Ertak.top

Adashgan avtobus 5 (kamolov)

– Э, йўқ, тушунмадинг.

– Ҳаммасининг қўйнига бирдан кириб чиқолмайсан-ку.

– Сен билан биз асосий раҳбарларни жазолаймиз. Уларни итдай ичиришга ҳаракат қилишимиз керак. Иложи бўлса, бошқа қизларгаям бу ҳақида айтиш керакмикан?

– Нима учун?

– Қочамиз!

– Нима?!

– Эшитганинг.

– Соқчилар бору.

– Уларни йигитларга топширамиз. Бирдан ҳужум уюштиришади.

– Отиб ташлашади-ку!

– Таваккал қиламиз. Пешонаси ярқирагани ўлмай бу ердан қутулиб кетади. Наилож, уруш қурбонсиз бўлмайди.

– Нима, биз улар билан уришамизми?

– Жа соддасан-да, Хумор, қара, булар қанча юртдошларимизни азоблашаяпти. Бизлар ҳам адашганмиз. Йигитларимизни қара, бари келишган, девқомат. Улар ҳам адашишган. Нима, бундай хўрланмай, ўз юртимизда бирор ишлар қилишса бўлмасмиди?! Нима бўлса ҳам сен билан биз уларниям, ўзимизниям қутқаришимиз керак.

– Ҳа, тўғри айтасан. Худо хоҳласа, шу ердан эсон-омон қутулиб кета олсам, бу юртларни елкамни чуқури кўрсин. Борибоқ худодан мени кечиришини сўраб, беш вақт намоз ўқий бошлайман.

– Аввал даволанишимиз керак, – деди Шамсия.

– Эмне, сиздер аурумисиздер? – тўсатдан сўради ўзига келиб қолган Айбике.

– Э йўқ, ҳалиги... – дея тараддудланди Хумора.

– Менда ўсимта бор, – деди Шамсия Хуморага маъноли қараб.

– Менда саратон, – деди Хумора жўнгина.

– Мени эжем ауруб жатыр. Ул ададын қабар алгени барам, – деди Айбике кўзлари жиққа ёшга тўлиб.

– Қўй, йиғлама. Бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Ҳали кўрасан, қутулиб кетамиз.

– Ойингнинг олдига тезроқ боришни истасанг, бизга ёрдам бер, – деди Шамсия.

– Қандай жардем?

– Бирга келган йигитларимизга хабар етказасан.

– Яхшиси, Зайни билан Жўшқин биз билан учрашсин.

– Қашан? Қайге?

– Тунда биз бандмиз-ку.

– Ҳозир бориб шу ерга чақирса-чи?

– Яхши бўларди. Бора оласанми, Айбике?

Айбике шарт ўрнидан турди. Қочиб қутулишга бўлган умид гўё қизга қанот бағишлаганди. Апил-тапил кийинди-да, ташқарига чиқди. Шамсия ҳайрон қараб қолди ва кулиб қўйди:

– Анавини қара, ким уни ҳозиргина калтак еган, дейди?

Ҳадемай Зайни билан Жўшқин кириб келишди. Қизлар ўз ўринларида пешоналарини боғлаб, худди беморлардай ётишарди.

– Ҳа, тинчликми? Нима, сизларниям дўппослашдими?

– Дўппослашса майли эди. Ҳар ёғимиз дабдала, – деб қўйди Шамсия пичинг қилиб.

– Нега чақирдинглар? – сўради Зайни бир оз жаҳли чиқиб.

Шунда Хумора уч кундан кейин Гогонинг туғилган куни экани ва шу муносабат билан қочишни уюштириш мумкинлигини тушунтирди.

– Биз бу ёқдан ҳужумга ўтамиз, сизлар у ёқдан, – деди Шамсия.

– Яхши. Зўр ўйлабсизлар, қизлар. Мен санаб чиқдим, қуролланган ўн тўрт соқчи бор. Одамлар қийналиб кетишибди, сал ишорани кутишаяпти.

– Тушунарли. Келишдик бўлмаса, – деди Зайни совуққина.

– Айбике орқали хабарлашиб турамиз.

– Ёзма равишда бўлса яхши бўларди.

– Хуллас, кенгашиб, фикрларингни айтинглар.

– Келишдик. Кетдик, Жўшқин. Бу ерда кўп қолмайлик.

– Яхши қолинглар, қизлар.

– Эҳ, шундай йигитларимизнинг қадрига етмабмиз-да, дугон, – деб қўйди Шамсия ҳазил қилиб.

Йигитлар қизариб-бўзариб чиқиб кетишди. Аммо баракдан чиқишлари билан бошлиқларнинг ўткир нигоҳига дуч келишди.

– Сенлар бу ерда нима қилиб юрибсанлар?!

– Қизларимизни мазаларини қочириб қўйибсизлар-ку. Энди уларни эр олмайди.

Назоратчи деразадан қараб, "ҳа, буларми?" дегандек кулиб қўйди.

– Бор жойларингга тез! Бу ерда бошқа кўрмай! – дея ўшқирди.

– Бизга нонни кўпроқ беринглар, тўймаяпмиз, – деди Зайни атайин.

– Хўп-хўп, айтаман. Жўналаринг!

Орадан икки кун ўтди. Зайни билан Жўшқин Шамсияга учрашиб келишаётиб яна Гогога дуч келишди.

– Ҳа, нима қилиб юрибсанлар?

– Тўймаябмиз, овқат беринг, – деди Зайни.

Гогонинг жаҳли чиқди.

– Сенларнинг ғаминг фақат овқат ейиш экан-да-а? – деди ижирғаниб.

– Ахир бугун байрам-ку, хўжайин, – деди Зайни кулиб.

– А? Қанақа байрам?

– Туғилган кунингиз!

Гого соқчилар томон ҳайронлик билан нигоҳ ташлаб олди.

– Қаердан биласан?

– Эрталаб хўрознинг қичқириши бошқача эди. Кайфиятингиз яхши.

– Ҳаҳ! – деб юборди Гого ва хохолаб кулиб юборди.

– Оббо сен-ей! Яхши-яхши. Хўш, паловни ким қилиб беради?

– Мен.

– Хўп... Қирқ кишига тайёрлай оласанми?

– Ўн кило гуруч ҳеч гапмас. Керак бўлса, юз килони ҳам эплайман.

– Оббо сен-ей! Бўлмаса бундоқ қиламиз, қирқ килони ишчилар учун, ўн килони меҳмонлар учун алоҳида тайёрлайсан. Келишдикми?

– Келишдик. Фақат менга уч-тўрт ёрдамчи керак.

– Хоҳлаган одамингни олавер.

– Қозон бошига бир-икки шиша ароқ ҳам берарсиз.

– Оббо айёр-ей! – деб қўйди бошлиқ кўрсаткич бармоғини нуқиб.

– Соғлиғингиз учун олмасак бўлмайди-да, хўжайин.

– Бўпти, газагига Кларани юбораман, адабингни беради. Ошхонага боравер, – деди у ва нари кетди.

Зайни севиниб кетди. Бугун палов бўлишини эшитган кўпчилик ишчиларнинг кайфияти кўтарилди. Кўпларнинг палов емаганига бир неча йил бўлганди.

– Клара дегани ким бўлди экан-а, Жўшқин? – деб сўради у шеригидан.

– Ким бўларди, ҳалиги "қисиқ кўз"да. Энангни кўрасан энди.

– Уҳ! – деб қўйди Зайни муштумини сиқиб. – Мана шу қиз бир қўлимга тушса эди, дабдаласини чиқазган бўлардим.

– У "чёрний пояс", ҳазиллаша кўрма.

– Мен унга ҳали "пояси"ни кўрсатиб қўяман.

– Режамизни бузиб қўйма тағин.

– Ҳа-ҳа, яхши эслатдинг. Аввал уни тинчитиш керак. Бўлмаса, ўнтамиз ҳам бас келолмаймиз.

– Ақлни ишлат. Ошхонага Айбикени, кейин анави сомсапаз, ошпаз акаларни чақириб ол. Яна чаққонроқ Садирни ҳам. Ёдингда бўлсин, – деди у у ёқ-бу ёққа қараб олиб, – тунги соат ўн иккида...

– Тушунарли, қоринниям яхшилаб тўйдириб олишимиз керак, олис йўл! – деди Зайни ва ўнг қўлининг беш панжасини Жўшқиннинг беш панжасига уриб қўйди-да, Айбике, Садир, Халил ва Хидирни ёнига чорлади.

* * *

Ўша куни тутқунларга илк бор ош берилди. Юрт таомини кўриб ва қорни тўйиб баъзилар кўзларига ёш ҳам олди.

Паловдан мамнун бўлган Гого ошхонага бир яшик ароқ жўнатдириб, таомдан соқчиларга ҳам элтиб беришни буюрди. Бу айни муддао эди. Садир зудлик билан янгиликни Жўшқинга етказди. Жўшқин бақувват-бақувват йигитларни ажратди-да, уларга нима қилиш кераклигини тушунтирди.

Топшириқ шундай эди: "Ошхонадан юборишди. Бошлиқнинг соғлиғига қиттай олар экансиз", деб бир патнисга ош, газак, бир шиша ароқ, стакан ва қошиқ олиб борилади. Соқчи қуролини қўйиб, уни ейишга тушганида пайт пойлаб ортидан (ёки вазиятга кўра) бошига тошмайдалагич болға билан уриб, беҳуш қилинади. Сўнгра уст-бошларини кийиб, қуролини олиб, ўрнига турилади. Тунги соат 12:00 да навбат алмашгани борган соқчи ҳам гаровга олинади. Аммо буйруқ бўлмагунича қуролдан фойдаланилмайди. Асирлар бошқа йигитлар томонидан боғлаб ташланади. Сўнгра эгалланган қуроллардан фойдаланиб, Гогонинг бошқа одамлари бир-бир қўлга олинади. Охирги ҳужум соат 12:00 да соқчилар алмашган пайтда катта залга уюштирилади. Сўнгра барча асирлар боғланиб, бир жойга қамаб қўйилади-да, одамлар машиналарга чиқарилиб, йўлга тушилади.

Режа айтишга осон эди. Аввало баъзи соқчилар "Кел, сен ҳам мен билан қиттай ол", "Бўпти, қўйиб кетавер, жўна!" дейдиганлари ҳам, "Тўхтаб тур, идишни олиб кетасан", деб қуролини қўймай, борган йигитни рўпарасига ўтқазиб қўйганлари ҳам бўлди. Жўшқин мана шундай ҳолатни ҳам ҳисобга олиб, таом олиб кетган йигит ортидан яна бошқа йигитларни ҳам жўнатиб турди. Натижада кўп ўтмай тўртта қурол қўлга кирди. Ош ҳам бегона бўлмади.

