Ertak.top

Adashgan avtobus 7 (kamolov )

Nabijon hoshimov asari

Yakuniy Wisma

– Бу савдо деганлари шунақа нарса эканки, оборотда пулинг қанча кўп бўлса, молларинг хилма-хил, современний, модний бўлса, шунча кўп даромад оларкансан. Так что, маблағингизни беҳуда сарфламаймиз. Тўғрими, отажон?

– Да-да, конечно, – деб қўйди ота яна ва боши айланиб кетди. "Бўлди-да энди, ҳадеб шанғиллайверасанми?" деди ичида.

Дилнознинг тўй куни белгиланди. Бу муддат яқинлашган сайин Гулноз орқаси куйган товуқдай типирчилаб қолди. Чунки қимматбаҳо гарнитур мебели ҳали олинмаганди. Ўша кунлари унинг калласига ажойиб бир фикр келиб қолди ва дарҳол дўхтир эрига қўнғироқ қилди:

– Алло, дадаси. Келинг, бир иш қиламиз. Меҳриҳон опам отамни Камол акамникидан боплаб олиб кетгани учун биз ҳам боплайлик.

– Қанақа қилиб? Нима, олиб қочасанми?

– Йўқ. Ҳаммасини "законний" қиламиз. Яхшилаб эшитинг. Мен ҳозир отамни йўқлаб Меҳриҳонникига бораман ва сизга "Отамнинг мазаси йўқ экан" деб қўнғироқ қиламан. Сиз хизмат машинангизни юборасиз. Болалари бобони "Тез ёрдам" олиб кетди, деб ўйлашади. Қарабсизки, отам бизникига келиб қолади. Қалай?

– Балосан, хотин! Майли.

Шундай қилишди. Меҳриҳон уйида эмас, одатда бу пайтда дўконида бўларди. Ўн ёшли ўғли Ҳотамтойнинг кўз ўнгида, куппа-кундуз куни шифохона машинасида отани олиб кетишди. Гулноз қайнотасини алоҳида хонага жойлаштириб, дарвозани ичкаридан қулфлаб олди. Отани лаззатли таомлар билан сийлади. Эриб кетди. Музхонада очиқ коньяк ҳар бор эди. Бир пиёла тўлғазиб қуйиб ҳам берди. Ота тез ухлаб қолди. Келин ўзича қайнотасининг "ювиб қўймоқчи" бўлган дастрўмолларини қидириб кўрди. Қуриб кетгур иккита кир дастрўмол чиқдию пулдан дарак йўқ эди. "Меҳрибонлик"нинг қолганини уйқудан кейинга қолдирди.

Отани "Тез ёрдам" олиб кетганини эшитган Меҳриҳон оёғини қўлга олиб етиб келди ва шифохоналар томон чопди. Аммо отасини йўқотди. Сўнгра аввал Қосим акасиникига, Камолникига ва сўнгра ҳориб-чарчаб Жамолникига келди. Лекин дарвозани ҳеч ким очмади. Қўнғироқларга жавоб бермади. Гулноз овчарка итини қўйиб юборди.

Аслида "Рекс" лақабли бу овчарка Камолники бўлиб, у кейинроқ уни акасига ҳадя қилганди. Ит жуда ақлли ва зийрак эди. Овсинининг уйига бир иш билан борган Камолнинг хотини Хадичахон отаси ҳақидаги разведка маълумотларини олиб келгач, эру хотин пухта режа тузиб олишди. Коньяк таъсирида ухлаб ётган ота Гулноз бозорга майда-чуйда олгани кетгани маҳали замбил ёрдамида олиб чиқилиб, машинага жойланди. Рекс тилини ялаб қолаверди. Бундан бехабар Гулноз Дилноз билан ота учун ажойиб чучвара тайёрладилар. Аммо ота изсиз йўқолганди. Рекс ҳам "Мен қаёқдан билай" дегандай елкасини қисиб, ғингшиб қўя қолди.

* * *

Қосим қассобнинг кичик ўғли Сардор гап топиб келиб қолди. Нима эмиш, янги ўрис боболари Камол амакиникидамиш.

– Қаёқдан эшитдинг?! – дағдаға қилиб сўради Қосим.

– Ҳозир новвойхонага нон олгани Камол амакимнинг ўғли Каримжон келувди. Ойиси унга "Нонни иссиққинасидан олиб кел, бобонгни меҳмон қиламиз", дебди.

Қосим ҳайрон бўлди. Чунки у қачондан бери отасини Меҳриникидан қандай олиб келишни билолмай боши қотган ва жуда тажанг бўлиб қолганди. Камолники бўлса бир қадам. Мозор орқали шундоқ ўтадию, олиб келаверади. "Ҳа" дейишса, "Сой бўйида чойхонада ош еймиз", дейди. Чойхонага олиб бормай, уйига олиб кириб кетади-да, дарвозани тамбалаб олади. Вассалом!

Камол ишда экан. Хадича келин бобойнинг уйда эканини тан олди. Аммо у дам олаётганмиш. "Уйғонсалар айтаман. Чойхонага ўзлари бораверадилар", деди.

– Майли, келин. Ухлаб ётган бўлсалар ҳам бир кўрай, дийдорига тўяй. У кишини қирқ йил кутдим, ахир, – деди у йиғламоқ пайида афтини буриштириб.

Хадичанинг раҳми келди. Ҳеч иккиланмай қайноғасини қайнотасининг ёнига бошлади. Қосим ота ётган жойнинг плита ётқизилган йўлагидан ўтиб бораркан, худди ўғрилардай теварак-атрофга олазарак қараб қўйди.

Хуррак отиб, ширин ухлаб ётган ота ёнига Хадича якандоз солиб берди.– Майли, келин, сиз бораверинг, – деди Қосим шивирлаб.

Келин бир оздан сўнг чой олиб кириб қўйиб чиқиб кетди.

– Оббо отагинам-ей. Шунақа қилиб Россияни кезиб келдим денг, – деди у ўз-ўзига гапириб.

Ота хуррак билан жавоб қайтарди. Қосимнинг калласига "Шарт кўтариб олиб кетаверсам-чи?" деган фикр келиб қолди. Деразадан секин қаради. Келин ошхонада уймалашарди. Шу пайт Қосимнинг кўзи икки ғилдиракли борти баланд аравага тушиб қолди. Молхонанинг айвонида прессланган бир уюм буғдой сомони тахлаб қўйилибди. У ташқарига дангал чиқиб борди ва тўғри ошхонага "Ҳой, келин!" дея чақириб борди. Хадича манти тайёрлашга уннамоқда эди.

