаб бўлмасди.

Эрбек ҳам беихтиёр суҳбатга қўшилди.

– Ўша "Божалар"дан бир эшитсак бўладими?

– Албатта. Нима, маъқул бўлса, сиз ҳам "Божалар"га шерик бўласизми?

– Бўлажак қайнотамизнинг қизлари бизга ҳам насиб қилармикин, дейман-да.

– Бўлмаса "Поччалар" бор, олақолинг, янгиси.

Қиз кулиб юборди. Унинг табассуми шундай чиройли эдики, Эрбек бир лаҳза лол қолди ва унга гап қотишга журъат этди:

– Сўранг-чи, "Амма-холалари" йўқмикин-а?

– Вой, қизиқмисиз, ўзингиз сўрай қолинг, – деди қиз ва дисклардан олмай, терс ўгирилиб кета бошлади.

– Ҳой, қаёққа, "Божалар"ингизни олмайсизми?! – қичқирди сотувчи йигит ортидан.

– Анави йигитга бера қолинг, мендан эсдалик! – дея жавоб қайтарди қиз ва нари кетди-да, ўтган-кетганлар ичра ғойиб бўлди.

Эрбек унинг ортидан боришни ҳам, бормасликни ҳам билмай иккиланиб қолди.

– Яхши қизга ўхшайдими? – деди сотувчи Эрбекка қараб.

– Дуруст.

– У шу ерда қайси бир институтда ўқийди. Мендан доим янги дисклардан олиб кетади.

– Сизда ростданам "Болалар" йўқми?

– Бор. Қизни бир оз гапга солай дедим-да, лекин кетиб қолди. Нима эди?

– Ўшани менга беринг, – деди Эрбек яна теварак-атрофга жавдираб қараб.

– Марҳамат. "Божалар"-чи, у қизиқтирмайдими?

– Уни ҳам бера қолинг.

Эрбек ҳар икки дискни сотиб олди. Сўнгра бозорни, супермаркетлар, дўконларни айланди, совға-саломлар харид қилди. Аммо кўзлари ёноғида қора холи бор, кепкали талаба қизни изларди. "Қани энди уни учратиб қолсам, дискларни совға қилган бўлардим. Манзили ёки телефонини сўрайман. Қайтганимда унга Тошкентдан зўр-зўрларидан олиб келиб бераман" деб қўйди у ва кун бўйи ширин ўйларга берилиб, энтикиб юрди. Меҳмонхонага жойлашди. Бир оз дам олгач, тунги шаҳарни айланишга чиқди. Шу маҳал икки қизнинг ўзбекча гаплашиб кетаётгани унинг эътиборини тортди. Улар автобус бекати томон боришди. Улардан бири ўша, бозорда учратган қизга ўхшаб кетарди. Шу пайт автобус келиб тўхтади. Қизлар чиқишди. Эрбек беихтиёр уларнинг ортидан чопди.

– Ҳой қиз, тўхтанг! – дея қичқирди йигит.

Аммо қизлар эшитмади шекилли, ичкарироққа ўтишди. Автобус ўрнидан қўзғалди, эшиклар ёпилди. Йигит деразадан таниш чеҳрани излади. Чўнтагидан дискни чиқарди. Ниҳоят ўртароқда кетаётган қиз уни кўрди, қўлларини силкитди. Автобус тез жўнаб кетди. Эрбек юраги безовта бўлган ҳолда чароғон кўчада қолаверди.

* * *

Эртаси айтилган вақтда "Тошкент" автобусига етиб борди. Юкларини юкхонага жойлади ва чиптада қайд қилинган рақам бўйича ўз жойига ўтирди. Ҳамроҳи бир қиз экан. У эгилиб, берилиб китоб мутолаа қиларди.

Эрбек аввало қизнинг қўлидаги китоб муқовасига синчиклаб қаради. "Чимилдиқли уй ноласи" деган роман экан. Сўнгра унинг афт-ангорига ўғринча қараш қилди. Не кўз билан кўрсинки, бу қиз ўша – соябонли кепка кийиб олган талаба қиз бўлиб, ёноғида қора холи ҳам бор эди...

Йигит ҳеч тап тортмай қўйнидан "Болалар" гуруҳининг дискини чиқариб, берилиб ўқилаётган китоб саҳифаларига оҳиста қўйди. Қиз бир сапчиб тушди.

– Бу нима қилганингиз?

– Унутиб қолдирувдингиз-ку.

– Э, сиз ҳалигими?

– Ҳа, мен ҳалиги...

– Нима, ростдан ҳам бу менгами?

– Албатта. Сизни кечадан буён қидираман. Унақа эмас-да, қочиб кетдингиз, – деди Эрбек ҳазиллашиб.

– Вой, нега энди изларкансиз? – сўради қиз нозланган бўлиб.

– "Болалар"дан кўра "Божалар" яхшилигини айтмоқчи эдим, холос.

– Вой, атиги шугинагами?

– Йўқ, музқаймоқ ҳам олиб бермоқчи эдим.

– Эҳ, аттанг, насиб қилмаган экан-да, қаранг, – деди қиз киноя аралаш.

– Лекин эзгуликнинг кечи йўқ, дейдилар.

Улар эски қадрдонлардек суҳбатга тез берилиб кетишди. Атрофдаги турли йўловчилар уларни "эски танишлар экан" деган ўйга боришаётган бўлишса ажаб эмасди.

– Яхши бўлди, энди кетгунимизча мусиқа эшитиб кетамиз, – деди қиз ва сумкасидан диск қўйиладиган магнитофонни чиқариб, қулоғига эшитгич қулоқчинини жойлаштириб олди.

