– Юр, ўғлим, станцияга бориб келайлик. Начальникка кирамиз, бор гапни айтасан.
Бекзод касалванд ва мотамсаро Барнони қолдириб, мўйсафид билан бирга жўнади. Станция бу ердан ўн километрча жойда экан. Аммо ўша ҳолатда улар ҳеч қачон бундай масофани пиёда босиб ўтолмас эдилар. Демак, Жамшид ҳам шу темир йўлни қидирган, лекин адашиб қолган, ёқилғи тугаган. Унда айб йўқ. Уларни тезроқ қутқариш керак. Бечораларнинг аҳволи не кечди экан?
...Станция бошлиғи Жамбул вилоятидаги қутқарув хизмати билан боғланди. Вертолётлар қидирувга борадиган бўлишди. Сўнгра Барнога Мерган оға дори-дармон сотиб олди.
Барно ўзига келиб олгунига қадар улар яна бир ҳафта шу ерда қолишди. Мерган оғанинг оиласи қўлларидан келганича ёрдамларини аяшмади.
– Аёлингни касалхонага ётқизайлик, – деди мўйсафид. – Тузалгач, кетаверасизлар.
Аммо Барно кўнмади. Оға уларни разъездга элтиб, Тошкент поездига чиқариб қайтди.
ЮРТГА ҚАЙТИШ
Даштдаги адашган автобусдагилар эса эртаси куни ҳам ўша жойда тунаб қолишди. Баъзилар тақдирларига тан бериб автобус йўлакларига чўзилиб олишганди. Кибриё холанинг мурдаси билан ҳеч кимнинг иши бўлмай қолди. Икки кечада ейиш мумкин бўлган нимаики бўлса, ейилиб, ёқиш мумкин бўлган нарсаларнинг ҳаммаси ёқиб бўлинди. Юмшоқ ўриндиқлар шилиб олинди. Навбат автобуснинг асосий баллонларига келганди. Олов тунда узоқдан яхши кўринади ва кимларнидир ўзига тез жалб қилади, деган ўйда ёқавердилар. Яхшиямки, иккинчи тун шамол бўлмади, бироқ совуқ ва аёзли эди. Туни билан учта баллон ёқиб чиқилди. Йўловчилар иложи борича ухлаб қолмасликка ҳаракат қилишар, гулхан атрофида сакраб айланишарди. Аммо очлик азоб берарди.
Эртаси ҳам ҳеч зоғ кўринавермагач, кўпчиликнинг юзида умидсизлик акс эта бошлади.
– Йигитлар, йўлга тушамиз! Бу ерда туришнинг фойдаси йўқ, шекилли, – деди Жамшид.
– Ҳа, ҳаракат қилиб то қоронғи тушгунига қадар темир йўлга етиб олайлик.
Ҳаво булутли бўлса-да, қуёш ёғдуси сезилиб турар ва жануб томон қаёқда эканини англаш қийин эмасди. Йўловчилар Демир ва Алёна бошчилигида йўлга отланишди. Жамшид ва Тўлқин Кибриё холанинг жасадини орқа ўриндиқнинг ёниб бўлганидан қолган темир ромига боғлаб олиб, судраб кета бошладилар. Нилуфар бўлса Жамшиднинг қўлтиғидан ушлаб маъюс борарди... Бир чақиримча йўл босганларидан сўнг вертолётлар пайдо бўлди. Ҳаммалари бош кийимларини силтаб, қичқира бошлашди. Вертолётлардан бири ҳавода бир доира айланди-да, ерга қўнди. Ҳамманинг кўзидан қувонч ёшлари оқарди.
Борт командири юз берган ҳодиса ҳақида қаергадир ахборот берди ва сўзининг охирида "Ҳаммаси Россиядан келаётган Ўзбекистон азаматлари экан. Биринчи ёрдам кўрсатмоқдамиз. Бир аёлнинг жасади бор, нима қилайлик?" дея буйруқни кутди. Бошлиқ уларни чегара постига элтиб, Ўзбекистон ҳудудига тезликда ўтказиб юборишни топширди.
– Ўртоқ командир, орамиздан бир йигит билан аёл пиёда кетишганди. Йўлни қараб кетайлик.
– Улар кетиб бўлишган. Ўша йигит поезд станцияси бошлиғига бориб айтган экан. Кейин станциядан бизга хабар беришди.
– Э, шунақами? Унда улар тирик экан. Баракалла, Бекзод! У бўлмаганида бизнинг аҳволимиз не кечарди?
– Гўдаги ҳам омонми? – сўради Нилуфар.
– Омон бўлади-да. Етиб борганимиздан сўнг улардан хабар оламиз, хўпми? – деди Жамшид ишонч билан.
Вертолётдаги шифокор уларга минерал сув ва сухари тарқатди. Шу тариқа божхона постига етиб келишди. Уларни навбатсиз ўтказиб юборишди. Пештоқида байроғи ҳилпираб турган Ўзбекистон божхона пости томон деярли чопиб кетишди. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб Тошкент шаҳар "Одам савдосига қарши кураш бўйича ташкил этилган реабилитация Маркази"га олиб кетилди. Жамшид билан Нилуфар эса Кибриё холанинг жасади билан қишлоқларига жўнашди.
* * *
Барнонинг тана ҳарорати тобора кўтарилиб борарди. Поездда ўлчаб кўришди, ҳарорати қирқ даражага етибди. Биринчи ёрдам кўрсатилди ва поезддан тушибоқ уни касалхонага ётқизиш кераклигини айтишди. Аммо Барно ихраб, тинмай "Уйимни бир кўрай. Мени уйимизга олиб кетинг, жон Бекзод ака", деяверди. У бетўхтов ва калта-калта йўталарди. Шифокор опа: "Аёлингизнинг ўпкаси қаттиқ шамоллаган. Бу сурункали бронхит. Шунинг учун иситмаси баланд", деб айтди. Барнонинг юзи, қовоқлари ҳам шишиб кетган, оёқ-қўллари мадорсиз эди.
Ниҳоят, "Тошкент" шоҳбекатига етиб келишди. Бекзод Барнони елкасига опичлаб олди.
– Уни тўғри касалхонага олиб боринг! – дея қичқирди вагон проводниги ҳам.
– Хўп, раҳмат. Шундай қиламан, – деди Бекзод.
Аммо беҳол Барно эрининг бўйнига осилиб маҳкам қучди ва шивирлаб деди:
– Мени аввал уйимизга олиб боринг, акажон. Уйимизни бир кўрай. Кейин ўлсам ҳам армоним йўқ.
– Нега унақа дейсан? Яхши ният қил. Мана, юртимизга қайтиб келдик. Энди бу ердан тилла беришса ҳам ҳеч қаёққа кетмаймиз.
Барно худди ёш боладай пиқиллаб йиғлай бошлади.
– Уйимизга опкетинг, жон ака!..
– Хўп-хўп. Мана ҳозир, кетамиз. Бирор нима ейсанми?
– Йўқ.
– Тўғри қиласан. Ўзи пулимиз ҳам йўқ, – деди Бекзод ва таксилар томон йўналди. Такси кирани нима қилсам экан-а, дея ўйлади. Барнони кутиш майдонига олиб кириб, ўриндиққа ўтқазиб қўйди.
– Сен шу ерда ўтириб тур, мен ҳозир келаман. Машина топай, уйимизга кетамиз, хўпми?
Барнонинг лаблари қуруқшаб ёрилиб кетганди. Бекзоднинг кўзи ярми ичилиб ташлаб кетилган "Кока-кола"га тушди ва уни олиб бемор хотини оғзини намлади. Коланинг ёнида ярми ейилмай ташлаб кетилган гумма ётарди.
– Ма, манавиниям еб ол.
– Йўқ. Ўзингиз... – деди базўр Барно ва ўриндиқ суянчиғига суяниб кўзларини шифтга қаратиб олди.
– Барно, м-мен ҳ-ҳозир, тез келаман. Уйимизга кетамиз, бўптими? – деди Бекзод ва хотинидан кўзини ололмай кириш эшиги томон чопди.
Таксилар қатор-қатор туришарди. Уни ҳайдовчилар қуршаб олишди. "Андижонга бир киши", "Фарғона борми, Фарғона!", "Ака, қаёққа кетасиз?" деб сўрашарди улар.
– Акалар, бир бемор аёлим бор. Фарғонага ким олиб кетади?
– Қаердан келаяпсизлар ўзи? – сўради бир ўспирин.
– Россиядан.
– Ишлагани борганмидинглар?
– Ҳа.
– Ўтиринглар, мен олиб кетаман. Орқа бўш.
– Неча пул бераман?
– От билан туя бўлармиди? Уч кишининг жойи-да, юз минг.
– Майли. Фақат пулни етиб борганда, уйдан олиб чиқиб бераман.
– Ие, бу ёғи "пистон" денг. Бўлмайди, ошна. Бир марта шунақа икки йигитни олиб кетгандим. "Уйимиз" деб бир жойга кириб кетишди. Ана турдим, мана турдим, дарвозани очиб қарасам, у ёғи дала, катта боғ экан.
Бу гапни эшитган бошқа ҳайдовчилар ҳам кулиб юборишди ва Бекзоддан узоқлашишди. Бекзоднинг юзи хижолатдан дув қизариб кетди. У кимга, нима деб илтимос қилишни билолмай бир оз қаққайиб туриб қолди. Бир пайт орқасидан "Андижон" деб турган ўрта ёшлардаги бир ҳайдовчи киши келиб, гўё ҳамдардлик билдиргандай қўлини елкасига қўйди.
– Бошингизга бирор мушкулот тушдими, дейман-а?
– Ҳа. Биз ўтирган автобус қозоқ даштларида адашиб кетди. Совуқда қолдик. Гўдагимиз йўлда нобуд бўлди. Энди бўлса, хотинимнинг аҳволи оғир... Бу ерда ҳеч кимим йўқ, – дея олди Бекзод.
Бошқа гапира олмади. Ерга қаради, кўзига ёш келди.
– Эҳ-ҳе, ёмон бўпти-ку. Сизлар поезддан тушдинглар чоғи. Аёлингизни орқангизга опичиб олган сиз эдингиз-а? Кўзим тушувди.
Бекзод бош ирғади.
– Бизни бир қозоқ чол топиб олиб кетди. Кейин шу поездга ўтқазиб юборди. Хотиним "Уйимизга кетайлик" деб ҳеч қўймаяпти.
– Бўлар иш бўпти. Ўзингизни қўлга олинг, ука. Сизларни мен олиб кетаман. Уйингиздагилар тоза соғинишгандир-а?..
Бекзод олға бир қадам босди-да, бир нима ёдига келгандай таққа тўхтаб қолди ва таксичи кишига қараб "Бизни ҳеч ким кутаётгани йўқ, бизлар етиммиз!" демоқчи бўлди. Аммо ўзини базўр тийди.
– Машинам ҳув анави оқ рангли "Нексия". Юкингиз кўп эмасми? Э-ҳа, узр...
– Кира ҳақингизни қўшнилардан олиб бераман.
– Э-ҳа, шунақами? Майли-майли, нимаям дердим.
Бекзод бемор аёлини опичлаб олиб келди. Улар келгунича таксичи йигитнинг бошига тушган ишлар ҳақида шерикларига билганича гапириб турганди.
– Яхши қилдингиз, Нозимжон, савоб бўлади, – деб қўйди бирови.
Ҳайдовчилар орқа эшикни очиб, унга ёрдамлашишди. Улар водий томон елдек учиб боришаркан, мижозлари бошига тушган мушкулот ҳақида сўраб-суриштирарди.