* * *

"Қисиқ кўз"нинг ошхонада бир шиша виски билан пайдо бўлиши Зайни учун айни муддао эди.

– Ув-в, шунақа ҳунарим ҳам бор, де.

– "Йигит кишига қирқ ҳунар оз" деганлар.

– Сендан Гого жуда хурсанд.

– Сен-чи?

– Мени ниманг билан хурсанд қила олардинг?

– Ажойиб қизсан. Сени ёқтириб қолдим.

– Комплиментинг ёмонмас.

– Паловдан еб кўрдингми?

– Йўқ.

– Ма, татиб кўр, – деди Зайни қошиқ билан гўшт бўлакчасини қўшиб озгина ошни қизнинг ғунчадек лабига тутди.

Ширакайф Клара уни еб кўрди ва таъми ёқди шекилли, кўзларида учқун порлади ва "Ещё хочу" дея нозланди. Зайни катта ликопни олиб, сергўшт қилиб сузди.

– Вой, намунча кўп?

– Бирга еймиз. Мен ҳам очман.

– Ресторанингни алоҳида хонаси борми ўзи?

– Йўқ.

– Бўпти, кетдик бўлмаса. Ичимлик мендан.

Улар меҳмонлар учун тайёрланган четдаги алоҳида хонага боришди. Клара бақувват йигит бўлган Зайнини бир "имтиҳон қилмоқчи" бўлди. Зайни кўринишдан тўпори бўлгани билан гап-сўзлари жойида эди.

– Мен сени анавиларга ўхшаган "тупой" бўлсанг керак, деб ўйловдим, – деди қиз биринчи қадаҳни уриштира туриб.

– Тўғри, "тупой" эдим. Лекин сенинг нозик қўлларингдан калтак егач, ақл-ҳушим ўзига келди.

Бу гап Кларага ёқди чоғи, "Топишганимиз учун" дея кулиб, қадаҳдагини ютиб юборди. Зайни ҳам қизишиб олди.

Қиз овқатдан кўп емади. Сигарета чекиб, калта юбкали сонларини чалиштириб, юмшоқ ўриндиққа суянди. Зайни навбатдаги қадаҳни тўлдирди ва "жуфт қилайлик" дея ичди-да, товоқдаги барча паловни паққос туширди. Клара сигарета чекаркан, унинг овқат ейиши ва бақувват жуссасини айёрона кузатиб турди.

– Бўпти, энди дам оламиз. Мен душ қабул қилай, – деди у эснаб.

– Яна биттадан уриб олайлик, – деди Зайни шоша-пиша.

– Кейин орқамни ишқаб қўясан, хўпми?

– Бўлди. Гап йўқ! – деди Зайни ҳаяжон билан ва девордаги соатга кўз ташлаб олди.

Тўққиз бўлибди. Ташқарида, катта зал томондан элас-элас мусиқа садолари келарди. Роҳатбахш душ уларни бағрига олди...

...Клара қотиб ухлаб қолди. Зайни аста ўрнидан турди-да, қизнинг оёқ-қўлларини қандай боғлаш ҳақида ўйланиб қолди. Чунки у уйғониб кетса, Зайнининг дабдаласини чиқариб, еган ошини бурнидан келтириши турган гап. Йигит буни тасаввур қилиб чўчиб кетди. Агар имконият қўлдан бой берилса, ишлар бошқача тус олиши ва ҳозирги режаси барбод бўлиши ҳам мумкин.

Йигит тузукроқ боғлоғич тополмади ва қўллари титраб вискидан бўшаган шишани қўлига олди. "Кечир мени, Клара. Сен ҳақиқатан ҳам ҳусн-жамолда тенги йўқсан. Аммо тарбиясизсан, кўп гуноҳ ишлар қилиб келгансан. Эҳ, сен кимнингдир яхшигина ёри, севимли хотини бўлишинг мумкин эди. Ҳозир бўлса душманимсан. Сен менинг неча-неча юртдошларимни хўрлаяпсан. Сен жазога лойиқсан", – дея хаёлан ҳайқирди-да, қизнинг бошига қарата бир туширди. Қиз типирчилади ва тепмоқчи ҳам бўлди, аммо тўшак халақит қилди. Ҳушидан кетди. Зайни аввал унинг оёғини ўз камари билан, бир қўлини бўлса қизнинг юбкасидаги, иккинчисини сумкачасининг камари билан каравот оёқларига яхшилаб боғлади. Сўнгра тез кийиниб ташқарига отилди. Аммо унга бир соқчи хитоб қилди:– Ҳой, сен қаёққа? Бу ерда нима қилаяпсан?

– Клара биланман. Сигарета керак эди. Топиладими?

– Топилади. Икки дона етадими?

– Етади.

Соқчи ёнини кавлаштираётган маҳали Зайни унинг бўйнига икки зарб туширди. Сўнгра қуролини тортиб олди-да, қўндоғи билан бошига туширди. Хаёлига бир фикр келди. Соқчи ўзига келиши мумкин. Шунинг учун уни тез судраб Кларанинг олдига олиб кирди. Ечинтирди. Қизнинг ёнига ётқизди ва улар устига тўшакни ташлади-да, қуролни олиб чиқиб кетди.

Ўша тунда деярли барча ишлар кўнгилдагидек кечди. Аммо аввал келган йигитлардан икки киши ҳалок бўлди. Барча қочиш ишларига бош-қош бўлган Хумора ва Шамсиялар ҳам бу дунёни тарк этишди.

* * *

Кайфи ошган Шамсия қочиш операциясининг кўнгилдагидек ўтиб бораётгани учунми, ёхуд разолат устидан ғолиблик нашидасиданми, ҳар ҳолда қасд олаётганини ошкора намойиш қилиб ҳаётдаги адашганлик аламини Гого ва унинг гумашталаридан олмоқчидек, уларнинг устидан мириқиб кулмоқчи бўлди. У гандираклаб Гогонинг ёнига келди-да, сўнгра ароқ тўлдирилган қадаҳни қўлига тутди. Ҳамманинг эътиборини ўзига қаратиб гўё қадаҳ сўзи айтмоқчидай бўлиб, қўлини баланд кўтарди. Бу пайтда ароқхўр каззоблар ҳар қаерда бир-бирлари билан аралаш-қуралаш, маст-аласт ағанаб ётишарди. Шамсия қўлидаги ароқ тўлғизилган қадаҳни ерга бир уриб синдирди ва тантанавор равишда даврадошларга қарата рус тилида қичқирди:

– Сенлар ҳамманг ифлос, зўравонсанлар! Одамларни хўрлаб, устларидан кулмоқчи бўлаяпсанларми, ҳали! Мана!.. – деди у беҳаёларча бош бармоғини ўрта ва кўрсаткич бармоқлари орасига олганча кўрсатиб. – Сенлар одам эмас, чиркин мавжудотсанлар!

– Йўқотинглар бу манжалақини! – бақирди Гого ранги гезариб.

Икки бақувват соқчи унга ёпишди. Судраб четга олиб кетишаркан, қиз бор овози билан қичқирарди:

– Сен ҳамманг спидсан, спид!

– Бас қил! – дея қичқирди Гогонинг Чумак исмли ўринбосари қучоғида ўтирган Хумора.

– Тўхта! – қичқирди Гого. – Нима деяпти у? Қанақа спид? Ким спид?!

– Биз сенларга юқтириб бўлдик! Энди онангни кўрасанлар! – дея беҳаёларча қичқирди Шамсия ва хохолаб кула бошлади.

– Қўйвор уни! – дея қичқирди Чумак ва Хуморани қучоғидан итқитиб ташлади.

Чумак ёнидан тўппончани чиқарди-да, тўсатдан Шамсияга қарата ўқ узди. Ўқ еган Шамсия юз тубан гурсиллаб йиқилди. Қотил "Вот тебе, спид!" деб қўйди. Хумора қўрққанидан эшик томон қочди. Унинг ортидан ҳам ўқ отилди. Лекин тегмади. Аёллар қий-чув кўтаришди. Чумак Хуморани қува кетди. Гого ва баъзилар бўлаётган воқеадан қотиб қолишганди. "Ростдан ҳам юқтириб олган бўлсам-а" деган нохуш ўй уларни хавотирга солиб қўйганди. Изтиробда жон ҳовучлаб қочган Хумора бир баланд қирғоққа келиб қолди ва ўзини сувга ташлади. Аммо у ер сув эмас, гази чиқиб турган ботқоқлик эди. Чиркин замин уни ўз бағрига тортиб кетди.

Қизнинг ортидан тўппонча отиб чиққанини кўрган Жўшқин пайт пойлаб туриб Чумакка ташланди. Тўппончасини олиб дўнг пешонасига боплаб бир туширди. Бу билан меҳмонхонага томон ҳужумни бошлаб берди. Базми жамшид барҳам топди. Кўп ўтмай Гого, унинг тансоқчилари ва меҳмонлари шахта исёнчиларига таслим бўлди. Зайнининг буйруғи билан барча йиғиштириб олинган қуролларнинг затворлари ва ўқдонлари ботқоқликка итқитилди ёки тош билан пачоқланиб яроқсиз ҳолатга келтирилди. Қўлга олинган қулдорларнинг оёқ-қўллари боғлаб чиқилди. Ҳамма бандилар бир хонага қамаб қўйилди. Гогонинг киссасидан сейф калити олиниб, бандиларнинг ҳужжат ва пуллари қўлга киритилди. Пул ҳар бир кишига, жумладан, қурбон бўлганлар учун ҳам тенг тақсимланди. Сўнгра машиналарга чиқишиб, жаҳаннамни тарк этишди. Юздан зиёд гастарбайтерлару турли юмуш билан келиб, зўравонлик билан олиб кетилган кишилар сиқилишиб ўтирган машиналар понтон кўприги орқали ўтиб, она юртлари сари равона бўлдилар.

Эртасига бу ерни ФХХ аскарлари эгаллашди. Улар вертолётларда етиб келишди, аммо жиноятчилар билан жанг қилиш бу сафар уларга насиб этмади. Чунки кимлардир уларни қуролсизлантирган ва боғлаб кетганди.

* * *

Россиянинг бепоён ва қалин ўрмонлари ичида ва умуман, қишлоқдаги эски "Пазик"идан бўлак замонавий русумдаги автобусни умрида ҳайдамаган, жой харитасини билмайдиган Ашурали панд берди. Йўлнинг бир бурилиш жойида "Змеиногорск" деб ёзиб қўйилган йўл белгиси кесилган дарахт буталари судраб олиб ўтилаётган пайтда тегиб қийшайиб қолгани учунми, автобус поёнсиз ва кимсасиз ўрмон ичра адашиб кетди. Ёғилғи тугаган. Ёқилғи қуйиш шахобчаси ёки аҳоли яшайдиган манзил учрамасди. Йўловчилар қоп-қора ўрмонда сувсиз, оч ва ночор, совуқда дийдираб қолиб кетишди. Қоронғиликда ўтин-чўп қидириб олов ёқишди. Ҳаво янада совиди. Ёмғир аралаш ёғаётган қор энди ҳақиқий қор бўронига айланди. Шу сабаб олов ҳам тузук ёнмади. Захирадаги бор озиқ-овқатлар ўртага йиғилди. Кимдадир сухари, бир парча қотган нон, шоколад ва ул-бул чиқди. Уларни ўртада баҳам кўришди.

