Ertak.top

Adashgan avtobus 4 (kamolov )

Тавба, астағфируллоҳ... Хиҳ, мусулмон мозори бўлмагани учун келаётганмиш. Ўзи мусулмончиликниям эсидан чиқариб, динсиз бандага айланиб қолибди-ку. Эҳ, пешонаси шўр банда... Тавба-тавба... Нима қилсам экан-а? Ё унга ёрдам берсаммикан? Қилган гуноҳларини тан олиб, эҳтимол, энди тавба-тазарру қилар, кеч бўлса ҳам фарзандларидан узр сўрар. Фарзандлари кечиришади, албатта. Нима бўлса ҳам оталари-ку. Уларнинг қандай кутиб олишларини бир кўргим келаяпти-да. Яхши кутиб олишса-ку, хўп-хўп, қабул қилишмаса, остонадан қувиб солишса-чи? Унда нима бўлади? Бечора, қаерга боради? Ҳа, унга ёрдам беришим керакка ўхшайди. Савоб бўлади. Унга мусулмончиликдан ҳам сабоқ бераман. Фарзандлари қабул қилишмаса, уйимга олиб кетаман, сўнг улар билан ўзим гаплашаман. Боғимни қўриқлаб ўша ерда яшаб тураверади. Эҳтимол, ўзи тенги бевалардан бирига уйлантириб ҳам қўярмиз".

Ашурали бўлса бепоён ўрмон манзаралари, ёғоч уйлардан иборат рус қишлоқлари, замонавий типда қурилган биноларни томоша қилиб, дўсти Славик билан ҳарбий хизмат чоғидаги, қолаверса, ўн кун меҳмондорчиликда ўтказган кунларини эслаб баъзан ўзича кулиб қўяркан, оёғи остидаги халтада бир-бирига урилиб шиқирлаётган шишаларни ушлаб қўярди. У Новосибирскка келишда ҳам олтиариқ узумидан тайёрлаган қўлбола мусалласларни худди шундай шиқирлатиб олиб келганди. Славик унинг мусалласларига юксак баҳо берди ва нима биландир Ашуралини қойил қолдиргиси келдими, мана шу буғу шохи қонидан тайёрланган шарбатларни совға қилди. Ашурали ҳақиқатан ҳам тан берди. Чунки бундай совға унинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

Шу маҳал тўсатдан беўхшов янграган Ниёзбекнинг қўнғироғидан йўловчилар уйғониб кетишди. Чақалоқ чўчиб кетиб, биғиллаб йиғлай бошлади. Барно кўкрагини тутди, аммо у безовта бўлиб йиғлайверди.

Қарши томондан келаётган автобуслардан бири чироғини ёқиб-ўчириб, тўхташга ишора берди. Тошкентдан келаётган танишлари экан. Ниёзбек уни пайқаб қолди ва:

– Козим ака, шу ерда тўхтатинг! – деди буйруқ оҳангида.

Учқур отдай елиб бораётган автобуснинг "югани тортилиб", бир четга пишиллаб тўхтади. Ниёзбек пастга тушиб эшикни ёпди-да, йўлнинг у юзига ўтиб, ким биландир баҳслаша кетди ва бир оздан сўнг қайтиб келиб, эшикни очибоқ хавотирли гап қотди:

– Чегарада текширув қаттиқмиш. Ҳужжатсизларни қамаб қўйишаётганмиш. Нима қиламиз? Бунча одам билан...

– Оббо! – деди Козим қўлларини рулга уриб. – Анави-чи, соққасини оладиган офицер бор-ку, ким эди?

– Майор Красновни айтаяпсизми?

– Ҳа.

– Уни бошқа постга ўтказишибди.

– Нима қилдик-а? Унда Змеиногорскка ҳайдайинми?

– Ҳа, қозоққа Шуманайка орқали ўтиб кета қоламиз.

Уларнинг хавотирона суҳбати ўртадаги йўлакда "иссиққина, юмшоққина" мизғиб келаётган йигитларни ва баъзи ҳужжатсизларни ҳушёр торттирди. Ҳаммалари ўринларидан қўзғалиб, ғимирлаб қолишди.

– Шофёр ака, тинчликми?! – сўради Шерқул.

– Ҳа-ҳа, ҳеч хавотир олманглар. Одамимиз кўп – перегруз, бунинг устига, кўпчиликда паспорт йўқ, айланма йўлдан кетишга тўғри келади.

– Нима қилсак экан? – сўради Ниёзбек.

– Овқатланиб олайлик, сўнгра бир гап бўлар.

Шундан сўнг автобус бир оз юриб, йўл четидаги "Лесная роща" деб аталган қаҳвахона олдидаги майдонда тўхтади.– Бемалол бир соат тушлик қилиб олаверинглар. Иложи бўлса, йўлда бошқа тўхтамаймиз.

Йўловчилар гувв этиб тушишди. Қарийб саксон нафар йўловчи бор эди. Ҳайдовчи тушиб юкхонани тақиллатди:

– Ҳой, икковинг! Тирикмисанлар?

Ичкаридан "Ҳа" деган овоз келгач, Козим мийиғида кулиб юкхона қопқоғини очди. Тиржайиб, кўзларини ола-кула қилиб, икки йигит қўлларида сумкалари билан чиқиб келишди ва атайин афтларини буриштириб, оёқлари увишиб қолганидан шикоят қилишди-да, оқсоқланиб ошхонанинг орқа томонига йўналишди. Чунки улар ҳар сафар орқа эшикдан ошпазлар ҳузурига кириб бориб "олиб келган" молларини арзон гаровга сотиб кетишга одатлангандилар.

Ўша ерда пештоқига "Томск – Алмати" деган ёзув осиб олган Қозоғистон рақамидаги автобус ҳам турарди. Унинг ёнида ҳайдовчидан ташқари яна тўрт бақувват йигит ва бир олифтароқ қисиқ кўз қиз бор эди. "Тошкент" автобуси ҳайдовчилари улар билан салом-алик қилишиб алоҳида имтиёзли хонада овқатланиб, қизғин суҳбат қуришди. Ҳайдовчилар янги таниш ҳамкасб орттиришганидан қувонишди. Арсен исмли ҳайдовчи улар учун ҳам овқатга пул тўлаб қўйди. Арсеннинг ўша уч-тўрт йўловчиси берироқда уларни зимдан кузатиб ўтиришарди.

– Одаминглар кўп-ку, божхонадан қандай ўтмоқчисизлар? – сўрди Арсен.

– Шунга бошимиз қотиб турибди-да, Шуманайка орқали кетсакмикан, – деди Козим.

Арсен бир нимани режалаштирган чоғи, кулиб қўйди.

– Менинг машинам бўлса бўш. Атиги тўрт нафар одамим бор, холос. Истасанглар, ортиқча одамларингни Шуманайкагача олиб кета оламан.

– Яхши бўларди. Қанча сўрайсан?

– Пулинг керакмас, ошна. Бир-биримизга доим керак бўламиз-ку, ахир.

Козим Арсендай мард ошна орттирганидан мамнун бўлди. Улар келишишди. Тушлик тугагач, йўловчилар яна автобус ёнига жамлана бошлашди. Арсен "қисиқ кўз"га маъноли қараб қўйганини Козим пайқамади. "Қисиқ кўз" ўз шерикларини нимадир деб огоҳлантирди.

– Хўш, йигитлар, қандайсизлар? – сўради Козим сигарета чекиб, гурунглашиб турган йўловчиларга қарата.

– Яхши! – дейишди баъзилари.

– Қорин тўйди, қайғу кетди. Иккита автобусга бўлиниб, бирин-кетин кетаверадиган бўлдик. Йўлакда ўтирганлар, ўттиз беш киши, қани марҳамат, анави машинага чиқинглар-чи, – дея буюрди ҳайдовчи ва нариги ҳайдовчига мурожаат қилди.

Йигитлар ҳайрон бўлишди.

– Бу нима деганингиз? Бошқа автобусга нега чиқарканмиз? – норозилик билдирди Зайни деган йигит.

– Чегарадан иккига бўлиниб ўтамиз. Кейин эса яна бирга кетасизлар. Шунга келишдик.

– Кира ҳақи-чи, ўзгармайдими?

– Ўзгармайди.

– Сизларни қийналмай кетсин, чегарадан беғалва ўтсин, деяпмиз-да, – деди Ниёзбек.

– Фарқи йўқ, етиб олсак бўлди, – деди йигитлардан бири.

– Ну и что, Арсен, сколько человек заберёш?

– Сорок.

– Нет, ты возьми пожалуйста на все сидячие места.

– Хорошо, ладно. Возьму только тех, кто имеет паспорта.

– Тушундингларми? Бўлинглар, йигитлар, тезроқ жўнай қолайлик бўлмаса.

Козим билан Ниёзбек мамнун кўз уриштириб олишди. Нариги автобусга ўтаётган йўловчиларни кўриб Ашурали ҳайдовчининг бу қарорига таҳсинлар айтиб алқаган бўлди:

– Э, қойил! Шофёр ака, яхши иш қилдингиз. Бечоралар тахтачада ўтириб қийналиб қолишганди.

– Узоқ йўл. Нима бўлсаям ўзимизнинг одамлар-да. Ҳам чегарада сарғайиб турмаймиз, ҳам машина қийналмайди, нима дедингиз?

– Яхши фикр. Ҳамкасб дўстларингиз сизни қўллашаркан-да, қойил!

– Ҳа, одам одамга доимо керак бўлади-да. Қани, марҳамат қилинглар, – деди Ниёзбек хехелаб куларкан.

"Қисиқ кўз" чиқаётган йўловчиларни зимдан кузатар, ҳар бирининг жисмига синчков кўз қирини ташлаб оларди.

Арсен ҳам берироқда туриб автобусга чиқаётган йўловчиларга айёрона қараб турарди.

Салон йўлакдагилардан бўшагач, анчагина кенгайиб, ҳавоси тозаланиб қолгандай туюлди. Козим юкхонадаги икки йигитни энди бошқа бўшроқ бўлагига қамади. Улар ҳам хуш кайфият билан ўзларини "зиндонбанд" қилишди.