– Ана сизга Россия! Келинпошшани олиб кетиб нима қилардингиз-а?
– Уни ёлғиз ташлаб кетолмасдим. Кейин ўзи "Биргалашиб ишласак, кўп пул топамиз", деб қўймади.
– Айтмоқчи, менда бир янги чиққан қўшиқ бор, сизга ўхшаган шўрпешоналарга аталган. Қўйиб берайинми-а?
Бекзод Барнога бир қараб олди. У хотиржам ухламоқда эди.
– Ҳа майли. Ўзбекча қўшиқларниям соғинганмиз.
Ҳайдовчи дискни топди. Бу "Нексия" деган янги қўшиқ экан:Ўша машъум кунда мен,
Ҳаётимдан нолибман:
"Ҳамма "Нексия" миняпти,
Мен пиёда қолибман".
Бошим қотиб ўтирсам,
Дўстим келди ёнимга.
Унинг қизиқ таклифи,
Оро кирди жонимга.
"Биринг икки бўлмайди,
Јишт қуйсанг насияга.
Ошна, менга шерик бўл,
Кетайлик Россияга.
Келиб "Нексия" оламиз,
Баланд уйлар соламиз!
Жарақ-жарақ пул ишлаб,
Бой-бадавлат бўламиз!"
Биттадан молни сотиб,
Самолётга ўтирдик.
Гўёки афсонавий,
"Пул юрти"га шошардик.
Тиним билмай ишладик,
Бир кун очмиз, бир кун тўқ.
Етти ой ўтиб кетди,
Пулдан бўлса дарак йўқ.
Мен дўстимга зорландим:
"Юргин, қайтиб кетамиз.
Бекорга ишлагандан,
Чўлга сабзи экамиз".
Қишлоғимни кўрганда,
Юрагим тўлиб кетди.
Ўзга юртдан минг чандон,
Гўзал кўриниб кетди.
Бир кун "Нексия" оламиз,
Баланд уйлар соламиз.
Јишт қуйсак ҳам Ватанда,
Кўп савобга қоламиз!
– Қалай? – деб сўради Нозимжон кулиб.
– Яхши, – деди Бекзод ва Барнога қараб қўйди.
Барно миқ этмас, ранги сомондай сарғайиб кетганди. "Бечоранинг қорни оч. Нима қилсам экан. Шофёрдан қарз сўрасамми? Э, йўқ. Шундоқ ҳам ҳали йўлкирани кимдан оламан? Қўшниларнинг кўзига қандай қарайман? Барнони касалхонага ётқизишим керак. Бунга ҳам пул кетади. Эҳ, кетиб бекор қилдик-да. Адашдик. Адашган ақлдан озар, деб шуни айтсалар керак-да. Јишт қуйиб бўлса ҳам, ўз юртимда ишлайверсам бўлмасмиди. Уйни ҳам ўз кучим билан тиклаб олишим мумкин эди-ку. Эҳ, каллаварам".
Машина Ангрендаги ошхоналардан бирининг олдида тўхтади.
– Юринглар, шу ер яхши жой, овқатланиб оламиз.
Бекзод қимир этмай ўтираверди.
– Биз, ҳалиги...
– Ҳеч хижолат бўлманг, йигит. Ўзим меҳмон қиламан. Юринг.
– Ҳой Барно, юр, овқатланиб оламиз.
– Ҳеч нима егим келмаяпти, – деди у қисқа-қисқа йўталиб олиб. – Уйимизга тезроқ кетайлик.
– Ахир, қувватинг йўқ-ку. Узлукиб қоласан.
Барно сезилар-сезилмас "Ўзингиз бораверинг" деб қўйди.
– Бўлмаса, мундоқ қиламиз. Ярим коса шўрвани олиб келиб ичириб кетасиз, келишдикми? – деди ҳайдовчи.
Йигит аёлидан кўнгил узолмай машинадан тушди. Аммо Барно овқатни ҳам ичолмади, иситмаси тобора ошиб бормоқда эди. Баъзан оғир инқиллаб қўярди.
Қишлоққа кечга яқин етишди. Барно Бекзоднинг қўлларини маҳкам ушлаб олганди.
– Ана қара, уйимизга келиб қолдик. Ҳозир етамиз!
Беҳол Барнонинг кўзлари илтижоли мўлтирар ва ўша пахса деворли пастқам уйларини қидирарди. Ҳаяжондан юраги тез урар, эрининг қўлини бор кучи билан сиқиб борарди.
– Мана етиб келдик. Сизга катта раҳмат, Нозим ака.
– Ҳечқиси йўқ. Уйингиз қай бири?
Бироқ Бекзод кўрсаткич бармоғи билан ишора қилганича тахтадай қотиб қолди. Пастқам уйлари ўрнида бир уюм тупроқ турар, босилиб қолган томининг вассалари у ер-бу еридан қорайиб чиқиб турарди.
– У-уйимизни томи босиб қолибди-ку! – деди ҳаяжон билан ва шарт машинадан тушиб, бузилган уйининг тепасига борди-да, бошини чангаллаб тиззаси билан чўккалаб ўтириб қолди.
Уйининг ва эрининг аҳволини кўрган Барно ўзидан кетди. Шундан сўнг...
Айтишларича, қаттиқ ҳаяжонланиш – стресс туфайли Барнонинг юраги дош беролмай ўша ондаёқ жон таслим қилибди. Бекзод бўлса, ўз қисматидан лол бўлиб, хохолаб кула бошлабди. Уни жиннихонага олиб кетишибди. Ўша куни маҳалла-кўй масжидга тўпланиб Барнони сўнгги манзилга кузатишибди.
* * *
Жамшид ила Нилуфар ҳам Россиядан уйларига онанинг жасади билан қайтишди. Ёраҳмад ака уйда экан. Кўргуликдан боши эгилди. Бу ишларнинг ҳаммасига ўзини айбдор ҳис қилиб бетоб бўлиб ётиб қолди. Холанинг қирқи ўтганидан сўнг икки ёшни унаштириш маросими бўлиб ўтди.
* * *
Кунлардан бир куни Жамшид Нилуфар иккиси ҳамсафар, тақдирдош бўлган Бекзод билан Барнони йўқлаб келишга аҳд қилишди. Жамшид Бекзоднинг тахминий уй манзилини сўраб олганди. Нилуфар отасининг исми билан аталган Ёраҳмад учун кийимлар, майда-чуйда ва ўйинчоқлар сотиб олди. Жамшид Бекзоддан миннатдор эди. Чунки унингча Бекзод ўшанда жонини таҳликага қўйиб темир йўлга етиб олган ва вертолётларни чақиртира олганди. Агар Бекзод шу жасоратни кўрсатмаганида уларнинг аҳволи не кечарди? Эҳтимол, икки севишганнинг етишишига маълум маънода шу йигит сабабчидир. Шу туфайли ҳам унга миннатдорчилик изҳор қилиб, бундан буён ака-ука тутинмоқ, тўйларида бош бўлишини сўрамоқ ниятида Жамшид чўнғара гуручи билан бир ошга харажат қилиб олди... Аммо уларнинг уйи ўрнида бир уюм тупроққа дуч келишди. Қўни-қўшнилар ҳайрон бўлиб чопиб келишди.
Бу фожиа Жамшиднинг юрагини ўртаб юборди. Унинг руҳиятига ёмон таъсир қилди ва шундан сўнг Россиядаги иш жойига қайтиб бормасликка қарор қилди. Мамлакат шаҳарларида қайта қуриш бўйича олиб борилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб танг қолди. Бу қурилишларга неча минглаб қурувчилар зарурлигини ўрганди ва шерикларига қўнғироқ қилиб объектни топширибоқ изларига қайтишни буюрди.
* * *
Эрбек ила Фарида ўз бахтларини ўша дайди автобусда топишди. Эрбек қизнинг манзилини билиб олди ва кўп ўтмай совчи юборди. Дастлаб қизнинг онаси ҳам, Иркутскдаги опаси ҳам кўнишмади. Онаси "Куёв Тошкентга келиб яшаса, майли", деган бўлса, сирдош опаси телефон орқали "Вой писмиғ-ей! "Ҳеч қанақа йигитим йўқ" дегандинг-ку", дея тергаган бўлди.
– Уни автобусда топдим. Тақдир бизни учраштириб қўйди-да, опажон.
– Ўҳ-ҳў! Мен сени бунчалик енгилтабиат деб ўйламагандим, Фарида. Наҳотки автобусдаги бир бегона йўловчи билан бир зумда аҳду паймон қилишга улгуриб бўлса?...
– Биз ахир бир ҳафта бирга бўлдик-де. Оғир синовлардан ўтдик.
– Хих, автобусда қўл ушлашиб-а?..
– Э, сиз ахир буни тушунмайсиз.
– Нима, ўпишдинглар ҳамми?
– Ҳа энди, еттинчи куни...
– Тавба, беш йил қатнаб, бировга қиё боқмагандинг-ку.
– Билмасам...
– Хўп, диплом масаласи нима бўлади?
– Эрбек Москва вилоятида, давлат корхонасида ишларкан. У ернинг поликлиникаси бормиш. "Мен корхона номидан "сўровнома" олиб келаман, кейин дипломни олгунингизча бир ерда ишлайверамиз", деяпти.
– Нима, "Сўровнома"ни бир гастарбайтерга беришарканми?
– Ҳа. Бошлиқларга ош қилиб бераркан-да.
– Нима?!..
– Ишқилиб оғзиларини мойларкан-да, билмасам-е...
– Фу! Ўлиб қоламан, сен шу гапга ишонаяпсанми ҳали?
– Ҳа, ишонаман. Нима бўпти?
– Тентак қиз. Шунча ёшга етиб ақлинг кирмадими?
– Қанақа ақл?
– Бир гастарбайтерниям яхши кўрадими, бўлмасам.
– Нима бўпти? Сиз ҳам бир чукчага тегиб олдингиз-ку!
– Ҳой, тилимни қичитма. Чукчамас, ёқут у. Поччасиниям шунақа беҳурмат қиладими одам, тавба. Ўзи сенга бир бало бўпти.
– Ҳа, севиб қолдим, билдийиз.
– Нима?!
– Эшитганийиз!
– Вой, ўлиб қоламан!..
– Ажаб бўпти!
МОЗОР ИСТАБ
Икки оқсоқол – Низомхўжа билан Саидвафо орасида юз берган кейинги воқеалар бўлса, бутунлай бошқача кечди
Саидвафо билан Низомхўжа бир таксига ўтиришди. Саидвафо пишиқ экан, таксичига эллик доллар чиқариб "Етадими?" деб сўради. "Икковларинггами? Ҳа, албатта" деди киракаш кўзларини ола-кула қилиб. У орқа ўриндиққа учинчи одамни ҳам олмади. Низомхўжа шеригининг сахийлигига ҳайрон бўлди. "Қизиқ, фарзандлари уни қабул қилишармикин? Бу-чи, уларни танирмикин? Мабодо тан олишмаса-чи? Унда қаерга боради? Арз-додини кимга айтаркин?.. Тавба-тавба, дунёнинг ишлари хўп қизиқ экан-да".
Улар довон сари боришаркан, Низомхўжа ҳамроҳининг қўли устига қўлини аста қўйиб гапнинг индаллосига ўтди:
– Сўраганнинг айби йўқ, ошна, фарзандларингиздан бўлак яқинларингиз борми?
У елкасини қисиб қўйди:
– Не знаю, поискать надо. У меня была сестра.
– Исми нима?
– Сарвиноз.