– Келин, узр. Мен аслида сизлардан бир ҳол-аҳвол сўраб, кейин яна бир хизмат билан келувдим. Отамни кўриб кўнглим хотиржам бўлди, раҳмат сизларга. Энди борай.

– Э, йўқ, ўтиринг, отангиз билан манти ейсизлар, ҳозир укангиз ҳам келиб қоладилар.

– Йўқ, раҳмат. Сизлар бемалол. Шу десангиз, уйда сомон қолмабди. Бир прицеп буюртма бериб қўйгандим, занғар ҳалиям ташлаб кетмаяпти. Ўзингиз биласиз, иккита буқа бор. Шунга анави сомонларингиздан тўрттагина бериб турсангизлар, қарзга албатта.

– Майли-майли, бемалол, қанча керак бўлса, олаверинг, ака.

– Хўп, анави аравачага сиққанича оламан. Кейин аравани болалар опкелиб беришар.

– Майли, ака, ўтирсангиз бўларди.

– Кейинроқ отамни йўқлаб келарман. Уйғонсалар, салом айтиб қўясиз. Камолниям сўраб қўйинг.

– Хўп бўлади. Сиз ҳам овсинимни сўранг. Келинглар.

Хуллас, у келиннинг ўз юмуши билан андармон бўлганидан фойдаланиб уйқудаги отани тўшаги билан аравага ётқизди-да, устига сомонни қўйиб эсон-омон олиб кетди. Отага манти ҳам ейиш насиб қилмади.

Қосим аравани тақирлатиб судраб кетаркан, қилган ишидан завқланди.

– Оббо хотинлар-ей, жа содда бўлишади-да. Бу сомонни бошимга ураманми, уйимда босилиб ётибди-ку... Ҳм-м, демак мен отамни хотинимга ишонмаслигим керак экан. Шунинг учун жимгина кираману отамни бир чеккадаги ўз хонамга олиб кириб ётқизаман. Ўзим қарайман.

Шундай қилиб, у отани ётқизиб, янги мол сўйиш учун ишига кетди. Хотинига ҳеч нима демади. Узоқ ётган Саидвафо оқшом маҳали совқотиб, қорни очиб ўрнидан туриб кетди. Уст-бошлари сомон бўлиб кетибди. Бўйинлари қичишарди. Дастрўмолини олайин деса, киссалари бўм-бўш... "Қаердаман ўзи?" деб бир оз гарангсиб турди-да, деразадан қаради. Яхшики, у "топилган" кунлари шу ерда яшаб, келди-кетдиларни кузатган эди.

Ташқари ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. Зерикди. Шу яқин – орадаги ўша "ўрис чол" номини олган чойхонани қўмсади. У ерда қўй ёғида тайёрланиб ортиб қолган паловлару димламалар, бак олдида туравериб тобига келган аччиққина чойлар, шарқираб оқаётган сой суви, одамлар гурунги... Шуларни ёдга оларкан, қандай қилиб хонадан ҳовлига, сўнгра ҳовлидан кўчага чиқиб қолганини ўзи ҳам англамай қолди. Ўша қадрдон чойхонага борди. Чойхоначи Икромжон уни илиқ қарши олди. Узрини айтиб, дарров уни меҳмон қила кетди.

* * *

Қосим эндигина ишидан қайтган ҳам эдики, қараса, кўчада Камол машинасида ўтирибди. У сигнал чалди.

– Э-ҳа, Камол. Яхшимисан? Ҳали ўтувдим, уйда йўқ экансан?

– Отамни сиз ўғирладингизми? – дабдурустдан сўради у.

– Ёпирай! Нималар деяпсан, аҳмоқ!

– Қаёққа кетади, бўлмасам? – Мен қаёқдан билай? Ана, уйимга кириб, текшириб чиқ. Тавба, у киши бир буюммидики...

Шу маҳал Меҳрихоннинг ҳам машинаси пайдо бўлди. Жувон қовоғи солиқ тушиб келди-да, салом йўқ, алик йўқ қичқирди:

– Қосим ака, тўғрисини айтинг, отам шаттамилар?

– Йў-ўқ! Сизларга бугун нима бўлди ўзи? Камол ҳам шу масалада келибди.

– Отамни уйимиздан "Тез ёрдам" олиб кетди, дейишди. Кейин билсам, уни Жамол акам олиб кетган экан.

– Унда, Жамолдан сўра бўлмасам.

– Уларникидаям йўқ. Эшигининг тагига эшакдай итини боғлаб қўйибди. Кейин болаларидан сўрадим.

– У эшакдай эмас, менинг итим – Рекс, – деди Камол ва "Ана, қаранглар, "Туяни эсласанг, қулоғи кўринади" деганлар, Жамол акамнинг ўзлариям келиб қолди-ку" – деди севиниб.

Жамол "Тиббий хизмат" машинасидан тушиб келди.

– Ў-ҳў, жамоат жам-ку!

– Ҳа, битта отам йўқ, – деди Меҳри.

– У киши шу ерда бўлади-да, қаерда бўларди?

– Ана, марҳамат, уйга киринглар, сўранглар. Кимга керак экан, у бобой?

– Ҳозир у ҳаммамизга керак, чунки пули бор, тўғрими? Мундоқ ақлни ишлатайлик. Ёш бола эмасмиз-ку, ахир! – деди Жамол куюниб.

– Хўп. Нимани таклиф қиласан?

– Тенг бўламиз. Бу масалани тезроқ ҳал қилиш керак. Агар пул йўқ бўлса, менга қарз бериб турасизлар. Қизимга гарнитур олишим керак.

– Менгаям оборотга пул керак, акажон, – деди Меҳрибон.

– Мен машинамни янгиламоқчиман бу "таракан" жонимга тегди, – деди Камол.

– Иккита буқа олишим керак. Бирини отамнинг шарафига деб халққа едириб юбордим, биласизлар-ку, ахир! – деди Қосим қассоб.

Ҳаммалари бир оз жим қолишди. Ҳал қилувчи сўзни барибир катта ака – Қосим айтиши керак эди. У оғир хўрсиниб у ёқ-бу ёққа бетоқат юрган бўлди-да, охири бир қарорга келди.

– Демак, бойликни тенг бўламиз, гап тамом! Лекин унинг қанчалиги фақат отамгаю ёлғиз худога аён. Ё бирорталарингга очиғини айтдими?

– Йў-ўқ!!!

– Ҳм-м, бўлмаса, отамизни ўртага олайлик-да, орани очиқ қилайлик. Орамиздан меҳр-оқибат кўтарилмасин, сен-менга бормайлик. Пул топилади, ака-укачилик топилмайди!

– Яшанг, ака! Бор экансиз-ку! – деб юборди Жамол.