Имкон даражасида ўртада пул ҳам йиғилди. Ҳайдовчилар Козим ва Ниёзбек ҳеч қачон бундай аҳволга тушмаган эдилар. Йўловчилар олдида юзлари шувит бўлди. Уларнинг оёқ-қўллари бўшатилиб салон ичкарисига ўтқазиб қўйилди. Йўлкира учун олган пулларини Ашуралига тутқазишди.

– Бунга бензин, озиқ-овқат сотиб олинглар. Бирор йўловчи таксини ушлаб, у билан бензин, ичимлик ва егулик, иложи бўлса, биттадан адёл ҳам топиб келинглар, – деди Ниёзбек.

Жамшид билан Эрбек йўлга отланишди ва тонгга яқин қайтишди. Қирқ литр ёқилғи сотиб олишибди. Буханка нон ва консервалар келтиришибди. Адёл топиша олмабди. Умуман, Шуманайкага етиб келиш учун яна уч кун вақт кетди. Улар иттопмас йўллардан юришди. Яхшики, ҳаво совиб, лойли йўллар музлади. Машина ғилдираги тинмай шиқирларди. Кибриё хола, Барнонинг гўдаги ва бир неча нимжонроқ йигитлар шамоллаб қолдилар. Саидвафо ҳам баъзан йўталиб оларди. У йўл сафарига чиқишдан бир ҳафта аввал сил касаллиги шифохонасида даволанган эди. Биринчи дуч келган дорихонадан йўловчиларга дори-дармон харид қилишди. Холанинг аҳволи ёмонлашди. Бир жойда "Тез ёрдам" ҳам чақиришга тўғри келди. Аммо Қозоғистоннинг бу чет жойларига ҳадеганда келавермади. Уч соат бетоқат кутишди. Асаблар таранглашди.

Шифокорлар керакли муолажани қилиб, шифохонага ётқизишмоқчи бўлишди. Аммо юртга қайтиш иштиёқи устун келиб, айниқса, Кибриё хола инқиллаб-инқиллаб эътироз билдирди:

– Йўқ, болам, бегона юртларда бир бало бўлиб қолмайин тағин. Нима бўлсаям ўз уйимда, ўлан тўшагимда бўлай. Автобусни тезроқ юргиза қолинглар. Менга ҳеч қанақа касалхонанинг кераги йўқ...

– Бошқалар кетаверишади. Биз сиз соғайиб кетганингиздан сўнг кетамиз, – деди Жамшид.

– Йўқ. Нима бўлсак, бирга бўлайлик, кўпчиликдан ажралмайлик, жон болам.

Шундай бўлса-да, автобусдагилар беморнинг аҳволи яхшиланишини бир сутка кутишди. Кутишнинг бошқа яна бир нохуш сабаби ҳам бор эди, албатта. Ашурали беихтиёр ҳамманинг соғлиги ва таъминот ишига масъул шахсга айланиб қолди. Жамшид ва Эрбек унинг ёрдамчилари эди. Қаҳвахонага кириб, умумий пул ҳисобидан овқатланишди. "Тез ёрдам" биноси ёнига қўйилган автобусда яна бир кеча тунаб қолишга тўғри келди. Яна совуқ, яна азоб билан тонгни кутиш...

Гап шундаки, кўпчилик ҳожат учун мазкур саломатлик муассасаси ҳовлисига ўтиб келишган бўлишса-да, икки йигит улардан ажралиб, бошқа тарафга боришди. Аммо у жой ички ишлар бўлинмасига тегишли ҳудуд бўлиб, қозоқ милицияси томонидан қаттиқ қўриқланар экан. Албатта, икки бегона йигитнинг бўлинма теварагида уймалашларидан шубҳаланиб, уларни зудлик билан қўлга олишди. Ҳужжат талаб қилишди. Бирида паспорт бўлиб, иккинчиси ҳужжатсиз эди. Уларни маҳкама биносига олиб кириб, аввалига темир эшикли камерага қамаб қўйишди. Сўнгра "Кимсан? Қаердан келгансан? Нима учун чегарани буздинг? Ички ишлар ҳудудига нима сабабдан кирдинг? Террорчимисан? Шерикларинг ким? Ким сенларни бу ерга юборди? Гапир, қаерни портлатмоқчисан?!" каби сон-саноқсиз саволлар ва дўқ-пўписалар билан ҳар иккиси алоҳида-алоҳида сўроқ қилинди. Айниқса, паспортсиз Зоҳир исмли йигитга жабр бўлди. Уни дўппослашди ҳам ва бўйнига жиноятчи деган тамғани илмоқчи бўлишди.

Уларнинг қамалгани тонгга яқин маълум бўлди. Икки милиция ходими ҳақиқатни аниқлаш мақсадида Тўлқин исмли гастарбайтер йигитни қўллари кишанланган ҳолда автобус олдига бошлаб келди. Суриштирув, сўроқ-савол янада авж олди. Ҳужжатлар текширилди. Автобус тинтув қилинди. Ҳайдовчиларнинг ҳужжати қайтариб берилмади ва паспортсизларни ҳам олиб кетишди. Бу нохуш жараёндан қутулиш учун ниҳоят ўртадаги пулнинг ҳаммасини пора сифатида беришга тўғри келди.

Автобус Шуманайкага кириб борганида яна оқшом чўкканди. Улар энди пулсиз ва оч эдилар. Нариги автобусдагиларнинг келган-келмаганлиги ҳақида суриштиришди. Лекин уларни ҳеч ким кўрдим демади. Бу ҳол ҳайдовчи Козим ва Ниёзбекка нисбатан шубҳа-гумонни яна орттирди. Ашурали бошчилигидаги йигитлар ҳайдовчиларнинг ҳужжатларини яна тортиб олиб қўйишди.

– Ҳой, нариги автобусдагилар қани? Уларни топиб беринглар! – дея ўшқирди Жамшид.

Автобусдагилар ҳаммалари уларни ўртага олишди.

– Билмаймиз. Улар аллақачон уйларига етиб боришгандир, – деди Козим.

Йигитлардан бири нариги автобусдагилардан иккитасининг уй манзили ва телефонини иш юзасидан қайд этган экан. Почтага кириб қўнғироқ қилиб сўраладиган бўлди. Аммо телефон ҳақини тўлаш учун ҳам пуллари қолмаганди. Жамшид оператор қизга соатини ечиб берди. Ниҳоят, боғланишди. Бироқ йигитларнинг Россиядан ҳали қайтмаганлиги маълум бўлди.

– Тўғрисини айтинг! У автобусдагиларни қаерга олиб кетишди?! – сўради Ашуралининг хуноби ошиб. – Агар тўғрисини айтмасанглар, сизларни ҳозир милицияга топширамиз. Ҳаммамиз имзо қўйиб, гувоҳлик берамиз. Сизлар одамфурушларсиз!

– Билмаймиз, ўлай агар! – деди Ниёзбекнинг ранги бўзариб.

– Ҳой, менга қара! – деди Жамшид унинг ёқасидан олиб. – Айтмасанг, шу ерда ўлигинг қолади, тушундингми?!

– Тўхтанглар! – деди тўсатдан Козим. – Менда Арсеннинг телефон рақами бор.– Ие, нега шуни эртароқ айтмадинг? Тез қўнғироқ қил! – қичқирди Эрбек.

Бир оз гудокдан сўнг ниҳоят нариги автобус ҳайдовчиси Арсеннинг овози эшитилди. Козим унинг овоз кўтаргичини ёқиб, атайин барчага эшиттириб сўзлаша бошлади:

– Алло, Арсен. Мен Шуманайкага келдим. Қани менинг пассажирларим?!

– Улар ишлашаяпти, – деди Арсен бемалол.

– Қанақа иш? Ахир, улар йўлда, уйларига кетишаётганди-ку!

– Қаёқдан билай, ўзлари хоҳлашди. Пул ишлаб кейинроқ бораверамиз, дейишди-да.

– Қаерда? Қайси ташкилотда?

– Бир ташкилотда-да. Мен уларни ташлаб қўйиб кетавердим.

– Ҳой Арсен! Мен билан ҳазиллашма! Биз сенинг машинанг рақамини ёзиб олганмиз. Кейин бир йигит сенларни тўлиқ видеога ҳам олиб қўйибди. Сен улар учун жавоб берасан ҳали. Сени ушлаб келиб улар топилмагунча, биз бир қадам ҳам кетмаймиз. Бу ерда қирқ кишимиз, авлод-аждодинггача қириб келамиз, тушундингми?

Арсен бир оз жим қолди. Сўнг сал қалтираброқ овозини хириллатиб тилга кирди:

– Хўп, ошна. Мен сенга уларнинг қаерда ишлаётганини маълум қиламан. Лекин сен менинг айтганим тўғрисида бировга миқ этмайсан, келишдикми?

– Эркакча гап! Бировга айтмайман, ишонавер!

– Похотний деган посёлка томонда, ботқоқликдан иборат ўрмон ичидаги бир оролсимон тошли ташландиқ шахта бор. У ер илгари олмос кони бўлган.

– Похотний деганинг қайси томонда?!

– Каливандан юз километр шарқда. У ерга биров боролмайди, қаттиқ қўриқланади. Менинг пешонамга тўппонча тираб мажбур қилишди. Ахир, нима қилай?... Бўпти, омон бўл, ошно, гапим тамом!

Бу сўзларни ўз қулоқлари билан эшитган аҳли жамоа танг қолишди.

– Демак, Айбике тўғри айтган экан-да, – деди Ашурали ачиниб.

– Энди нима қилдик? – сўради Эрбек.

– Ё астағфируллоҳ, бу нимаси? – дея бошини сарак-сарак қилди Низомхўжа.

– "ФСБ"га зудлик билан хабар беришимиз керак! – деди Жамшид.

– Қаерда у идора? – сўради мўйсафид.

– Чегара постига боришимиз керак. Чунки Арсен айтган жой Россия ҳудудида.

– Бўлмаса, нима қилиб турибмиз. Тезроқ бора қолайлик. Уларни қутқарайлик, ўзимиз ҳам тезроқ юртимизга қайтайлик. Аёллар, кейин анави гўдак жуда қийналиб кетишди.

– Ҳа, тез автобусга ўтиринглар, бўлмаса. Пост бу ерга унча узоқмас, – деди Козим.