– Она живая?
Саидвафо яна елкасини қисиб қўйди. Ҳайдовчи бу антиқа суҳбатдан ҳайрон бўлди ва салон ойнаси орқали икки йўловчини зимдан кузата бошлади.
– Бошқа қариндошлар, синфдошларингиз бордир?
– Да-да.
– Мактабни битириб бирор жойда ўқиганмисиз?
– ПТУ закончил. На заводе сварщиком работал.
– Ёру биродарлар, яқин дўстларингиз йўқмиди?
– Да, они были, конечно: Шомаҳмуд, Эркин...
– Бўлмаса, борадиган манзилингизни аниқ ёзиб беринг. Мен уч-тўрт кундан кейин ўтиб бораман, хўпми?
Саидвафо бир парча қоғозга ёзиб берди. Унда "Станция Горчаково, ул.Қўштепа, напротив Сельмаг, Чурбанов Саидвафо" деб ёзилганди.
– Ие! Чурбанов деганингиз нимаси?
– Это её фамилия.
– Чья?
– Фамилия моей жены. Пришлось принимать её фамилию. Какая разница?
Ҳожи бобо ҳайрат билан "Тавба-тавба" деб қўйди.
– Фарзандларингизнинг исми нима? – сўради у яна.
– Старший Касым, хм-м..., потом Камол, Жамол, дочка кажется Мехри.
– Кажетсями ё точноми?
– Точно-точно, Меҳри...
– Бўлди, суриштириб топиб оларман. Демак, сиз шулардан бирининг уйида бўласиз-да, а?
Саидвафо бошини лиқиллатиб қўйди. Аммо негадир унинг шашти пасайиб қолганди. Эҳтимол, ҳозир унинг кўз ўнгида хотини Санобар ва фарзандларининг бундан қирқ йил муқаддам кўчага чиқиб кузатиб қолганлари худди кинолентадай бир-бир ўтгандир.
Ўшанда катта ўғли Қосим ўн ёшда эди. У "Дада, тезроқ қайтиб келинг", дея зорланиб йиғлаб қолганди. "Демак, у ҳозир эллик ёшда бўлади. Бола-чақали бўлиб кетгандир. Ўшаникига бора қоламан. Ҳар ҳолда мени эсидан чиқармаган, ақли ҳуши жойида эди".
Низомхўжа Олтиариқда тушиб қолди ва ҳамсафари билан илиқ хайрлашди.
– Яхши боринг, ошна. Набираларни ўпиб қўйинг. Мен сизни албатта топиб оламан, – деди у самимий.
– Да, ладно. Увидимся, – деб қўйди Саидвафо ва кепкасини ечиб, кал бошини бир артиб олди.
Саидвафо илгари сельмаг бўлган савдо дўкони олдида тушиб қолди. Кичик гузарга яна янги замонавий маиший бинолар қурилибди. У ҳойнаҳой, бирор таниши учраб қолармикан, деб теварак-атрофга назар ташлади. Асосан ўсмир йигитчалар ва ёш болалар уймалашишарди. Улардан бири "Ассалому алайкум" деб чопиб ўтиб кетди. Саидвафо нима деярини билмай анграйиб бир оз туриб қолди. "Қайси бири неварам экан?" деган ўйда беихтиёр одимлади.
Болалиги ўтган ва уйланган уйи ўрнида ҳашаматли бино барпо бўлибди. Бу, ҳойнаҳой, Қосимжонники бўлса керак ёки кенжа ўғлим Камолнимикан? Демак, ўзларига тўқ шекилли, дея хаёл қилди.
Девор ёнидаги улкан бедана тут дарахтига кўзи тушди ва бориб оҳиста танасини ушлаб соғинч билан сийпаб қўйди. Буни дадаси билан болалигида экишганди. Дарахтнинг шохлари тарвақайлаб кетибди. Тепага қараб боши айланиб кетаёзди. Кепкаси тушиб кетай деганди, ушлаб қолди. Дарвозадан икки болакай чопиб чиқиб келишди. Ичкаридан "Дарвозани очинглар!" деган овоз келди. Болалар дарвозанинг биттадан табақасини ушлаб ланг очишди. Саидвафонинг юраги гупуриб кетди. "Наҳотки шу менинг ўғлим бўлса..." Ичкаридан "Тико" чиқди. Мўйсафид қош-кўзи, бурни ўзига ўхшаган рулдаги кишига кўзи тушди.
Ҳайдовчи ҳам бегона мўйсафидга бир нигоҳ ташлади ва "Саломалайкум!" деб қўйди. Аммо кепкали мўйсафид алик олиш ўрнига унга қараб анграйиб турганини кўриб энсаси қотди.
Саидвафо ҳалиги дарвоза очганлардан бирини ўзига имлади. Болакай чопиб келди.
– Сиз кимсиз? – деди у бирдан.
– Ман, ҳалиги, дедушка, – деди мўйсафид аранг.
– Кимникига келдингиз?
– Вот это дом, мой...
– Бу уй бизники.
– Ҳалиги папа, да?
– Ҳозир кетди-ку.
Саидвафо хурсанд бўлди. Чунки у набирасини учратганди.
– Да-а? Саники ати нима?
– Шоҳрух.
– Шоҳрух. Ман саники – дедушка, понял?
Шоҳрух ҳайрон бўлди ва уй ичкарисига югуриб кириб кетди. У онасига кўчада турган ғалати мўйсафид ҳақида гапириб берган чоғи аёл дераза дарпардасини аста очиб қаради ва уй телефонини шиғиллатиб эрига қўнғироқ қилди.
– Алё, Камол ака, кўчада турган бир ўрисмижоз чол келиб ўғлимизга "Мен сенинг бобонгман", деганмиш, қариндошларимиздан эмасмикин, мабодо?
– Э, йўғ-е. Мен уни кўрдим. Салом берсам, алик ҳам олмади. Ўғлинг нима бало, ҳар қанақа чолни кўрса, бобо деявераркан-да.
– Бир гапингизда отам бизни болалигимизда ташлаб, бедарак кетган дегандингиз-ку. Мабодо қайтиб келмадимикин, дейман-да.
– Қўйсанг-чи, хотин, отам ўлган-ку. У қўшниникига келган бирор меҳмон бўлса керак, – деди эри ва телефонни ўчириб қўйди.
Аммо мўйсафиднинг уйга узоқ тикилиб тураверганини кўрган аёл кўчага чиқди.
– Келинг, тоғажон, сизга ким керак эди?
– Чей это дом?
– Наш. Нима, ўрисмисиз?
Саидвафо нима деярини билолмай бир оз каловланиб қолди. Ҳаяжондан лаблари пирпирарди. Бир нима бўғзига туриб қолгандай гапиргани қўймасди.
– Кимникига келдингиз? – яна сўради аёл.
– Ман, ҳалиги, так..., – деган сўз томоғидан зўрға чиқди.
– Эрим ишга кетган. Келсин, кейин гаплашасиз-а, тоға.
– Хўп, ладно, – деди мўйсафид ва қўли билан "бораверинг" дегандек ишора қилди.
Жувон мўйсафидга тузукроқ разм солди. Қиёфасининг қаерларидир эриникига ўхшаб кетарди. Бу ҳақида қайнопаси Меҳрихонга қўнғироқ қилиб билмоқчи бўлди-да, қайтиб кирди.
– Алё, опажон. Қалай, яхши юрибсизми?.. Ҳа, яхши. Хўжайин ишга кетувдилар. Эшигимиз олдига бир ўрисбашара киши келиб турибди. Мабодо шунақа қариндошларингиз йўқмиди?
– Э, йўғ-е, худо асрасин. Пул сўраб келган бирор пиёнистадир-да, эътибор берманг. Бунақалар келиб чақирса, уйда эрим йўқ, денг. Хўп, ишим жуда кўп эди, узр. Болаларни ўпиб қўйинг.
Саидвафо савдо дўконига ҳам оғзи ярим очиқ ҳолатда кириб борди. Уни тахминан қирқ ёшлар чамасидаги дўкондор йигит мулойимлик билан кутиб олди.
– Келинг, тоғажон, ассалому алайкум!
Саидвафонинг аввалига тили айланмай, эшитилар-эшитилмас "С-Салом" деб қўйди.
– Бирор хизмат бормиди, тоғажон?
– Ҳм-м... Меня зовут Саидвафо, – деди томдан тараша тушгандай. – Приехал из России.– Э-э, меҳмонман, денг. Мен ҳозир, – деди дўкондор тўсиқ ортидан чиқиб келиб мўйсафиднинг қўлларидан олди ва тавозе билан яна саломлашди. Сўнгра уни бир стулга ўтқазди-да, чопиб бориб пиёлага чой қуйиб узатди. – Кимникига келдингиз, отахон?
– Ҳм-м..., Касыма знаете?
Дўкондор йигит ўйланиб қолди
– Маҳалламизда бир Қосим ака бўларди. Ўтган йили қазо қилувдилар. Яна Болтакўл маҳалласида бор, қассоб. Ёши нечада?
Саидвафо нохуш гапларни тушунган чоғи, кўзлари ола-кула бўлиб кетди. Наҳотки тўнғич ўғлим ўтган бўлса?
– Саттаров Касым, пятдесять лет.
– Ҳа-ҳа, бу ўша, сойнинг у юзида туради.
Саидвафонинг кўнгли хотиржам тортди. У аввалига катта ўғлини топишга қарор қилди. Бошқа фарзандлари ҳақида сўрамади.
Дўкончи бошини қашиди.
– Ҳм-м. Қосим аканинг Меҳри деган синглиси ҳам бор-а?
Ўрисмижоз мўйсафиднинг чеҳраси ёришди.
– Да – ҳа! – деб қўйди у қувониб.
– У менинг синфдошим.
– У, этот, ҳалиги, где?
– Уми? Қиргулида, домда туради. Шаҳарда катта дўкони бор, Туркияга қатнайди. Бир акаси, Жамол ака ўша ерда дўхтир. Э, тўхтанг, сиз уларга ким бўласиз ўзи?
– Отец.
– Нима дедингиз?
– Ата. Они мои дети. Помогите их найти.
– Ие... Ростданми? Ахир, уларнинг отаси бўлмаган дейишарди-ку!
Дўкончи йигитнинг исми Мўминжон экан. У меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйишга ҳаракат қиларди. Ёдига дўкон ёнидаги уй Қосим қассобнинг укаси Камол аканики экани келиб қолди ва "суюнчи" олиш учун уларникига келди. Аммо қўшни аёл ҳозиргина ўша ўрисмижоз киши келиб кетгани, Меҳрихон ҳам тан олмаганини гапириб берди.
– Бўлмаса, у кишини Қосим аканинг олдига юборайинми?
– Ҳа, шундай қилинг. Қосим акам бизга ота ўрнидалар. Эҳтимол, танирлар.
Мўминжон узрини айтиб "Сиз, тоғажон, Қосим аканикига бора қолинг. Қабристон орқали борсангиз, жуда яқин" деб унинг уй манзили ва гўшт дўкони қаердалигини тушунтириб қўйди. Саидвафо тушунди.