– Бўпти-да, яхшилик билан ҳал қилиб қўя қолайлик. Пул қўлнинг кири бўлса, – деди Меҳри ҳам паст тушиб.

Улар кўчада анча вақт туришди. Қосим нима қиларини билмай қолди. Отам бизникида деса, укаларида "пулдан олган" деган гумон уйғонади. Айтмай деса, масалани тезроқ ҳал қилиш керак.

– Бўлмаса, кўчада турмайлик. Юринглар, отамни ичкарида кутайлик.

Улар ичкарига киришди. Қосимнинг хотини уларни илиқ қарши олиб, дастурхон ёзди. Қосим аста хотинининг қулоғига шипшиди:

– Ҳув анави менинг ҳужрамга бориб, отамни секин айтиб кел, хўпми? Тез бўл!

Аммо хотин чой олиб келиб, эрига: "У ерда йўқ" ишорасини қилиб қўйди.

– Қани, олишиб ўтиринглар, мен ҳозир, – деди Қосим ва ҳужрага кириб ҳайрон қолди. Отаси чиндан ҳам йўқ эди. У ёқ-бу ёқни айланиб кўрди. Йўқ. Жаҳли чиқди ва даврага шарт кириб борди.

– Тўғрисини айтинглар, ҳазиллашманглар-ей!

– Ҳа, нима гап, ака?

– Отам йўғ-у!

– Нима бало, уни ўғирлаб кетишдимикин? Пули бор, деб-а?!

– Э, бўлди. Уни анави олтиариқлик ҳожи ака олиб кетгандир-да. Биз бўлса бу ерда фол очиб ўтирибмиз, – деди Жамол кулиб.

– Унинг телефони борми? – сўради Камол.

– Муталлибжон билади, – деди Камол.

– Оббо, ҳали Муталлибниям бу гапдан хабари бор, де?

Камол Муталлибга қўнғироқ қилиб, ундан Низомхўжанинг рақамини билиб берди.

Ҳожи акага Қосим телефон қилди ва у билан анчагина сохта мулозамат қилиб гурунглашган бўлди.

– Мабодо сиз отамни меҳмонга олиб кетмадингизми?

– Йўқ. Ўзи сизларникига яқин орада ўтмоқчиман. Ҳа, у кишига айтиб қўярсиз, бизга Россиядан келишда ҳамроҳ бўлган Жамшид билан Нилуфар деганнинг тўйлари бўлаяпти. Улар сизларни ҳам айтгани бориб қолишлари мумкин. Отангизга мендан дуои салом айтинг.

Отанинг йўқолгани ҳақидаги нохуш ҳолат узоқ баҳсга сабаб бўлди. Ниҳоят, асаблар таранглашиб турганида Қосимнинг аёли севиниб кириб келди.

– Ана келдилар. Кўчада эканлар.

Оға-инилар гув ўринларидан туриб кетдилар ва падари бузрукворининг пойи қадамларига пешвоз чиқдилар.

– Қосим ака, масалани чўзмай шарт кўндаланг қилиб қўя қолинг, – деди Меҳри.

Отани ҳурмат билан тўрга ўтқазишди ва дуога қўл очишди.

– Айтинг, ота, бир дуо қилинг.

– Пусть всегда будет мир!

– Облоҳу акбар!!!

– Қаёққа кетиб қолдингиз, ота? Биз сизни тоза қидирдик.

– Проголодался. Никто меня не покормил и пошёл в чайхану. Чайханшик Икрам мне угостил. Он сказал "Оставайтесь", но я вот пришёл к вам. Так что, меники очень рад.

– Ўзбекчани қачон ўрганасиз-а, отажон? – ўсмоқчилаб сўради Меҳри.

– Потихоньку.

Камол томоғини маъноли қириб, Қосимни туртиб қўйди.

– Майли-майли, секин-аста ўрганиб кетадилар-да. Отажон! Энди бир дақиқа бизга қулоқ берасиз. Агар тушунмасангиз, объяснить этамиз, хўпми?

– Давайте.

– Аввало, сиз бизнинг бағримизга кечроқ бўлсаям қайтиб келдингиз, шунисигаям шукур.

– Что поделаешь, жена заставляла и сказала "Иди к своим и пусть там тебя свои дети похоронят". Вот и приехал.

– Узр, ота. Биз сизнинг узоқ бедарак кетганингиз учун ўлган деб ўйлаб, рамзий қабрингизни тиклаб қўйгандик. Уни олиб ташлаб қабрнинг ўрнини текислаб қўйдик. Бу ишгаям анчагина пулимиз кетди, – деди Қосим ва томоғини қаттиқ қириб олди.

– Қисқароқ қилаверинг, ака. Мен ишга боришим керак эди, – деди Жамол бетоқатлик билан.

– Ҳа-ҳа, тезроқ уйга боришимиз керак, хамир қилиб қўювдим, – деди Меҳри.

– Ота, сиз кеч бўлсаям мардлик қилиб бизни қидириб келдингиз, тўғрими? Ўз вақтида бизга тарбия бермадингиз, меҳрингизни бермадингиз, сиз қиладиган ишнинг ҳаммасини ойимиз қилдилар. Майли, биз сизни кечирдик. Ўртага ташланг энди, ҳалигингизни! Бўлинг, бўлинг! – деди у ва дўпписини ечиб дастурхон ўртасига "поп" этказиб урди.

– Я не понял...

– Вы же к нам с пустыми руками не пришли-же, да?

Саидвафо фарзандларига ҳайрон бўлиб бир-бир қараб чиқди. Уларнинг нигоҳлари жиддий эди.

– Я пришёл с чистой душой, как ваше отец. Что вы ещё от меня хотите?

Қосим тушунтира олмагани учун энсаси қотди. Энди бу ёғига Жамол тушунтира кетди. У рус тилини яхши биларди.

– Вот, отец, смотрите. Вы там за границой жили сорок лет, правильно? Если каждый год, например, накопили бы по тысячи долларов, это было бы больше сорок тысяча. Теперь поняли? Я к примеру говорю. Может быть, у вас их больше...

– А-а, вот что вы хотели. Но я же ничего не принёс. Я же ваш отец, живой, разве это не богатство?! Вы же мои дети, и ещё один есть в России – его зовут Рустам. Как это называют по узбекски?

– Пушти камаридан бўлган, – деди Жамол секин.

– Вот правильно, пушти камар бўлган. Разве это не богатство?..