* * *

Қизнинг исми Фарида бўлиб, асли тошкентлик, Новосибирскдаги тиббиёт олийгоҳининг битирувчи курс талабаси эди. У ТошМИга ўқишга кира олмади. Холаси Сурайё шу ерда – Сибирнинг совуғини еб ўқиганди, жиянига суянчиқ бўлди. Ҳозирда у Иркутск касалхонасида институт йўлланмасига кўра ишларди. Фаридага "Сен ҳам йўлланмани шу ёққа олавер", дегани учун ўша томонларни ўрганиб қайтди. Энди Тошкентга бориб, ўтган йили бева қолган ойижонисидан маслаҳат олиб келмоқчи. Аммо ойижониси кўнмаса керак. Шундоқ ҳам йиғи-сиғи билан аранг битираяпти. Аммо Россия давлати учун ишлаб бермаса ҳам бўлмайди. Айтишларича, бир йил йўлланма билан ишлаганидан сўнг дипломни беришармиш. Наилож, шунчасига чидаган, бу ёғига ҳам сабр қилишга тўғри келади. Холаси ўша ёқда бир ёқутистонлик йигитга турмушга чиқди, энди жиянини ҳам тортмоқчи, шекилли.. Аммо ойижониси ҳеч қачон бунга кўнмаса керак. Сурайёнинг айтишича, Россияда тиббиёт ходимлари етишмасмиш. Шунинг учун ҳам яхши маош тўлашармиш. У баъзан "Ҳеч бўлмаса, эрга теккунингча шу ёқда ишлаб кўр, ўзингга сеп қил, борасан-да ўша Тошканингга", дерди.

Ва ниҳоят, бу масала жиддий тус олган чоғи, маслаҳатлашиш учун мана, Тошкентга кетаяпти. Онаси уни тезроқ турмушга узатмоқчилигини яхши билади. Унинг иш-пиши билан зиғирча иши йўқ. Телефонда айтишича, бир-иккита бойвачча йигитлар оғиз солишганмиш. Эрбек билан бўлса тасодифан танишиб қолишди. Ким билади, эҳтимол, бу автобус уларнинг тақдирларини ҳал қилувчи бир восита бўлиб хизмат қилар. Ҳар ҳолда Фарида икки сутка зерикмайдиган бўлди, ўзига яхши суҳбатдош топиб олди. Яхшиямки, олдинги ўриндиқда ўтирган ўзи ўзбек бўлсаям ўрисбашара, шапкасини қийшайтириб кийиб олган индамас мўйсафид кишига шерик бўлмади. Тошкентга боргунича нақ ёрилиб кетарди. "Тавба, ҳали автобус жилгани йўғу хуррак отишини", – деб қўйди қиз хаёлан.

– Худога шукр, – деб юборди қиз ва овози баралла чиқиб кетганидан ўзи хижолат бўлди.

– Нима дедингиз? – сўради Эрбек.

– Худога шукр, ватанимизга кетаяпмиз. Эҳ, тезроқ юра қолсайдик. Ойижонимни шунақаям соғиндимки, – дея чиройли керишиб эснаб олди у ва "Сиз-чи?" дегандай йигитга нигоҳ ташлади.

– Мен ошга масаллиқ олгани кетаяпман.

– Қўйсангиз-чи, топган гапингизни қаранг-гу!

– Рост. Ўлай агар. Директоримиз айтди. "Ҳақиқий ўзбекча палов тайёрлаб кўрсатасан", деди.

– Нима, ошпазмисиз?

– Йўқ. Сизга ўхшаган паловхўрман.

– Мен паловни ёқтирмайман. Пиширишни-ку, умуман билмайман.

– Нон пишириш, таппи ёпишни-чи?

– Фу, – деб қўйди қиз бурнини жийириб. – Мен бўлғуси шифокорман, билдийиз. Унақа антисанитарияларни менга гапирманг.

– Қишлоққа эрга тегсангиз, нима қиласиз?

– Биринчидан, мен ҳеч қачон қишлоққа эрга тегмайман. Иккинчидан, инсон қаерда бўлмасин, ўша ерга мослаша боради. Маданият масаласи ҳар кимнинг ўзига, иннайкейин ануви, фаросатигаям боғлиқ. Нима, сизларда аёллар таппи қилишадими?

– Йўқ. Газимиз бор.

– Нега бўлмаса унақа деяпсиз?

– Чўлу даштларда шунақа-да.

– Бўлиши мумкин. Лекин бу гаплар мен учун зерикарли. Келинг, мавзуни ўзгартирамиз.

Қиз ўрнидан туриб автобусга чиқаётган йўловчиларни бир-бир кузата бошлади. Автобус тобора тўлиб борар, одамлар ўртадаги йўлакчага ҳам тахтача қўйиб жойлашишарди.Олдинги ўриндиқлардан бирида мизғиб ўтирган ўрисча кепка кийган мўйсафид ёнига оппоқ соқолли, ўзига ярашган чопон ва дўппи кийган бир чол келиб жойлашди. Уни бу ўринга ўтиришни ҳайдовчилардан бири тавсия қилган кўринарди. Чунки ҳайдовчи "Ўша ерга бемалол жойлашаверинг, отахон. Ҳангомалашиб кетасизлар-да", деб уқтирди. Аммо унга бўлғуси ҳамроҳ "гаплашадиганлардан эмас"га ўхшаб кўринди.

– Ассалому алайкум! – дея ҳамроҳига хурсандлик билан қўл узатди отахон.

Мизғиётган ҳамроҳи бир сапчиб тушди. Индамасдан, истар-истамас совуқ қўлини узатган бўлди.

– Яхшимисиз, оғайни?! Бирга кетарканмиз-да, а? Менинг исмим Низомхўжа. Ўзлариники-чи?

– Саидвафо, – деб қўйди нотаниш йўловчи шивирлаганнамо.

– Нима, Саидвафо дейсизми? Унда хотинингизга жа вафодор экансиз-да, а? – деди мўйсафид кулиб.

Саидвафонинг жавоб қайтаргиси келмай бўшашиб, нимжон қўлини тортиб олди. Аммо узоқ сафарда ўзаро суҳбат қуриб кетишга иштиёқманд Низомхўжа уни жим кетишга йўл қўймаслиги аён бўлди.

– Қаерликсиз, ошна? – деб сўради у.

– Я вообще маргиланский, – деб қўйди шериги русчалаб.