Саидвафо болалиги ўтган кўчалар бўйлаб бораркан, йўл бўйи қатор қилиб экилган баланд мирза тераклар гўё худди Низомхўжага ўхшаб "Бай-бай" дегандай бош тебратиб туришарди. Сой бўйига бораверишда қабристон бўлиб, ундан сўқмоқ йўл ўтарди. Дўмпайиб турган қабрлару баъзиларининг тепасига қўйилган ёдгорлик тошларидаги суратлар унинг назарида гўё "Ҳа, келдингми, қаторимизга қўшилавер" дегандай ортидан қараб қолишарди. Саидвафонинг юраги орқага тортиб кетди. Тезроқ ўтиб кетиш учун қадамини тезлатди, лекин негадир йўли унмаётгандай, руҳлар оёқларидан тортаётгандай туюлаверди. Юраги тез ура бошлади. Яхшики, йўлидаги бир қабр олдига қўйилган тахта ўриндиққа дуч келди ва бир оз нафасини ростлаб олмоқчи бўлиб ўтирди. Ҳаяжондан чаккасидан тер оқди ва кепкасини олиб тепакалини артди. Сўнгра ўтирган жойидаги қабртошига разм солди ва ундаги суратни кўриб, бир сапчиб тушди. Тошда ўз акси мунғайиб турарди. Сурат тагига "Саидвафо Саттор ўғли. 1940 йилда туғилган" деб ёзилган ва ўлган санаси кўрсатилмаганди. "Наҳотки бу мен?!" деди у ва қўрқиб кетиб юрагини чангаллади-да, ён томонига йиқилди.
* * *
Саидвафо кўзини очганида ўзини касалхонада кўрди. Ҳамшира қиз севиниб кетди ва бу ҳақда шифокорга хабар бериш учун шошиб хонадан чиқди. Бемор ғаройиб туш кўрганди. Тушида болалиги, ота-онасини ҳам кўрди. Отаси билан боғларда айланиб юришди. Отам мени ўзига чорлаяпти, шекилли. Лекин ўлсам, мени ким кўмаркин? Наҳотки, мени ўлганга чиқариб, қабртош қўйган бўлишса...
Тепасида бир шифокор йигит жилмайиб пайдо бўлди.
– Ассалому алайкум, тузукмисиз, отахон?
Бемор кўзини очиб юмди. Шифокор унинг томир уришини текширди. "Қаерларидир раҳматли отамга ўхшаб кетаркан ё қариндошларданмикин?" деган ўйга борди.
– Исмингиз нима, тоға?
– Саид... – дея олди у.
– Қаерликсиз?
– Маргелан.
– Қабристонга зиёрат қилгани келганмидингиз?
Мўйсафид саволни англамадими, жавоб бермади. Аммо йигит яна сўровда давом этди.
– Юзингиз раҳматли отамни эслатаркан. Мабодо отамга қариндошлик ерингиз йўқми?
Саидвафонинг тили айланмай ётаверди. Тил қурғур на рус, на ўзбек тилига бўйсунишни хоҳларди.
– Майли, дамингизни олинг... Дилфузахон, – деди у ҳамширага мурожаат қилиб.
– Лаббай.
– Бу кишининг касаллик тарихини тўлғазинг. Яқинларини аниқлаб, хабар беринглар, хўпми? "Юрак хуружи" деб ёзинг. Қон босимини ўлчаб, кардиограмма қилинглар.
– Хўп бўлади, Жамол Саидвафоевич!
Саидвафо яна бир сапчиб тушди: Наҳотки, шу йигит ўғлим бўлса?..
Кардиограмма хулосалари қониқарсиз чиқди. Ҳамшира "Касаллик тарихи"ни тўлдириб ўтирарди.
– Фамилиянгиз?
– Сатторов.
– Исмингиз?
– Саидвафо.
– Қизиқ, шифокор акамизники ҳам Сатторов. Сатторов Жамол Саидвафоевич. Тавба, отдошга ўхшайсизлар.
– Туғилган йилингиз? Яшаш жойингиз?
– 1940 год. Новосибирская область Каменаобийский район.
– Нима?! Тушунмадим, сиз хорижликмисиз?
– Нет, я Маргеланский, улица Куштепа, дом 17.
– Ие, вой! Ахир бу Жамол аканинг укаси Камол аканики-ку!
Саидвафо "Ҳа" дегандай қовоқларини кўтариб бош ирғаб қўйди. Ҳамшира қиз ҳайрон бўлиб Жамол Саидвафоевичнинг ҳузурига қараб чопди.
– Ҳа, Дилфузахон, тинчликми?
Дилфуза "Касаллик тарихи"ни қўлига тутқазди. Уни ўқиб Жамолнинг эси оғиб юмшоқ ўриндиққа ўтириб қолди ва дарҳол Қосим акасининг телефон рақамини тера бошлади.
– Алло, ҳа, Жамол, тинчликми?
– Йўқ!.. Тинчликмас!
– Ие, нима гап?
– Сиз отамни ўлган дегандингиз-а? – сўради у ҳаяжон билан.
– Ҳа, нима эди?
– Бир беморни олиб келишувди. Худди отамга ўхшаркан.
– Нима бўпти? Одам одамга ўхшайди-да. Эсингда борми? Анави раҳматли қизиқчи бор эди-ку, Ҳожибой Тожибой деган. Ўша бир марта "Ўхшаш чеҳралар" деган танлов эълон қилиб, ўзига ўхшаганларнинг тўққизтасини йиққанди.
– Э, йўқ...
– Тўхтаб тур. Гапимни гапириб олай. Кейин саҳнада турган чеҳрадошларга қараб "Мана, кўринглар, менинг отам киракаш бўлган. Бошқа вилоятларда ойлаб қолиб кетарди" деган. Бизнинг отамиз ҳам ёшлигида шўхроқ бўлгандир-да, – деди у ва аскияга олиб хохолаб кулиб юборди.
– Майли, сизнингча бўла қолсин. Мен сизга унинг шахсий анкетасини ўқиб берайинми?
– Хўп, ўқи.
– Сатторов Саидвафо, 1940 йилда туғилган. Уй манзили: Марғилон шаҳар Қўштепа кўчаси, 17. Бу сизга бирор нимани эслатадими?
– Ҳа. Бу уй отамнинг, кейин Камолнинг уйи-ку. Ёпирай... Бўлиши мумкинмас. Наҳотки, у тирик!
– Энди бу ёғини эшитинг. Мен ҳам сизни бир аския қилайинми?
– Тавба-тавба. Бу жуда ғалати-ку, хўш-хўш?
– У сизникига қабристон орқали кетаётиб йўлда ўз қабрига дуч келган ва юраги хуруж қилиб ўзидан кетиб қолган. Уни болалар кўриб қолишибди.
– Ёпирай!..
– Сиз бўлса, бизни ишонтиргандингиз! Қабртош қўйдиргандингиз!
– Онамиз ўтганларида ҳам келмади-ку, у номард. Қабртош шунчаки бир рамзий тош эди, холос. Мен сизларни, фарзандларимизни тинчлантириш учун, хотира кунлари ота-онани ёдга олиб туришларинг учун шундай қилгандим, – деди Қосим йиғламсираб. – Қирқ йилдаям келадими, ахир! Сизларни боқаман, тарбиялайман, ўқитаман, уйлаб-жойлайман деб ойим билан эзилиб кетдик-ку... У бўлса биздан воз кечди. Йўқ, ука. Мен сендан бу гапни эшитмадим, сен айтмадинг. Менинг учун отам ўлган.
– Энди нима қиламиз?
– Билмадим, ука, билмадим. Тан олсак, муаммо кўпаяди. Дўст-душман ичида кулгига қоламиз. Гап шу, сен кўрмадинг, мен эшитмадим. Эҳтимол, у одам бутунлай бошқа кишидир. Ҳаётда шунақа тасодифлар ҳам бўлиб туради-ку. Биз тан олмаганимиздан кейин у ҳеч нима қилолмайди. Кейин яна ўша келган жойига, ўрис хотинининг олдига кетаверади. Мен у номарднинг манзилини аранг топиб, уч-тўрт марта хат ёзгандим, жавоб бермади. Беш йил аввал ойим ўтганида телеграмма юбордим. Келмади... Тағин ўзинг биласан, ука. Уйингга олиб кетсанг, кетавер.
– Камол, Меҳрига айтайинми?
– Йўқ. Нима қиласан, уларни ҳам безовта қилиб.
– Хўп, – деди Жамол ва оғир хўрсиниб гўшакни қўйиб қўйди.
Унинг рўпарасида Дилфуза ҳайрат билан оғзини ярим очиб турарди.
– Сиз бу ҳақда бировга миқ этманг, хўпми? Боринг, беморга яхшилаб қаранг.
– Ўша Сатторовгами?
– Ҳа!
* * *
Шундай қилиб, фарзандлар оталарини тан олмасликка ўзаро келишишди. Саидвафо кимнинг уйига бош суқмасин, улар "Бизнинг отамиз болалигимизда ўлиб кетган, қабристонда қабри бор" дейишди.
Узоқ юртдан мозор истаб келган Саидвафо аросатда қолди. Нима бўлсам ҳам ўз юртим, мусулмонлар мени кўчага ташлаб қўйишмас. Эҳтимол, фарзандларим бирор кун инсофга келиб мени олиб кетишар. Шу ерда бир кунимни ўтказиб юравераман, деган қарорга келди.
Марғилонсойнинг бўйида одамлар овқат тайёрлаб дам олиб ўтирадиган чойхона ва дала ҳовлилар кўп эди. У ердаги чойхоналар қишин-ёзин одам билан гавжум бўлар ва улардан жуда кўп нон, овқат, мева-чева, ва ҳатто, ичимликлар ҳам ортиб қоларди. Ётиб қолиш ҳам муаммо эмас.
Саидвафо ана шундай чойхоналарнинг бирига чой ташувчи, супуриб-сидирувчи ҳамда тунги қоровул бўлиб ишга тушди. Уни қаровчисини йўқотган "шаҳарлик ўрис чол" деб билишарди. Баъзан "Анави ўрис чол ўзбекчани яхши тушунаркан, жуда ювош экан", деб ҳам қўйишарди.
Ана шундай кунларнинг бирида ёзиб берилган манзилга мувофиқ олтиариқлик Низомхўжа ташриф буюрди ва кўчада ўзи тенгқур, лекин ёшамолроқ бир кишини учратиб қолди. Унинг исми Муталлибжон экан. Саидвафо берган қоғозни кўриб ҳайрон бўлди.
– Чурбанов? Нима ўрисми?
– Йўқ. У хотинининг фамилиясида экан. Асли Сатторов бўлса керак.
– Ие! Бу одам ахир ўтиб кетган-ку.
– Қанақасига?
– Қабристонда қабри бор. Ҳар йили қурбон ҳайитида фарзандларидан бири бу кишини ёдга олиб қурбонлик қилиб туришади. Ишонмасангиз, ана қабристон унчалик узоқмас, олиб боришим мумкин.
– Менга бу қоғозни ўз қўли билан ёзиб берди-ку.
– Тўғри, бу манзилда ҳозир унинг кенжа ўғли туради. Биз маҳалладошмиз. Бирор янги гап бўлганида аллақачон ҳаммага эълон қилган бўларди. Кейин улар ҳаммаси ўзига тўқ, обрў-эътиборли одамлар. Оталарини ҳеч қачон кўчага ташлаб қўйишмайди.
– Аниқ йўқми?
– Бўлмаса, юринг, катта ўғиллари Қосимникига борамиз. Кейин ўша томондаги сой бўйидаги чойхонада бизнинг гапимиз бор. Бугун менинг навбатим. Бирга-бирга ош тайёрлаймиз, масалани ҳал қиламиз.
– Саидвафони топсак, уни ҳам ўша ерга чақира қоламиз, бўлмасам.
– Мен тайёрлаган паловни еган марҳумлар ҳам тирилиб кетади.
– Йўғ-е!