Даврадагилар лол қолишди. Тарвузлари қўлтиқларидан тушди. Саидвафо фарзандларидан қаттиқ хафа бўлди. У бундай ҳолатни кутмаганди. Тўғри, у ҳар йили йиққан-терганини жамғариб борган ва ҳаммасини Ларисага ташлаб келганди. У ватанига қайтишга ижозат бергани учун хотинидан миннатдор эди. У меҳрибонлик билан "Сен энди юртингга кет, ҳаво алмаштир. Бу ерда бошинг касалликдан чиқмайди. Сизлар томонни иссиқ дейишади. Ҳар хил витаминлар, озиқ-овқат кўп. Қуёш нури шифобахш. Одамлар кўчаларда ҳам совқотмай, тоза ҳаво олиб бемалол ухлайверишаркан. Тўрт фасл ўз вақтида келаркан. Фарзандларинг – бу сенинг меваларинг, бойлигинг. Уларни кўриб янада завқ оласан, ёшарасан. Эҳтимол, улар билан бирга бўлсанг, умрингга умр қўшилар. Ўз туғилиб ўсган тупроғинг сенга яна қувват беради. Бор, боравер. Бу ерда касалликдан чиқмай, бекорга ўлиб кетасан. Кейин бизнинг жойларда мусулмон мозори ҳам йўқ. У ер бизга анча узоқ, камида 200 километр. Мени ҳам қийнайсан, Рустамни ҳам. Биз бўлса, шу ерга ўрганганмиз. Мана шу совуқ, намлик, узоқ қиш, ботқоғу чивин – бу бизнинг тақдиримиз", деганди.

Яқинларини оғир табиий шароитли шимолнинг совуқ жойларида қолдириб келаётгани учун у йиққан жамғармасини сўраб олишга ботинмади. Йўлда ва адашган автобусда бор будини сарфлаб қўйди. "Энди Ларисага телефон қилиб айтиб кўраман. "Бир қисмини, кейин пенсиямни юбор" дейман, дея хаёл сурган эди-ки...

– Қўйинглар. Бўлар иш бўлибди, отамизни қийнамайлик. Дамини олсинлар. Хўп, яхши қолинглар, – деди Жамол ва шарт ўрнидан туриб, эшикни таранглатиб ёпиб чиқиб кетди. Меҳри ҳам енгил фотиҳа қилди-да, ўрнидан қўзғалди. Албатта Камол ноқулай аҳволда қолди ва у ҳам ўрнидан турди. Қосим уларни жимгина ташқарига кузатиб чиқди.

– Бўпти, яхши боринглар, – дея олди базўр.

Инилар кетишгач, Қосим "Хаҳ!" деб сонига шапиллатиб бир уриб қўйди-да "Бизни тоза боплади-ку-а, бу бобой" деб ҳовлига кирди. Негадир отанинг ёнида ўтиргиси келмади. Гаплашадиган гапи йўқ. "Дамини олаверсин, хотин қарар", деди-да, четдаги ўз ҳужрасига бориб тинчланиш учун ётиб олди ва кўп ўтмай ухлаб қолди. Саидвафо бўлса уни бир оз кутди. Ҳамма туриб кетганидан келиннинг хабари йўқ эди. У болалари билан ичкарида қизиқ бир телесериал томоша қилишарди. Шу туфайли қайнотасининг ҳам чиқиб кетганини пайқамай қолди ва ярим тунда эридан хавотир олиб, уни ўз ҳужрасидан топди. Устига бир кўрпа ташлаб қўйди. Отани бирор фарзанди олиб кетган бўлса керак, деган ўйга борди.

Саидвафо чойхонага яна қайтиб бормади. Ўша эски чорвоқдаги ҳужрасига йўл олди. Хаёлида хотини Санобар ва у билан кечирган ҳаёти, фарзандларининг туғилишлари, қувонч ва ташвишли кунлари бир-бир ўтаверди.

Улар амал-тақал турмуш кечиришарди. Ота-оналари ёш ўтиб кетган ва улардан эски уй-жойдан бўлак ҳеч нима мерос қолмаганди. Кетма-кет ўғил болалар туғилаверди. Жамол билан Камолга суннат тўйи қилиб берадиган вақт ҳам келди. Аммо тўй қилиш учун аввало уй қуриш керак эди. Шу мақсадда у қарз олди ва Россияга бориб ишлаб пул топиб келиб узадиган бўлди. Тўйни қўрқмай, донғи чиқадиган қилди. Ўша даврдаги энг таниқли хонандалардан бирини айттирди. Шунга яраша элга дастурхон ёзди.

– Ҳой, дадаси. Нима қиласиз бунчалик дабдабани?! Ўзи зўрға кун кўраётган бўлсак, қарз олган бўлсангиз, кўрпамизга қараб оёқ узатавермайсизми, – дея зорланди хотини.

Лекин Саидвафо ўртоқларига мақтанишни яхши кўрарди. Айниқса, ширакайф пайтлари жуда сахий бўлиб кетарди. Тўйда ҳам раққоса, ҳам ўйнаётган ўз ўртоқлари бошидан пачкалаб пулни сочди. Тўкилган пуллардан териб урра қочган бир нечта болалар велосипедли ҳам бўлишди. Аммо у тўйдан кейин энасини кўрди. Қарзни қистаб келаверишди. Хотин томондан келган ва сўймай омон сақлаб қолган новвосни сотиб, Россияга жўнаворди. Аммо дастлаб ишлари юришмади ва пулсиз қайтиб келишга юраги дов бермади.

Тақдир тақозоси билан Камень-на-Обидан бир неча чақирим наридаги кичик бир рус қишлоғидаги фермер хўжалигида молбоқарлик қила бошлади. Қишлоқда эркак зоти камбўлгани учун сут соғувчи қиз ва бевалар билан "тил топиша" бошлади, маишатга берилди. Шулардан бири Лариса эди. У тўсатдан ҳомиладор бўлиб қолди ва Саидвафонинг этагидан маҳкам тутиб олди.

Yana bir qabr toshi

Ҳужра совуқ, ўчоққа ўт ёқилмаган, сандал иситилмаган, чироқ ўчиқ. Ҳатто сандал устидаги эски, кирлигидан ялтираб кетган кўрпани ҳам олиб кетишибди. Теварак-атрофда увадаси чиққан эски тўшаклар ва бошқа лаш-лушлар сочилиб ётарди. Уларни йиғиб ўчоқ олдига жой тайёрлади ва ўтин-чўп олиб кириб бир амаллаб олов ёқди. Қосим агар пул бўлса, бу ерни бузиб текислаб, бир ўғлига иморат қуришни мўлжаллаб юрарди. Бутун умиди отасининг бойлигида эди...