– Ие, ўзимизнинг Марғилонданми? Унда ҳамюрт эканмиз-ку! – деди Низомхўжа ва ўрнидан туриб кетиб, шеригини ҳам қўлидан тортиб турғизди-да, тор жой бўлишига қарамай қучоқлашиб кўришишга мажбур қилди. – Буни қаранг-а, вей. Мен олтиариқликман!

Саидвафонинг нурсиз юзидан тундлик йўқолиб, бир оз илиқлик юргандай бўлди.

– Сиз ўзимизнинг тарафларданмисиз? – сўроқда давом этди мўйсафид.

– Й-юқ. Ман узбек. В Россие сорок лет жил.

– Эҳ-ҳе! – хитоб қилди Низомхўжа, – унда тилимизниям бир оз унутибсиз дейман-а?

– Наверное, да.

– Нима, Россиялик бўлиб кетганмисиз?

Саидвафо яна "Ҳа" ишорасини қилди.

– Хотин, бола-чақалар, фарзандлар дегандек. Улар ҳам сиз билан яшашадими? – қизиқсиниб сўрашда давом этди мўйсафид.

– Юқ. Первая жена осталась в Маргилане. У неё были три мальчика и одна девочка. А в Новосибирске один сын. Он сейчас в армии служит, – деди Саидвафо ва негадир чуқур хўрсиниб олди.

– Э-ҳа. Бу дейман, Марғилондаги "мальчик, девочка"лар ҳам катта бўлиб қолишгандир-а?

Саидвафо "билмасам" дегандек елкасини қисиб қўйди ва бир оз ўйланиб тургач, овози қалтираб жавоб берди:

– Я их почти сорок лет не видел...

– Нима?! Неужели?!.. – хитоб қилди Низомхўжа.

Саидвафонинг кўзлари намланди ва дастрўмолини олиб артган бўлди.

– Да. Когда я уехал, они были ещё маленькие детишки, – деб қўли билан олдинги ўриндиқ бўйи ва унинг пастроғини кўрсатди. – Ну получилось так, что я их больше не видел...

– Это как? Тушунмадим!.. Нима, сиз уларни ташлаб кетувдингизми?

– Просто не смог вернуться. Думал чуть-чуть подзаработаю... Ну и потом женился, родился сын, шли годы, так быстро...

– Фарзандларингиз билан хат-хабарлашиб турдингизми, ахир?

– Ҳм-м... Последнее письмо я им отправил тридцать пять лет назад. Потом в нашей деревне, где мы жили, был водяной потоп. Пришлось переехать в другую местность. Потом домашние заботы, заболела Лариса...

– Кто такая Лариса?

– Жена.

– Э-ҳа-ҳа, – деб қўйди Низомхўжа ачиниб. – Шунақа қилиб, хабар ололмадим, денг?

– Потом я сам тяжело заболел. Почти год лежал в постеле.

– Нима, шундаям Марғилонга хабар бермадингизми?

– Юқ. Думал, зачем их беспокоить. На дорогу требуются большие затраты.

– Улар сизни тоза соғинишгандир-а?

– Не понял. Что вы говорите?

– Марғилондаги оилангиз сизни кутишаётгандир, дейман.

– Не знаю. Слышал, что пять лет назад умерла жена.

– Ия, ростдан-а?! Омин, жойи жаннатда бўлсин! – дея Низомхўжа юзига фотиҳа тортди.

Саидвафо бўлса уни тушунмай, миқ этмай тураверди.

Низомхўжа ажабланди:

– Нима, хотинингизнинг маъракасигаям бормадингизми?

Саидвафо жимгина бошини тебратиб "йўқ" ишорасини қилди.

– Унда жа одамгарчиликдан чиқиб кетган кўринасиз-ку, а? Фарзандларингиз... – деди у ва "Эҳ, эссиз" дея у ёғини гапирмай қўя қолди.

– Да. Поэтому они меня ждут, то ли не ждут, не знаю.

– Нима бўлсаям отасисиз-ку, улар кечиришади.

– Я надеюсь, конечно...

– Демак, сиз ниҳоят уларни кўргани бораяпман, денг. Ҳечдан кўра кеч яхши-да.

– Нет. Лариса заставила.

– Ие, шунақами? Лариса деганингиз унда тушунган, жуда яхши хотин экан. Шу яхшилигини эртароқ қилса бўлмасмикин, тавба. Нима дедингиз?

Саидвафо жавоб бериш ўрнига кўзларини олайтириб, ғалати қараш қилиб қўйди.

– Униям бирга олволмабсиз-да. Ҳар ҳолда фарзандларингиз билан таништирардингиз. Эҳтимол, Марғилонга бутунлай кўчиб келармидинглар.

– Что вы говорите? Она никогда не хотела приехать в Узбекистан.

– А почему? "Где муж, там и должна быть жена", деган экан ўрислар.

– Лариса не такая. Она ненавидит азиатов. Потому что её отца убили "басмачи". Он служил красноармейским офицером в Бухаре.

– Ўҳ-ҳў, қўйсангиз-чи! Бизни ёмон кўрса, мана, сизга тегибди-ку. Э-ҳа, тушунарли. "Любовь-любовь", денг.

– Хотите узнать, почему она меня на родину отпустила?

– "Отпустила" говорите? Хўш-хўш?

– Потому-что я уже постарел. Потом в нашей деревне нет мусульманского мазара. Есть в другом селе. Тут, от нас двести километров дальше.

Низомхўжанинг кўзлари бирдан катта-катта очилиб кетди ва довдираб ўрнидан туриб кетаёзди.

– Нима?! Астағфируллоҳ!.. Сиз ҳали "ўлгани келаяпман", денг! Нима, мусулмон мозори бўлганида келмасмидингиз?

Саидвафонинг ранги бўзарди ва елкасини қисиб қўйди. Оқиш лаблари беихтиёр титрай бошлади.

– Хафа бўлманг-у, ўртоқ Саидвафо. Исмингиз жисмингизга унчалик мос эмас экан.