Козим "енгиллаб олган" автобусни барибир божхона пости томон юргизмади. Чунки йўловчиларнинг бир қисмида паспорт йўқ эди. У қисқа йўлни танлади ва энди Змеиногорск томон йўналди. "Томск – Алмати" автобуси ортда қолиб кетдими ёки йўналишини ўзгартирмадими, ҳеч ким билмади. Қолган йўловчилар автобуснинг бир текис юришига монанд хотиржам ҳолатда ўзаро қизғин суҳбат қуриб, чақчақлашиб боришарди.ТУТҚУНЛИК

Олтинчи боб

"ҚИСИҚ КЎЗ"

"Томск – Алмати" автобуси автотрасса бўйлаб узоқ юрмади, бирдан йўналишини ўзгартириб, иккита машина аранг сиғадиган қарағайзор ўрмон оралиғи бўйлаб елдек кета бошлади. Шерқулнинг кўнглидан аллақандай нохуш шубҳа ўтди. У ёқ-бу ёғига ўгирилиб қаради. Ҳамма бепарво ва беэътибор эди. Ниҳоят, ўзи ҳайдовчидан сўрашга журъат қилди:

– Шофёр ака, куда мы едем?!

– Куда, куда. Домой конечно, – деди ҳайдовчи хотиржам ва юзини салонга ўгириб, ойна олдида атайин бир эснаб олди.

У йўловчиларни кузатиб кетаётган кўзлари ола-кула малласоч йигит томон маъноли қараб олди. У тушунди шекилли, кулиб қўйди.

– Нега биз автотрассадан кетмаяпмиз?! – дея ажабланиб сўради Шерқул яна рус тилида.

– Йўлда бир юк олволамиз, – деди малласач йигит бепарво.

– Қанақа юк?

– Сенинг нима ишинг бор?

– Нега иши бўлмас экан, эҳтимол бомбадир! – орқадан жиддий қичқирди Зайни деган йўловчи.

Бу савол ҳазилми ё чинми, тушуниб бўлмасди.

– Биз нима эканини билишимиз керак, ахир!

– Борганда биласан. Очиб кўрсатаман, тушундинг?

Зайнининг жаҳли чиқди, қўли муштланди. Уришмоқ учун шарт ўрнидан туриб шайланди.

– Ҳой, бу билан сен нима демоқчисан ўзи?!

– Сўраганинг.

Зайнини ёнидаги йўловчи йигитлар "ўзингни бос" дегандай қўлидан ушлашди. Зайни ҳайдовчига қарата қичқирди:

– Ҳой, шофёр, сендан сўраяпман, тўғрисини айт, бизни қаёққа олиб кетаяпсан?!

– Айтди-ку юк бор деб, – деди ҳайдовчи тараддудланиб.

– Олмайсан ўша юкни!

Шу маҳал "Қисиқ кўз" қиз ўрнидан сапчиб турди.

– Ҳой, қораялоқ, қани жойингга тез бориб ўтир-чи.

Зайнининг жаҳли чиқди:

– Нима?!

– Эшитганинг.

– Сен қанжиқ, ўзинг жим кет!

Шу маҳал тўсатдан қизнинг ҳар икки оёқлари ҳавога муаллақ кўтарилди ва "Ий-я!" дея ҳайқириб йигитнинг кўксига қарата зарб билан тепиб солди. Буни кутмаган Зайни бақувват бўлса-да, автобуснинг ортига томон учиб тушди. Бу пайтда қиз ёнидаги йигитларни ҳам бирини кафт қирғоғи, бирини тирсаги, орқа томонидаги икки кишини бўлса оёқлари билан тез тепиб ташлади ва бу билан ўзининг моҳир каратэчи эканини кўрсатиб қўйди. Ёрдам беришга шошилган йигитларнинг ҳовури пасайди. Салонда жиддий нохуш вазият юзага келди. Автобусни тўхтатишга уриниш бўлиши турган гап эди. Шу туфайли олдиндаги малласоч ва орқа ўриндиқда келаётган миллати номаълум бир йигит ёнидан автомат чиқаришди. Учинчи йигит ҳам киссасидан тўппонча олиб, бир қўлига картон қути тутди.

– Қисқаси, ҳамманг яхшилаб эшитларинг! – дея қичқирди у. – Сенлар энди бизнинг ихтиёримиздасанлар! Қочишни ўйламаларинг, итдай отиб ташлаймиз!

Унинг гапини қиз давом эттирди. Кўзлари уккиникидай бежо эди.

– Қани, ҳамманг ёнингдаги телефон, паспорт, пуллар, калитлар, нима бўлса чиқариб манави қутига ташланглар-чи. Тез бўлларинг!

Тўртинчи қатор дераза томонида ўтирган Дамир исмли йигит эндигина телефонини қўлига олиб рақам тера бошлаган ҳам эдики, бошига "қисиқ кўз"нинг пошнали оёғи келиб тегди ва чаккасидан қон оқа бошлади, тўппончанинг оғзи унинг пешонасига тиралди.

– Ҳой, сўтак! Мен сенга айтаяпман!

Орқа томондаги назоратчи иккинчи йигит ҳам бировнинг бошига тўппончанинг қўндоғи билан қаттиқ туширгани эшитилди. У "Вой!" деб беҳуш йиқилди ва қўлидаги телефон полга тарақ этиб тушди.

Жаҳли чиққан қиз энди йўловчиларни бир-бир тургизиб ёнидаги нарсаларини юлқиб олиб қутига ташлай бошлади.

Автобус бир маромда кетиб борар, ҳайдовчи атайин бепарво сигарета тутатиб, радиодан таралаётган мусиқага ҳамоҳанг ғўнғиллаб хиргойи қиларди. Йўловчилар ўзларининг тутқунликка тушганларини англашди.

Автобусда яна уч аёл ҳам бор эди. Бири ўша, машина ўрнидан қўзғалганида шошиб чиқиб олиб, Тўқмоққача олиб кетишларини сўраган қирғиз Айбике ва сомсапаз Хидирнинг шилқимликлари жонига теккан Хумора ва Шамсиялар эди. Улар ўз ўринлари бўлса-да "Нариги яхши автобусга ўхшайди, юр, бемалол кетамиз", деб ихтиёрий равишда бу ёққа ўтиб олишганди. Энди бўлса, салон ичида рўй бераётган ҳодисани кўриб, қотиб қолишган, кўзлари ола-кула бўлиб, қўрқиб-қалтирашмоқда эди. Айбике бўлса хотиржам, худди ҳаммасини олдиндан биладигандек воқеаларни совуққон кузатиб келарди. У ҳам эл қатори ўз қирғиз паспорти ва телефонларини миқ этмай қутига ташлади. Аммо унинг ёнида яна бир телефон аппарати бор эди. Қиз бу чорани ҳар эҳтимолга қарши қўллаб юрарди. Чунки мусофир юртларда инсон бошига ҳар хил иш тушиши мумкин. Айбике йўлда ана шу ўчирилган телефонининг рақамини Ашуралига берганди...

Айбике ҳам тирикчилик мақсадида Россияга кетди. Аммо яқинда онасининг оғирлашиб қолгани ҳақида нохуш хабар олди. Мана, қайтаяпти. Йўлда эса бу аҳвол. Хўрлиги келди. Лекин дардини ким ҳам эшитарди. Фақат бир илинжи бор. Бу ҳам бўлса, йўлда ҳамсуҳбат бўлган Ашурали эди.

Автобусда тик турган қизга Ашуралининг раҳми келганди. У бегона қизга жойини бўшатиб, ўтиришга таклиф этди. Бу пайтда кўпчилик қатори Жамшид ҳам уйқуга кетди. Шу туфайли Ашурали қирғиз қизни бир оз гапга солди. Бишкекдаги об-ҳаво, нарх-наволарни суриштирди. Унинг Қирғизистонда ҳам Жўлдас исмли хизматдоши бўларди. Аммо манзилини ёзиб олмаган, тахминан биларди. Шу туфайли қиздан у ҳақда суриштириб кўришини илтимос қилди. Ашурали ўз манзили ва телефон рақамини айтганди, ўшанда.

Қалин ўрмонга оқшом чўкди. Ёмғир шивалаб ёға бошлади. Йўловчилар қаерга кетиб бораётганликларини билмасдилар. Автобусдан сакраб қочиб қолишнинг эса ҳеч иложи йўқ. Қуролланган соқчилар уларни ҳушёр кузатиб боришар, "қисиқ кўз" шубҳали ҳаракат қилганнинг бўйнига тўсатдан тушириб қолар ёки оёғи билан акробатик равишда аямай тепарди.

Автобус қалин ўрмон оралаб узоқ юрди ва тунда баланд деворли қўрғон ичига кириб борди ва йўловчиларнинг қўлларини бошига қўйилган ҳолда бир-бир тушириб, қоронғи, зах хонага қамаб қўйишди.

* * *

Бу маҳалда олдинги автобусдагилар дунёнинг бундай жирканч ишларидан бехабар хотиржам кетардилар. Бироқ бир жойда машиналар тиқинига дуч келишди. Чунки автобус ҳақиқий магистрал автотрассадан кетмай, божхона постини четлаб, айланма йўллардан бормоқда эди. Йўлда дарё қирғоғига яқин бир жарлик қулаганмиш, ортга – автотрассага қайтайлик дейилса, икки юз чақиримдан кўпроқ юриб қўйилган. Бу ёғи ёқилғи ҳам оз қолган, ёқилғи қуйиш шахобчаси қаердалиги ҳам номаълум.

Козимнинг жаҳли чиқди ва шивалаб ёғаётган ёмғирда бошқа ҳайдовчилардан Змеиногорскка қандай бориш мумкинлигини суриштира бошлади. Чунки у ёғига Шуманайкага йўл бор. Ҳайдовчилардан бири Козимга овлоқ ўрмон йўлларини тушунтириб берди шекилли, ивиб кетган ҳайдовчи автобусни қалин ўрмон оралаб илонизи йўлга бурди. Таваккал қилди. Кўп ўтмай асфальт ҳам тугаб, эгри-бугри тош йўли бошланди. Аммо ёмғир ҳалқоб бўлиб қолган чуқурчалар кўп эди.

– Шофёр ака, адашиб қолмаймизми, ишқилиб? – сўради Жамшид хавотирланиб.

– Бошқа иложимиз йўқ, ука, Россия чегарасидан ўтиб олишимиз керак.

– Тўғри йўлдан кетаверсак бўлмайдими?

– Бешта йўловчининг паспорти йўқ. Текширишса уларни қамашади. Мени ҳам жаримага тортишади. Бизга шунақа топшириқ бўлган. У бечораларни қаёққа ташлаб кетамиз, тушун, ахир?

– Айтмоқчи, анави юкхонадаги болаларнинг аҳволи нима бўлди? Тепада, биз билан кетаверишса, бўлади-ку.