Қоронғулик, сокинлик қўйнида Саидвафо оловга тикилиб ўтираверди. Совқотгач елкасига эски, увадаси чиққан тўшакни ташлаб олди. У ҳозир фарзандларидан бири ортидан қидириб келиб "Юринг, отажон. Қўяверинг, пул топилади, лекин меҳр топилмайди. Қўйинг, хафа бўлманг", деб етаклаб кетишини жуда-жуда истарди. Титраб ётаверди. Узоқ ётди. Шу маҳал ташқарида бир ниманинг шарпаси эшитилгандай туюлди. Мўйсафид "Хайрият, Қосим келди" деб бир оз ҳушёр тортди. Аммо эшик ғийқиллаб аста очилди-да, думини ликиллатиб бир бароқ мушук кириб келди. Сўнгра эшик тарақлаб ланг очилиб кетди. Саидвафо бир чўчиб тушди. Қўрқиб кетди. Ўрнидан туриб эшикни ёпиб келиш учун чоғланди, аммо мадори етмади. Эшикдан ва пардасиз деразадан ғира-шира оқиш нур ёғдуси тушиб турарди.

– Эй худо, қайси қилган гуноҳларим учун мени бунчалар азоблайсан? Кечагина ўтқазгани жой тополмай, иззат-икром қилиб юрган фарзандларим қани? Нега мени бу ташландиқ жойдан олиб кетишмаяпти? Менга бунчалар беоқибатлик қилишаяпти? – деди у пичирлаб.

Шу маҳал очиқ эшик остонасида соя каби бир шарпа пайдо бўлди. Бароқ мушук безовта миёвлаб қўйди.

– Бу саволингизга мен жавоб бераман, – деди шарпа аёл овозида.

– С-санобар, бу сенмисан?

– Ҳа. Сизни бу дунё азобларидан қутқаргани келдим. Гуноҳларингизни кечирдим!

– Йўқ-йўқ. Менинг ҳеч қандай гуноҳим йўқ, ахир!

– Нега йўқ экан? Сиз эркак бўлиб нима қилдингиз, ўзи? Гап фарзандни туғдиришда эмас, тарбиялаб вояга етказишда. Сиз оиламизнинг ана шу муқаддас қоидасини буздингиз. Ўз бурчингизни менинг зиммамга юклаб ўзга юртларга қочиб кетдингиз. На хат ёзиб, на хабар олдингиз, маблағ ҳам жўнатмадингиз. Ниҳояти арзимаган алимент пулини ҳам тўламадингиз. Қарзларингизни бир амаллаб ўзим уздим. Болаларингиз юпун, оч, меҳрингизга зор, тирик етим бўлиб ўсишди. Кўча-кўйларда ўртоқларининг оталари билан юрганини, музқаймоқ олиб бераётганини кўришганида ўксинишди. Улар ота тарбиясига бир умр муҳтож бўлиб яшашди. Баъзан "Отам қачон келадилар?" деб ичикиб касал ҳам бўлиб қолишарди. Суратингизга тикилиб, йўлингизни пойлашарди. Сиз бўлса, номардлик қилиб уларни ташлаб кетдингиз. Улардан яна қандай меҳр кутяпсиз?!

– Мени кечир, Санобар. Мен у ёқда уйлангандим. Фарзанд кўрдим. Бутун оталик меҳримни ўша болага бердим. У ернинг зах ҳавоси, совуқларидан сил касаллигини орттирдим. Тўшакка йиллаб михланиб қолдим. Лариса менга туну кун қаради ва ниҳоят бир оз соғайганимдан сўнг "ўз юртингда бутунлай тузалиб кетасан. Энди қолган умрингда ўз фарзандларинг бағрида бўл", деб жўнатди-да...

– Ҳа. Сиз менга хиёнат қилдингиз. Лекин ҳозир ҳам ёлғон гапираяпсиз. Сиз юртимизга аслида фарзандларингиз учун эмас, мусулмон мозори бўлмагани учун келдингиз. "Нима эксанг, шуни ўрасан" дейдилар. Бетарбия фарзандларингиз ўз бошингизга етишди. Майли, бевафо бўлсангиз ҳам, сизни барибир яхши кўраман. Сиз билан жуда кам бирга бўлдик. Бир умр сизни кутиб яшадим ва ҳозир ҳам кутаяпман. Юринг, мен билан кетинг. Бу дунёда бирга бўлолмадик, энди у дунёда бўлайлик, – деди Санобарнинг руҳи ва қўлини узатди.

Саидвафо ҳам беихтиёр унга томон қўлини чўзди. Негадир ўзини қушдай енгил ҳис қилди ва оёқлари ерга тегиб-тегмай Санобар билан қўл ушлашиб ғира-шира ёруғлик қўйнига ғарқ бўлишди.

* * *

Орадан уч кун ўтди. Қосим ёмон туш кўрди. Отаси уни ўзига чорлайверди. Сўнгра у отани қидириб чойхонага борди. У ердагилар "кўрмадик" дейишди. Укаларимнинг бирортаси олиб кетишдимикин? Қизиқ, шунча гап-сўздан кейин ҳам барибир отамдан умидвор-а, булар", – деб қўйди у ўзича ғудраниб ва уяли телефонини олиб уларга бир-бир қўнғироқ қилиб чиқа бошлади. Жамол "Йўқ. Бизникида эмас", деди. Меҳри "Э қўйинг. У кишини кўрмайин ҳам, куймайин ҳам" деб уришиб берди. Камол "Отамни ҳалиги, олтиариқлик ҳожи олиб кетган бўлса керак", деб Низомхўжага ҳам қўнғироқ қилди.

– Ҳа, тинчликми, Қосимжон? Отангиз яхши юрибдиларми? – сўради Низомхўжа.

– Ҳа-ҳа, яхшилар. Лекин шу кунларда кўринмай қолдилар. Мабодо бирга эмасмисизлар, деб...

– Йўқ. Меникига ҳали келмаган. Ўзи шу кунларда сизларникига бориб, у кишини олиб келмоқчи бўлиб юрибман. Кейин Жамшиджон деган оғайнимизнинг тўйи бўлаяпти. Саидвафо билан бирга қўлтиқлашиб борамиз-да.

– Отамнинг бошқа шунақа танишлари йўқми?

– Улар бир автобус. Лекин уларнинг манзилларини билмайди. Сиз уни четданмас, ўз жойингиздан қидиринг. Униям тенгқурлари, синфдошлари бор, суриштиринг. Ё бирорта рамақижон кампир-а?..

– Э йўғ-е, қўйсангиз-чи? – эътироз билдирди Қосим.

– Нима, қари от ем емайдими? – пичинг қилди Низомхўжа.

– Майли, бирортасини топиб олса, ўша сиз кўрган ҳужрага уйлантириб қўяверамиз.

– Эҳтимол, отангиз ўша ҳужрададир, россиялик хотини келгандир.