– Ишонаверинг. Кепқопсиз, энди меҳмонимиз бўласиз-да. Россияда кўрган-кечирганларингизни маҳалладошларга гапириб берасиз, хўпми?
– Хўп-хўп. Лекин менга анави ошнамни топиб берсангиз, бўлгани.
– Айтмоқчи, чойхонага Камолжон ҳам боради. Ана шу раҳматли ошнангизнинг ўғли. Қоғозни кўрсатасиз, қалай?
– Яхши. Шунақа қиламиз, бўлмасам, – деди ҳожи севиниб.
Чойхонага келишди. Кенг-мўл, ялпайиб ўтирадиган сўрига жойлашишди. Мезбон меҳмоннинг ҳурматини жойига қўйиб, уни тўрга ўтқазди, ёнбошига лўлаболишлардан қўйди.
– Мени жа эркалатиб юбордингиз-ку, Муталлибжон.
– Ҳа энди, бир келиб қолибсиз-да. Қалай, Олтиариқлар тинчми?
– Раҳмат, худога шукр.
– Бу йил узумлар қалай? Қишга сақлаб қўйишяптими?
– Ҳа. Сақлаганлар кам бўлишмаяпти. Эккандан кўра сақлаганлар кўп даромад олаяпти.
– Олтиариқликларни миришкор десак, тадбиркор ҳам экан-да, а?
– Бир қўшним бир гектарли узумзорини пленка билан ўраб устига поя ташлаб қўйди. Ҳосили шундоқ ишкомида турибди.
– Нима, музлаб қолмайдими?
– Йўқ, ичида йигирмата қўй боқяпти. Қўй нафаси, танасидан чиққан ҳарорат эвазига узум бемалол март ойигача туравераркан.
– Йўғ-е! Э, қойил! – деб юборди Муталлиб ва қаёққадир қичқирди. – Эй дядя, қозон готовьте, я сейчас приду!
– Кимга айтаяпсиз? – сўради Низомхўжа аланглаб.
– Ҳа, бир ўрис чол. Бечорани болалари ташлаб кетган, шекилли, шу ерда яшаб юрибди. Чойхоначи Икромжоннинг раҳми келибди.
– Ҳа, бу ўрис миллатида одат шунақа экан-да. Уларда ота-она билан фарзандлар ўртасида меҳр-оқибат йўқ ҳисоб. Учирма бўлдими, ташлаб кетавераркан. Худога шукр, бу қусур бизнинг миллатимизга хос эмас.
– Бўпти, сиз, отахон, манави чойни майдалаб ўтиринг. Ҳозир маҳалладош ўртоқлар ҳам келиб қолишади.
– Анави айтган Камолжон келиб қолармикин, ишқилиб.
– Ҳа, келади.
– У қаерда ишлайди?
– Коллежда муаллим. Акаси Жамол дўхтир, катта акалари – Қосимжон қассоб. Тағин Меҳрихон деган сингиллари бор – катта савдогар у.
– Ҳа. Улар тўғрисида менга айтувди.
– Ким?
– Ким бўларди, Саидвафо-да.
– Ўлган одам-а? Жа опқочаркансиз-да, ҳожи ака, – деди Муталлибжон ва ошхона томон шошиб кетаркан "Ҳой, дядяжон! Ўтин давай, ўтин!" деб қичқириб қўйди.
Уч-тўрт йигитлар келиб дастурхон тузай бошлашди. Бир оз ҳангомалашиб ўтиришгач, Низомхўжа палов тайёрланишини томоша қилиш учун қозон бошига борди.
– Ўҳ-ҳў, жуда бўпти-ку, а. Паловга жа уста экансиз Муталлибжон.
– Ҳа энди, бу миллий таомимиз-да. Ҳар қандай ўзбек паловни ейишдан ташқари уни тайёрлашниям билиши керак.
Шу маҳал бир қучоқ ёрилган ўтинни кўтариб "Дядя" келиб қолди ва Низомхўжани кўриб, қўлидагилар шарақлаб тушиб кетди.
– Ие, Саидвафо-ку бу! Учратган жойимни қаранг-а!
Улар худди эски қадрдонлардай қучоқлашиб кўришишди. Муталлибжон ҳайратдан ёқа ушлади. Чунки у ўлган одамнинг тирилганини ҳаётида биринчи марта кўриши эди. "Ё астағфируллоҳ! Бу ёғи қизиқ бўлди-ку. Бу ўрис чол наҳотки Камолжоннинг отаси бўлса. Нега уни шу пайтгача билишмади? Уйига олиб кетишмади? Тағин "ўрисларда меҳр-оқибат йўқ", деймиз. Буни қандай тушунса бўлади?"
Муталлибжон ана шундай ғайриоддий хаёллар оғушида турганди, шу маҳал "Эҳ-ҳе! Ҳорманглар!" дея давра олдида Камол пайдо бўлди. Икки қария бўлса ярим ўрисчалаб ўчоқ олдида гурунглашиб туришарди. Шу маҳал Камолжон "Эй, дядя, давай, нам чай неси!" дея қичқирди. Муталлибжон ер ёрилмадию, ерга кириб кетмади ва югуриб Камолнинг ёнига борди-да, у билан қўл беришиб, аста бир четга имлади.
– Ҳа, тинчликми, қўшни?
– Ҳозир сиз "Чой олиб кел", деб буюрган киши ким бўларкан, биласизми?
– "Ўрис чол"ми, йўқ.
– Сизнинг отангиз, – деди у дабдурустдан.
Камолнинг ранги қув ўчди.
– Қўйсангиз-чи, ҳазиллашманг-ей!
– Ана боринг, сўранг. Анави ҳожи ака билан улар Россиядан автобусда бирга келишган экан.
Камол нима қиларини билмай турган жойида қотиб қолди.
Муталлиб кета бошлади. Камол уни тўхтатиб қолди.
– Тўхтанг, Муталлиб ака. Бу гапни ҳеч кимга айтмай туринг, илтимос. Мен тезда Қосим акамга хабар берай. Бир куни уйим олдида ўралашиб турганига кўзим тушганди. Танимабман. Наҳотки, Қосим акам бундан бехабар бўлса...
– Майли, боринг, ука. Лекин отани бундай маҳалла-кўй олдида хўрлатиб қўйиш яхшимас. Обрў-эътиборингизга путур етади-я.
– Бу ерда бир гап борга ўхшайди. Хуллас, мен кетдим, келишдик-а?
– Хўп. Бирор кун отангиз топилганини нишонлармиз, ахир.
– Албатта! Мен кетдим.
– Кўришиб қўймайсизми?
– Кейин... Тушунасиз-ку! Катта акам нима деркин? Аввал олдиларидан ўтай.
– Ҳа, майли-майли. Лекин ошга келинг, хўпми?
Муталлибжон Низомхўжанинг олдига борди-да, қулоғига шипшиди: "Илтимос қилишди. Ҳозирча Саидвафо ака ҳақида ҳеч кимга айтмай турарканмиз".
– Нега? – сўради ҳожи бобо.
– Ака-укалар ўзаро маслаҳатлашиб олишаркан.
– Бўлмаса, уларнинг қарорини ўзингиз менга билиб берасиз. Мабодо тан олишмаса, бу ошнамни мен олиб кета қоламан. Қаранг, бу ерда жа хор бўлибди-ку, а?
– Хўп. Камолжон катта акасининг олдига кетди. Қайтишини кутамиз.
– Келишдик.
Аммо Камол ошга келмади. Камолнинг бирор зарур иши чиқиб қолганга йўйишди. Низомхўжа Муталлибжонга маъноли нигоҳ ташлади.
– Сизлар бемалол. Мен ҳозир бир жойга ўтиб келаман, – деди у ўрнидан қўзғалиб.
– Майли, мен бўлмаса, анави "ўрис чол" билан гурунглашиб тураман.
– У киши билан жа чиқишиб қолдиларингми, дейман-а, меҳмон? – деди ошхўрлардан бири.
– Ҳа, эски танишим, – деб қўя қолди ҳожи бобо.
Муталлибжондан ҳадеганда дарак бўлавермади. Саидвафо бу орада чақирган бошқа сўриларга ҳам хизмат қилиб юрди. Оқшом чўкарди. Сой сувининг бетўхтов оқиши кўнгилга хотиржамлик бағишлар, у гўё тез ўтиб бораётган инсон умрига ўхшарди. "Тавба, – деб қўйди Низомхўжа қўлидаги чойдан бўшаган пиёлага ва оқин сув тўлқинларига қараб. – Бир пиёла чой ичиб бўлингунча қанча сувлар оқиб кетади..."
Гапдошлар турли баҳоналарни айтиб бир-бир ўрниларидан туриб тарқалишди. Гап берувчининг бедараклиги ва меҳмон борлигидан хижолат чекишарди. Шу йўсинда қолган охирги тўрт кишига ҳожи бобонинг ўзи дуо берди.
– Муталлибжонникида қоларсиз, меҳмон?
– Ҳа-ҳа, бир оз ишимиз бор эди, узр.
– Унда эртага кўришармиз?
– Ҳа-ҳа, албатта. Хуш кўрдик, яхши боринглар, раҳмат.
Ҳамма кетгач, ниҳоят Муталлибжоннинг қораси кўринди. Унинг ранги оқарган, авзойи бузуқ эди. У сўрига ўтирди-да, тиззасини шапиллатиб бир уриб қўйди.
– Бу қанақа одамлар-а, отахон?
– Ҳа, тинчликми?
– Тан олгилари келмаяпти-ку.
– Нимани?
– Отани-да. Борсам, Қосим аканикига ҳамма оғайнилар, келинлар, кейин анави қизи Меҳри йиғилишиб, тортишиб ўтиришган экан. Бирови "Шу пайтгача қай гўрда юрган экан" деса, бошқаси "Шарти кетиб, парти қолгани учун ўрис хотини ҳайдаган. Охири энди бўйнини эгиб келибди-да, номард", дейди. Хуллас, "Бизга меҳр-оқибат қилмаган бундай отанинг кераги йўқ. Агар уни ҳозир тан олсак, эл-юрт олдида шарманда бўламиз. Бизга ўзидан кўра, қабристонда турган тоши азиз", дейишди. Ана шунақа гаплар...
– Оббо муттаҳамлар-ей. Саидвафодаям айб бор-да. Лекин нима бўлсаям оталари-ку. "Отанг чўчқа бўлса, бойлаб боқ", дейдилар. Наҳотки, битта нон, бир коса овқат бериб туришга арзимаса.
– Хуллас, бошим қотди. Бекорга аралашган эканман.
– Нима, бутунлай воз кечишдими?
– Йўқ. Қосим аканинг томорқасининг этагидаги чорбоғ томонга чиқаверишда бир бузилмай, боболаридан қолган эски уйи бормиш. Тўрт сотихча жой кириш-чиқишиям орқа томондан, алоҳидамиш. Чолга ўша эски уйни жой қилиб берадиган, нон-озиғидан хабар олиб турадиган бўлишди. Лекин ота сифатида эмас, бир боқувчисини йўқотган мусофир сифатида. "Бориб айтинг, хоҳласа шу, бўлмаса ўзи билади. Лекин бу ҳақда ҳеч кимга овоза қилманг", деб илтимос қилишди.
– Хайрият, шунисигаям шукр. Уларниям тўғри тушуниш керак. Кейин-кейин кўз кўзга тушиб, меҳр туғилса, ажабмас.
– Майли. Бир оз вақт керак. Саидвафонинг ўзидан сўраб кўрайин-чи, агар хоҳласа, уни олиб кетиб, узум боғимга қоровул қилиб қўярдим.