– Да, правильно. Поэтому Лариса меня называла всегда толи Саидом, толи Сашей. Мы с ней жили долго и счастливо. Просто я когда умру, не хочу чтобы она мучалась и тратила лишние расходы.

Низомхўжа ватанидан, оиласидан воз кечган бир гуноҳкор банда ёнида ўтирганидан ижирғаниб олди. Унинг ҳам юзлари бўзарди, бояги кайфиятидан асар ҳам қолмади. "Тавба..." деб қўйди у. Шуям бир худонинг "суйган" бандаси-да, ватани учун эмас, мозори учун кетаётганмиш. Хотини ўлсанг, кўмишга чиқим бўлмасин, дептимиш, астағфируллоҳ..."

Низомхўжа иложи бўлса ўрнидан туриб бошқа жойга ўтишга чоғланди, аммо ўринлар тўлиб бўлганди. Ноилож ўрнига қайтиб ўтириб ўриссифат тенгқуридан нафратланиб, терс ўгирилиб олди.

* * *

Низомхўжа ўтган йили ҳаж зиёратига бориб келди. Юртимиздаги барча зиёратгоҳларни ҳам кезиб чиқди. Аммо унинг дилида бир зиёрат сафарига бориб келиш армони бор эдики, ниҳоят уни ҳам амалга оширганидан хурсанд эди. Бир вақтлар қатағон қилиниб, Сибирь ўрмонларида ўлиб кетган жабрдийда юртдошларимиз мозорларини зиёрат қилиш, иложи бўлса отасининг мозори қаердалигини аниқлаб, тупроғидан олиб келишни ният қилганди. Афсуски тополмади. Айтишларича, отасининг жасадини бошқалар қатори умумий қабрга кўмиб юборишган экан. Архивда, отилганлар рўйхатида унинг ҳам исми шарифини кўрди. Ўша умумий қабрни топиб, ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилди ва тупроғидан олди.

Низомхўжа "Автобус Тошкентгача икки сутка юради. Ёнимда бир яхши ҳамроҳ бўлса, чақчақлашиб кетамиз", деб орзу қилганди. Афсус, ҳамроҳи "нобоп" тепса-тебранмас, исми-жисмига номуносиб, ўрисмижоз Саидвафо бўлиб чиқди. Ён тарафидаги ўриндиққа жойлашган ўрта ёшлардаги йигитга "Мен билан гаплашиб кетинг" дегандай умид билан боқди. Хайрият, кўринишдан дуруст йигитга ўхшади. Аммо унинг ёнидаги ҳамроҳи билан "тили бир" шекилли, ҳеч гапдан бўшамасди.

Низомхўжанинг хаёлига ҳар икки йигит билан танишиб олишни, иложи бўлса, уларни суҳбатга тортиш фикри келди ва ўзининг тунд шеригига терс ўгирилиб, ёнидагиларга қуюқ салом-алик қилди:

– Яхшимисизлар, йигитлар? Ҳорманглар энди!

– Ие, ассалому алайкум, отахон! Қарасак, сизлар жа гапга берилиб кетган экансиз, халақит бермадик-да, – деди йигит қўшқўллаб саломлашаркан Саидвафодан бошқа барча фотиҳа қилди.

Низомхўжа ҳар икки йигит билан қўл бериб сўрашгач, "Қани, илоҳи омин, сафаримиз бехатар бўлсин!", дея дуо қилди. Аммо Саидвафо без бўлиб ўтираверди. Унга эътибор беришмади.

– Менинг исмим Халил, ошпазман. Шеригимники Хидир. У сомсапаз. Тирикчилик дегандай, келгандик-да.

– Ҳа, яхши-яхши. Қалай, топиш-тутишлар?

– Тузук, чидаса бўлади. Келганимизга икки йил бўлди. Туну кун ишлайвериб эзилиб кетдик. Ватанни, оилани соғиндик.

– Улардан ҳеч хабар олдингларми, ишқилиб?

– Ҳа, албатта. Деярли ҳар куни телефонлашамиз, топганимизни жўнатиб турдик. Худога шукур, ёмонмас, ризқимизга яраша насибамизни териб юрдик-да.

– Яхши. Меҳнатнинг енгили бўлмайди. Қаерда бўлсанг ҳам, ҳаракат қилсанг, ризқинг йўлда қолмайди. Лекин шу ишларингни ўзимизда қилсанглар ҳам бўлади-ку. Кўп эмас, озроқ топсанглар ҳам кунларинг ўтаверармиди?..

– Тўғри, отахон. Биз энди шундай қилмоқчимиз. Ўйлаб қарасак, фарзандларимиз ота тарбиясисиз қолишаяпти. Айниқса, ўғил болалар, биласиз, каттаргач, онага қулоқ солмай қўяркан.

– Кейин хотинниям соғиниб қолаяпмиз-да, – дея кулиб қўшиб қўйди Хидирали.

Унинг гапи ҳазилмиди, жиддиймиди, ҳар ҳолда кулишиб олишди.

– Ишқилиб, бу ёқдаги Марусаларга уйланиб олмадингларми?! – сўради отахон атайин ва кўз қарашлари билан ёнидаги ҳамроҳига "Анавинга ўхшаб" дегандай ишора қилиб қўйди.

Улар тушунишди шекилли, қош-қовоқларини бир оз кўтариб Саидвафо томон нигоҳ ташлаб олишди.

– Хотин топилади. Ватан топилмайди. Шуни ҳеч қачон ёддан чиқарманглар.

– Хотин ягонадир, ватан биттадир! – деб юборди Хидирали.

– Э, яшанг! – дея Ашурали деган йигит ҳам қийқириб қўйди.

Бу гапга йўловчилар гурр этиб кулиб юборишди. Автобусдошларнинг кайфияти кўтаринки эди. Саидвафо эса миқ этмас, ўзини бегона ҳис қилиб, кўзлари мўлтираб ўтирарди.