– Жа опқочасиз-да, ҳожи ака. Келинг, бир меҳмон бўлиб кетинг.

– Майли, бориб қоламан.

Қосим телефон тугмасини босиб қўяркан, хаёлига "Отам ростдан ҳам ўша ҳужрада бўлсалар-чи. Биздан аразлаб ётгандирлар-да", деган фикр келди ва беихтиёр ўша томонга қараб жўнади.

Девордан қаради ва эшик ланг очиқлигини кўрди. Бир ўткир қўланса ҳид димоғига урилди. "Нима бало. Мушугимиз ўлиб қолганми?" деган ўйга борган ҳам эдики, ўша мушук девор устига бир сакраб чиқиб, беўхшов миёвлаб қўйди-да, пастга "гурс" этиб сакраб нари кетди.

Қосимжоннинг юраги бир нохушликни сезди ва эшик томон "Ота!" дея қичқириб чопиб борди. Ичкаридан уч-тўрт каламуш гувв чиқишиб урра қочишди. Ичкарига қарадию қотиб қолди. Отанинг афт-башарасига қараб бўлмас, қўлию оёқларини каламушлар еган, шекилли, ўйилиб ётар, қуртлаб кетган, қўланса ҳид сассиғига чидаб бўлмасди. Қўрқиб кетган Қосим дод солиб қочиб чиқиб кетди. Дўхтир укаси Жамол ёдига тушди ва унга тез қўнғироқ қилди.

– Жамол, эшитаяпсанми, ука! Ишлар чатоқ! Отамизни бериб қўйибмиз. Ўлганига анча бўлган шекилли, каламушлар еб, ачиб-сасиб кетибди. Нима қилиш керак?

– Жасадни қаердан топдингиз?

– Ўша эски ҳужрадан! – деди Қосим йиғламсираб.

– Ака. Сизни тушундим. Бу кўргулик. Лекин сиз у ерга бошқа яқинлаша кўрманг! Умуман ҳеч кимни киритманг, хўпми?

– Бу нима деганинг, ахир...

– Отамда сил касаллигининг ёпиқ шакли бор эди. Буни у Россияда орттирган. Яна "Сибирь язваси" ҳам бўлиши мумкин. Бу хавфли, тушунаяпсизми? Одам тириклигида бу касалликлар билинмайди, юқмайди. Лекин ўлганидан сўнг ўпкасидаги бактериялар ривожланиб, атрофга тарқала бошлайди. Бу хатарли. Ўлат тарқалиши мумкин!

– Нима?! Қанақа ўлат?!

– Юқумли-да, вабога ўхшаш. Шунинг учун у ердан тез кетинг! Мен ҳозир санэпидстанцияга қўнғироқ қиламан. У ерни карантин қилиш керак. Одамлар у ерга яқинлашмасин, тушундингизми?

– Тушундим, хўп. Об-бо! – деди жаҳл билан Қосим.

– Тириклигида фойдаси тегмаганди, ўлигиям бизга юк бўладиган бўлди. Эй худо, бу яна қанақа фалокат ўзи?!

– Кўп ўтмай, милиция ходимлари етиб келишиб, ўша атрофни ўраб олишди. Сўнгра махсус ниқоб кийган санэпидстанция ходимлари, ҳужрага кириб жасадни қора целлофан халтага солишди-да, олиб кетишди. Уй ичидаги ҳамма буюмни бир уюм қилиб ёқишди. Теварак-атрофга сичқон ва каламушларга қарши ўткир дорилар сепишди. Тупроқ ва ҳавони ҳам таҳлил қилишди. Қўни-қўшниларнинг барча мушуклари тутиб келтирилиб, ўтга ташланди ва уйлар дезобработка қилинди.

Саидвафонинг жасади махсус камерада куйдирилди ва хоки махсус темир қутига солиниб, шаҳар ахлатхонаси ҳисобланган карьердан бир чет жойни кавлаб кўмиб келишди. Устидан бир машина шағал ҳам ағдарилди. Бу эпидемия тарқалишига қарши бир чора эди.

* * *

Карантин олинганидан сўнг оға-инилар ўртада пул йиғиб, маърака маросимини ўтказишди. Маъракага Низомхўжани ҳам чақиртиришди. Аммо унинг ўлими тафсилотлари ҳақида айтишмади. Низомхўжа, Жамшид, Ашурали учалалари бирга келишган эди.

– Йигитлар, – деди мўйсафид. – Аввало қабристонга бориб тиловат қилайлик-да, сўнгра маъракага ўтсак, нима дейсизлар?

– Маъқул, – деди Ашурали. – Қабристон қайси томонда экан?

– Мен у ерни яхши биламан. Раҳматли Саидвафо ўз қабрини менга кўрсатган эди.

– Қанақасига? – ажабланиб сўради Жамшид.

– Фарзандлари унинг узоқ бедарак кетгани учун, хуллас, рамзий қабр қилиб, тепасига қабртош ҳам қўйиб қўйишган экан. Кейин ҳар хотира кунларида болалари билан келиб оталарини ёдга олиб кетиб туришаркан-да.

– Эҳ-ҳе, бу жуда қизиқ-ку, – деди Ашурали.

– Ҳа. Лекин Саидвафо ниятига етди. У бечоранинг нияти ўз юртига келиб, мусулмон мозоридан жой олиш эди. Жасади Россиянинг иттопмас ботқоқлари, қозоқнинг кимсасиз даштларида қолиб кетмай, ўз фарзандлари қўли билан кўмилди.

– Тўғри айтасиз, отахон. Анави икки йўловчи қизлар бор эди-ку, Шамсия билан Хумора деган, ўшаларга ҳам ўз тупроғида ўлмоқ насиб қилмади. Лекин айтишларича, Барно охирги нафасигача ўз уйига қайтишни орзу қилиб, келибоқ жон берганмиш.

– Ҳа, Бекзоджон телба бўлиб қолибди. Бир яхшигина оила хонавайрон бўлди. Бунинг ҳаммаси ўз юртини ташлаб, ўзга юртга ҳавас қилишнинг оқибати. Автобуслар адашмайди, одамлар адашади.

– Қайнонам ҳам сарсон-саргардон ўлим топдилар, – деди Жамшид маъюс.

– Ҳа, тўйларинг ҳам сурилди. Наилож, ҳаёт шунақа экан-да. Лекин Нилуфарнинг отаси эсон-омон келгани яхши бўлибди.

– Аммо у касалванд. Қариндошлар тўйни тезлатайлик дейишаяпти.

– Тавба, ёши ўтганидан кейин Россияда бало бормиди? Ёш йигит бўлса экан, ақли-ҳуши йўқми, дердик.