– Рулга ўзингиз ўтирақолинг, – деди Ашурали.

Шимол томон йўлга тушишди.

– Бундай қиламиз. Сиз тоға, ана Козим ака, мен, Жамшидбек тўрталамиз кириб чегарачилар командирига маълум қиламиз. Улар "ФСБ" билан боғланишади, нима дедингизлар? – сўради Ашурали.

– Маъқул, – дейишди қолганлар.

– Фақат илтимос, чегаранинг бошқа жойидан ўтдик, деманглар, – деди Ниёзбек аралашиб. – Гап кўпаяди.

– Ҳа, умуман автобусимиз тўғрисида ҳам айтишимиз шарт эмас, – қўшиб қўйди Козим.

Шундай қилинди. Ариза ёзилиб, имзо қўйилди. Лекин улар бу маҳалда олмос конида юз берган воқеалардан бехабар эдилар.

* * *

– Улар Уст-Каменогорск орқали кириб келишади. Ўша ёққа бориб кутиб ола қолайлик, – деди Ашурали.

– Шундоқ ҳам бензинимиз тугаб бораяпти-ку. Пулимиз ҳам йўқ.

– Бўлмаса, улар қутқарилганини қаердан биламиз?

– Ҳа, тўғри, ўғлим. Уларни мусофир жойларга ташлаб кетиб бўлмайди. Бечораларнинг аҳволи қандай экан? Ишқилиб, соғ-омонмиканлар! Ух-ух-ух... – деб қўйди Низомхўжа ачиниб.

– Давайте, поехали. Они же сами доберутся, – деди Саидвафо ҳам ниҳоят тилга кириб.

Йўл азоби, очлик ва совуқ индамас чолни ҳам тилга киритганди.

– Правильно! Эй, поехали-а! – дея қичқирди Алёнанинг тоқати тоқ бўлиб. – Или верните наши деньги, мы сами уедим.

– Да. Кто желает, поехали, – деди Демир дегани ҳам.

– Ну что, эй шофёр! Кого ждём?!

– Те пассажиры. Они же в Уст-Каменогорск приедут.

– Когда?! Откуда ты знаешь, что приедут или нет? Давай-давай, поехали, эй!

– Тоға, кетаверайлик. Бўлмаса, биз тушиб қоламиз. Бу аҳволда гўдагим нобуд бўлади-ку, ахир! – дея тўсатдан йиғлаб юборди Барно.

Автобусда баҳс бошланди. Йўл азоби кўпчиликнинг жонига текканди.

– Бўпти, – деди ниҳоят Козим ва киссасидан икки юз доллар чиқарди. – Бу менинг охирги пулим. Бўлмаса, сизларни бошқа автобусга чиқариб юбораман. Хоҳловчилар мен билан қолишлари мумкин. Мен Уст-Каменогорскка бориб, нариги йўловчиларни кутаман. Бу менинг бурчим.

– Мен қоламан! – деди Эрбек.

– Мен ҳам, – деди Ашурали.

– Мен ҳам қолсам майлими? – сўради Фарида Эрбекка қараб.

Эрбек буни кутмаганди, тоғни толқон қилгандай хурсанд бўлиб кетди.

– Майли, гангир-гунгир қилиб юрамиз-да, – деди Эрбек кулиб.

Низомхўжа ва Саидвафолар ҳам қолишди. Жамшид Ниёзбек билан питакка бориб киракаш автобуслардан бирини гаплашди. Автобус эскироқ эди. У билан уч юз долларга келишишди. Ниёзбек ҳам киссасидан юз доллар чиқариб қўшиб берди. Шундай қилиб, ўттизга яқин одам оддий автобусда юрт чегараси томон йўлга тушишди. Низомхўжа ортларидан дуо қилиб қолди. Эрбек Жамшид билан телефон алмашишди. Ашурали ҳайдовчининг телефон, автобус рақамларини ёзиб олди.

Ҳайдовчининг исми Рудик эди. У татарга ўхшарди.

– Мен тушунмадим, сизлар ҳаммаларинг Россиядан келаяпсизларми ўзи? – сўраб қолди у бир пайт.

Йигитлар бош ирғашди.

– Бўлмаса, нега бу томондан келдинглар?

– Бошқа жойдан ўтиб келдик, – деди Шерқул эҳтиётсизлик қилиб.

– Қаердан?

– Жуда узоқ, номини билмаймиз.

– Нега у ёқдан ўтдинглар? – сўроқда давом этди у.

Шерқулнинг ёнидаги Зоҳир "Эҳтиёт бўлиб гаплаш", дегандай бир туртиб қўйди. Ҳайдовчи ойна орқали буни сезди. Шерқул жавоб бергиси келмай "Ўзимиз шундай...", деб қўя қолди. Ҳайдовчини бу жавоб қониқтирмади ва ўзича хаёлга толди: "Демак, буларда контрабанда бор. Қизиқ, нима экан? Булар ниманидир яширишаяпти. Эҳтимол, пуллари кўпдир", деди у ва машинани ҳайдаб бораркан, ойна орқали барча йўловчиларни бир-бир кузатиб чиқди. Йўловчилар ниҳоят иссиқ автобусда ватанларига қайтиб кетаётганларидан кўнгиллари кўтарилган ва хушчақчақ гурунглашиб келишарди.

Бекзод ва Барно, Кибриё ва Нилуфарларни салоннинг охирига жойлаштиришди. Кибриё холани узун ўриндиққа ётқизиб, устидан адёл ташлаб қўйишди. Гўдакни ҳам бир ўриндиққа ётқизишди. Низомхўжа бор пулига егулик олиб берди.

* * *

Саидвафонинг феъли ҳам бир оз мусофирчилик, йўл азобини тортгач, ўзгаргандай бўлди. У кутилмаганда чўнтагида асраб келаётган икки юз доллар пулини Ашуралига узатди. Ёшлар чапак чалиб юборишди. Бу пул, ёқилғи ва озуқа учун етарли эди. Низомхўжа унинг елкасига қоқиб:

– Аталадан суяк чиқди, – деб қўйди.

– Не понял, – деди Саидвафо.

Ниҳоят, Уст-Каменогорск шаҳрига етиб келишди ва Қозоғистон – Россия божхона пости томон бориб, чегарадан ўтиб келаётганларни бир оз кузатиб туришди. Тик туриб гуммахўрлик ҳам қилишди. Аста ўтиб кетаётган автобуслар, юк машиналари ва енгил автомобилларни узоқ вақт синчиклаб кузатишди. Аммо ҳеч бир таниш қиёфа кўринмасди. Оқшом чўкиб, совуқ кучайди. Фарида дийдираб қолди. Эрбек уни автобусга чиқариб келди, адёлга ўраб қўйди. Сўнгра ҳайдовчиларнинг термосига чой дамлатиб, бирга чой ичишди.

– Нима, шунақа қилиб ўтираверамизми?

– Бирор соат кутсак керак. Келишмаса, кетаверамиз.

– ФСБ уларни қутқарармикан?

– Улар вертолётда боришади. Ўрмон ичида йўл ёмон экан, кўрдингиз-ку.

– Уф-ф... – деб юборди қиз. – Қачон уйимизга етиб оларканмиз-а, беш кундан бери йўл юрамиз.

– Анавилар билан кетаверишингиз керак эди. Нега кетмадингиз?

Фарида Эрбекнинг қора кўзларига меҳр билан боқди. Нигоҳлар тўқнашди. Эрбек ҳамон савол назари билан қараб турарди. Қизнинг қўлларини ушлади.

– Ҳой, нима қилаяпсиз?

– Музлаб қолибди-ку, – деди йигит қайноқ кафтларининг орасига олиб "куҳ-куҳлаб" қўйди.

Бу ҳаракат қизга ёқди, шекилли, қўлларини тортиб олмади.

– Бўпти, сиз мусиқангизни эшитиб ўтиринг, – деди Эрбек ва кета бошлади.

– Эрбек ака, сиз қаёққа? – сўради қиз.

– Бир хабар олайин-чи.

– Йўқ. Кетманг, – деди қиз илтижоли оҳангда.

Йигит қайтиб келди ва беихтиёр қизнинг юзига кафтини қўйди.

– Вой, нима қилаяпсиз? Боринг, кетинг!

– Йўқ, – деди йигит энди кетгиси келмай.

– Анавилар сизни кутиб туришибди, ахир. Уларни топайлик, тезроқ кетайлик.

– Хўп, – деди Эрбек ва меҳр билан қизнинг оёқларини адёлга ўраб қўйди-да, автобусдан тушиб кетди.

Фарида Эрбекнинг ортидан қараб қолди. Эрбек ва бошқалар чиқиб келганида, у ухлаб ётарди.

Тоқатлари тоқ бўлиб фақат эндигина ортларига қайрилган маҳалигина "Ҳой, ошна!" деган Жўшқиннинг овози янгради. Таниш-нотаниш йигитлар бирин-кетин божхонадан чиқиб кела бошлашди. Ҳаммалари гўё эски қадрдонлардай қучоқ очиб кўришиб кетишди. Тантанавор равишда Зайни ҳам пайдо бўлди.

– Бу бизнинг қаҳрамонимиз. "Қисиқ кўз" устидан ғалаба қозонди, – деди Жўшқин кулиб.

– Ҳа, дабдаласини чиқаздим, – деди Зайни оғзи қулоғида.

– Ким у "Қисиқ кўз" деганларинг?

– Каратэчи Клара, "чёрный пояс".

– Пояс-мояси йўқ экан, ечиб кўрдим, – деди Зайни.

Кулги кўтарилди.

– Хаҳ, хайрият, эсон-омон келдингларми, ишқилиб?

– Қани, каретага марҳамат! – қичқирди Козим.

– Наҳотки, бизни беш кундан бери кутаётган бўлсанглар?

– Ҳа, албатта. Ҳайдовчи ҳеч қачон ўз йўловчиларини қолдириб кетмайди-да, – деди Ашурали атайин баланд овоз билан.

– Наҳотки, яна тахтачамизда кетсак?

– Йўқ, бу сафар "люкс, супер-салон".

– Нима, қолганлар кетишдими?

– Ҳа. Бошқа автобусда.

– Ишқилиб улар ҳам қаллобмасмикан? Ҳозир "Йўлда учрагандан қоч!" дейдиган замон бўлиб қолибди.

– Э, йўғ-а, бу ёғи бир қадам қолди-ку.

Йигитлар автобуснинг аҳволи, орқа ойнанинг йўқлиги ва унинг ўрнига адёл тутиб қўйилганини кўриб ҳайрон бўлишди, ухлаётган Фаридани кўриб, ҳалок бўлган қизларни эслашди.

– Отахон, анави иккита яхши кийинган қизларимиз бор эди-ку.

– Ҳа-ҳа, чиройликкина.

– Ўшалар нобуд бўлишди.