* * *

Халил ва Хидирнинг орқа томондаги ўриндиқда ўзларига бино қўйган, юз-кўзлари чаплаб бўянган, европача кийинган икки ўзбек қиз русчалаб гаплашиб ўтиришар, оғзиларидан уятли гаплар ҳам "тарс-тарс" чиқиб кетаётганди. Хидирали баъзи-баъзида орқа ўриндиқдаги қизлардан бирига кўз ташлаб олар ва улар билан гаплашиб кетишга иштиёқманд бўлиб, ҳалиги гапини атайин уларга қарата айтди. Бу гап, эҳтимол, қизлар учун ҳам кутилаётган баҳонамиди, ўринсиз бўлса-да, ҳар ҳолда Шамсия дегани нозланиб гап қотди:

– Вой, акажон, нега унақа дейсиз. Ҳеч бўлмаса "Эркак ягонадир" денг, – деди.

Бу билан у "қармоқ ташлади". Чунки дугонаси Хумора бир оз аввал Низомхўжа билан Халилнинг "топиш-тутишлар" ҳақидаги гапини эшитиб қолган ва кўзларини олайтириб, Шамсиянинг қулоғига "Яхши балиқларга ўхшайди", деб шипшиб қўйганди.

– Қизим, "Эркак ягонадир", деган сўз фақат айрим хўроз йигитларга тегишли, – деди Низомхўжа кутилмаганда.

Йигитлар кулиб юборишди.

– Ў-ў! "Ёмонсиз, Қўчқор ака", – деди Хумора кўзларини сузиб.

У бу билан "Темир хотин" спектаклидаги Аломат образига ишора қилганди.

– Тўғри, бу гап қўчқорларгаям тегишли, – деб қўйди Хидирали. – Сиз ҳам аломат экансиз.

Қизлар кулиб юборишди. Халил шеригига "Ҳеч шу суюқлигингни ташламас экансан-да" дегандай олақараш қилиб қўйди. Низомхўжа уни тушундими, "қўяверинг" дегандай тиззасига туртди. Шундай қилиб, Халил билан Низомхўжа, Хидирали билан орқасидаги олифта қизлар ўртасида қизғин суҳбат давом этди.

Шамсия билан Хумора Россия томонларга ота-оналарига "эл қатори энагалик қилгани – ишга" деб баҳона қилиб, аслида тунги барларда "меҳнат қилиб, чарчаб", уйларига "дам олгани" қайтишмоқда эди. Улар энди "дам олиш"ни даволаниш билан алиштиришмоқчи. Чунки барда уларни тиббий кўрикдан ўтказиб туришарди. Охирги бор қонлари таҳлил қилинганида ОИТС касаллиги чиққанмиш. Уларнинг паспортларига "даволанмагунча қайтиб келмайсан" дегандай депортация муҳрини "тап" этказиб босиб беришди. Бўлмаса, яхши пул топишаётганди, қайтиш хаёлларига ҳам келмаганди. Пешона экан-да...

КОЗИМ, НИЁЗБЕК, АШУРАЛИ ВА БОШҚАЛАР

Жўнаш арафасида мотори гуриллаб турган, пештоқига катта ҳарфлар билан "Новосибирск – Тошкент" деб ёзиб қўйилган "Мерседес" автобуснинг атрофи тобора гавжумлашиб борарди. Эгнига жинси шим, спорт кийими ва бошларига соябонли кепка кийиб олган қоракўз, қорасоч йигитлару европача кийинган қизу жувонлар автобусни ўз ватанларининг бир парчасидек кўриб қувониб кетишар, баъзилари автобус олд қисмини силаб-сийпаб юзларига фотиҳа ҳам тортишарди.

Улар орасида уч йилдан буён қарияларни ювиб-тараб, болаларга энагалик қилиб ишлаб қайтаётган Ансора ва Аслия исмли жувонлар, Шерқул ва Қувваталига ўхшаб кўча супуриб, муз-қор тозалаб, фақат қора ишлар қилиб, гўё ўзларича бир неча йиллар "ишни қойиллатиб" қайтаётган бир гуруҳ бақувват-бақувват мардикор йигитлар, Зайни ва Эдик каби автоэлектрик, компьютер дастурчилари, сантехник ва дурадгор каби ўз касбининг моҳир усталари, Татьяна ва Алёна, Шамил ва Альберт каби русийзабон сафарга отланган ҳамюртларимиз ҳам бор эди.

Ашурали эндигина жойлашиб олиб, икки сутка гангир-гунгир қилиб, атрофидаги йўловчилар, шу жумладан, ёнидаги ҳамроҳи Жамшид билан танишган ҳам эдики, автобуснинг ён ойнаси тақирлаб қолди. Ашурали қувониб ўрнидан туриб кетди. Уйида ўн икки кун меҳмон бўлиб, хайр-хўшлашиб келган хизматдош дўсти Славик жилмайиб турарди. Ашурали "Мен ҳозир" деди-да, ўриндиққа дўпписини қўйиб, пастга тушиб кетди. Сўнгра рус ошнаси билан худди янги учрашишгандай қучоқ очиб кўришишди.

Славик Ашуралининг қўлига бир халта совға-салом тутқазди.

– Мана булар сенга, тузукроқ меҳмон қилолмадим.

– Э, нима қилардинг овора бўлиб, – деди Ашурали севиниб.

– Бу ерда икки шиша тоза рус ароғи, тўрт шиша буғу шохининг қони бор.

– Ие! Нима қиламан уни?

– Ҳар куни овқатдан олдин эллик граммдан отиб турасан. Бу жуда фойдали ичимлик. Сен кетганингдан кейин ёдимга келиб қолди. Бир оғайним ўрмончи, ўшаникидан олиб келаяпман. Кейин келганингда унинг ҳаммомида буғу шохининг қайнатмасидан тайёрланган ваннада чўмиласан.

– Бунинг нима фойдаси бор?

– Унисини хотинингдан сўрайсан, – деди Славик ва Ашуралининг қулоғига кулиб шипшиб қўйди. – Ҳа. Эркаклик қувватини оширади.