Улар шу зайл суҳбат қуриб қабристонга етиб келишди.

– Янги қабрлар ҳув анави ёқда экан, – деди Ашурали.

– Йўқ, айтдим-ку, ошнамизники ўзи алоҳида деб.

Улар сўқмоқ йўлка бўйидаги бир тахта ўриндиқ қўйилган жойга боришди. Низомхўжа не кўз билан кўрсинки, Саидвафонинг қабри ўрни теп-текис, қабртош ҳам йўқ эди.

– Ёпирай, худди мана шу ерда эди, аниқ биламан.

– Янги қўйилганлар ичидадир.

– Яхшиси, гангимай қабристон қоровулини топайлик.

Аммо қоровул кўринмасди.

– Муталлибжондан сўрай қолайлик. Менда унинг телефон рақами бор.

Муталлибжон ўзининг маъракада эканини айтди.

– Бизлар аввал раҳматлини қабрини зиёрат қилиш учун қабристонга келувдик, тополмадик, жойида йўқ-ку?!

– Тополмайсизлар ҳам.

– Нега?– Бу ерда гапиришим ноқулай. Мен ҳозир машинамда етиб бораман. Ўша қабристон дарвозасининг олдида кутиб туринглар.

– Хўп бўлади.

– Ҳа, нима гап экан? – сўради Ашурали.

– Қабрга қўйилмаганмиш. "Ҳозир бориб тушунтираман", деди. Тавба. Муталлибжон етиб келиб меҳмонлар билан учрашди ва бўлган гапларни айтиб берди.

– Ё астағфируллоҳ, у кишига бир парча қора ер ҳам насиб қилмабди-да-а?

– Кўмилган. Фақат бу ерга эмас.

– Ие, қаерга бўлмасам?

– Адирликдаги шаҳар ахлатхонасига.

– Нима дедингиз?

– Санэпидстанция ходимлари уни куйдиришиб, хокини ўша ерга кўмишибди. Чунки касаллик тарқалиши мумкин экан-да.

– Ёпирай! Эй худо, бу қандай бедодлик бўлди?! Бай-бай-бай... Ёмон бўлибди-ку. Саидвафо ниятига етолмабди-да-а?...

– Юринглар бўлмаса, Қосим аканикига. Нега?

– Маъракага-да.

– Хиҳ, ўша Қосим отасига эътиборли бўлганида шу аҳвол юз бермаган бўларди. Демак, уни қаровсиз ташлаб қўйган, фарзандлик бурчини бажармаган, – деди Низомхўжа асабийлашиб.

– Энди бўлар иш бўлиб, ўлган ўлиб кетибди, – деди Ашурали.

Улар Муталлибжоннинг машинасига ўтиришди. Низомхўжа Саидвафонинг ўлимида бемеҳр, бетарбия фарзандлари сабабчи, деб жаврай кетди.

Бир пайт у Муталлибга қараб "Тўхтатинг!" деди. Машина йўл четида тўхтади.

– Ҳа, отахон, тинчликми?

– Ўша хок қаерда кўмилган дедингиз?

– Адирдаги ахлатхонага. Ўша ерда карьер бор.

– Ўша ёққа ҳайданг, илтимос.

Муталлибжон йўловчиларга бир қараб олди-да, машинани ортга бурди.

Улар адирлик бир четидаги, айрим жойлари тутаб турган карьер тепасига келишди ва чўккалаб ўтиришди. Низомхўжа Қуръон тиловат қилди. Ахлат титкилаётган қора қарғалар бетиним қағиллашарди.

ХОТИМА

Орадан уч ойлар ўтгач, Муталлибжон Низомхўжага қўнғироқ қилиб қолди.

– Ҳожи ака, бир келиб кетсангиз, янгилик бор, – деди у салом-аликдан сўнг.

– Нима экан?

– Мен уни таърифлаб беролмайман.

– Ие, қизиқ-ку! Нима бўлиши мумкин ё ахлатхонада бирор илоҳий мўъжиза юз бердими?

– Йўқ, қабристонда. Ҳалиги, келиб кетгандинглар-ку.

– Хўш-хўш? Айтаверинг-да, энди...

– Раҳматли ошнангизнинг муҳташам қора мармар қабр тоши пайдо бўлди. У жуда қиммат турса керак.

– Ҳа, шуми? Ҳа, энди фарзандлари пушаймон бўлиб бир мурувват қилишгандир-да, – деди мўйсафид "Бунинг нимаси қизиқ?" дегандай ғаши келиб.

– Йўқ. Улар қўйишмаган.

– Ие! Унда ким?..

– Россиялик ўғли келибди. Исми Рустам эмиш.

– Ёпирай! Манавини ҳақиқий мўъжиза деса бўлади. У ҳозир қаерда, кетиб қолмадими?

– Йўқ. Бугун ўша сиз билган чойхонада маҳалладагиларга отасининг хотирасига деб маросим уюштирган. Шунга сизниям, анави сиз билан бирга келган йигитларниям таклиф қилишаяпти.

– Бу ишга Саидвафонинг анави пандавақи фарзандлари қандай қарашаяпти?

– Яхши. Рустам Жамолга мебел учун пул берганмиш. Унинг қизининг тўйини ўтказиб, кейин кетармиш.

– Э, шунақами? Мени жуда хурсанд қилдингиз-вей! Индинга Жамшиджонниям тўйи бўлаяпти. Биз ҳам тўйга ҳаммаларингни таклиф қилиб келамиз бўлмаса. Уникигаям Россиядан бир меҳмон келган. Исми Дмитрий ўрмончи эмиш. У Жамшиджонга кўп яхшилик қилган экан. Тўйига айтган экан, хотини билан етиб келибди. Ҳа, яна айтмоқчи, Ашурали деган дўстимизниям Россиядан меҳмони бор. Улар ҳарбийда бирга хизмат қилишган экан. Исми Славик, зўр йигит. Ҳозир униям олволамиз.

– Хўп, отахон, сизларни кутамиз. Тўғри қабристонга келаверинглар. Биз ўша ерда бўламиз.

– Бўпти. Мен бўлмаса ҳозир йигитларни қўнғироқ қилиб топаман.

Низомхўжа, Жамшид, Дмитрий, Ашурали ва унинг Новосибирсклик ўртоғи Славиклар қабристонга кириб келишди. Саидвафонинг навқиронлик сурати туширилган улкан қора мармар қабр тош ўз маҳобати билан ажралиб турарди. Унинг атрофи ҳам қора мармарли панжара билан ўралганди. Ўтириладиган ўриндиқ ҳам жуда бежирим. Қосим, Жамол, Камол, Меҳрихон ва Рустам, Муталлиб ва яна бир-икки қўшнилар усталарнинг охирги пардозлаш ишларини жимгина кузатиб туришарди.