– Ҳа-я. Яхши эслатдингиз. Дўқир-дўқирда оналарини кўришгандир, – деди ҳайдовчи ва автобусни тўхтатди. Шериги уларни олиб чиқиш учун пастга тушди.

Кўп ўтмай йигитлар қўлларида қаппайган сумкалари билан совуқда қалтираб чиқиб келишди. Улар орқага ўтиб, йўлакка, тахтачага жойлашишди. Ниёзбек уларга биттадан адёл топиб берди.

Ҳаво совиб, муздек ёмғир майда қорга айланиб, эриб кетарди. Йўлнинг давоми лой, ботқоқ экан, автобус аранг юриб борарди. Ой ҳам, юлдуз ҳам кўринмас, баланд қарағайлар сафи сирли қараб қолишарди. Бир маҳал машинанинг орқа томонида қаттиқ қарсиллаган товуш эшитилди. Бир дарахт қулаб, улкан бутоғи автобус орқа қисмини пачоқлаган эди. Орқа ойна чил-чил синди. Аёллар қўрққанларидан чинқириб юборишди. Барнонинг гўдаги биғиллаб йиғлай бошлади. Ҳайдовчи билан бирга кўпчилик лой кечиб орқага ўтиб аҳволни кўриб танг қолишди.

– Бизни худо асрабди. Нақ бўлмаса дарахт устимизга тушаркан, – деди Низомхўжа.

– Моторига шикаст етмадимикин? – сўради Ашурали.

– Олдинроққа олайлик-чи, кўрамиз.

– Қўлимиздан келганча ёрдам қиламиз, шопир ака.

Машинани олдинроққа итариб, қўл фонари билан синчиклаб текшириб кўришди. Синган орқа ойнаси ўрнига адёл ёпишга қарор қилишди. Бу ишга Ниёзбек ва бир-икки йигит киришди. Бурилиш чироқлари синган, машина томининг орқа қисми букилиб, салон ичига ёмғир аралаш қор урарди. Йигитлар оёқлари билан томни бир-икки тепиб тўғрилаган бўлишди.

– Оббо, энди шу кам эди.

– Ҳалиям бўлса орқага, трассага қайтсак бўлмайдими?

Ҳайдовчининг чиндан жаҳли чиқди.

– Кўрмаяпсизми?! Орқага йўл энди йўқ. Дарахтни ололмаймиз. Қани чиқинглар, бирор устахонагача етиб олишимиз керак. Аста юраверамиз.

Машинанинг орқа ғилдираги кўлмакли чуқурчага қаттиқ урилди. Озгина юрилгач, кардан вали нохуш овоз чиқараверди. Овоз борган сари кучайиб борарди.

Автобус тўхтади.

– Синган шекилли. Уни ечиб пайвандлаш ёки янгисини топиб жойига қўйиш керак, – деди Ашурали билағонлик қилиб.

– Шунақами? Энди нима қиламиз? – хавотирланиб сўради Жамшид.

– Бирорта юк машинасининг ўтишини кутамиз ёки итариб олиб кетишимиз керак, – деди Ниёзбек.

– Вой, унақа машина ўтмаса-чи? – капалаги учиб сўради Барно.

У гўдаги шамоллаб қолишидан хавотирга тушганди.

– Бизга адёл топиб беринг, ака! – дея зорланиб Ниёзбекка мурожаат қилди.

– Ие, уларни ойна ўрнига илдик-ку.

Бир йигит сумкасини олиб ундан катта ҳаммом сочиғини чиқариб узатди. Барно гўдакни ўраб-чирмади. Эри шимининг қайишини ечиб сочиқ устидан боғлаб қўйди.

– Тагини қуруқлаб қўйиш керакмиди? – эслатди Бекзод.

– Бир оз турайлик-чи, қуруқ матоим ҳам қолмади.

– Нима, памперс олмаганмидингиз? – сўради Нилуфар.

– Ўн кунлик чақалоққа қанақа қилиб қўясиз.

– Э, чиллалик денг. Узоқ йўлга бекор олиб чиқибсизлар-да, бечора гўдакни қийнаб қўйибсизлар, – ачинди Кибриё хола.

– Борар жойимиз, пулимиз бўлмаганидан кейин... – деди Барно.

– Ҳа. Йўл кирага аранг пул топдик. Бу ёғини сўрасангиз, кечки овқатга икки тишлам нон едик, холос, – деди Бекзод маъюс.

Бу гапни эшитганлар бири сумкасидан конфет, нон чиқариб бера бошлашди. Низомхўжа бир бўлак колбаса узатди.

– Манг, қизим, еб олинг. Қувват бўлади.

Ниёзбекнинг ҳам одамгарчилиги тутиб кетдими, термосдан чой қуйиб узатди. Бошқа йўловчилар ҳам энди бор-будларини олиб тамадди қила кетишди.

– Эрбек ака, нималар бўлаяпти ўзи? – сўради Фарида.

– Машина бузилибди. Уни тортиб кетиш керак экан.

– Вой ўлмасам, музлаб ўламиз-ку, – деди ва олдинги ўриндиқда ўтирган Нилуфарнинг қулоғига пичирлади:

– Ўртоқжон, ташқарига чиқиб келмаймизми?

– Қоронғида-я? Қўрқаман!

– Нима қилдим, чидолмайман, – шивирлади яна Фарида.Эрбек уни эшитиб эшитмаганга олиб ўтирарди. Аммо қизнинг иложсиз қолганини кўриб, жимгина ишора қилди-да, ўрнидан турди. Қиз аввалига қандоқ бўларкин, деб иккиланиб қолди.

– Юринг, ҳой, исмингиз нимайди?

– Нилуфар.

Нилуфар Жамшидни туртиб ташқарига чиқишга ундади.

Жамшид билан Эрбек берироқда қолишди. Қизлар қоронғилик қўйнида ғойиб бўлишди.

– Айиқ бўлса, чақирарсизлар-а! – овозини баландлатди Эрбек.

– Унақа кўрқитманг-да, – деди Фарида.

– Тағин учуқ тошиб кетмасин.

– Хотинингизми? – сўради Жамшид.

– Бугун танишдик. Яхши қизга ўхшайди, – деди Эрбек.

Шу маҳал чинқирган овоз келди.

Йигитлар қизлар томон югуришди. Шохли буғу туёқларини лойда чапиллатиб чопиб кетди. Фарида дағ-дағ қалтираб Эрбекка, Нилуфар бўлса Жамшидга ёпишди.

– Ўзи ҳалиги шериклардан бекор айрилдик-да. Йўлдошидан айрилган йўлда қолар, деган гап бежиз айтилмаган, – деди Эрбек Жамшидга қараб.

– Тўғри айтасиз, жўра. Лекин "Йўл юрган хазинага йўлиқади", деган гап ҳам бор. Фақат у бизгамас, қизларга учради, холос.

Йигитлар кулишди. Ҳайдовчи автобус эшигини очиб қизлар ўзларини ичкарига уришди.

– Ҳа, нима гап? – сўради у.

– Олдимиздан катта ҳайвон чиқиб қолди.

– Шохли буғу, – деди Жамшид билағонлик қилиб.

– Шофёр ака, нима қиламиз, тураверамизми?

Ҳайдовчи елкасини қисди.

– Бўлмаса, бундай қилайлик, йигитлар, иссиқроқ кийиниб олиб, бошга ёпинчиқ тутиб, автобусни секин итариб бораверайлик. Сиз, шофёр ака, "аварийний" чироқларни ёқиб олинг, хўпми? – деди Ашурали.

Бир нечта йигит кийиниб, пастга тушишди. Салонда фақат аёллар қолишди. Ёмғир энди қорга айланиб юз-кўзларга аямай ёпишарди. Йигитларнинг оёқлари, шимлари лойга беланди.

Автобусни беш километрча итариб, ҳолдан тойдилар. Бир оз дам олишга тўхтаганларида қарши тарафда бир жуфт чироқ кўринди. Йигитлар хурсанд бўлиб қичқира кетишди. Трактор экан. Уни аранг тўхтатишди. Трактор автобусни бир чорва фермасига қадар судраб борди. Ҳайдовчилар фермердан бу ернинг аниқ манзилини билиб олишди.

Йўловчилар хашакхонага жойлашишди. Баъзи ёшлар, йигит ва қизлар ўртага олов ёқиб давра қуришди. Улар орасида Жамшид ва Нилуфар, Татьяна ва Алёна, Демир ва Эдик, Эрбек ва Фарида ҳам бор эди. Жамшид "Йигитчиликда" деб аталган янги қўшиқни ижро этди:

Боши тошдан бўлсин эркакни доим,

Боласи оч қолса қиёмат қоим.

Хотинни заҳридан асра, Худойим,

Кўчага чиқади тирикчиликда,

Нималар бўлмайди йигитчиликда.

Кимгадир қучоғин очади бозор,

Кимдир ҳунар билар, кимдир мардикор.

Киракашлик қилар машинаси бор,

Кимдир меҳнат қилар шерикчиликда,

Нималар бўлмайди йигитчиликда.

Қанча узоқларни яқин қиласан,

Тупроқни ҳам элаб олтин қиласан.

Ўзингдан ўтганин ўзинг биласан,

Тақдирга тан берма бу йўқчиликда,

Нималар бўлмайди йигитчиликда.

Ҳалол ризқинг териб янги тонгни кут,

Умидни йўқотма этагидан тут.

Бесамар кетказган умрингни унут,

Јанимат бўлар бу кун тўқчиликда,

Нималар бўлмайди йигитчиликда.

Қўшиқни қарсаклар билан олқишлашди. Русийзабон ёшлар қўшиқ матнига унчалик тушунишмаган бўлишса-да, унинг майин оҳанги, хонанданинг овози ёқимли эканлигини ҳис этишди. Жамшид ҳам бўш келмади, ўзининг Россияга ишга борганлар ҳақида ўйлаб юрган қўшиғини илк бор ижро этди: Россияда пул топиб бой бўламан деб,

Бой бўлсам, машина, той оламан деб.

Осмонда юлдузу ой бўламан деб,

Хато қилдик биз, хато қилманг сиз!

Автобусда ўзиям юз киши кетдик,

Билолмадик, билмадик, қайлардан ўтдик.

Ниҳоят, ит топмас манзилга етдик,

Хато қилдик-ей, хато қилдик биз.

Ишимиз ўрмонда бир бино қуриш,

Тунимиз ит ётиш ва мирза туриш.