Улар хохолаб кулиб юборишди. Бу ҳол бошқа йўловчиларни ҳам, бир четда шериги билан ўзаро шивир-шивир қилиб гаплашаётган автобус ҳайдовчиси Козим ва кўринишдан олғир, устомон эканлиги сезилиб турадиган чипта сотувчи Ниёзбек исмли иккинчи ҳайдовчининг ҳам эътиборини тортди.

– Анави йигит сал анақароқ эканми? – сўради Ниёзбек Ашуралини кўрсатиб.

– Қанақа?

– Мен ҳам автобус ҳайдайман, хизмат бўлса, айтаверинглар, ҳайдашворавераман, дейди.

– "Бош оғриқ" экан-да.

– Бе, у бир қишлоқи-ку. Ҳалиги бору, "пазик" минадиганлардан-де. Балони тушунармиди?

– Э, уни қўявер, демак, мен овқатлангани қаерларда тўхташим керак?

– Зелиногорскдаги чорраҳада. Сўнг қозоқда – Ойшиликда.

– Яхши. Ишқилиб, ҳаммаси жойидами?

– Ҳа.Бадр ва Баҳром исмли йигитлар "Паспортимиз йўқ" деган баҳона билан ҳамманинг кўз ўнгида одамларнинг раҳмини келтириб юкхонага кириб олишди. Уларга ишлаш шароити "қийин" эди. Юкхонада, тиқилинчда, совуқда ҳар бир жомадон, халталарни бир-бир очиб, нарсаларни қўл фонари ёрдамида кўздан кечириб, керагини олиб, қолганини яна қайта яхшилаб жойлаб чиқишдек одатий ўғрилик ишлари билан машғул эдилар. Пул, тилла тақинчоқлар бўлса-ку хўп-хўп, қимматбаҳо буюмларни ўз сумкаларига жойлашлари ва йўл-йўлакай автобус тўхтаб, ошхонага овқатлангани тушган маҳаллари уларни арзон нархда тез-тез пуллашлари ҳам керак. Мабодо қўлга тушиб қолгудек бўлсалар "зинғиллаб" қочиб қолишлари лозим эди. Ўғрилик ҳам бир тирикчилик, буям осон эмас-да.

Бир воқеа сабаб бўлиб, улар шу ҳунар билан шуғулланишга қасд қилишганди. Икки йил мардикорлик ва ҳар хил қора ишларни бажариб ҳалол пул топишди. Аммо ётоқда турадиган ҳамюрт йигитлар бор пулларини ўғирлаб, бошқа шаҳарга жўнаворишди. Бу ҳол айниқса, Баҳромга қаттиқ алам қилди ва автобус юкхоналарида кетиш баҳонасини ўйлаб топди. Улар юкхонага яхшилаб жойлашиб олишди. Устларидан қулфлаб қўйилди.

* * *

Хурсанд бўлган Ашурали дўсти Славик билан яна бир бор қучоқлашиб хайрлашди.

– Славик, сени албатта кутаман, хўпми?

– Ҳа, бораман. Айтдим-ку, "Чимён" санаториясига декабрь ёки январь ойларида" деб.

– Хотининг Галяниям бирга олиб бор.

– Нима, ўрмонда ўтин йўқми?

Ашурали кулиб юборди.

– Биздаги ўтинлар ёнмайди, ҳаммаси ҳўл.

– Ёнғин бўлса, ҳўлу қуруқ баробар ёнаверади.

– Уни ўт ўчирувчилар буғунинг шохини кийиб ўчиришадими? – Ашурали халтага ишора қилди.

Славик ҳам энди ўзини тутиб туролмади, хохолаб кулиб юборди.

– Бўпти, сен бир синаб кўр. Маъқул бўлса, қўнғироқ қил. Қишда ўзим олиб бораман. Майли, чиқа қол. Нима бало, одам тиқилинчми, дейман-а?

– Ҳа. Йўл кира арзон экан, поездникидан уч баробар кам. Ҳам тез етиб борармиш.

Славик ҳайрон бўлиб қовоғини кўтарди.

– Самолётда ёки поездда кетаверсанг бўлмайдими?

– Бунинг ҳам бир гашти бор-да. Баҳонада таниш-билиш орттираман, кўрмаган жойларни кўраман.

– Майли, яхши бор, уйингдагиларга салом айт.

– Хўп, сени кутаман, Славик.

– Албатта. Қўнғироқ қилиб тур. Йўқолиб кетма.

– Айтмоқчи, борибоқ ҳалиги "Нексия" машинасининг нархини билиб, қўнғироқ қиламан, хўпми?

– Хўп. Агар имкониятим етса, учиб борарман ёки сенга пул жўнатаман, келишдикми?

– Келишдик.

Ашурали тиқилиб чиқиб бораётган йўловчилар орасига ўзини урди.

Ниҳоят, автобус ўрнидан қўзғалди. Кузатувчилар ва шулар орасидаги Славик қўл силтаб хайрлашиб қолди. Шу маҳал бир қирғиз қиз "Эй, тўхтангдер! Мениде ала кетингиз!" дея ойнани шапатилай бошлади. Ҳайдовчи машинани тўхтатди. Ниёзбек эшикни очди.

– Қаерга борасан?

– Тўқмоққа, – деди қиз ўз тилида. – Илтимос, онам оғир касал. Тик туриб ҳам кетавераман. Мана, манг, олинг, – деди у ва бир қанча россия пулидан узатди.

Орқадан йигитларнинг "Ҳайданг, бўлди-да энди, ака!" деган норози овозлари эшитилди.

Пулни кўриб кўзлари олайиб кетган рулдаги Козим уларнинг гапларига парво қилмай "Бўл, тез чиқ" деди. Шериги қизнинг қўлидан тортиб олди. Кутилмаганда унинг ортидан бир лўли хотин ҳам илашди.

– Ҳой, сиз қаёққа, тушинг пастга! – дея бақириб берди чиптачи.

– Илтимос, Усть-Каменогорсккача, барака топкурлар. Мени болам кутаяпти.

– Йўқ, сиғмайсиз, қанақа қилиб кетасиз, ахир?!