Меҳмонлар улар билан бир-бир кўришиб чиқишди. Низомхўжа Рустамни маҳкам бағрига босди-да, "Молодец сынок!" деб елкасини қоқиб қўйди. Рустамнинг сочлари сариқ бўлса-да, қош-кўзлари Саидвафоникидай қоп-қора ва чеҳраси самимий эди. Унга марғилон дўппи кийдириб қўйишибди. Дўппи унга жуда ярашиб турарди. Дмитрий ҳам "Тебе идёт, земляк" деб уни алқаб қўйди.

Аммо Низомхўжага ҳам, бошқаларга ҳам қабртошдаги бир ёзув ёқмаётганди. Улар на куйишни, на кулишни билолмай дим-дим эдилар. Қабртошдаги сурат тагига "Чурбанов-Сатторов 12.04.1940-17.11.2005" деб ўйиб ёзилганди. Низомхўжа ёзувни кўрмаганга олди ва раҳматли Саидвафо ва шу ерда ўтган унинг аждодлари, хотини Санобар ва бошқаларнинг руҳи покларига тиловат қилди.

Чойхонада россиялик меҳмонлар билан қизғин суҳбат қуришди Рустамнинг кутилмаган ташрифи, унинг қилаётган хайрли ишлари Саидвафо фарзандларининг бирлашувига ва улар ўртасидаги меҳр-оқибат ришталарининг янгидан куртак ёзишига сабаб бўлди.

Бир пайт Ашурали Жамшиднинг қулоғига шипшиди:

– Жамшиджон, меҳмонлар шарафига бирор қўшиғингиздан ижро этиб берасизми? Янгиларидан бўлса янаям яхши бўларди.

– Қандай бўларкин, майли, – деди Жамшид.

– Бўлмаса, мен бориб машинадан асбобингизни олиб келаман.

Бир оздан сўнг Ашурали Жамшиднинг гитарасини кўтариб келди.

– Ўртоқлар! Дорогие гости! Среди нас сидит наш Владимир Высоцский. Но он узбек. Для вас он споёт свою новую песню. Нима эди, Жамшиджон?

– "Автобус адашмасин".

Ашурали бу сўзни таржима қилолмай бир оз гарангсиб турди.

– "Чтобы автобус не пропал"

– "Не терялся", – деди Жамол кулиб.

– Короче, "Заблудивщий автобус". Стихи народное. Исполняет представитель народа – Жамшид!

Жамшид гитарани қўлига олди ва қўшиғини бошлашдан олдин шундай деди:

– Биз тақдирнинг тақозоси туфайли марҳум Саидвафо ота билан бир автобусдаги йўловчилар сифатида танишиб қолган эдик. Мана шу баҳонаи сабаб у кишининг фарзандлари билан, бир даврада, яқин дўсти биродарлардек ўтирибмиз. Мен ушбу қўшиғимни раҳматли Саидвафо отанинг ёрқин хотирасига, қолаверса, адашиб боши тошга тега-тега ўз йўлини топган юртдошларимга бағишлайман.

У овозини дўриллатиб чин юракдан куйлай бошлади:Дўстим, сизга айтсам, етти кун юрдик,

Гоҳида ўтирдик, гоҳо тик турдик.

Оёқларимиз шишиб минг азоб кўрдик,

Автобус адашмади,

бизлар адашдик.

Бир муттаҳам ярмимизни сотиб юборди,

Паспортниям, жомадонни отиб юборди.

Зуғум қилиб иймонини ютиб юборди,

Автобус адашмади,

бизлар адашдик.

Ёлғонларга ишониб қул бўлиб қолдик,

Ёниб бўлган ёғочдай кул бўлиб қолдик.

Қадримиз бир чақа, пул бўлиб қолдик,

Автобус адашмади,

бизлар адашдик.

Оч қоринга мажбуран аранг ишладик,

Ўрмону ботқоқда зўрға қишладик.

Изғирин, совуқда бетон ташладик,

Автобус адашмади,

бизлар адашдик.

Азобда қийналиб қочиб қутулдик,

Қутулдик деганда, яна тутилдик,

Россия ўрмони, қозоқ даштида,

Автобус адашмади,

бизлар адашдик.

Ошналар, ҳамюртлар, сизга маслаҳат,

Ватанда ишлар кўп, ана, марҳамат,

Қадрингизни билинг, шудир ҳақиқат!

Автобус адашмасин,

Сиз ҳам адашманг!

Қўшиғини тугатар экан, Жамшид гитара торларини зарб билан "Данг-даранг!" этказиб уриб қўйди. Гўёки соз "Дод!" деб юборди. Сўнгра қўшиқ оҳанглари олқишу қийқириқлар остида оҳиста тин олиб, юраклар бағрига сокин ғарқ бўлди.

Тамом

Дўрмон, 2013 йил.

O‘xshash hikoyalar

Adashgan avtobus 4 (kamolov )

Тавба, астағфируллоҳ… Хиҳ, мусулмон мозори бўлмагани учун келаётганмиш. Ўзи мусулмончиликниям эсидан чиқариб, динсиз бандага айланиб қолибди-ку. Эҳ, пешонаси шўр банда… Тавба-тавба… Нима қилсам экан-а?

Adashgan avtobus 5 (kamolov)

– Жа соддасан-да, Хумор, қара, булар қанча юртдошларимизни азоблашаяпти. Бизлар ҳам адашганмиз. Йигитларимизни қара, бари келишган, девқомат. Улар ҳам адашишган. Нима, бундай хўрланмай, ўз юртимизда бирор ишлар қилишса бўлмасмиди?

Adashgan avtobus 6 (kamolov)

Бекзод касалванд ва мотамсаро Барнони қолдириб, мўйсафид билан бирга жўнади. Станция бу ердан ўн километрча жойда экан. Аммо ўша ҳолатда улар ҳеч қачон бундай масофани пиёда босиб ўтолмас эдилар.

11 Синф лигимда

Салом хурматли админ ва хурматли хикоя ишкибозлири бу мени биринчи хикоям бошимдан утган вокия Админ илтимос буни чикаринг Мен гузал ва комадим келишган ешим 31 да 2та болам бор бири угил бири киз эрим (исимлари Шерали…

Erofentezi: Ilk uchrashuv(ibtido)

Bu voqea kechagidek yodimda. O'shanda 7 yoshda edim. Maktabga endi chiqishim kerak bo'lgan paytlar. Bobom katta cho'pon edilar. Yoz kelishi bilan podani va ko'chlarini olib bir haftalab tog' va uning etaklari tomon ketardilar.