Ботқоғу захларда исқиртдай юриш,

Хато қилдик, ҳай, хато қилдик-да.

"Россияда минг доллар маош оласан",

Десалар ишонма, бало оласан.

Ўзбошимча кетсанг, гадо бўласан,

Хато қилдим мен, хато қилма сен!

Хотингаям икки йилда ёзолмадим хат,

Ошналар, ҳамюртлар, сизга маслаҳат.

Ватанда ишлар кўп, ана, марҳамат,

Хато қилдик биз, хато қилманг сиз!

Сўнгра Эдик, Татьяналар ҳам ўз ёқтирган қўшиқларини куйлашди. Йўл азобидан хуфтон бўлган диллар бир зум бўлсада ёришди. Эрбек тоғорани доира қилиб чалиб берди. Қўшиқлар рақсларга уланди ва ғарибона базму жамшид тонггача давом этди.

Аммо биргина Ашуралининг кўнгли ғаш эди. "Буларнинг нияти нима ўзи? Тўғри йўл қолиб, нега бу томондан юришди? Наҳотки, нариги автобусдагиларни алдаб бошқа жойга юборишган бўлишса?...". негадир йўлда тушиб қолган лўли хотиннинг ҳайдовчига қараб "Сен шайтонга шериксан!" дегани кўз олдига келаверди. Ёдига Айбике тушиб қолди ва унинг рақамларини терди. Аммо "Абонент рақами ўчирилган" деган овоз янграйверди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Фермер хонадонининг ичкарисидан гўдак йиғиси эшитиларди. Бир аёл чақалоқли Барнони ичкарига олиб кириб кетди. Ташқарида қор ёғар, оппоқ оқариб тонг ёришиб борарди.

Ашурали деярли ухлай олмади. Думалаб, хашакларни шитирлатиб, беҳол ағанаб чиқди. Бир пайт телефонига "СМС" келгани ҳақидаги хабар келди. "СМС" матни уни ҳушёр торттирди. Унда қирғиз тилида шундай ёзилганди:

"Байке. Жардам берингыздер! Биздерды алдашыпды. Бир жайға қамашды. Пистолетдеры бар. Адресимызды анав шафердер билет. Айбике".

Буни ўқиган Ашурали шарт ўрнидан туриб кетди ва ташқарига отилди. Нима қиларини билолмай у ёқ-бу ёққа безовта юра бошлади. "Оббо муттаҳам, ифлослар-ей! Кўринишидан одамга ўхшашади-я, шайтонлар! Бу ҳақда ҳозирча ҳеч кимга чурқ этмаслигим керак. Акс ҳолда тўполон бошланади. Йигитлар билан секин маслаҳатлашиб олишим лозим. Демак, автобус тузалгунича бир оз вақт бор. Мана, кимлар одамларимизни қул қилиб сотаяпти! Йигитларимиз қаёққа ғойиб бўлаяпти десам, гап бу ёқда экан-да! Илоннинг сирти юмшоқ, ичи заҳар бўлади, деб бежиз айтишмаган...".

* * *

Тутқунларни алдаб олиб келинган жой ташландиқ олмос кони бўлиб, бу ердан тош қазиб олинар ва майдаланарди. Корхона олд томони баланд, тиканли симли тўсиқ билан ўралган, орқа томони бепоён ботқоқлик эди. Назоратчиларнинг ёнларида тўппонча, қўлларида резина таёқ ўйнарди.

Йигитлар хўрликка чидай олишмади. Бир соқчи ўтиб қолганди, уни тирқишдан кўришди ва қичқира бошлашди:

– Эй сволоч! Отпусти нас!

– Замолчи! – деди соқчи бепарво.

– Что от нас хотите, эй! – дея қичқирди Хумора ҳам.

– Сейчас придет начальник и сам объяснит.

– Мы кушать хотим. Воду давай!

– Потерпи...

– А я в туалет хочу! – деди бир йигит.

– Пожалуйста, – деди соқчи масхараомуз бош кийимини ечиб.

– Майли, бир оз чидайлик, – уҳ тортди Шерқул.

– Ҳа, ақлни ишлатиш керак. Шунча одам наҳот аҳмоқ бўлиб қолаверсак, – деди Шамсия.

– Биздерды сатыб кетишген, – деди Айбике.

– Йўғ-е, қаердан биласиз? – сўради Зоҳир деган йигит ажабланиб.

– Тўғри. Бизлар қулмиз! Нақадар жарангли! – хитоб қилди Жўшқин ва кутилмаганда темир эшикни жаҳл билан тепди.

– Фойдаси йўқ. Эшикни бузиш керак. Қаранглар-чи, бирор темир-терсак йўқмикан?

Йигитлар еру деворларни пайпаслай бошладилар. Ҳеч нима қўлга илинмади. Хона томи ҳам бетондан қилинган, текис эди.

– Тўхтанглар, – деди Шерқул. – Аввал биз уларнинг шартини эшитайлик-чи. Бу ер тош кони экан. Демак, тош бор, яна ускуналарни тузатишга ишлатиладиган темир-терсаклар ҳам бўлади. Булар биз учун қурол, тушундингларми?

– Яна электр токи ҳам бор, – дея қўшиб қўйди Жўшқин.

– Муштимиз ҳам бор, – дея дўриллаб қўшиб қўйди Зайни.

– Бўпти, анави "қисиқ кўз"ни сенга берамиз.

Йигитлар кулиб олишди.

– Ҳеч нима қилолмайсизлар. Улар қуролланган. Пашшадек аямай отиб ташлашади, – деди Шамсия.

– Демак, уларнинг қуролини тортиб олиш ҳақида ўйлашимиз керак.

– Ҳа, ҳийла ишлатиш керак. Кимда қандай таклиф бор?

Ҳамма жим туриб қолди.

– Бирорта соқчи ухлаб қолишини пойлаш керак-да, унинг қуролини тортиб олиш керак.

– Тўғри, лекин қачон? Биз бунинг учун озодликда бемалол юришимиз, буларнинг ишончига киришимиз керак.

– Тўғри, улар бизни мажбуран ишлатишадиган бўлса, биринчи навбатда мана шу эркинлик шартини қўяйлик.

– Нима, рози бўлишади, деб ўйлайсанми?

– Ҳа. Биз уларга: "Бўпти, биз меҳнатдан қочмаймиз, яхши ишлаймиз. Фақат бизга яхши шароит, овқат ва маош берасанлар", дейлик.

– Яхши. Кейин-чи?

– Кейин пайт пойлаб туриб таппа босамиз-да, сурамиз.

– Бўлмаса, келишдик-а, болалар, – деди Шерқул ташаббусни қўлга олиб. – Ҳаммамизнинг тилимиз, мақсадимиз бир бўлиши керак. Ҳеч ким ўзича ҳаракат қилмасин. Дим-дим, эшакка миндим.

– Ҳа, бу ер мусофир жой. Бемақсад ўлиб кетиш ёки ногирон бўлиб қолиш ҳеч гапмас. Ҳали биз яшашимиз, оиламизга эсон-омон етиб олишимиз керак, – деди Жўшқин Шерқулнинг фикрини маъқуллаб.

– Мендаям бир таклиф бор, – деди кутилмаганда Шамсия. – Ҳаммамиз ҳозир бир кемага тушиб қолдик, тўғрими, йигитлар? Бу – жуда оғир қисмат. Қутулиб кетиш мақсад экан, мен билан Хуморага ёмон кўз билан қарамайсанлар.

– Бу нима деганинг? – сўради Зайни қовоғини уюб.

– Бўпти. Очиқ айтаман. Анави қуролланган ифлосларнинг кўнглини овлашга биз уриниб кўрамиз, – деди у Хумора томон ишора қилиб.

– Йўғ-е! – деб юборди Дамир деган йигит.

У уйланмаган, ор-номусли, содда йигит эди. Ўзбек қизининг бундай фикрлаши уни ажаблантирди.

– Бу ҳам бир ҳийла-да. Мақсадимиз ҳаммани қутқариш экан, биз ўзимизни, ўз танамизни аямоқчи эмасмиз.

– Мен разы имесмен, – деди Айбике қўрқиб ва йиғлаб юборди.

– Ҳой қиз, сени ҳеч ким мажбурлаётгани йўқ. Лекин ўзингни эҳтиёт қил. Биз нима, бир ожизалар бўлсак. Пешонангга тўппончани тираб туришса, нимаям қила олардинг. Ундан кўра ақлни ишлатиб, бу ердан қутулиш йўлини ахтариш керак.

Орага тушган оғир сукунатни эшик қулфининг шарақлаб очилгани бузди. Аввал "қисиқ кўз", қуролли соқчилар ва чарм куртка ҳамда бошига улкан шляпа кийиб, оғзига сигарета қистириб олган шопмўйлов, қориндор киши кириб келди.

– Добро пожаловать в наш рай! – дея масхараомуз хитоб қилди "қисиқ кўз" ва йигитларга бир-бир қараб, ёвқараш билан яна жисмоний имкониятларини чамалаб кўра бошлади.

– Менинг исмим Гога! – деди бошлиқ рус тилида. – Яширмайман. Сизларни биз сотиб олдик. Шунинг учун яхшиликча олти ой ишлаб берасизлар. Йўқ, десанглар, ана, катта кўча, бепоён ўрмон, бечора айиқларимиз оч.

– Нима иш қиламиз? – сўради Жўшқин.

– Бу ер олмос кони. Ҳар бир кунингиз учун кунлик норма бир тоннадан тошни майдалаш, тушунарлими? Бундан ташқари, бу ердан қочиб кетганлар, ўлганлар, майиб бўлганлар учун ҳам қолган соғлар ишлайди. Ўттиз беш киши тирикми, ўликми, бизга фарқи йўқ. Нормани хоҳласанглар икки смена ишлаб, уч ойда бажаринглар. Кейин сизларга жавоб.

– Яхши. Бизга шароит яратиб беринглар, бўлмаса. Меҳнатдан қочмаймиз.

– Қанақа шароит? – ажабланиб сўради бошлиқ.

– Ётоқ, уч маҳал овқат, яхши ойлик маош ҳам берасизлар.

– Ётоқ, овқат бўлади. Лекин маош яхши ишлаб олти ойдан сўнг ихтиёрий қолганларга берилади. Хўш, розимисизлар?

– Розимиз! – дейишди йигитлар.

Бу кутилмаган ҳолатдан зўравонлар ажабланиб бир-бирларига маъноли қараб олишди.