– Ё астағфируллоҳ! Омин, охиратлари обод, жойлари жаннатда бўлсин! – деди Низомхўжа.

Бу пайтда барча пассажирлар чиқиб бўлишганди. Фарида уйғонди. Низомхўжа ўтганларнинг руҳи покларига бағишлаб Қуръон тиловат қилди.

– Жасадларини нима қилдинглар?

– Бири ботқоққа чўкиб кетибди. Иккинчисини ўша ерга кўмиб, тошдан қабр қилиб келдик.

– Уйидагилар хабар топдимикан?

– Бориб хабар берамиз-да.

– Нима, ёмон жойга тушиб қолдингларми-а?

– Ҳа. Айтишга тил ожиз.

Автобус йўлагига ҳам тахтачалар қўйилиб, ташландиқ олмос конидан илгарироқ тасодифан тушиб қолиб, қутулиб қайтган бошқа йигитларни ҳам чиқариб олинди.

– Йўлкирангиз неча пул, амаки? – сўради улардан бири.

– Имкониятларингизга қаранглар. Бензин билан овқат пулига қарашворсаларинг, бас. Бермасанглар ҳам майлига. Ўзиям оналарингни кўриб қолибсизлар, чамаси.

– Ҳа. Жаҳаннамдан қайтаяпмиз, амаки.

– Кўрар кунимиз бор экан-ку, – деди бошқа йигит.

– Ҳе, қуриб кетсин бу Россия дегани-е, – деди бир аёл қарғаниб. – Оч қолсак ҳам, юпун бўлсак ҳам ўз юртимиздан қўймасин экан!

– Чиқаверинглар, ёпишиб-ёпишиб ўтираверинглар. Орқа ойна йўқ, совуқроқ.

– Майли, қанақа бўлсаям етиб олсак бўлгани. Бу томонларни елкамнинг чуқури кўрсин!

– Қани, дуо қилинг, отахон. Жўнадик бўлмаса!

Низомхўжа ва барча йўловчилар қўлларини дуога очишди:

– Илоҳи омин, гўзал ва осойишта юртимизга кўз тегмасин! Ҳар кимга ҳам ўз юртини обод қилиш, ўз юртида, ўз фарзандлари бағрида тинч-тотув яшаш насиб қилсин! Йигит кишини бировга хор, душманга зор қилмасин, бемаҳал ўлимдан худонинг ўзи асрасин. Йўлимиз бехатар бўлсин, бешикаст, беталофот ватанимизга етиб олайлик!

ЯНА ТУТҚУНЛИК

Жамшид ва Бекзодлар ўтирган автобус Жамбул сари кетиб бораркан, Рудик ойна орқали барча йўловчиларни синовчан кузатиб борар, уларнинг божхонадан ўтмай айланма йўл билан келаётганлари ва илгари Олтой ўлкасининг ўша чет жойларида олмос, нефрит конлари бўлгани унинг шубҳа ва қизиқишини янада орттирарди.

Тилла конида ишлаган бўлсалар ўғирлик мол билан чегарани бузиб ўтишгандир, деган ўйга борган шофёр овқатланиш баҳонасида бир кафе олдида тўхтади.

– Ким хоҳласа, тушиб тамадди қилиб олаверсин. Ярим соат турамиз! – деди мизғиётган йўловчиларга қарата.

Лекин деярли ҳеч ким чурқ этмади. Бу ҳол ҳайдовчининг эътиборини янада жалб қилди. "Тушгилари келмаяпти. Демак, юкларини қўйиб кетгилари йўқ", деб ўйлади. Йўловчиларнинг ёнида ҳеч вақолари йўқлиги учун тишларининг кирини сўриб келаётганларидан у хабарсиз эди.

Рудик кафе ортига ўтиб кетган бўлди-да, уяли телефонида кимгадир қўнғироқ қила бошлади. У бир қамоқдош жангари дўсти билан хаёлига келган ғайриоддий тафсилотлар ва шубҳали "контрабанда" ҳақида тўлқинланиб, узоқ гаплашди. Ниҳоят, бир қарорга келишди. Демак, таклиф этилган жойга йўловчиларни олиб бориб, божхонадагилар қилмаган ишни қилишади.

Рудик ўз йўловчиларини берироқдан туриб худди ўғри мушукдай зимдан кузатди. Машинадан деярли ҳеч ким тушмади, ҳеч ким овқатланмади. Шу маҳал телефон жиринглади. Ўша дўсти Аслан экан.

– Алло, Рудик.

– Ҳа, эшитаяпман.

– Хуллас, мен ҳозир Улус билан гаплашдим. Машинангни Четовулдаги қўрғонга олиб борасан. Мен бу ердан ҳозир уч-тўртта йигитларимни олиб ўтаман. Ишқилиб, анави айтганинг бор гапми?

– Менимча, бир нима бор. Мана, ҳозир уларга "Овқатланишга тушинглар, ярим соат тўхтаймиз", дедим. Лекин бирортасиям миқ этмай, юкларини маҳкам қучоқлаб ўтиришибди, – деди у Ансора ва Аслиянинг мизғиётган ҳолатларини кўз олдига келтириб.

– Майли, таваккал-да. Мабодо ёнларидан ҳеч вақо чиқмаса, менда бошқа бир вариант ҳам бор.

– Қанақа вариант?

– Ҳар биридан минг доллардан, аёллардан беш юз доллардан талаб қиламиз.

– У ҳам бўлмаса-чи?

– Бўлмаса, Тошкентдаги яқинларига қўнғироқ қилишади. Айтган пулни такси орқали юборишади. Қалай таклифим?

– Яхши, келишдик. Лекин ҳаммаси гўё тасодифан юз бериши керак. Менга ҳам дўқ-пўписа қилавер, уриб-дўппосласанг ҳам майли. Лекин кейин товониниям қўшиб тўлайсан.

– Бўпти, бўлмаса, ишни ўзаро уришишдан бошлай қолайлик. Сен менга ўшқирасан. Мен бўлса, сенинг ёқангдан оламан. Ҳаммаси табиий бўлади.

– Каскадёрлик қилар эканманда-а?

– Ҳақини олганингдан кейин қиласан-да.

– Неча фоизи меники бўлади?

– Йигирма. Бўладими?

– Кам-ку, жўра.

– Биз ахир тўрт кишимиз. Улус билан олтита. Мен ҳам йигирма оламан, қолганларга ўндан. Нима дейсан?

– Бўпти, қўлни ташла.

– Қўлинг йўғ-у!

– Э-ҳа, ахир бу телефон-ку.

* * *

Моторга мой қуйиб олиш баҳонасида Улуснинг қўрғонига кириб борилди. Қўрғон баланд девор билан ўралган, дарвозаси ланг очиқ эди. Рудик сигнални чалди. Ҳеч ким кўринмасди. Яна узоқ чалди. Аслан писта чақиб бир хонадан чиқиб келди. "Ҳа, нима керак?!" дея ўшқирди. Бу пайтда дарвоза сезиларсиз беркилиб орқасидан қулфланди ва юзига қора ниқоб таққан тўрт барзанги қўлларида таёқ билан пайдо бўлишди.

– Мой керак!

– Қанақа мой? – сўради Аслан.

– Қанақа бўларди? Ҳар доимгидек-да.

– Тошингни тер!

– Нима дединг?!

– Эшитмадингми?

Жамшид ва Бекзод ҳушёр тортишди.

– Ҳой, шофёр ака, нима қиласиз у билан пачакилашиб.

– Сен аралашма, тек ўтир! – дея ўшқириб берди Рудик. – Анави ҳезалак пули кўпайиб, одамни менсимай қолибди.

– Ҳой сен, нима дединг? Яна бир қайтар. Ким ҳезалак?!

– Ҳе энанги...

Аслан чопиб келди-да, ҳайдовчи томондаги эшикни очиб Рудикка ёпишди ва уни пастга тушириб, дўппослай кетди. Рудикнинг кийимлари тупроққа беланди. Автобусдаги йигитлар ёрдамга отланишди ва туша солиб ҳар иккисини ажратиб, ҳайдовчини қутқармоққа ошиқишди. Аммо қаердандир пайдо бўлган ниқобли тўрт барзангилар уларни савалаб кетишди. Автобусдаги аёллар қўрқиб чинқиришарди. Нима гаплигини ҳеч ким англолмай қолди. Рудик қаёққадир қочиб қолди. Хуллас, йўловчилар ўласи қилиб калтакланишди. Уларни судраб бир хонага қамай бошлашди. Сўнгра аёлларни ортларидан киргизишиб, устларидан қулфлашди. Қий-чув бошланди. Нилуфар Жамшиднинг устига ўзини ташлади. Унинг чаккасидан қон оқиб, деярли беҳуш ётарди.

– Сизга нима бўлди, Жамшид ака?! Мени қўрқитманг!

Барнонинг гўдаги борлиги ва Кибриё холанинг кексалигини кўриб ҳарҳолда раҳмлари келдими, уларни қоровулхонага олиб кириб "Шу ерда қимирламай ўтирасанлар!" дея дўқ уриб чиқиб кетишди. Аммо Кибриё хола юрагини чангаллаб йиқилди. Чунки унинг кўз ўнгида бўлғуси куёви бўлмиш Жамшидни аямай савалашаётганига ва чаккасидан қон оқиб кетганига кўзи тушганди. "Ах, вой болам!", дея олди хола. Аёлни етаклаб олиб кириб қўйишгач, ўзидан кетди. Барно: "Холажон, сизга нима бўлди? Кўзингизни очинг", дея қичқирди. Сўнгра "Ҳой, ёрдам беринглар, холанинг аҳволи ёмонлашиб қолди-ку!" дея кичкина туйнук орқали қичқира бошлади. Аммо унга ҳеч ким эътибор бермади. Босқинчилар сумкаларни бир-бир очиб бойлик қидиришарди.

Юклардан тузук-қуруқ буюм чиқавермади. Рудик билан Аслан нарсаларни титкилашиб хуноблари ошди. Бўлаётган бу ишларни Барно кўриб анграйиб қолди. Чунки ҳозиргина калтак еяётган ҳайдовчи ҳам худди хўроз гўнг титаётгандай безориларга қўшилиб олганди.

– Ҳеч вақо йўқ-ку! – қичқирди Аслан.

– Ёнларини титкилаш керак! – жавоб берди Рудик.

– Битта-биттадан олиб чиқинглар! – буйруқ берди Аслан.

Қароқчилар биринчи бўлиб Бекзодни судраб олиб чиқишди ва унинг уст кийимларини еча бошлашди. Қаршилик кўрсатмоқчи бўлганди, бир уриб ағдаришди. Бу ҳолатга кўзи тушган Барно ўзидан кетиб йиқилди. Чақалоқ биғиллаб йиғларди...