– Бир оёғим сиғса бўлди, болам. Ҳақингни бераман.

Аёл чиқиб олди. Эшик аранг ёпилди.

– Шофёр ака, бир-икки силтаб қўйсангиз, ҳамма жойланади! – деди Ашурали кулиб.

– Одамлар картошка эмас-ку, ука, – дея эътироз билдирган бўлди Козим.

– Моторингизнинг ишлаши ҳозирча яхши, кўз тегмасин, тфу-тфу.

Унинг синчковлиги ҳайдовчининг ғашига тегди, чоғи, ижирғаниб қўйди.

– Шофёр ака, бу рейсда кўпдан бери қатнайсизми?

– Тўрт йил бўлди, – истар-истамас жавоб берди Козим.

– Шунча вақтда йўл-пўлда ҳеч бузилиб қолганмисиз?

– Йўқ. Бир-икки марта балон отворган, холос, – деди у йўловчиларнинг ўзаро суҳбатга қулоқ тутиб туришганини кўриб.

Ниёзбекнинг ҳам ғаши келди.

– Ҳой, ўртоқ йўловчи, ҳайдовчини чалғитманг, илтимос. Нима, сиз билан гаплашадиган бошқа одам қуриб кетганми?

– Узр, акажон, – деди Ашурали ва лўли аёлнинг бир сумкани кўтариб турганига кўзи тушиб қолди-да "Беринг, хола, олволаман", деди.

Лўли аёл хурсанд бўлиб кетди. "О, раҳмат, болам. Кўзларинг айтиб турибди, сен яхши одамсан. Доим омадинг келади".

– Меники-чи, хола? – сўраб қолди Жамшид кулиб.

Аёл унга тикилди.

– Қўлингни бер-чи.

Йигит қўлини узатди.

– Ҳм-м, сен, худо хоҳласа, севган кишингга уйланасан. Лекин бир тўсиқ кўраяпман. Ёмон тўсиқ.

– Қанақа тўсиқ?

– Пулини тўласангиз, айтади-да, – деди Ашурали гапга аралашиб.

Жамшид чўнтагидан тез пул чиқариб узатди.

– Ҳа, тўсиқ. Тўғрироғи, айрилиқни кўраяпман.

– Нима? Хотинимдан айриламанми?

– Йўқ, бошқаси, яқин одаминг билан.

Аёл қўлини тез тортиб олди.

– Бошингда анча-мунча қора иш борга ўхшайди, болам.

– Э, қўйинг, Жамшид ака. Булар алдоқчи бўлишади, – дея шивирлади орқа ўриндиқдаги Нилуфар.

– Хола, мана шу қизниям бир кўриб қўйинг, илтимос.

Аёл қизнинг кўзига қаради.

– У сени яхши кўраркан. Лекин бошида бир оғир иш бор. Сизлар турмуш қурасизлар, фарзандларинг бўлади, бир ўғил, бир қиз.

– Мениям кўриб қўярсиз, – деди шу пайт Ниёзбек масхараомуз.

Аёл унинг кўзларига қаради.

– Йўқ. Сени кўрмайман.

– Вой, нега?!

– Гуноҳинг кўп, кўзларинг бежо.

Ниёзбекнинг жаҳли чиқди.

– Қўйсангиз-чи бўлмаган гапларни. Нима, мени пул бермайди, деб-а?..

– Йўқ. Пулинг керакмас, – деди аёл ва автобус салони ҳамда ундаги йўловчиларга бир-бир қараб чиқди.

Аёлнинг ўткир нигоҳлари Хумора ва Шамсияга, Нилуфарнинг онаси Кибриё холага, йўлакнинг олд қисмида тахланиб ўтирган Шерқул ва Қувваталига, сўнгра Бекзод ва Барнога тушиб, негадир ранглари оқара бошлади. У беихтиёр ухлаб ётган чақалоқ юзига кафтларини яқинлаштирди-да, тез тортиб олди. Кўзларини юмиб аллақандай тушунарсиз гаплар билан пичирлай кетди.

– Ҳа, тинчликми, хола? – сўради Ниёзбек.

Анча вақтдан сўнг аёл кўзларини очди ва бир автобус ичига, бир ҳайдовчиларга, тез-тез назар ташлаб олди-да, кутилмаганда "Тўхтат!" дея қичқира бошлади.

Бу пайтда автобус эндигина Камень-на-Оби шаҳри йўналиши бўйича шаҳардан чиқиб бораётганди. Козим ҳайрон бўлди ва ўшқириб берди:

– Ҳой, мияси айниган хотин, нега чиқдинг бўлмаса?!

– Сенларнинг миянг айнаган. Тўхтат, мен тушиб қоламан!

Салонда ғала-ғовур, хавотирлик бошланди. Ҳайдовчи жаҳл билан бир четга чиқиб силтаб тўхтатди ва Ниёзбекка асабий ўшқирди:

– Мен сенга юз марта айтаман мана шунақа ифлос хотинларни олмагин деб! Тушириб юбор уни! Ҳе, ўргилдим...

Ашурали аёлга нарсасини узатди.

– Хола, тинчликми? Тушиб қолманг. Келинг, менинг жойимга ўтиринг.

– Йўқ, болам, раҳмат. Бу машинада шайтон бор. Мен сизлар билан кетолмайман.

– Бор-е, йўқолиб кет. Одамларни қўрқитмай балога

йўлиққур! – дея қичқирди Козим.

Аёл тушиб қолди ва ҳайдовчига қарата қичқирди:

– Сен ўша шайтонга шериксан!..

Яна нималар деди, ҳеч ким англаёлмай қолди. Аммо лўли аёл бир нималар бўлишини кўнгли сезиб ва баъзиларнинг юрагига ғулғула солиб кетди. Ниёзбекнинг ранги бўзариб йўловчиларга қарата хитоб қилди:

– Парво қилманглар, тентак хотин бу! Автобусма-автобус шунақа қилиб тентираб юраверади.

– Нега уни олдинг?! – яна ўшқирди Козим.