Хумора қошларини сузиб нозланди:

– Бизлар ҳам тош йўнамизми, акажон? – деди у ноз билан маникюр қилинган бармоқларини атайин кўрсатиб.

Гога буни кутмаганди. Қизнинг ҳусни жамолини кўриб, тараддудланиб қолди. Умуман олганда, тутқунлар қаршиликсиз тез рози бўлиб қўя қолганлари уни ажаблантирганди. Чунки ҳар вақт норозилик, бақир-чақирлар, дод-войлар, калтаклашлар бўларди.

– Сизлар ошхонада, ҳм-м..., кир ювиш ишларига қарашасизлар.

– О, биз ўзи айнан шунақа иш қидириб юргандик, – деди Шамсия ҳам қошларини чимириб.

– Нима, ростданми?

– Ҳа. Яхшироқ иш тополмай уйимизга қайтаётгандик. Зўр бўлди. Раҳмат сизга, жаноб, – деди Шерқул атайин жилмайиб.

– Унда марҳамат. Сизларга ҳозир махсус кийим-бош беришади. Иш ўринлари билан танишасизлар.

– Мен электрикман. Бирор хизмат бўлса, айтаверасиз, – деди Жўшқин.

– Хўш-хўш, ким яна нима қила олади?

– Мен сантехникман, – деди Дамир.

– Мен дурадгор устаман. Эшик, ром, мебель дегандай...

– Мен автокранчиман, машина ҳам ҳайдайман.

– Ораларингизда газ созловчиси борми?

– Мен созлайман, нима эди? – сўради Зайни.

У бу гапни атайин айтдими, тушуниб бўлмади.

– Яхши. Сизлар ҳалол ишласангиз, қочиб кетмасангиз, бизнинг одамлар ҳам яхши муносабатда бўлишади.

– Жаноб, узр. Сизнинг мақсадингиз шу ерда яхши даромад олишми ўзи?

– Ҳа, албатта.

– Унда бизга қўйиб беринг, ётволиб ишлаймиз. Иш қидириб келганмиз, ахир. Яхши шароит қилиб берсангиз, ҳеч қаёққа кетмаймиз. Лекин уч-тўрт йил ишлаб, қуруқ кетмаслигимиз керак-да, тушунасиз-ку! Бизга пул керак. Бу пулни ҳалол йўл билан топамиз, меҳнатдан қочмаймиз.

– Хўп, тушунарли. Буни кўрамиз ҳали. Сенинг исминг нима?

– Шерқул.

– Сеники-чи?

– Жўшқин.

– Иккита бригадага бўлинасизлар. Кўрамиз, қайси бригада қандай ишларкин. Ҳар икковингни бригадир этиб тайинлайман. Нима масала бўлса, менга айтасизлар, тушунарлими?

– Сиздан битта илтимос бор, жаноб, – деб қолди шу пайт Зайни.

– Қанақа илтимос?

– Манави қизингизни бу ердан йўқотинг, илтимос, – деди у "қисиқ кўз"ни кўрсатиб.

Бошлиқ кулиб қўйди. Соқчилар ҳам жилмайди.

– Нега энди?

– Бўйдоқман. Севиб қолиш хавфим бор.

Ҳамма бирдан кулиб юборди. Ўртадаги кескинлик барҳам топгандай бўлди. Йигитлар ўзларини гўё қулдорларга сўзсиз итоат этадиган содиқ қуллардай тутишарди.

* * *

Эрталаб бир юк машинасини топиб, "Тошкент" автобусини йўловчилари билан бирга шатакка олиб, ўттиз километр нарида жойлашган посёлкадаги устахонага етиб олишди. У ерда овқатланиш учун ҳеч нима йўқ эди. Фақат сигарета ва ичимлик сотадиган кичик дўкон бор экан. Унда егуликка яроқли нима бўлса, ҳаммасини сотиб олиб шип-шийдон қилишди. Баъзиларнинг аллақачон пули тугаганди. Захирага озиқ-овқат ҳам олишмаганди. Шу туфайли юкхонадан сумкаларини олиб айрим товар ва буюмларини олиб, ёйиб бир-бирларига, ўтган-кетганларга сота бошлашди. Натижада устахона ёнида кичик бозорча ташкил бўлди. Кимлардир шундагина сумкаларидан нарсаларининг ғойиб бўлганини пайқаб қолишди. Ансора шериги Аслиянинг қулоғига шипшиди.

– Вой ўлай, менинг ўғлимга олган спортча комплектим йўқ-ку. Ким олди экан-а?

Аслия бир-бирига суяниб қотиб ухлаётган узоқ вақт юкхонада келган Бадр ва Баҳром исмли йигитларга ишора қилди:

– Анавилар олмадимикин?

– Сумкаларини секин очиб кўрайликми?

– Аввал нарсаларимизни яхшилаб текширайлик. Эҳтимол, жойидадир.

Икки аёл ўз юкларини очиб, нарсаларини бир-бир кўра бошлашди.

– Ие, манави ерда тилла тақинчоқларим бор эди, йўқ! Вой ўлмасам! – деди Аслия.

Аёлларнинг ҳаяжонли пичир-пичири, мизғиб ўтирган Ашуралини ўзига келтирди:

– Ҳа, тинчликми, опажонлар?

Аслия оҳиста келиб йигитнинг қулоғига шипшиди:

– Баъзи нарсаларимиз йўқ. Анави йигитлар олганга ўхшайди, деб ўйлаяпмиз. Одамларга секин айтиш керакмикин, ҳар ким сумкасини бирма-бир текширсин.

– Хўп. Мен секин айтиб чиқаман. Унгача овоза қилманглар, хўпми?

Ашурали ўрнидан турди ва ташқарида у ер-бу ерларда суҳбатлашиб турган ёки нарсаларини бозорча ёни ва дарахтларга илиб қўйиб кетаётган йўловчи ҳамроҳларга шипшиди.

Кутилмаганда "Ие, менинг у нарсам йўқ, бу нарсам йўқ!" деган ажабланишлар, асабийлашишлар бошланди. Нарсаси йўқолганлар негадир Ашурали теварагига тўпланишмоқда эди. Бадр билан Баҳромга шубҳа кучайди. Ниёзбек келиб қолмаганида улар ҳар икки йигитни жазога солишга тайёр эдилар.

– Ҳа, нима гап, тинчликми?

– Нарсаларимиз йўқ. Топиб берарсиз!

– Ие, мен қаёқдан билай, – деди ҳайдовчи гезариб.

– Анави икковини нега юкхонага олдингиз бўлмаса?

– Ҳужжатлари йўқ эканлигини кўрдинглар-ку. Тинчланинглар, бу ер бозор, жанжал қиладиган жой эмас. Усталарнинг аччиғи келади.

– Шошманглар! Бундай қилайлик. Кўпчилик гувоҳлигида ҳар икки йигитнинг буюмларини текшириб кўрайлик. Агар йўқолган буюмларимиздан бирортаси чиқиб қолса, ўшанга қараб иш тутамиз, – деди Ашурали босиқлик билан.

Йигитларнинг сумкалари кўпчилик гувоҳлигида текшириб кўрилди. Улар ўғирланган молларни аллақачон ошхонада "гумдон" қилишган, қолганини эса насияга қолдиришга улгуришган эди.

Йўловчилар ўша кеча устахонадаги автобус ичида ухлашди. Совуқдан дийдираб чиқишди. Ёшлар яна гулхан ёқмоқчи бўлишганида, устахона қоровули рухсат бермади. Туни билан қор аралаш ёмғир шивалади. Барнога қоровулхонадаги печка олдидан жой қилиб беришди. Эр-хотин гўдакни қўлдан қўймай бир-бирига суяниб тонг оттиришди. Кўпчилик оч эди. Бунинг устига этлари увишар, йўталишарди. Айниқса, Кибриё холанинг танаси қизиб, тез-тез йўтала бошлади.

– Вой болам, қачон кетамиз-а? Мен ўлиб қоламан-ку, – дерди у иҳраб.

Кимдир ҳароратни туширадиган дори топиб берди. Сўнгра уни ҳам қоровулхонага олиб киришди.

– Эрталабгача чиданг, ойи, кейин жўнаймиз, – деди Нилуфар.

Аммо тун узундан-узоқ чўзилиб кетди. Аранг тонг оқарди ҳамки, автобуснинг тузалишидан дарак йўқ эди. Ашурали синчковлик билан усталар ёнида ўралашиб юраверди. Синган детал пайвандланди. Машина юргизиб кўрилди. Мотор бир меъёрда ишларди. Козим усталарни рози қилди. Аммо Ашуралининг назарида ҳайдовчиларнинг ўзлари негадир яна каловланишар, бу ердан ҳечам кетгиси келмаётгандай ивирсиб юришарди.

– Ҳамма жойи яхши, юрсак бўлаверар, шофёр ака, – деди Ашурали тоқати тоқ бўлиб.

– Нимаси жойида экан? – дея кутилмаганда жеркиб берди Ниёзбек. – Тормоз суюқлиги оқиб кетган-ку. Кейин орқа мостга махсус мой зарур, пайвандланган жойни наждачка билан ишқаб силлиқлаш керак.

– Ишлов қоғози бўлса беринг, мен ёрдамлашай.

– Ҳой, сиз кимсиз ўзи?! – яна жеркиб берди ҳайдовчи.

– Бир йўловчингиз.

– Боринг жойингизга, бурнингизни суқманг!

– Тезроқ кетайлик, дейман-да.

– Ҳой инсон, агар бу автобусмас, самолёт бўлганида учувчиларнинг бошини шунақа қотирармидингиз?

– Энди бекор ўтиргандан кўра... – Чиптага пул тўлаганмисиз?

– Ҳа, албатта.

– Боринг, жўнанг. Аралашманг. Бу ёғи бизнинг ишимиз!

Ашурали нари кетди ва хаёлига ҳар хил нохуш фикрлар кела бошлади: "Тавба, намунча бу одам қўрс бўлмаса? Машина тузалди-ку. Ё бировни кутаяптимикин?"

Ашуралининг ҳайдовчиларга шубҳаси тобора ортиб борар, иложи борича уларнинг ҳар бир ҳаракатларидан кўз узмасликка ва ўзаро суҳбатларини тинглашга тиришарди. У ўриндиқда ўтириб ҳар икки ҳайдовчини ойна пардаси четидан кузатиб ўтирди. Шу пайт унинг хаёлларини мўйсафид бузди:

– Ўғлим, машина тузалдимикан?