Қолган йўловчилар ҳам бир-бир олиб чиқилиб тинтув қилинди, дўппосланди. Майда-чуйда тақинчоқ, соат, телефон аппаратларидан бўлак деярли қўлга илинадиган ҳеч вақо топилмади. Унақа буюмларни аллақачон Бадр билан Баҳром тинчитган ёки озиқ маҳсулотлар сотиб олиш учун йўлда алиштириб бўлишганди.

Асланнинг Рудикдан жаҳли чиқди ва унинг "шўр" тумшуғига мушт туширди.

– Аблаҳ, аввал яхшилаб аниқлаб, кейин бизга хабар бергин-да! Вақтимиз бекор кетди. Компенсацияни чўз!

Рудик жағини силаб, киссасидан икки юз доллар чиқариб узатди.

– Бу кам.

– Мени дўппосладинг-ку.

– Ҳай майли. Бу сенга сабоқ бўлсин. Келаси сафар каллангни ишлат, – деди у ва ниқоблиларга қарата қичқирди. – Йигитлар, кетдик! Бу ерда биз қиладиган иш қолмади.

– Мен-чи, мен нима қилай! – сўради Рудик.

– Бу сенинг муаммоинг!

Шундай деди-да, йигитларини олиб Аслан жўнаб қолди. Рудик қўрғон ўртасида улоқтириб ташланган сумкалар, тупроқ билан қориштириб ташланган уст-бош, латта-путталар, инқиллаб ётган, ўтирган ярадор йўловчилар билан танҳо қолаверди.

Жамшид ва икки йигит бундай ғайритабиий ҳолатни жон деб кутиб туришган эди. Довдираб туриб қолган Рудикка дастлаб Жамшид шердек ташланди. Демир ва Тўлқин ҳам қўлларига тушган нарсани олиб унга ёрдамга отилишди ва Рудикни тепа бошлашди.

– Бу ифлоснинг қўл-оёғини боғланглар! – қичқирди Жамшид.

Бошқа йигитлар ҳам қараб ўтиришмади. Сумкалар камарини йиртиб олиб тупроққа беланган Рудикнинг оёқ-қўлларини бир зумда чирмаб ташлашди. Бу ҳолатга узоқдан кўзи тушиб қолган Улус бўлса қочиб қолди.

– Ҳаммаларинг машинага тез чиқинглар! – буюрди Жамшид.

– Ойим, ойим қанилар?! – қичқирди Нилуфар.

Қоровулхона деразаси қаттиқ тақиллади. Бу гўдак кўтарган Барно эди. Жамшид ва оқсаётган Бекзод ўша ёққа томон чопишди. Эшик қулфланган эди. Жамшид уни тепиб синдириб кириб борди ва ерда юрагини чангаллаб ётган Кибриё холага кўзи тушди.

– Хола, сизга нима бўлди?!

Аёл беҳуш ётарди. Жамшид уни кўтариб сўри устига ётқизди.

– Тузукмисиз, дадаси? – йиғламсираб сўради Барно.

– Сенга ҳеч нима қилишмадими? Ёраҳмадга-чи? – сўради Бекзод ва фарзандини шилиниб қонталаш бўлиб кетган қўлига олди.

– Бошимизда шу кулфат ҳам бормиди?

– Кетдик. Бу ердан тез кетайлик! – деди Жамшид.

– Қандай қилиб?

– Автобусни ўзим ҳайдайман.

Йигитлар Кибриё холани остки тўшаги билан замбилга ўхшатиб кўтариб олишди.

– Эҳтиёт бўл, Бекзод.

Нилуфар онасини ётган ҳолда олиб чиқиб келишаётганини кўриб шу томон чопди.

– Вой дод!!! Ойимга нима қилди?!

Унинг фарёди еру кўкни тутиб кетди. Йигитлар ёрдамга ошиқишди.

– "Тез ёрдам" чақирайлик, Жамшид, – деди Демир.

– Йўқ. Чегара узоқ эмас. Бу ифлос жойлардан тезроқ жўнаб қолишимиз керак. Йўл-йўлакай бирор шифохонага ўзимиз олиб кирамиз.

– Болалар, машинага чиқинглар! Холани орқа ўриндиққа ётқизинглар.

– Анавини нима қиламиз?!– Юкхонага юкланглар, бир жазосини олсин!

– ГАИлар тўсса, нима қиласан, Жамшид?

– Тўхтамайман, – деди у рулга ўтириб у ёқ-бу ёғини текшириб оларкан. – Калити қани, калит?! – қичқирди у асабий.

Рудикни юкхонадан яна туширишга тўғри келди:

– Ҳой ифлос, калит қани?!

– Ён киссамда, – деди у яна тепки ейишдан чўчиб.

Унинг киссаларини кавлаштириб, ҳужжатлари ва ўзлари берган пулнинг қолганини ҳам олишди.

– Тезроқ бўлларинг! Ҳалиги шериклари келиб қолиши мумкин! – дея қичқирди Жамшид хавотирлик билан.

Машина двигатели ниҳоят ўт олди. Ҳамма пала-партиш жойлашишди. Тажрибасиз Жамшид автобус ҳайдамагани учун ортга бурмоқчи бўлиб айвон устунларидан бирига зарб билан урилди. Аёллар қичқириб юборишди.

– Ўзи ҳайдашни биласанми, эй! – қичқирди Алёна.

У ҳам юз берган вазиятдан ҳайратда эди.

Жамшид эпчиллик билан ричагни биринчи тезликка қўйиб, жон-жаҳди билан газ тепкисини босган эди, автобус учқур тулпорлардай олдинга ташланди ва қулаётган айвон машинага тегишига бир баҳя қолди. Автобус юриб кетаркан, чанги ортида қулаган айвоннинг шарақлаган овози эшитилди. Демир машина ҳужжатлари ва юкдонни очиб, унинг ичидагиларни бир-бир кўздан кечириб борарди. Оппоқ қозоқи қалпоқ ҳам топиб олди.

– Жамшид, эҳтимол, манавини кийиб оларсан.

– Майли, – деди Жамшид машинани тез ҳайдаб бораркан, қалпоқни кийиб ойнага бир қараб олди.

– Қалай, ярашдими?

– Ҳа! – деди йигитлар.

Ўртадаги нохушлик андак кўтарилгандай бўлди.

– Эҳтиёт бўл, Жамшид. Секинроқ ҳайда. Биринчидан, бетоб холанг бор, иккинчидан, тез ва бетартиб ҳайдашинг маҳаллий милицияда шубҳа уйғотади, – деди Демир.

– Иложи бўлса, катта постларни айланиб ўтишимиз керак.

– Ҳа. Иккинчи даражали йўллардан жануб томон бораверамиз.

– "Москва – Тошкент" поезди юрадиган темирйўл бор-ку, ҳалиги.

– Ҳа-ҳа, нима эди?

– Ўша йўлга етиб олсак, унинг ёнидан кетган текис машина йўли бор. Мен буни болалигимда дадам билан Москвага борганимда кўрганман. Қозоқ даштларидан икки сутка юргандик. Ўшанда йўлни томоша қилавериб зерикиб кетгандим.

– Тўғри, ўша йўлга чиқиб олсак, яхши бўларди. Мабодо машина бузилиб қолгудек бўлса, поездга ўтириб ҳам кетаверардик.

Шундай қилишди. Холани шифохонага олиб киришди. Аммо зотилжам касаллиги хуруж бериб турган маҳали, унинг устига, қаттиқ қўрқиб кетгани учун юраги дош бера олмагани ва шу туфайли вафот этганини айтишди. Уни ўраб-чирмаб ватанга олиб кетишга қарор қилишди. Нилуфар оғир қайғуда қолди.

Бошқаларга ҳам дори-дармон, дўкондан бир оз булка нон, минерал сув сотиб олишди-да, чоғроқ йўлдан темирйўл сари равона бўлишди. Ҳаво тобора совиб борар, изғирин шамол эсарди. Олтой шаҳарчаси ортда қолиб, шувоқлар чийиллаб овоз чиқараётган даштликлар бошланди. Аммо автобус ичи иссиқ бўлгани учун ташқаридаги юз-кўзни очирмайдиган совуқ изғирин йўловчиларга таъсир этмасди. Фақат иккита машина сиғадиган поёнсиз йўл даштлик бағрига тобора сингиб, қарши томондан келаётган машиналар сони камайиб борар, туя боқиладиган қозоқ ўтовлари онда-сонда кўриниб қоларди. Шу зайл юз километрлар юрилгач, оқшом чўка бошлади. Шамол кучайгандан кучайиб, қор тўзони машина ойналарига уриларди. Йўлда бир-икки қўл кўтарган йўловчидан бошқа ҳеч ким учрамади.

– Ҳой Демир, анави Рудикдан бир хабар олиб қўяйлик. Музлаб қотиб қолмасин, тағин.

– Нима, салонга чиқариб оламизми?

– Ўша ифлоснинг башарасини кўргани кўзим йўқ. Қўлларини бўшатиб шу ерга ташлаб кетаверайлик. Машинасини кейин божхона ёнидан олаверади.

– Майли, – деди Демир.

Улар автобусни бир четга олиб машинадан тушишди. Совуқ шамол юз-кўзларини чимдиди. Юкхонани очиб Рудикни тортиб олишди-да, оёқ-қўлларини бўшатишди.

– Мени кечиринглар, бошқа бундай қилмайман. Тавба қилдим!

– Ўчир овозингни, даюс!

Йигитлар яна автобусга чиқишди. Рудик ўзини қолдириб кетишаётганини кейинроқ пайқади.

– Ҳой, мени ташлаб кетманглар. Ахир бу ерда очликдан музлаб ўламан-ку! – қичқирди у.

Жамшид автобусни ўн-ўн беш метр юргизиб тўхтади.

– Демир, анавинга нон бериб қўяйлик. Очидан ўлмасин тағин.

Рудик уюшиб қолган оёғини аранг судраб бир-икки қадам ташлаган ҳам эдики, Демир чопиб келиб қўлига яримта бўлка нонни тутқазди-да, изига қайтди. Эшик қарсиллаб ёпилди.

– Ҳой, у ёққа кетманглар! Йўл йўқ, у ёқда! Орқага қайтинглар, адашасизлар! – дея бақирган Рудик кимсасиз йўл бўйида қўл силтаганича қолаверди.

Қор тобора қалинлашиб борар, аста-секин йўл буткул қор билан қопланиб, унинг йўл экани ҳам сезилмай, белгилар ҳам кўринмай қолди.

– Жамшид, шу ерда тўхтайлик, – деди Демир.

– Нега?

– Бирорта транспорт ўтишини пойлаймиз. Кейин ундан йўлимизни сўраймиз. Бунақада адашиб қоламиз, ёқилғи ҳам оз қолди.