– Манави қизнинг орқасидан шарт чиқиб олганини билмай қолибман.

– Фол очтиришга бало бормиди?

– Ҳай энди, бекорчилик-да, ока.

Козим сўкиниб олди. Ҳадемай автобус жануб томон сокин йўлга чиқди. Бир йўловчи деди:

– Ака, Барнаул йўлидан кетмайсизми?

– Йўқ. У йўлда текширувчилар кўп. Бунча одам билан, сизга ҳазилми. Мен сизларни икки суткада чегарамизга элтиб қўйсам бўлдими? – дея саволга савол билан салон ойнасига қараб жавоб берди у.

– Ҳа, албатта.

– Унда илтимос, менинг ишимга аралашманглар. Бир-бирларинг билан гаплашиб, ҳангомалашиб кетинглар. Ёки бўлмаса ухланглар. Йўл узоқ. Нима дедингиз, отахон? – Козим Низомхўжага қаради.

– Жуда тўғри! – деб қўйди мўйсафид тасдиқлаб.

– Соғ бўлсинлар. Худо хоҳласа, техника панд бермаса, индинга саҳар манзилимизга етиб оламиз.

– Илоҳи омин, – дея қўлини яна дуога очди Низомхўжа, – сафаримиз бехатар бўлсин! Юртимизга бешикаст, соғ-омон етиб олайлик.

Саидвафо ва русийзабон йўловчилардан бўлак барча юзига фотиҳа тортишди.

Ҳайдовчи магнитофон мурватини бураб, ўзбекча қўшиқлардан бирини қўйиб юборди. Қўшиқ оҳанги йўловчиларга таскинлик бағишларди:

Кулишимни соғинди кимлар,

Сўлишимни соғинди кимлар.

Ёнишимни кутганлар ҳам бор,

Синишимни соғинди кимлар...

Дўстингман деб чоҳ қаздилар, оҳ –

Мен у чоҳга сиғмадим бироқ.

Гоҳо аёл макрига учдим,

Гоҳ кўнгилнинг оғусин ичдим...*

Йўлда сирли равишда тушиб қолган лўли хотин бир зумда унутилди.

* * *

Оқшом чўка бошлади. Автобус овқатланиш мўлжалланган ошхона сари яқинлашиб қолди. Козим тезликни пасайтирди ва шериги томон маъноли қараб қўйди. Ойна орқали йўловчиларнинг ҳолатига разм солди. Кўпчилик беозор ва хотиржам ором олмоқда эди. Кимлардир хуррак отарди. Ошпаз Халил билан Қувватали экан. Нилуфар олд ўриндиқ суянчиғига бошини қўйиб ухламоқда. Унинг нозик қўлини Жамшид маҳкам қисиб олган, ўзи ҳам мизғимоқда. Бекзод ва Барно бир-бирларига бош қўйишган. Чақалоқ қўлчаларини чиқариб ўйнатиб ётибди. Шамсия оёғини чиқариб олган ва Хуморанинг кўксига бош қўйган. Эрбек бедор, елкасининг бир четида Фариданинг боши омонат турибди. Йигит қиз сочларининг бўйидан сармаст, ширин орзуларга берилган. Ўзини мизғиётган кўрсатса-да, аслида бедор. Саидвафо русча шапкасининг соябони билан кўзини тўсиб беозор ётибди.

Низомхўжа ҳамроҳига қараб "Эҳ, аттанг", дегандек бошини сарак-сарак қилиб бормоқда. Унинг хаёлидан Саидвафо ҳақида ғалати ўйлар кечарди: "Қизиқ, фарзандлари уни қандай қарши олишаркин? Оталарини танишмасаям керак. Бу одам-чи, ўз фарзандларини танирмикин, тавба?.. Шунақа бетавфиқ, имонсиз оталар ҳам бўлар экан-да? Туғдириб қўйиш ҳар қандай эркакнинг қўлидан келади. Уларни тарбиялаш, вояга етказиш, уйлаб-жойлаш, бу – ота учун фарз-ку. Наҳотки ўз фарзандларидан юз ўгирди, уларни тирик етим қилди? Қандай қилиб энди фарзандларининг олдига боради? Кўзларига қандай қарайди? "Мен оталарингман, ўлсам тобутимни кўтаринглар", дермикин?

Davomi bor

O‘xshash hikoyalar

Adashgan avtobus (kamolov)

Нилуфар ҳар сафар катта йўл ёқасидаги зилол суви шиддат билан отилиб турадиган артезиан қудуғи ёнига борганда, челагини қўйиб, йўлнинг қарши тарафига умид билан боқади. Отасини кутади. Мана, қарийб тўрт йил бўлибдики, шу аҳвол.

Adashgan avtobus 2 (kamolov)

Аммо Бекзод ва Барно ишга келган жой улар ўйлаганчалик қулай эмасди. Бу ерда – ертўлада, қонунийми ё ноқонунийми, асосан кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариларкан. Чиройли офис идорасида паспортларини "Бизга шартнома тузиш…

Adashgan avtobus 4 (kamolov )

Тавба, астағфируллоҳ… Хиҳ, мусулмон мозори бўлмагани учун келаётганмиш. Ўзи мусулмончиликниям эсидан чиқариб, динсиз бандага айланиб қолибди-ку. Эҳ, пешонаси шўр банда… Тавба-тавба… Нима қилсам экан-а?

Adashgan avtobus 5 (kamolov)

– Жа соддасан-да, Хумор, қара, булар қанча юртдошларимизни азоблашаяпти. Бизлар ҳам адашганмиз. Йигитларимизни қара, бари келишган, девқомат. Улар ҳам адашишган. Нима, бундай хўрланмай, ўз юртимизда бирор ишлар қилишса бўлмасмиди?

Adashgan avtobus 6 (kamolov)

Бекзод касалванд ва мотамсаро Барнони қолдириб, мўйсафид билан бирга жўнади. Станция бу ердан ўн километрча жойда экан. Аммо ўша ҳолатда улар ҳеч қачон бундай масофани пиёда босиб ўтолмас эдилар.