Шундан сўнг мўйсафид ошхонада уймалашиб юрган Саидвафонинг олдига борди. Аммо фарзандлари орасида бўлиб ўтган можаро ҳақида оғиз очмади ва ўзи билан бирга кетишни таклиф қилди.
– Юқ, – дея эътироз билдирди у. – Ман шунда туғилди, шунда ўлган. Никуда не поеду.
– Бу ер сизга тўғри келмайди. Одамлар таниб-билиб қолишса, гап-сўз кўпаяди. Фарзандларингизнинг обрў-эътиборларига путур етади-ку!
Саидвафо бир оз ўйланиб қолди. Ошнасининг гапида жон бор эди. Чойхонада бир умр "Ўрис чол" бўлиб юриб бўлмайди. Касал бўлиб ётиб қолиши бор. Аммо хотини Ларисанинг бу ерда бир истаги амалга ошган: мусулмон мозорида ўз жойи ва тоши бор. У ана шу "бебаҳо бойлиги"ни шу тобда Низомхўжага кўрсатгиси келдими, уни бир жойга бориб келишга ундади:
– Пошли, в одну место сходим.
– Қаёққа?.. Ҳой, Муталлибжон! Биз бир жойга ўтиб келарканмиз!
– Бирга ўтамиз. Мана ҳозир! – деди у.
Саидвафо уларни қабристонга бошлаб борди. Низомхўжа ошнасининг бу ҳаракатидан мамнун бўлди. "Хайрият, анчагина эси кириб қолган кўринади. Ўтган авлод-аждодлари, хотинини ёдга олгиси келган, шекилли. Майли, уларнинг руҳи покларига бир Қуръон тиловат қилиб қўямиз".
Саидвафо уларни юраги хуруж қилган жойга бошлаб борди ва ўриндиққа ўтиришга ишора қилди. Низомхўжа "Қани, бисмиллоҳир раҳмонир роҳим, – деб ўтириб, кўзларини юмиб, эндигина тиловатни бошламоқчи бўлган ҳам эдики, Саидвафо уни қаттиқ туртди ва рўпараларида турган ўзининг қабр тошига ишора қилди. Муталлибжоннинг-ку, бундан хабари бор, кулиб турарди. Аммо Низомхўжа тошни кўриб қотиб қолди.
– Вот. Так что, я никуда не уеду, – деб қўйди "Ўрис чол".
Низомхўжа бу воқеадан қаттиқ таъсирланди. Ошнасининг фарзандларини ўзича тушунишга ҳаракат қилди. Уни олиб кетишга бошқа уринмади. Бошқа сафар хабар олишини айтиб, Олтиариққа тез жўнаб қолди. Сўнгра орадан бир ойлар ўтгач, ошнасидан хабар олмоқ учун яна чойхонага келди. Лекин "Ўрис чол" кўринмасди. Чойхоначи Икромжон уни Қосим қассоб бобосидан қолган бир эски ҳужрага олиб бориб қўйганини ва азбаройи савоб учун унинг иссиқ-совуғидан хабар олиб туришга ваъда берганини айтди.
– Савоб учун, денг. Яхши-яхши. Ўша ҳужра қаерда?
Чойхоначи у ерга қандай боришни тушунтириб қўйди.
Топиб борди. У ер пастак пахса деворлари ағанай деб турган, ёмғир сувлари ювиб ариқча излар қолдирган қадимги бир уй, бир даҳлизли ҳужра экан. У ер Қосим қассоб ҳовлисининг орқа томони бўлиб, ариқ бўйлаб кетган ва чакалакзор оралаб ўтган тор сўқмоқ йўлакдан бориларкан.
Низомхўжанинг кўзи пастқам девор ортида ғиштин пиллапояга ўтириб олиб, тоғорани тарақлатиб кир юваётган ошнасига тушди. Иштону кўйлакларини ҳовли ўртасидан ўтказилган одамнинг пешонаси тегиб кетадиган чилвир ипли дорга илган. Уй ва ҳовли супуриб-сидирилмаган, тахта-ёғоч, майда-чуйда рўзғор буюмлари ҳар қаерда бетартиб ётарди.
Эҳ-ҳе, ана отанинг аҳволи, деб қўйди у ачиниб ва қандай қилиб унга ёрдам бериш ҳақида ўйланиб бир оз туриб қолди. Сўнгра ҳовлига кирди. Саидвафо шимини сиқишга чиранар ва кучи етмаётганидан бўйин томирлари бўртиб чиқарди.
– Издираска, – деди Низомхўжа атайин.
Саидвафо бир оз анқайиб қолди.
– Келинг, сиқишиб юбораман, – деди меҳмон ҳўл шимнинг бир томонини қўлига олиб.
– Э-э! Салом-салом! – деб қўйди Саидвафо қувониб.
– Хайрият, ўзбекчаниям ўрганиб олибсиз, – деди ҳожи оға.
Икки чол шимни қарама-қарши томонга бураб сиқишди.
– Энди буни совуқ сувга чайқаб, яна сиқамиз-да, хўпми?
– Хўп-хўп, – деди "Ўрис чол" ва шимни тоза сувли челакка тиқди.
Мезбон ҳўл шимини силкиб дорга илиб қўйгач, меҳмонни ичкарига таклиф қилди. Уй эски услубдаги токчали, ўчоқли экан. Даҳлиз ўртасига сандал қўйилибди. Шифти ҳам унчалик баландмас. Ўчоқда қумғон шиғиллаб қайнаб турарди. Кир ювиш учун қўйган чоғи. Аммо Саидвафо уни тутқич билан ушлаб чой дамлади. Низомхўжа илиқ сандалнинг бир четига омонат ўтириб дуо қилган бўлди.
– Вой-бў, бу ёлғиз ўзингиз қийналмаяпсизми?
– Юқ. Ман урганган.
– Фарзандлар хабар олишаяптими, йўқми?
– Қосим гўшт, жигар юборади. Вот Муталлиб молодец! Кўп хабар олади. Потом мой внук Уткир иногда приходит. Хороший пацан, очень умный.
– Ие, қизингиз, бошқалар-чи?
– Их много. Но, они мени билмайди, танимайди.
– Бирор бева кампирлардан топиб, сизни уйлантириб қўяйликми-а?
– Э, юқ.
– Бўлмаса, Ларисага айтинг, келаверсин.
– У ўғлимни кутган. Он в армии служит, сержантскую школу закончил.
– А как его зовут?
– Рустам.
– Рустам сизнинг бу ёқдалигингизни биладими?
– Юқ. Билса, хафа бўлади. Он меня любит.
– Сиз-чи?
– Мен ҳам яхши кўрган...
– Бу, пенсиянгиз нима бўлади?
– Лариса переводит.
– Демак, пулингиз бор, бойлик бор. Яхши... – дея ўйланиб қолди Низомхўжа ва калласига ярқ этиб бир ғоя келди. "Агар Саидвафонинг фарзандларига оталаринг Россиядан катта бойлик билан келибди", деб айтсам-чи. Уларни бу қизиқтирармикин? Ҳар ҳолда бу дунёда бойликка муккасидан кетмайдиган одам зоти топилмаса кераг-ов. Шу баҳона оталарини олиб кетишармиди, бирга яшашармиди. Баҳонада ота билан фарзандлар ўртасида меҳр-оқибат пайдо бўлармиди. Ундан кейин ҳеч қанақа бойлик йўқлигини билишса-да кўникиб, ёлғиз ташлаб қўйишмасмиди?..
"
"ОТАГИНАМ"
Низомхўжа дастлаб Қосимникига бош суқди. У меҳмонни иззат-икром билан кутиб олди.
– Мени танимайсиз. Олтиариқлик Низомхўжаман. Отангизнинг ошнаси бўламан.
Нонни майдалаётган Қосим бир муддат қотиб туриб қолди. Унинг нигоҳида "Қанақа ота? Қанақа ошна?" деган саволларни уқиб олиш қийин эмасди.
– Ҳа. Биз яқинда у билан Новосибирскдан автобусда бирга ҳамроҳ бўлиб келувдик.
– Укам бир нима дегандай бўлувди. Дунёнинг ишлари шунақа экан-да. Қани олинг, тоға, нонга қаранг.
– Раҳмат. Қисқаси, Қосимжон мен сизларни жуда яхши тушунаман. Саидвафо оталик вазифасини бажармаган, яъни сизларни тақдир ҳукмига ташлаб кетган. Бу жиҳатидан у гуноҳкор ҳисобланади. Лекин қариб-қартайиб, оёғи гўрга етай деганида қилган гуноҳларини тушунса, худойим уни кечиради. Сизлар ҳам энди оталарингга нисбатан кечиримли бўлишларинг керак-да.
– Мен сизни тушундим, отахон. Уни тан олиб, яхши қаранглар, ювиб-таранглар, демоқчисиз. Лекин у биз учун мутлақо бегона. Бизнинг отамизни худо раҳматига олган ва у бизга шундайлигича азиз бўлиб қолган. Фарзандларимизга доим боболаринг табаррук инсон бўлган, деб айтиб тарбия бериб келаяпмиз. Лекин улар ҳақиқий боболари шундай бир киши эканлигини билиб қолишса, биз нима деган одам бўламиз? Кейин маҳалла-кўй нима дейди? Йўқ, тоғажон, биз укаларим билан буни яхшилаб ўйлаб кўрдик. Энди кеч бўлган. У одам ҳеч бўлмаганида онамиз вафотида келиши керак эди.
– Тўғри. Мен ҳам уни оқламоқчи эмасман, Қосимжон. Лекин у кеч бўлсаям оталарингиз, шу ернинг фарзанди, сизларни қора тортиб келди-ку. Кейин яна менга бир гап айтган. Бу катта ўғил сифатида кўпроқ сизга тегишли. Мен биринчидан бу ерга "Отангизни тан олинг", деб илтимос қилгани эмас, иккинчидан, у мен учун ҳеч ким эмас, балки бир омонат гапини етказиб қўяйин деб келувдим. Хоҳланг қабул қилинг, хоҳланг қабул қилманг. Бу сизнинг ишингиз.
– Қанақа гап экан?
– Отангизнинг Россияда анча-мунча йиққан-тергани бор экан. У менга "Қайси фарзандим менга қараб, ўлигимни кўмса, ўшанга бераман", деб айтди. Сизлар бўлса...
Қосим қассобнинг ранг-рўйи ўзгарди ва у ёқ-бу ёққа олазарак қараб олди.
– Нима?! Ростданми?!
– Мен сизга нима, оппоқ соқолим билан...
– Бу гапни яна ким билади? – шошиб сўради у.
– Ҳеч ким. Сиз ахир ота йўлли, катта ўғилсиз. Бу гапни айтиб қўйиш мен учун фарз эди, холос. Ахир ўзингиз отангиз билан гаплашишниям хоҳламаётган бўлсангиз, у бечора "дардини" кимгаям айтарди. Ё укангиз Жамолга айтсинми?
– Йўқ-йўқ. Бўлди, отахон, фақат гап шу ерда қолсин, илтимос. Мен отамни шу бугуноқ уйимга олиб келаман. Ана, анави меҳмонхонани у кишига ажратиб бераман. Шу ерда яшайверадилар.
– Яшанг! Бу бошқа гап. Лекин бу ҳақида маҳалла-кўй, ёру биродарлар, ука-сингилларингизгаям маълум қилиб қўйишингиз керак бўлади.
– Ҳа, албатта! – дея Қосим севиниб кетди ва хотинини чақира бошлади. – Ҳой хотин, қаёқдасан?!