– Ҳа, – деди Жамшид ва бензин кўрсаткичига эндигина кўзи тушиб, эси чиқаёзди. Чунки атиги ўн литрча қолибди.

Автобус тўхтади. Бироқ бир соатлар ҳам турдиларки, бирорта машинадан дарак бўлавермади. Қор бўрони тобора кучайиб борар, двигатель ўчириб қўйилгани учун салон ичи ҳам тез совиб борарди. Йўловчиларнинг ҳаммаси деярли ухлаб қолишди. Фақатгина баъзилар бетўхтов йўталар, Нилуфарнинг "Вой, онам!" дея фарёд чекиб, зорланиши, гўдакнинг қорни очиб йиғлаши жимликни бузиб турарди. Кўп ўтмай оғир чарчоқ ва асабийлашишлар таъсириданми, поёнсиз, оппоқ даштликда кўз тикавериб Жамшиднинг кўзи илинди. У рулга бошини қўйгани ҳолда қаттиқ ухлаб қолди.

* * *

Йўловчилар қанча ухлашди, билишолмади. Автобус ичи жуда ҳам совиб кетган, ойналари музлаб, теварак бутунлай кўринмай қолганди. Гўдак яна биғиллаб йиғлай бошлади. Барно иложсиз эрини уйғотди.

– Ҳой, туринг, дадаси. Музлаб қоламиз-ку!

– Н-нима?

– Совуқда музлаб қоламиз деяпман. Шофёрни уйғотинг, ё жўнайлик, ё печкасини ёқсин.

– Ҳа, хўп, – деди Бекзод ва Жамшиднинг елкасини силтай бошлади. – Ҳой, уйғонинг, музлаб қолдик-ку!

Жамшид аранг ўзига келди. У ширин туш кўраётганди. Тушида қор ёғаётган боғлар ичида Нилуфар ва бир неча болачалар билан қувлашиб қор бўрон ўйнашарди. Кибриё хола уларни кузатиб кулиб ўтирарди.

– Нилуфар, – деб қўйди у.

– Мен Нилуфармас, Бекзодман. Машинани юргизинг, жўнайлик, деяпман.

Жамшид уйқусираб аланглади.

– Қаердамиз ўзи?

– Билмасам.

Жамшид эшикни очмоқчи бўлди. Очилмади. Музлаб қолибди. Елкаси билан бир-икки урганди, очилиб кетди ва ғувиллаб совуқ шамол билан қор уюми урди. Эшикни тезда ёпди.

– Йўл қани?

– Билмасам.

– Қаёқдан келаётгандик, қаёққа борамиз?!

Бекзод ҳайрон бўлди ва асабийлаша бошлади.

– Мен қаёқдан билай. Рул сизнинг қўлингизда-ку, ахир. Билиб-билмай ўтираверадими? Давай, тез бўлинг! Бу ерда совуқда музлаб қоламиз.

– Қаёққа бораман?

– Қаёққа бўларди, таможняга-да!

Мотор ҳам совиб қолибди, аранг ўт олди. Чироқни ёқди, ғира-шира бепоён даштлик, оппоқ қор бўронидан бўлак ҳеч нима кўринмасди. Қор қалинлашгани, теп-текис майдонда йўлдан асар ҳам қолмаган, жануб қаёқда, шимол қаёқдалигини билиб бўлмасди. Жамшид таваккал қилиб автобусни нотекис йўл бўйлаб ҳайдаб кета бошлади. У теварак-атрофга умид билан боқар, бирор йилт этган чироқни ёки қорайиб кўриниши мумкин бўлган иншоотни изларди. Эллик-олтмиш километрча йўл босди ҳамки, ҳеч нарса учрамади. Ёқилғи кўрсаткичи тобора пасайиб борарди. Ҳадеганда тонг ҳам отавермасди. Ниҳоят яна тўхташга тўғри келди. Чунки бензин жуда оз қолганди. Жамшид аввал тонгни қаршилашни, сўнгра бирор чорасини кўришга қарор қилди.

Ниҳоят тонг отди. Шамол тинган, қор эса ҳамон тинмасди. Йўловчилар бир-бир уйғониб оёқларининг чигилини ёзиш учун туша бошлашди. Қор бир қаричдан зиёд ёғибди. Йигитлар қор билан юз-қўлларини ишқаб юзларини ювган бўлишди. Теварак-атроф бир текис оппоқ, бирорта қорайган нарса кўзга ташланмасди.

– Қаёққа келиб қолдик-а? – сўради йигитлардан бири.

– Яхшилаб қаранглар-чи, симёғочлар бормикин? Симёғочлар ўтган жойда албатта йўл бўлади, – деди Жамшид.

– Ҳеч қандай симёғоч кўринмаяпти, адашибмиз, шекилли.

– Энди нима қиламиз?

– Бирор кимса ўтиб қолар.

– Ўтмаса-чи?

– Яхши ният қилайлик.

– Бўлмаса, болалар, ўт ёқайлик. Ҳам исинамиз, ҳам узоқдан бизни кўришади.

– Майли, ҳамма ўтин терсин!

Йигитлар тарқалиб, дўмпайиб турган қор уюмларини титкилай бошлашди. Аммо бир оз шувоқ новдаларидан бўлак ҳеч нима қўлларига илинмади. Бунинг устига, егуликлари ҳам тугаганди.

– Бу ерда яна бир кеча қолсак ҳам очликдан, ҳам совуқдан музлаб ўламиз, – деди Бекзод маъюс.

– Нима қиламиз бўлмаса?

– Пиёда жўнаб темирйўлга етиб олишимиз керак.

– Қанча бензин қолди?

– Ўн километрга етади.

– Бўлмаса, тугагунча юраверайлик.

– Қайси тарафга?

Йигитлар оқаришиб қолган осмон томон боқишди ва қуёшни излашди. Аммо оқиш осмонда қуёшнинг нишонаси сезилмасди.

– Қуёш кўрингунича бир оз кутамиз.

Кимдир тўпланган шувоқлардан аланга олдирмоқчи бўлиб газетани ғижимлаб ёқди. Аччиқ оқ тутун димоқларини қитиқлади. Бу нажот гулханига ўхшаб кетарди.

Бекзод ва Барно асабийлаша бошлашди. Улар гўдакларини нобуд қилиб қўйишдан чўчишарди. Ансора билан Аслия Кибриё холанинг жасади устидаги матони тикишда Нилуфарга ёрдамлаша бошлашди. Уни бирор жойга кўмишга ҳам ҳайрон эдилар. Чунки ер кавлашга асбоб ҳам йўқ. Бунинг устига, ер музлаган, чуқур кавлаб бўлмайди. Иложи борича мурдани ўзлари билан олиб кетишлари керак. Ниҳоят, Бекзоднинг тоқати тоқ бўлди.

– Ҳой, ҳайда машинангни. Бўлмаса, ўзимиз пиёда кетаверамиз.

– Ихтиёрингиз, – деди Жамшид бепарво.

– Нима дединг?! Гўдагимга агар бир гап бўлса, сени ўлдираман! – деди Бекзод ва Жамшидга ташланиб уни дўппослай кетди.

Йигитлар чопиб келиб уларни ажратишди. Асаблар янада таранглашди.

– Бўпти, кетдик! – деди Жамшид.

Яна бепоён оппоқ даштликлар бўйлаб кета бошладилар. Ҳамманинг кўзи деразаларга михланган, гўё ҳозир бирор кимса, машина ёки ўтовга кўзлари тушиб қоладигандай илинж билан боқишарди. "Автобус бензини ҳозир шу ерда тугаб қолса-я, унда нима қиламиз", деган хавотирлик барчанинг хаёлини чулғаганди. Аммо кўп ўтмай шу ҳолат ҳам юз берди. Ёқилғи тугаб, автобус бир-икки силтанди-да, тўхтаб қолди.

– Ҳа, нима гап? – сўради Бекзод шоша-пиша.

– Етиб келдик, – деди Жамшид ва чуқур хўрсинди.

Бекзод нима қиларини билолмай карахт ҳолда туриб қолди ва хотинига қичқирди:

– Барно! Тез бўлинглар, кетамиз!

Барно атрофдагиларга нажот нигоҳи билан қаради-да, кўзлари ёшланди.

– Бошимизда шу кўргулик ҳам бормиди энди? – деб қўйди у ва гўдагини ўриндиққа ётқизиб, тагини қуруқлаш учун оча бошлади.

Аёллар ҳам унга қарашди. Сумкаларини бўшатиб латта-лутта, эски кийимларидан узатишди. Ансора белидаги жун рўмолини ечиб берди. У билан чақалоқни яхшилаб ўрашди.

– Биз ҳам бирга кетайликми? – сўради Аслия шеригидан.

– Э йўқ. Кўпчилик нима бўлса, биз ҳам шу-да...

Бекзод юкларини, Барно гўдагини кўтариб тахминан жануб деб мўлжалланган тарафга кета бошлашди. Йўловчилар уларни оғир нигоҳ билан кузатиб қолишди. Ансоранинг юзларидан дувиллаб ёш тўкилди. Татьяна Алёнага биз ҳам кетайлик, дегандай маъноли қаради. Дугонаси нима деярини билмай ерга боқди.

– Бекзод! Бирорта транспортни учратсанг, бошлаб келинглар, хўпми?! – дея қичқирди Жамшид.

– Хўп! – дея жавоб қайтарди у.

– Ҳамма ўтин-чўп йиғсин! Умуман, ёқадиган нима нарса бўлса, бир ерга тўплайлик!

Барча йўловчилар теварак-атрофга тарқалишди. Оёқлари билан қор дўнгликларини тепишардию кўзлари аланг-жаланг эди. Ўртага бир уюм шувоқ, майда-чуйда ёғоч бўлаклари йиғилди. Автобус юкхонасидан ёқиш мумкин бўлган нарсани олишди. Бўм-бўш пластик идишлар, баклашкалар, резина поликлар ва ҳатто, захирадаги баллон ҳам ҳар эҳтимолга қарши бўшатиб, автобуснинг иккитадан бўлган орқа ғилдираклари ҳам ёқишга мўлжаллаб қўйилди. Бу биринчидан, тунги совуққа қарши кураш чоралари бўлса, иккинчидан, "Бизни қутқаринг!" деган "SOS" белгиси бўлиб хизмат қиларди. Чунки осмондан вертолёт ёки самолётлар ўтиб қолиши мумкин.Бекзод билан Барно узоқ юришди. Ҳолдан тойишди. Оқшом ҳам чўка бошладики, бирор зоғ кўринмасди. Яна изғирин шабада эсиб, қор бўрони бошланди. Бундай совуқда бошпанасиз қолиб кетиш хавфли эди. Бекзоднинг хаёлидан "Шамол янада кучайиб кетса-чи, унда нима бўлади? Бекор қилдик-да. Нима бўлсаям кўпчиликдан айрилмаслигимиз керак эди" деган нохуш ўй ўтди.