– Тузалди шекилли. Тағин худо билади.

– Эрбек ака, қачон кетамиз? – деб сўради Фарида. Унинг оёқлари чиндан ҳам совқотганди. Тиззаларини ишқаб "Вув!" деб титраб олди.

– Ҳайронман, – деди Эрбек нима қиларини билмай ва курткасини ечиб қизнинг тиззасига ташлади.

– Вой, ўзингиз-чи? – сўради қиз.

Йигит ўрнига Ашурали "Унинг юрагида ўти бор", деб жавоб қайтарди ва Эрбекни ўзига имлаб, қўлидаги телефонга Айбикедан келган "СМС"ни кўрсатди. Эрбекнинг бирдан ранги оқариб кетди. Ашурали кўрсаткич бармоғини лабига босиб жим ишорасини қилди. Йигитнинг нигоҳида "Нима гап?" деган хавотирли савол намоён эди. Ашурали унинг қулоғига оҳиста шипшиди.

– Ҳозирча ҳеч кимга лом-мим деманг, хўпми? Юринг, ташқарида гаплашамиз.

Улар шошилиб пастга тушишди.

– Ҳой, сиз қаёққа?! – сўради Фарида нохушликни ҳис этиб.

– Ҳозир келаман.

Улар автобусдан четроққа ўтишди.

– Нима, сизнингча, нариги автобусдагилар бизни Шуманайкада кутишмаяптими?

– Ўртоқ, ахир "СМС"ни мен тўқиб чиқарганим йўқ-ку. Кейин қирғизчаниям билмайман. Ўша қизга йўлда телефон рақамимни бергандим, холос.

– Ҳа. Аҳвол жиддийга ўхшайди.

– Яна сизга бир нарсани айтайинми? Фақат ҳаяжонланмайсиз.

– Нима экан?

– Автобусимиз унчалик бузилмаган. Ҳозир бемалол жўнасак бўлади. Мен бу гапни мутахассис сифатида айтаяпман. Мен ҳам автобус ҳайдайман.

– Йўғ-е! – деди Эрбек ҳайрон бўлиб.

– Яна бир гап. Анави хонада келган икки йигитнинг паспортлари йўқ деб ўйлайсизми?

– Нима эди?

– Бор! Улар ўғри. Қолаверса, ҳайдовчилар билан тили бир.

– Ёнларидан ўғирланган моллар чиқмади-ку.

– Ўғирланган молларни тўхтаган ошхонада қолдиришган. Уларнинг орқа эшикдан чиқишаётганига кўзим тушувди. Қайтганларида сумкалари йўқ эди. Ҳозирги сумкалари бўлса ўзлариники. Уни автобусдан олиб тушишмаган.

– Оббо ифлослар-ей. Наҳотки ҳайдовчилар?..

– Улар ҳайдовчиларга тансоқчи, қуроллари ҳам бўлиши мумкин. Бу дегани биз ҳам ҳозир анавиларга ўхшаб гаровдамиз. Бу ерда кимнидир кутишаяпти. "Автобус тузалмайди" деб бошқасига ўтқазишади-да...

– Йўғ-е! Жа оширвормадингизми, ака?

– Айбике билан гаплашиб кўрамизми?

Ашурали телефон тугмаларини босиб қулоғига тутди. Аммо телефондан "Абонент хизмат доирасидан ташқарида" деган овоз келаверди.

– "СМС" юбора қолайлик.– Манг, ўзингиз жўнатинг, мен эплолмайман.

– Нима дей?

– "Айбике, аҳволингиз яхшими? Қаердасиз?" денг. Кейин жавоб келишига қараб иш тутамиз.

"СМС" жўнатилди.

– Бу ҳақда бошқаларгаям маълум қилсакмикин?

– Йўқ. Ҳозир эмас. Ҳа, айтмоқчи, бундай қиламиз. Мен ҳозир ҳайдовчилар ёнига ўтиб, уларни чалғитиб тураман. Сиз машина ва уларнинг ҳужжатларини олиб қўя оласизми?

– Уриниб кўраман. Кейин-чи?

– Улар билан яхшилаб танишиб чиқамиз. Паспорт нусхалари бўлса, ҳар эҳтимолга қарши олиб қўямиз.

– Яхши.

– Лекин эҳтиёт бўлинг. Ҳеч ким кўрмасин.

Шундай қилишди. Эрбек автобусга чиқа солиб мизғиб, совуқдан қунишиб ўтирган йўловчиларга бир бор эътибор берди-да, ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини қидира бошлади.

– Ҳой Эрбек ака, нима қилаяпсиз?

– Қоғоз билан ручка керак бўлиб қолди, – деди у ва бир папкани қўлига олди.

Жамшид ҳам, Бекзод ҳам унинг бу ҳаракатларини зимдан бепарво кузатиб ўтиришарди. Орқароқдаги Баҳром билан Бадрлар бир-бирига маъноли қараб олишди.

– Фарида, юринг, бир ўрмонни айланиб келамиз.

– Вой, шу совуқда-я.

– Юринг деяпман, – деди у буйруқ оҳангида. – Жамшид, сиз ҳам, ҳалиги...

– Бекзод.

– Бекзод, юринглар, бир айланиб келамиз, гап бор, – деди Эрбек ва ташқарига жиддий ишора қилди.

Эрбек Айбикедан жавоб келган бўлса, тезроқ кескин чора кўришга ошиқмоқда эди.

Козим Ашуралининг ёнида яна ўралашаётганидан энсаси қотди, лекин лом-мим демади. Икки ҳайдовчининг қизғин суҳбатлари бўлиниб қолди. Аммо Жамшидни кўриб жаҳли чиқди. Эрбек уни Ашуралини чақириб келиш учун юборганди.

– Ҳой йигит, сизга бу ерда нима бор?

– Бирор ёрдамимиз керакми, дейман-да.

– Ўзимиз эплаймиз, ука.

– Қачон жўнаймиз?

– Кечаги уста тормоз мойи олиб келсаёқ жўнаймиз.

– Биз ўрмонни бир айланиб чиқсак майлими? Қорин ҳам очиб кетди.

– Майли. Бир соат етадими?

– Ҳа, албатта. Юринг, Ашур ака.

– Мен нима қиламан?

– Қизлар билан қўзиқорин терамиз, – деди Жамшид ва томоғини маъноли қириб олди.

Ашурали тушунди. "Демак, Эрбек айтган", деган ўйга борди ва "Кетдик" дея эргашди. Эрбек, Фарида, Бекзод ва Нилуфар уларни бир четда кутиб туришарди. Арчазор томон йўл олишди.

– Тезроқ юринглар, – деди Ашурали.

– Нега? – сўради Жамшид.

– Анави юкхонада келган ўғриваччалар изимиздан тушишлари мумкин, – деди у ваҳима билан.

– Нега унақа дейсиз? Мундоқ тушунтириброқ гапиринг, – деди Бекзод.

Улар анчагина ичкарилаб боришди. Лекин бу пайтда ўзларидан шубҳаланган Бадр билан Баҳром ҳам уларнинг ортидан пойлаб бормоқчи бўлдилар.

– Ана, қаранглар! – деб қолди тўсатдан Ашурали.

– Қаёққа?!

– Анави иккаласи, айтдим-ку, уларнинг тили бир деб.

– Чопдик. Яширинамиз! – деди Эрбек ва ҳаммаси қалин ўрмон ичига қараб чопиб кетишди.

Улар ағанаган улкан дарахт ортидаги чуқурга тушиб ғуж бўлиб ўтириб олишди. Икки йигит тепа томонларидан ўзаро гаплашиб ўтиб кетишди. "Қаёққа кетишди экан-а?" сўради бири ва тез орада кўздан ғойиб бўлишди.

– Эрбек, ҳужжатларни олдингизми? – сўради Ашурали.

Фарида сумкасини кўрсатди. Ашурали бир-бир текшириб кўра бошлади. Ҳайдовчилик гувоҳномаси ва паспортларидан нусхалар ҳам бор эди. Ашурали ён киссасидан ўз ҳайдовчилик гувоҳномасини чиқариб солиштирди.

– Ўхшайманми, йўқми?

– Козим Аҳмедов аввал сизга ўхшаб ориқроқ бўлган чоғи.

– Ҳа, кейин одам сотиб семириб кетибди.

– Нима, жиддий гапиряпсизларми? – сўради Жамшид ҳайрон бўлиб.

Ашурали телефонини чиқариб, Айбике юборган "СМС"ни кўрсатди. Фарида ҳам ўқиб "Вой!" деб юборди ва кўзлари ола-кула бўлиб кетди.

– Хуллас, уларни қутқаришимиз керак.

Жамшиднинг ранги оқарди.

– Нима, сизнингча, бизниям?..

– Ҳар нима бўлиши мумкин. Кўрасизлар, бир соатлар ичида олиб кетишади. Қуролланган одамлар келиши мумкин. Кейин кеч бўлади.

– Ҳа, тўғри, – деди Эрбек тасдиқлаб. – Ашур ака, қаранг-чи, "СМС"га жавоб келдимикин.

– Ўзингиз қаранг.

Эрбек телефонни тез текшириб кўрди ва "келмабди" деб қўйди

– Хўш, унда нима қиламиз? Қушхонага келган қўйдек ўтираверамизми?

– Шунинг учун нима қилиш кераклиги ҳақида яхшилаб ўйлайлик. Масалан, мен манави автобусни ҳайдаб кета оламан, – деди Ашурали.

– Эҳ-ҳе, ишлар жиддийга ўхшайди-ку, йигитлар, – деди Бекзод ҳайрон. Қизлар қўрқиб "Вой ўлмасам!" деб юборишди.

– Биз аввал анави икки ўғриваччадан қутилишимиз керак. Улар ишимизга халақит қилишади, – деди Эрбек.

– Нима таклиф қилмоқчисиз? – Нариги автобусдаги одамларимизни қаёққа олиб кетилганини ҳайдовчилар яхши билишади. Уларнинг тили бир. Анави мижозлар уларнинг "харидорлари"га ўхшайди. Телефон орқали уларни ўша ерга чақиртирган ҳам бўлиши мумкин.

– Оббо ифлос-ей. Нима қилсак экан-а?

– Аввало, анави икки йигитни ушлаб, боғлаб ташлаймиз. Кейин ҳайдовчи иккисини боғлаб, олиб кетишимиз керак. Уларни "ФСБ"га топширамиз.

– Ким у "ФСБ" деганингиз?