– Ҳувв, мана ҳозир!
– Суюнчи бер, отам топилибди.
– Анави "Ўрис чол"ми?
– Э, мен адашибман, ўша менинг ҳақиқий отам экан! У ўлмаган экан. Бечора шу пайтгача Россияда бизни деб қийналиб меҳнат қилиб, чойчақа топиб юрган экан. Ана энди қўрқмай набирамизга данғиллама тўй бераверамиз!
– Вой, қандай яхши! Битта буқага пул етишмаётувди, худо берибди-да, дадаси.
– Ҳа, ютуқ чиқди, деявер. Бор, меҳмонхонамизни отам учун тайёрла. Мен уни ҳозироқ олиб чиқаман!
– Бўпти, Қосимжон, мен борай.
– Йўқ-йўқ. Ахир, сиз хушхабар олиб келдингиз, отагинамни топиб бердингиз. Буни ахир нишонламаймизми?
– Тўй қиламан, деяпсиз-ку.
– Ҳа-ҳа, ўзингиз отам билан бош бўласиз!
Қосим қассоб Низомхўжани тавозе билан кузатиб қолди.
– Айтмоқчи, Қосимжон, анави қабр тошларингиз...
– Э-ҳа, тушундим. Мен уни эртагаёқ олдиртириб ташлайман. У ўзи бир рамзий қабр эди, холос-да.
* * *
Қосимнинг ўз отасига нисбатан меҳрини жўш урдирган Низомхўжа савоб ишни охирига етказиб қўймоқ учун ўша куниёқ Саидвафонинг қолган фарзандлари билан ҳам бир-бир учрашиб чиқишга қарор қилди "Эзгулик, яхшилик учун баъзан ёлғон гапирганни Аллоҳнинг ўзи кечиради" деган гап бор" деб қўйди у ўз-ўзига ва энди бу ерга яқинроқ бўлган Камолникига йўл олди.
Камол уни уйига таклиф қиларкан, ўшанда паловга келолмаганига узр сўради.
– Ҳечқиси йўқ. Паловни едик, жа мазали бўлган экан. Муталлибжонга гап йўқ. Мени тоза меҳмон қилди.
– Мана энди келиб қолибсиз, бизникида меҳмон бўласиз-да, отахон.
– Тўғри айтасиз. Мен ўзиям бу ерга қуюқ зиёфатга эрийдиган гап билан келдим-да.
– Ие, рости билан-а?
– Ҳа, ишонаверинг, зўр гап!
– Сизлар оилада нечта фарзандсизлар ўзи?
– Уч ўғил, бир қиз, нима эди?
– Сиз кенжа ўғилсиз, тўғрими?
– Ҳа.
– Супрақоқди. Тўғрими?
– Билмасам. Лекин...
– Лекин-пекини йўқ. Отангиз сизни меросхўр деб билади ва манави ҳовли унга тегишли бўлган, шундайми?
– Нима, бу билан?..
– Ҳеч нима демоқчи эмасман. Фақат сизга кенжа ўғилнинг ҳақ-ҳуқуқи, бурчини эслатиб қўймоқчиман, холос. Кенжа ўғил, яъни супрақоқди отанинг нафақат уй-жойи, балки бошқа бойликларига ҳам эгалик қила олади. Шу ҳақида биласизми?
– Тушунмадим. Қанақа бойлик?
– Россияда қирқ йил давомида болам деб, чақам деб йиғиб-тергани-да. Бу бойлик бўлмай, сизнингча, нима?
– Нима?! Россияда дейсизми? – Ҳа. У шу бойликни умрининг сўнгги йилларини бирга умргузаронлик қилиш ҳуқуқига эга бўлган сиздек табаррук кенжа ўғлига бермоқчи.
– Мундоқ тушунтириброқ гапирсангиз-чи!
– Сизлар отангизни ўлдига чиқаргансизлар. Биламан. Отаси ташлаб кетган, деган исноддан қочиш учун унга рамзий қабр тош ҳам қўйдиргансизлар ва ҳар йили уни хотирлаб турасизлар, тўғрими?
Камол нима деярини билолмай каловланиб қолди.
– Лекин у ҳаёт, биласиз-а?.. Тўғри, сиз бу ҳақда ўша палов еган кунимиз хабар топдингиз. Оғаларингиз билан учрашиб, оталарингизни тан олмасликка келишдинглар. Чунки чойхонада ўша "дядя" бор эди. Сиз ундан ор қилдингиз. Мен у киши билан Россиядан келаётганда бирга етти кун ҳамроҳ бўлдик. Хуллас, у менга шу гапни айтиб қўйишимни илтимос қилди.
– Нима деди? Аниқроқ гапиринг.
– Агар кенжа ўғлим мен билан яшаса, бор бойлигимни унга бераман, деди. У истаса, данғиллама участка сотиб олиб, қолган умрини ҳузур-ҳаловатда ўтказса ҳам бўлаверарди. Лекин ўз вақтида оталик бурчини бажара олмагани учун жуда хижолатда. Шунга нима дейсиз?
Камол пешонасини тириштириб бошини қашлади.
– Акаларим билан бир маслаҳатлашсаммикан?
– Нима, улар сизга бойликни бериб қўяди, деб ўйлайсизми?
– Нима, уларнинг бундан ҳали хабари йўқми? – ажабланиб сўради у.
– Ҳамма гап шунда-да.
– Қандоқ бўларкин?
– Ўйлаб кўринг. Тағин ўзингиз биласиз.
– Нима қил дейсиз?
– Отангизни уйингизга олиб келинг. Умрининг ниҳоясида унинг дуосини олиб қолинг. Ана сизга маслаҳат. Бўпти, мен борай, – деди Низомхўжа ва юзига фотиҳа тортди.
– Ие, зиёфатга ўтирмайсизми, отахон?
– Нега?
– Ахир, зўр гап олиб келибсиз-ку. Шуни нишонлардик.
– Фақат отангиз билан, шу ерда, келишдикми?
– Келишдик.
– Отни қамчиланг бўлмаса, кенжа ўғил! Сиз энди "Тико"да эмас, "Ласетти"да юришга лойиқсиз.
* * *
Ўртанча ўғил Жамолни "кўндириш" анчагина қийин кечди. Низомхўжа уни ишхонаси бўлмиш вилоят шифохонасидан топди.
– Мен отангиз Саидвафонинг қадрдон дўсти Низомхўжа бўламан. Биз у билан Россияда бирга бўлганмиз ва бирга қайтдик. Унинг айтишича, сиз фарзандлари ичида энг ўқимишли ва ақллиси экансиз.
– Мени қаердан таниркан?
– Ахир, уни ўзингиз даволабсиз-ку. Фақат ўзингизни танимаганга олибсиз, холос.
– Тоғажон, фақат қисқароқ қилинг, илтимос.
– Шунга отангиз...
– Мен сизни тушундим, отахон. Бу бизнинг оилавий ишимиз. Фақат сиз аралашмай қўя қолинг.
– Бўпти, аралашмайман. Фақат бир нарсага рухсат сўрагани келдим. Уни ўзим билан олиб кетмоқчиман, розимисиз?
– Рухсат, олиб кетаверинг. Фақат бизни тинч қўйинг.
– Унинг қўлидаги бойликни-чи, униям олиб кетаверайинми?
– Қанақа бойлик?
– Россиядан олиб келган давлати-да. У бу бойлигини ким мени сўнгги йўлга олиб бориб, чироғимни ёқиб, руҳимни шод қилса, ўшанга инъом қиламан, деди. Бўпти, хайр, мен кетдим. Сиз ўйлаб кўринг, ўғлим.
Низомхўжа бу ўғилдан бир иш чиқишига кўзи етмай лифт томон йўналди.
Жамол Саидвафоевич унинг ортидан ҳайратланиб қараб қолди. Бу унинг учун ҳеч кутилмаган таклиф эди. Нима қиларини билмай, хотини Гулнозга тезда қўнғироқ қилди.
– Гулноз, бир ғалати гапни эшит.
– Нима экан, дадаси?
– Отамиз тирик экан. Мен уни даволаб, ўзимни танитмадим. Лекин у мени биларкан.
– Вой ўлмасам! Нима, энди унга қарашимиз керакми? Ана, иниларингиз бор-ку, қарайверишмайдими? Бари топарман-тутарман...
– Йўқ, унақамас, ҳалиги...
– Ахир, биз тўй қиладиганмиз-ку, дадаси. Қизимизни чиқаришга ҳали мебель ҳам олмадик, чолга қарашнинг ўзи бўларканми?
– Пул бор, онаси, ўша мебелга етарлиям пул бор.
– Қаерда?
– Отамда.
– Нима?! Вой ўлай!..
– Нима қилай?
– Нима қилардингиз! Лаллайиб ўтирмай ҳаракатингизни қилинг-да. У киши ҳозир қаердалар?
– Ким?
– Отамиз-да.
– Қосим акам бобомиздан ёдгор қолган эски ҳужрасига жойлаштириб қўювди.
– Ана, сизга айтмадимми? Қосим акангиз бало. У отангизни бекорга ўша ерга қўймаган. Яқинда овсиним "Уйимизни битказишга кўп пул керак" деяётганди-я. Бўлинг тез, қизимизнинг тўйини ўтказиб олайлик. Қудалар олдида бўларим бўлди-ку! – деди куюниб аёл.
– Хўп, тушунарли, хотин. Мана кўрасан, ҳаммаси яхши бўлади.
– Бўпти, тез бўлинг. Мен битта уйимизни бўшатиб, тайёрлаб тураман. Сиз уни олиб келаверинг, хўпми?
Жамол "Хўп" деди-да, Низомхўжанинг ортидан чопди. У Меҳрихонни топиш учун Марғилон буюм бозорига элтувчи йўналишли таксига чиқмоқда эди. Жамол ит қувган соқовдай унга ҳаллослаб етиб олди.
– Отахон, тўхтанг!
– Ҳа, нима гап?
– Мен розиман.
– Нимага?
– Отамга қарашга. Уни олиб кетманг, илтимос.
Йўналишли таксидаги йўловчилар ҳайрон бўлишди.
– Бўлмаса, бу ҳақда элга маълум қилинглар. Қабрини тезда йўқ қилинглар, уни яхшилаб парваришланглар.
– Хўп бўлади. Хотиним ўзи яхши қарайди.
– Майли бўлмаса. Мен Марғилон орқали уйимга кетавераман.
– Чой-пой ичиб кетинг.
– Қуюқроқ зиёфатга чақирарсиз, ҳали.
– Айтмоқчи, яқинда қизимизни чиқарамиз. Сизни тўйга айтамиз, келасиз-а!
– Албатта, ўғлим.
Машина жўнади. Йўловчилар ҳангу манг эди.Низомхўжа савдо расталари оралаб юравериб ҳолдан тойди ва Меҳрихонни аранг топди. Унинг дўкони кенг-мўл, замонавий хорижий уст-бошлар билан савдо қиларкан.
– Келинг, отахон.
– Менбоп нималарингиз бор, қизим?
– Кўйлаклар, жинси шимлар...
– Ёпирай! Яктак-чорси, маҳси-кавушлар йўқми?
– Унақалар антиквар ёдгорлик буюмлари дўконида хориж сайёҳларига сотилади, тоғажон.
– Демак, миллий қадриятларимиз бебаҳо экан-да, а? Яхши-яхши. Лекин мен олдингизга бошқа бир масалада келгандим, қизим. Жуда антиқа гап.
– Соққалими? – дея айёрона кулиб сўради аёл.
– Албатта.