Кутилгандек шамол кучайгандан кучая борди. Барно гўдагини тик ҳолда ушлаб бағрига босиб олди. Қор учқунлари кўз очиргани қўймас, совуқ шамол игнасини аёвсиз санчарди... Шу алпозда икки чақиримча йўл босишди.

– Юришда тўхтамайлик, Барно!

– Чарчадим. Оёғим толиқиб қолди. Боламнинг иситмаси кўтарилаяпти.

– Бўпти, юр, ҳув анави чуқурликка тушиб бир оз ўтирамиз. Эмизиб ҳам оласан.

Паналаш учун чуқурликка тушишди. Аммо бир метрча қор бор экан, ботиб кетишди. Бекзод танаси билан энгашиб, она-боланинг устини тўсиб турди. Аммо қизариб кетган гўдак ҳолсизланиб қолган ва эмишни хоҳламаётганди.

– Мени қўрқитма, болам! – деди Барно шивирлаб ва йиғлай бошлади.

– Йиғлама, кўз ёшинг музлаб қолади. Кейин янаям қийналасан.

– Эй парвардигор, ўзинг мадад бер! Нима гуноҳ қилган эдикки, бизларни жазолаяпсан?! Ҳатто йиғлаб ҳам бўлмаса!.. Боламни ўз паноҳингда асра, менинг жонимни олақол!..

Қор учқунлари кўз очиргани қўймасди. Бунинг устига, уст-бошлари юпун.

– Барно, юрақол, кетайлик! Бўлмаса, учаламиз ҳам ҳалок бўламиз!

– Оёқларим ўзимга бўйсунмаяпти-да, ахир!

– Ҳаракат қилавер, тўхтама! Тўхташ хавфли!

Улар бир-бирларига суяниб, шамолга чап беришга ҳаракат қилиб оҳиста олға кетавердилар. Ортларидан қолган из бир зумда кўмилиб қоларди. Шу тахлит оч-наҳор узоқ юришди. Барно ҳолдан тойди ва ҳолсиз чўккалади. Бекзод гавдаси билан уни шамолдан тўсишга ҳаракат қиларди. Аммо бу фойда бермасди. Фуфайкасини ечди ва ўзи ҳам тиз чўкиб бошларини ўради. Ҳар ҳолда соябон бир оз иш берди. Барно чақалоқнинг бошини очиб кўрди, пешонасини ушлади. Унинг танаси совуқ эди. "Вой-вой! Болам! Бола-а-ам!" дея фарёд чекди у. Лекин унинг овозини совуқ шамол аллақаёқларга олиб кетди.

* * *

Бу пайтда нариги "Новосибирск-Тошкент" автобусидагилар совуқдан титраб-қақшаб божхона постига етиб олган бўлсалар, кичик автобусдагилар оппоқ дашту биёбонда, қор тўзонлари қўйнида яшаш учун курашмоқда эдилар. Дастлаб захира баллон ёқилди. Сўнгра орқа томондаги биттадан баллон ечиб олинди. Аммо ёнаётган бу гулханнинг тафти ҳам сезиларсиз бўлиб, айланма шамол унинг буриқсиб чиқаётган қора тутунини айлантириб юборар ва йўловчиларнинг юз-кўзларига урарди.

Ортиқча буюмлар, сумкалар ҳам бирин-кетин оловга ташланди ва шу зайлда тонгни қаршилашди. Яна ўша ўриндиқларда титраб-қақшаб мизғишга, бор латта-луттани кийиб ёки ўраб олишга тўғри келди. Кўпчилик шамоллаб, бетўхтов йўталар, очликдан ҳолдан тойгандилар.

Бир пайт Алёна чидай олмай қичқира бошлайди.

– Сделайте что-нибудь!! Мы все здесь помрём-же!

– Утром отсюда уедем! – қичқирди Жамшид.

– Как?

– Пешком!

Барча йўловчиларнинг асаблари ниҳоятда таранглашди. Ансора билан Аслия бир адёлни бошларига буркаб ўзаро пичирлашарди:

– Шундай совуқда анави Барноларнинг аҳволи нима бўлдийкин-а?

– Етиб олишгандир.

– Қаерга?

– Билмасам. Чақалоқни худойимнинг ўзи асрайди, дейишади.

– Биргалашиб кетавермадик-да.

– Эрталаб кетарканмиз-ку.

– Бекзод ака, эҳтимол, бирор машина топиб келиб қолар.

– Ҳа. Қанийди...

– Яхши ният қилайлик. Ишқилиб, юртимизга эсон-омон етиб олайлик-да...

– Шу ёқларга ишга келмай ман ўлай.

– Ҳа. Нимасини айтасан, бир адашдик-да...

– Бу адашиш жонимизга завол бўлмасайди...

* * *

Мерган оға ўша куни станциядан кеч қайтди. Об-ҳавонинг бундай кескин ўзгаришини, шамолнинг кучайишини кутмаганди. Отига қўшилган чана аравасида ёпинчиқларга бурканиб келарди. Бир пайт от ҳуркиб тўхтади. Одатда бирор йиртқич жониворга дуч келгудек бўлса, шундай қиларди. Оға беихтиёр милтиғини қўлига олди. Совуқдан қўллари милтиқ темирга ёпишгудек эди. Эллик метрлар, чамаси, нарида қорайиб бир нарса кўринди ва қимирлагандай туюлди. "Қизиқ, бўрига ўхшамайди-ку", деб қўйди мўйсафид ва осмонга қарата милтиғидан отди. Жонивор бўлганида аллақачон қочиб қоларди.Қарсиллаган овоздан Бекзод ўзига келди. Оёқ-қўллари бўйсунмаётган Барно деярли музлаб қолганди. Чўккалаб қолган Бекзод Барнонинг бошидан ўзининг бошини аранг ажратди ва от-аравага кўзи тушди. "Эй!" дея бақирмоқчи бўлди, лекин овози чиқмади. Чиқса ҳам шамол уни олиб кетди, ўрнидан туролмай йиқилди. Аммо Мерган оға ҳушёр эди. Отининг жиловини шу томон бурди ва ўрнидан туриб ёрдамга шошилди.

* * *

... Мерган оға, хотини Бибисора ва қизи тезда ўтов ичида тошўчоқ ёнига жой ҳозирлаб, чалажон қўл-оёқлари деярли музлаб қолган ёш келин-куёв ҳамда уларнинг аллақачон нобуд бўлган гўдагини олиб кириб ётқизишди.

... Эртасига эрталаб дастлаб Бекзод, сўнгра Барно ўзларига келишди. Уларга қайноқ туя сути ичиришди. Юз-кўзлари йиғи ва совуқдан шишиб кетган Барно боласи томон интилди, аммо мадорсизлиги туфайли ҳаракатлана олмади.

– Мурдани ушлаб туриб бўлмайди. Уни кўмиб келинглар, – деди Бибисора қозоқ тилида.

– Ҳей, журсеши? – сўради оға Бекзоддан. Йигитнинг ҳам қош-қовоқлари қизариб, шишиб кетганди. У "ҳа" ишорасини қилди.

– Кимсиздер? Қаёқдан кележатырсиздер?

– Р-Россиядан. Адашиб қолдик.

– Жўлингиз бўлсин?

– Тошкентга.

– Ў-ҳў, Ташкент алисдағўй.

– Ал, сут иш, балам. Қувват бўлади, – деди Бибисора хола.

– Қўнақдарға адемы тамақ истеп бер, – деди оға ва яна Бекзодга юзланди: – Не билан келдингиздер?

– Автобусда. Бензин тугаб қолди. Улар қолиб кетишди.

– Ўҳ-ҳў! Неше сиздер?

– Ўттизта бор.

– Бўлмаса, уларни қутқариш керак экан-да? – сўради яна мўйсафид ўз тилида.

– Ҳа. Иложи борми?

– Ўйлаб кўриш керак.

– Телефон-чи? Телефон борми?

– Ҳа, разъездда бор. Бу ердан ўн километрча нарида.

– Унда "МЧС"га тезлик билан қўнғироқ қилишимиз лозим.

– Майли, бир оз ўзингга келиб ол. Кейин гўдакни ҳам кўмишимиз керак бўлади. Ер музлаган... Аёлингнинг аҳволи оғирга ўхшайди, – деди Мерган оға бир хўрсиниб олиб ва деярли ўзини билмай ётган Барно томон ачиниб қараб қўйди.

Қозоқ аёл бешбармоқ пиширмоқда эди. Қайнатмасидан икки косага қуйиб келди. Уларга бир қошиқдан сузма солиб аралаштирди.

– Ма, ширағим, сўрпасидан ишиб ал, – деди аёл.

Чолнинг Гулжан исмли қизи иккинчи косадаги шўрвани Барнога олиб бориб, унинг бошини кўтарди-да, қошиқлаб ичира бошлади. Аёл биттадан товоқчага бешбармоқ хамири ва гўштидан солиб берди.

Эртаси эрталаб гўдакни жойига қўйишди. Шамол тинганди. Мўйсафид отга чанғи аравасини қўшиб келди.

Davomi bor

O‘xshash hikoyalar

Adashgan avtobus 2 (kamolov)

Аммо Бекзод ва Барно ишга келган жой улар ўйлаганчалик қулай эмасди. Бу ерда – ертўлада, қонунийми ё ноқонунийми, асосан кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариларкан. Чиройли офис идорасида паспортларини "Бизга шартнома тузиш…

Adashgan avtobus 3 (kamolov)

Nabijon hoshimov asari Нилуфар мириқиб кула бошлади. Жамшид сол рулини ушлаб олганича гўё бахшилардек завқ билан қўшиқ айтарди. Аммо у бир пайт ҳазил қилгиси келди шекилли, аста мусиқа созини ўзгартирди, бироқ "ишни…

Adashgan avtobus 4 (kamolov )

Тавба, астағфируллоҳ… Хиҳ, мусулмон мозори бўлмагани учун келаётганмиш. Ўзи мусулмончиликниям эсидан чиқариб, динсиз бандага айланиб қолибди-ку. Эҳ, пешонаси шўр банда… Тавба-тавба… Нима қилсам экан-а?

Adashgan avtobus 6 (kamolov)

Бекзод касалванд ва мотамсаро Барнони қолдириб, мўйсафид билан бирга жўнади. Станция бу ердан ўн километрча жойда экан. Аммо ўша ҳолатда улар ҳеч қачон бундай масофани пиёда босиб ўтолмас эдилар.

Adashgan avtobus 7 (kamolov )

Дилнознинг тўй куни белгиланди. Бу муддат яқинлашган сайин Гулноз орқаси куйган товуқдай типирчилаб қолди. Чунки қимматбаҳо гарнитур мебели ҳали олинмаганди. Ўша кунлари унинг калласига ажойиб бир фикр келиб қолди…