– Россия федерал хавфсизлик хизмати. Қозоғистон чегарасигача етиб олсак бўлди. Бу ер жуда яқин.

– Сизнингча, автобус ҳақиқатан ҳам бузуқми?

– Йўқ. Менимча, ҳамма жойи соз. Козим атайин шундай қилаётганга ўхшайди.

– Менда бир таклиф бор, – деди Эрбек.

– Қандай таклиф?

– Автобусни ҳайдаб қочамиз. Ортимиздан ҳайдовчилар чопишади. Сиз шошилмай кетаверасиз. Уларни тоза чарчатамиз, сўнгра тўхтаб, таппа босамиз. Анави йигитчалар ўрмонда қолаверишсин.

Ашурали ўйланиб қолди ва "маъқул" деди ниҳоят. Улар чуқурликдан аста чиқишди. Икки йигит кўринмасди.

– Уларни юкхонага қамаймиз. Устахонадан арматуралардан олволинглар.

– Мен бир жойда сим ўрами кўрдим. Қўл-оёқларини шартта боғлаймиз.

– Ҳа, айтмоқчи. Ўша ерда ёнғинга қарши воситалар ҳам бор. Сизлар болта, ёнғин ўчиргич, найза, курак ва симни олинглар-да, автобусга чопинглар. Мен бориб иложи бўлса, уни юргизиб тураман.

– Кетдик! – деди Жамшид.

Ашурали етиб борганида Ниёзбек бўш ўриндиқлардан бирида оёғини чиқариб олиб хотиржам мизғирди.

Козим орқа томонда мотор капотини очиб олган, у ҳам бамайлихотир ўзича хиргойи қилиб, латта билан моторни артарди.

– Ҳорманг, шофёр ака, қалай бўляпти? – деди Ашурали тўсатдан. Ҳайдовчи бир чўчиб тушди ва хушламай "Бўлади", деб қўйди.

– Бир юргизиб кўрмаймизми-а, поршенларининг овозини эшитиб кўрармидик, – деди Ашурали.

Чунки йўлга чиқишдан олдин мотор бир оз қизиб олиши керак эди. Бу ҳам вақтни олиши мумкин.

– Майли, – деди у истар-истамас ва ўша ердан туриб моторни ўт олдирди.

Ашурали шерикларини кузатди. Улар қўлларида қўлбола қуроллар билан автобусга чиқиб олишди. Ниёзбекни уйғотиб юбормасликка ҳаракат қилишди. Эрбек қўлидаги симни бўлак-бўлак қилиб буклаб синдира бошлади. Фарида сумкасидан шарфини олди, бу ҳам жиноятчиларни боғлаш учун хизмат қиларди. Уни пардоз-андоз қутичасидаги қайчи билан қирқиб, узун икки бўлакка бўлди ва ўрмон томонга нигоҳ ташлади. Чунки у ердаги икки йигит ҳамласига қарши тайёр туриши керак эди.

Автобус мотори қизиди. Ашурали ҳайдовчини гапга солиб атайин бошини қотирмоқда эди. Эрбек Жамшидга ишора қилди. Жамшид ёнғинга қарши кураш воситаси бўлган илгакли найзани, Эрбек сим ва Фарида узатган боғлоғични олди.

Жамшид ҳайдовчининг бўйнига найзани кутилмаганда тиради. У чўчиб бошини капотга қаттиқ уриб олди.

– Јиринг десанг, бошингни моторга босаман, – деди Жамшид. – Қўлингни орқага қил!

Ҳайдовчи кутилмаган бу ҳаракатдан қўрқиб кетди ва айтганини бажарди. Эрбек дарҳол унинг қўлларини сим билан ўраб-чирмади.

– Мен юкхонани очаман. Оғзини ҳам боғланглар, – деди Ашурали ва калитни олгани чопди. У калит ҳайдовчининг ўриндиғи ёнида туришини яхши биларди. Аммо Ниёзбек уйғониб кетди.

– Ҳой, нима қиляпсиз? – деди.

– Козим акам айтдилар, юкхонада ниманидир олиш керак экан. Узр, дамингизни олаверинг, ака, – деди у.

Ашурали кетгач, дераза орқали ортидан қаради. У юкхона қопқоғини очди. Бир нима юкланди, шекилли, автобус қаттиқ қимирлаб қўйди. Аммо шериги бу нима эканини англаёлмади.

Навбат Ниёзбекга келганди. Ашурали бериги юкхонани очди.

– Уни ичига олиб кириб боғланглар. Икковларинг юкхонага кириб олинглар. Сиз оғзини боғлайсиз, сиз Жамшид, қўлини. Кейин сўроқ қиламиз. Хўш, тайёрмисизлар?

Улар "Ҳа" дегандай ишора қилишди.

– Жамшид, қўлидан ушлаб шарт тортиб оласиз. Мен орқасидан итариб юбораман. Ишни тез бажаринглар, хўпми? – деди Ашурали.

Машина мотори юриб турар, аммо бу маҳалда юкхонанинг нариги қисмидан Козим боғланган оёқлари билан тепиб дупурлата бошлади. Ашурали Ниёзбекнинг олдига келди.

– Ҳа, тинчликми, нима дупурлаяпти? – сўради у.

– Биз ўрмондан бир буғу боласини ушлаб олувдик. Шуни жойладик. Сизни Козим акам чақиряптилар.

– Ҳай, тинчликмикан? – деди у ва ҳеч қандай шубҳага бормай очиқ турган юкхона олдига борди.

– Қанилар?

– Ичкарида.Ҳайдовчи энкайиб қаради. Ашурали уни ичкарига итариб юборди. У бошини уриб олиб бақирди. Эрбек унинг оғзига, Жамшид қўлига, Ашурали оёғига ёпишди. Аммо у Ашуралининг юз-кўзига қарата жон ҳолатда тепиб юборди. У орқага ағдарилиб тушиб лойга беланди. Ўрмон томонга қараганди, узоқда йўлдан келаётган икки йигитга кўзи тушди. У юкхона эшигини шартта ёпиб қулфлади-да, салон ичига чопди.

Сўнгра автобусни юргазди. Мотор капоти ҳам очиқ қолаверди. Қоронғи юкхонада бўлса, икки йигит ҳайдовчининг шериги билан жиққа мушт бўлишарди. Икки йигит орқадан етиб олмасликлари учун Ашурали автобусни жон-жаҳди билан ўнқир-чўнқирга ҳам қарамай ҳайдади. Ниҳоят, "Тўхтанг!" дея бақириб-чақириб ўғри йигитлар ортда қолиб кетишди. Ашурали шу тобда қарияларнинг ҳай-ҳайлашини ҳам ва ҳеч қандай гап-сўзни ҳис этмас, гўё кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб қолганди. Кўп ўтмай торроқ, лекин текис асфальт йўлга чиқиб олди. Энди машинани тўхтатиш ва шерикларини юкхонадан чиқариб олиш лозим эди. Шунинг учун ўрмон четидаги сўқмоқлардан бирига бурилиб тўхтатди.

– Ҳой бола, бу нима қилганинг? – дея пешонасини ушлаган ҳолда ихраб қичқирди Низомхўжа. – Нима, бизни ўлдирмоқчимисан?

– Тоға, ҳаммасини кейин тушунтириб бераман, мен ҳозир, – деди у ва юкхона калитини олиб тез тушиб кетди.

Юкхонада иккинчи ҳайдовчи беҳуш ётар, Жамшид билан Эрбек бўлса, бошларини чангаллаб ўтиришарди.

– Ҳаммаси жойида, тоға, – деди Бекзод.

– Ай, что случилось?! – дея хавотирли қичқирди Алёна.

– Объясните, что это такое?! – қичқирди Демир дегани.

– Шофёры хотели нас продать. Они оказывается предатели.

Автобусда шовқин, тўполон бошланди.

– Успокойтесь! Сейчас всё объяснят! – қичқирди Бекзод.

– Анави иккаласи орқамиздан қувишди. Нима гап?

Йигитлар юкхонадан чиқиб келишди. Уларнинг юз-қўллари тимдаланган, қонталаш эди.

– Ишқилиб, ўлиб қолмасмикин?

– Э, йўқ. Ўзиям отдай кучи бор экан.

– Ҳа, мениям боплади, – деди Ашурали башарасини кўрсатиб. Унинг бир кўзи қизариб, атрофи кўкариб кетганди.

– Анави акани кўрайлик-чи, – деди Ашурали.

Козимнинг оғзи боғлиқ бўлгани учун кўзларини катта-катта очиб инқиллаб ётарди. Бу пайтда аввал Бекзод, сўнг Низомхўжа, Демир ва Алёна автобусдан тушиб келишди.

– Ё астағфируллоҳ! Бу нима қилиқ? – сўради Низомхўжа ҳайрат билан.

– Ана, ўзидан сўранг, айтиб беради, – деди Ашурали ва Эрбекка оғзини бўшатинг, деб ишора қилди.

– Тфу!.. Қўлимни еч, ярамаслар! – қичқирди банди.

– Хўп, ечамиз. Аммо нариги автобусдаги одамларни қаерга олиб кетишганини айтасан! Уларни кимга сотдинг?!

– Айтмасанг, ҳозир тўғри бориб "ФСБ"га топширамиз.

– Мен билмайман. Биз келишдик. Улар одамларни чегарадан олиб ўтиб, Шуманайкада ташлаб кетишади, – деди.

– Мана, "СМС" олдим. Уларни алдаб сотибсизлар. Кейин, автобусингиз аслида бузилмаган эди. Сиз буни атайин қилдингиз. Буниям исботлаб бераман! – қичқирди Ашурали.

– Ё алҳазар! Ростдан ҳам шунақа қилишибдими-а? – таажжубланиб сўради ҳожи бобо.

Бу пайтда автобусдан тушиб келаётганлар Ашуралининг телефонини бир-бир қўлларига олиб Айбике юборган нохуш хабарни ўқишарди.

– Ўлдириш керак бу ифлосларни! – қичқирди Эшқул.

– Йўқ, уларни суд қилиш керак.

– Аввал юртдошларимизни топиб беришсин!

– Уларни полицияга топширайлик, – деди Демир.

Бир-икки йигит жаҳли чиқиб ҳайдовчиларни оёғига тепа бошлашди. Қўйиб берса, қон қақшатиб дўппослашга ҳам тайёр эдилар.

– Тўхтанглар! – бақирди Низомхўжа. – Унақа қилманглар. Булар ҳам ўз юртдошларимиз, мўмин-мусулмон одамлар.