– Бирор улгуржи товарингиз бормиди, отахон?
– Ҳа, бор, лекин у тирик ва табаррук, яъни антиқавор.
– Узр, лекин бизга бунақа нарсалар керакмас.
– Уни уйингизга олиб кетиб парваришласангиз ҳам савобга қоласиз, ҳам катта бойликка эга бўласиз.
– Уф-ф, жа опқочдингиз-ку, а. Айтақолинг, итми ё отми у?
– Ит эмас, от ҳам эмас, ота!
– Э, қўйинг, ярамга туз сепманг.
– Онаси борнинг ори бор, отаси борнинг зари бор, дейдилар. Айниқса, у Россиядан катта бойлик билан келган бўлса.
– Нима дедингиз? Ким келибди?
– Отангиз.
– Қанақасига?
– Шундай. Мен билан бирга келди. Исми Саидвафомиди?
– Ҳа! – деди аёл ва анграйиб туриб қолди.
– У менга сиз ҳақингизда кўп гапирарди. "Яккаю ёлғиз Меҳрибоним", дерди.
Меҳри ўзидан кетиб қолаёзди ва курсига беҳол ўтирди. Бир оз бошини ушлаб ўзига келди-да, шарт ўрнидан туриб Низомхўжани жойига ўтқазиб қўйди.
– Қани, энди бир бошдан гапиринг-чи. Кимсиз, отамни қаердан танийсиз?
– Эски қадрдоним. Россияда бирга эдик.
– Йўқ. Бу бўлиши мумкинмас. Ахир, у ўлган-ку!
– Ҳа. Сизлар учун шундай, ҳатто рамзий қабртош ҳам қўйгансизлар. Сизларни ташлаб кетгани учун ундан қаттиқ хафасизлар. Уни виждонсиз, номард деб биласизлар, шунақами?
– Эҳтимол.
– Энди ана шу кўрилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш вақти келди. Яъни отангиз кеч бўлса-да, ўз бурчини бажармоқчи. Шу холос.
Меҳри довдираб термосдаги чойдан пиёлага қуяркан, қўллари қалтираб, чойнинг бир қисмини полга тўкиб юборди ва меҳмонга узатди.
– Узр, отахон, мен сизни танимабман. Наҳотки, отам тирик бўлса? Ё тавба, ҳм-м..., ҳалиги, бу ажойиб хушхабар-ку.
– Нима, бу ҳақида эшитмаганмидингиз?
– Яқинда укаларим бир гапиргандай бўлишувди, лекин мен ишонмагандим. Ҳозир у қаерда, учрашсам бўладими?
– Албатта. Қосим акангиз уни бобонглардан қолган эски чордеворига жойлаштириб қўйганмиш. Қирқ йил европа маданиятини танасига сингдириб келган инсон ҳозирда илвираб турган сандал-ўчоқли уйда ўтирибди. Тезак ёқиб қумғонда чой ичаяпти, кирларини тоғорани тарақлатиб ўзи юваяпти.
– Ажаб бўпти! Бунга унинг ўзи айбдор. Нега онажонимни куйдириб бизни болалигимизда ташлаб кетди?
– Юз фоиз ҳақсиз, қизим. Кеч бўлсаям, мана, барибир келди-ку. Сизларни деб қайтди, ахир.
– Россияда ўрис хотин олган, ундан бир ўғли бор, деб эшитганмиз.
– Ҳа, тўғри. Сизлар узоқда бўлгач, у бутун меҳрини ўша ўғлига берган. Унинг исми Рустам. Лекин барибир она юртини, сизларни соғиниб яшаган.
– Қанақа бойлиги бор экан ўзи?
– Қизиқмисиз, қизим. Шунча йил бекорга юрмагандир, ичмаган, чекмаган бўлса... Униям ўзига яраша орзу-ҳаваслари бўлган-да.
– Бу ҳақда Қосим акам биладиларми?
– Билмадим. Лекин ошнам менга умримнинг охирида қайси фарзандим менга суянчиқ, тобуткаш бўлса, бойлигимни ўшанга бераман, деб айтганди. Ўйлаб кўринг, қизим. Майли, мен борай. Омонат гапни етказдим. Ошналик бурчимни адо этдим. Гапнинг тўғриси, мабодо ҳеч қайси бирларинг тан олмасанглар, мен уни олиб кетаман. Бундай ташландиқ жойда уни хор қилдириб қўймайман. Янги уй қуриб бераман. Хўп, хайр.
Меҳри каловланиб қолди.
– Йўқ. Албатта қараймиз, отахон. Мен шу бугуноқ у кишидан хабар оламан. Аввал эрим билан гаплашай, кейин уйимга олиб кетарман.
– Хўп, яхши.
– Отахон, тўхтанг! Манави сизга совға. Яхши хабар учун, – деди жувон ва бир қутидаги кўйлакни узатди.
– Э, қўяверинг.
– Олинг, олаверинг, Туркияники. Сизга жудаям ярашади.
* * *
Арининг уясини кавлаб қўйган Низомхўжа уйига қараб йўл олди. Автобусда кетиб бораркан, Саидвафо билан шунақа автобусда танишганини ва бўлган ишларни ёдига олди. Мана энди "пуфф сассиқ" бўлган "ўрис чол" фарзандлари орасида табаррук. Бу гап маҳалла-кўйда овоза бўлади. Рамзий қабртошни олиб ташлашади. У гўё нариги дунёдан тирилиб қайтиб келади. "Бу киши бобонг" деб набираларига таништиришади. Улар Саидвафони чуғурлашиб алқашади. Инсон учун яна қандай бахт керак? Тўғри, ёлғон ишлатдим. Лекин қилган таваккалим савоб иш. Майли, бу ёғи худодан. Ишқилиб, фарзандларига оталари юзини иссиқ қилиб кўрсатсин... Ё тавба, нималар деяпман ўзи?
Бироқ Саидвафонинг тақдири Низомхўжа ўйлаганидек силлиққина ҳал бўлмади. Ари уяси тўзгандан тўзиб, бирданига "эски ҳужрага ҳужум" бошланди. Уч ака-ука ва бир қиз худди келишиб олишганидай деярли бир вақтда пастқам деворли бу ташландиқ ҳужрага қўлларида майда-чуйдалар билан бирин-кетин кириб келаверишди.
Қосимбой отаси билан дийдорлашиб, у ёқ-бу ёқдан суҳбат қуриб, кетишга шайланган ҳам эдики, "Ота!" дея қичқириб аввал Камол, сўнгра Меҳри ва Жамоллар кириб келишди. Уларнинг ортидан қўлида бир лаган овқат Қосимжоннинг хотини Ҳидоят билан катта ўғли Шербек, Камолнинг хотини икки кичкинтойлари Ўткир ва Шокир билан, Жамолнинг хотини Гулноз бўлса, ўша бўйи етган қизи Дилноз билан, Меҳрихон хўжайини Јиёсжон билан кириб келишиб, кичкинагина даҳлиздаги сандал атрофига тўлиб тошиб кетишди.
Бирдан бундай бўлишини нафақат Саидвафо, балки неча-неча йиллардан буён бундай ғала-ғовур эшитмаган лой сувоқ деворли, шифти қамишлари осилиб турган ҳужра ҳам кутмаганди. Хари ва вассалар орасида мизғиётган калтакесагу кўрсичқонлар, чумолию қурт-қумурсқалар тумтарақай бўлишди.
Фарзандлар хаёлида бир фикр айланарди: "Нима бўлди у бойлик? Тахминан неча пул ва у ҳозир қаерда экан? Сандал ичидами ёки ёстиқ тагида?" Шу туфайли ҳам суҳбатларида қандайдир самимийлик етишмаётган, мулозаматлари сохта эди.
– Энди бўлмасам, мундоқ қилсак, – дея салмоқланиб гап бошлади Қосим. – Отамизни бу ерда толиқтириб қўймайлик. Хушхабарни эшитиб энди бутун қариндош-уруғ, маҳалла-кўй кела бошлайди. Бизнинг уйга кўчайлик. Мен бир қўчқорни думалатай.
Бу гап ҳаммага маъқул тушди. Ота тантанали равишда Қосимжоннинг уйига кўчириладиган бўлди. "Ўрис чол"нинг ота деб тан олиниши катта маросимга айланиб кетди. Унга янги уст-бош, миллий чопон ва дўппи кийдириб қўйишди. Бошидаги дўппи ўзига ярашмай, бир бурчаги очилиб турар, чол нима деярини билмай кўргани келганлар билан чала-чулпа гаплашарди.
Келди-кетди уч-тўрт кунда ҳам тўхтамади. Саидвафонинг фарзандлари ва уларнинг турмуш ўртоқлари илҳақ бўлиб хизматларига ҳам боролмай қолишди. Ниҳоят, Қосим жириллай бошлади. Бир пайт топиб у отасига шундай гап қотди:
– Бу келди-кетди ўзича бўлмас экан, ота. Сарф-харажатларни кўраяпсиз-ку, битта боқиб қўйган новвосимнинг пули кетди.
– Да-да, конечно, – деб қўйди бобой бу гапни тасдиқлаб.
– Йиққан-терганларингиздан озроқ бериб турмасангиз бўлмайди энди.
– Да-да, – деб қўйди Саидвафо уни тушунмай.
Қуда тарафдагилардан яна кимдир келдию, гап чала қолди.
Шундан сўнг Жамол, Меҳри ва Камоллар ҳам ўз хонадонларида биттадан жонлиқ сўйиб қурбонлик қилиб, энди тирик оталари шарафига хатми ош беришди. Сўнгги маросим Камолникида бўлиб ўтди. Камол билан унинг хотини оталарига яхши иззат-икром кўрсатишиб, унга атаб қўйилган хонага доимий истиқомат қилиш учун таклиф этишди. Аммо бу таклиф кутилмаган акс-садо берди:
– Йўқ! Отам меникида яшайдилар! Чунки мен оиланинг каттасиман, – деди Қосим кутилмаганда жаҳл билан.
– Мен отамнинг супрақоқдисиман! Бу уй унинг ўз жойи. Шу ерда яшайдилар.
– Йўқ! Отамни биз олиб кетадиган бўлдик. Меҳмонхонамизни тайёрлаб қўйдим. Мундоқ гапирсангиз-чи, ҳой дадаси, – деди Гулноз.
– Ҳа, дадамиз бизникида яшайверадилар. Дилнознинг тўйига ўзлари бош бўладилар, – деб қўйди Жамол.
– Ҳамманг бекоргинанинг бештасини айтибсизлар! Отамни ўзим олиб кетаман. Кекса одамга аёл киши қараши керак. Нима, бўлмаса сизларнинг хотинларингиз қарармиди? Улар бегона-ку. Майли, аввал отамни уйлантириб қўяйлик. Уни парваришлайдиганни топайлик, ана кейин қаерда, ким билан яшайдилар, ўзлари ҳал қиладилар. Тўғрими, ота? Юринг, бизникига кетдик. Ҳов хўжайин! Машинани юргизинг, бўлинг! Отагинам чарчадилар, бориб дам олсинлар!
Меҳрихон олғирликни қўлдан бой бермади. Қиз бола отага меҳрибон бўлади, деганларининг исботи шудир балки. Қизи тушмагур машинада уйга етиб боргунигача ҳам, барча европача маиший шароитлар яратилган алоҳида уйига уни жойлаштиргунича ҳам жағи тинмади. Тез гапираётгани учун қизининг гапларини ота англолмас ора-сирада "Да-да, конечно", дейишдан нари ўтмасди.
Davomi bor
Bir seria qoldi