– Мусулмон бўлишса шунақа иш қилишадими?

– Аввал чегарадан ўтиб олайлик. Ҳақиқатан ҳам ҳамроҳларимиз у ерда бўлишмаса, кейин полицияга ё ўзимизнинг милицияга олиб бориб топшираверасизлар. Булар ҳар бир йўловчи учун жавоб беришади ҳали.

– Бўлмаса, юкхонада кетаверишади. Автобусни мен ҳайдайман, – деди Ашурали.

– Чегарада ҳарбийлар бу аҳволни кўришса нима бўлади? Ўзлари ҳайдай қолишсин.

– Йўқ, ота. Бу хавфли. Ифлосларга ишониб бўлмайди. Бизни олиб қочишса-чи?

– Қаёққаям боришарди?!

– Бунинг шериклари бор. Уларга тўхтаб, бизниям гаровга олишса нима бўлади?

– Йўғ-е. Ё астағфируллоҳ... – таажжубланди мўйсафид.

Ана шундай узоқ тортишувлардан сўнг автобусни Ашурали ҳайдайдиган ва айлана йўллар билан Қозоғистонга ўтиб борадиган бўлди. Уларнинг тақдирини Айбикедан келадиган жавоб ёки Шуманайкадаги вазият ҳал этарди. Ҳайдовчиларга нисбатан бўлган шубҳа ва гумон тобора ортиб, йўловчиларнинг асаби таранглашиб борар, барчанинг юрагини ваҳима босганди.

Еттинчи боб

ИСЁН

Ташландиқ кондаги йўловчиларнинг аҳволи тобора оғирлашиб борарди. Иш оғир, бундай вазият ҳеч кимнинг етти ухлаб тушига ҳам кирмаганди.

Конда, ер остида ишловчи юртдошлар кўп экан. Тинкаси қуриган, руҳан ва жисмонан эзилган, ватанга қайтишдан умидларини узган одамларнинг аҳволи оғир эди. Темир қозиқлар билан метиндан қаттиқ тошларни уриб синдиришар ва аравачаларга юклаб, рельсли йўлдан ташқарига олиб чиқишар, ташқаридаги ташландиқ бино ичида метин билан ёки улкан пресс қурилмалар тагига қўйиб, янчишар, бошқа гуруҳ одамлар ва тасодифан тутқунликка тушиб қолган аёллар, ҳаттоки болалар уюм бўлакларини яна ҳам майдалаб сув бўйига ташиб келишар, ғалвирларга солиб ювишарди. Бу ишлар қуролланган ва қўлида резина таёқ тутган бир гуруҳ назоратчилар кузатувида амалга ошириларди. Топилган ҳар бир олмос бўлакчаси зудлик билан олиб қўйилар, ишдан сўнг эса ишчиларнинг кийим-кечаклари, ҳатто таналари тинтиб чиқиларди.

Мабодо олмос бўлакчаси яшириб қолингани маълум бўлса, ўша айбдор итдай калтакланарди. Теварак-атроф тиканли сим билан ўралган ва ботқоқлик бўлиб, автомат тутган ниқобли соқчилар томонидан қаттиқ қўриқланар, қочиб кетишнинг иложи йўқ эди. Эвини қилиб қочганлар бўлса атрофдаги ботқоқликларда, кимсасиз ёввойи ўрмонда нобуд бўларди. Бу ерга фақат битта йўл – ботқоқ устига ётқизилган сузувчи понтон йиғма кўприги келган бўлиб, керак пайтда уни тезлик билан йиғиштириб олиш мумкин эди.

Зайни, Жўшқин ва бошқалар ишнинг бу даражада оғирлигини тасаввур ҳам қилишмаганди. Улар дастлаб олиб келинган жой бу фақат улар тилидаги "фильтр", қўпол қилиб айтилганида "қул бозори" эди, холос. "Қисиқ кўз" бошчилигидаги гуруҳ одамларни овлаб тўғри шу ерга келтиришар ва мижозлари билан очиқ савдо қилишарди.

Гого бу сафар бақувват, яхши "моллар" келганига амин бўлди. Одатда одамларни ур-сур, йиғи-сиғи билан мажбуран олиб келишарди. Лекин бу сафаргиларнинг меҳнат қилишга иштиёқманд эканлигига амин бўлди. Шу туфайли уларни енгилроқ тош майдалаш цехига ташлади. Бошлиқ улар орасидан ўзига назоратчилар танлаб олишни режалаштирди. "Осиёликлар ўз юртдошларини яхши гап билан, урмай-сўкмай ҳам ишлата олади. Яхши ҳақ олишса, менга содиқ бўлишади. Уларга барибир, пул учун ҳеч нимадан тойишмайди", деб ўйларди.

Шамсия билан Хуморанинг нозли қарашлари бошлиқ ва унинг ёрдамчиларини қизиқтирмай қолмади. Бундай ҳолатларда одатда қизлар гўё имтиҳон топширгандай аввало бошлиқнинг тўшагидан ўтишар, маъқул бўлганини зериккунича олиб юрар, кўп ҳолларда эса биринчи кечадаёқ яхши топилма топган назоратчиларга тортиқ қилиб юборарди.

Аҳволни тушунган Шамсия билан Хумора тақдирнинг бу ўйинидан танг қолишди. Аслида юқтириб олган касалликларидан қутулиш бир муаммо эди. Буниси ортиб тушди ва уларга жуда алам қилди.

– Биласанми, Шамсия, қилган гуноҳларимиз учун худонинг ўзи бизларни жазолаяпти. Бошқалар қатори ўз юртимизда юраверсак бўларди-ку. Ҳозир, эҳтимол, оила қуриб биттадан болали бўлармидик, – деди Хумора тушкун кайфиятда.

Кеча тунда яримлаб қолган вискидан алам билан қуйиб ичаркан, Шамсиянинг кайфи ошиб борарди.

– Пешона-да, дугона. Биз барибир ўламиз. Ўладиган жонга маишат қилиб юрибмиз-да. Нима қипти, подумаешь...

– Унақа дема, Шамси. Яшашимиз, даволанишимиз керак. Бизга бошқа эркаклар билан бўлиш мумкин эмас, ахир.

– Бу ердагилар одам эмас. Уларнинг ҳаммасини йўқ қилиш керак. Бизнинг ўз "қуролимиз" бор, – деди Шамсия ва хохолаб кула бошлади. Фақат Хумора келиб бир тарсаки туширганидагина у ўзига келди.

Айбике кўримсиз бўлгани боис унга ҳеч ким эътибор бермади. Уни ҳам кўпчилик аёллар қатори тош ювишга қўйишди. Улар шундай қаттиқ назорат остида эдиларки, телефон қилиб олишга ёки "СМС" юборишга ҳам имконият йўқ эди. Ниҳоят, тунда Ашуралидан келган хатни адёл ичида ўқиди ва умид пайдо бўлди. У ўзларининг тутқунда эканликларини яна ёзиб маълум қилмоқчи бўлди, аммо ток манбаи аллақачон тугаб бўлган ва уни баракда қувватга тўлдиришнинг имкони йўқ эди. Бунинг устига, унинг тўшагини ҳам олмос яширмадимикан, дея ағдариб тинтув қилишганида телефонни топиб олишди ва пачоқлаб ташлашди. Бошига резина таёқ билан уришганди, ҳушидан кетиб йиқилди. Бу ҳақда эшитган Шамсия ва Хумора чопиб етиб келишди.

– Сволочи! – сўкинди Шамсия ўзини босолмай.

– Ўлиб кетгурлар! Қиз болага кучинг етдими? Сенлар эркак эмассан! – дея қичқирди Хумора ҳам.

– Буларни ҳали онасини кўрсатиб қўямиз! Қўй, Айбике, хафа бўлма. Биз булардан қасдимизни оламиз ҳали, – деди Шамсия кўзлари ёниб.

Айбикенинг бошини боғлаб қўйишди ва унга чой дамлаб беришди.

– Хумор, мен кеча бир муҳим нарсани билиб олдим.

– Хўш-хўш?

– Уч кундан кейин Гогонинг туғилган куни экан. Бу дегани тоза маишат қилишади. Фурсатдан фойдаланиб қолишимиз керак.

– Қанақа қилиб? Нима, "қуролингни" ишлатмоқчимисан? – деди Хумора кулиб.

Davomi bor

O‘xshash hikoyalar

Adashgan avtobus (kamolov)

Нилуфар ҳар сафар катта йўл ёқасидаги зилол суви шиддат билан отилиб турадиган артезиан қудуғи ёнига борганда, челагини қўйиб, йўлнинг қарши тарафига умид билан боқади. Отасини кутади. Мана, қарийб тўрт йил бўлибдики, шу аҳвол.

Adashgan avtobus 2 (kamolov)

Аммо Бекзод ва Барно ишга келган жой улар ўйлаганчалик қулай эмасди. Бу ерда – ертўлада, қонунийми ё ноқонунийми, асосан кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариларкан. Чиройли офис идорасида паспортларини "Бизга шартнома тузиш…

Adashgan avtobus 3 (kamolov)

Nabijon hoshimov asari Нилуфар мириқиб кула бошлади. Жамшид сол рулини ушлаб олганича гўё бахшилардек завқ билан қўшиқ айтарди. Аммо у бир пайт ҳазил қилгиси келди шекилли, аста мусиқа созини ўзгартирди, бироқ "ишни…

Adashgan avtobus 5 (kamolov)

– Жа соддасан-да, Хумор, қара, булар қанча юртдошларимизни азоблашаяпти. Бизлар ҳам адашганмиз. Йигитларимизни қара, бари келишган, девқомат. Улар ҳам адашишган. Нима, бундай хўрланмай, ўз юртимизда бирор ишлар қилишса бўлмасмиди?

Adashgan avtobus 6 (kamolov)

Бекзод касалванд ва мотамсаро Барнони қолдириб, мўйсафид билан бирга жўнади. Станция бу ердан ўн километрча жойда экан. Аммо ўша ҳолатда улар ҳеч қачон бундай масофани пиёда босиб ўтолмас эдилар.

Adashgan avtobus 7 (kamolov )

Дилнознинг тўй куни белгиланди. Бу муддат яқинлашган сайин Гулноз орқаси куйган товуқдай типирчилаб қолди. Чунки қимматбаҳо гарнитур мебели ҳали олинмаганди. Ўша кунлари унинг калласига ажойиб бир фикр келиб қолди…